muslim.uz
Ҳанафий Ислом ҳуқуқи сабоқлари: Фиқҳий мазҳаблар (аудио)
Буюк Британияда кўзи ожиз ёшлар учун Ислом маркази очилади
Престон шаҳри (Буюк Британия) ги 100 йиллик меҳмонхона-бар биносида кўзи ожиз ёшлар учун Ислом таълим маркази очилади. Маҳаллий мусулмонларнинг хайрия тшкилоти эски бинони эгаларидан сотиб олди.
"Исломда ҳар бир бола араб тилида Қуръон ўқишни ўрганиши мумкин, энди эса бу имконият Престоннинг кўзи ожиз болаларига насиб этади", - дейди маҳаллий мусулмонлар жамоаси вакили.
Islam.ru хабарига кўра, марказни яратиш ғоясини маҳаллий кичик мусулмонлардан бирининг отаси берган, у туғилишдан ёмон кўради, лекин шунга қарамай ҳаётини Муқаддас битикларни ўрганишга бағишламоқчи. Марказга Африкадаги кўзи ожиз мусулмонлар учун мактабга раҳбарлик қиладиган мусулмон олим маслаҳат бермоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Хаворижлар ва муътазилаларга раддия берган аллома
Имом Абу Мансур Мотуридий ўз таълимоти ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳрда тавҳид илмининг ривожланишига катта ҳисса қўшди. Илоҳиёт илмларининг тўла шаклланиб, такомилга етишида, қайта ишланиб, маълум тизимга солинишида мислсиз хизмат қилди. Буюк аллома ўз қарашлари билан Ўрта Осиё халқларининг анъаналари ва урф-одатлари ҳанафийлик таълимоти билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсата олди.
Улуғ ватандошимиз асос солган таълимот Ислом динининг буюк ақидавий мактабларидан бири сифатида кенг кўламда тан олинди. Аҳли сунна вал жамоанинг ҳанафий мазҳаби вакиллари ақидада Имом Мотуридий ва унинг шогирдлари ҳамда издошлари ёзиб қолдирган қимматли асарларга таяниб иш кўришади. Эътиборлиси, Ислом оламининг аксарият минтақаларида, хусусан, Сурия, Ироқ, Туркия, Покистон, Ҳиндистон, Шимолий Африкада мотуридия таълимоти ҳозир ҳам ўрта ва олий диний ўқув юртларида мустақил фан сифатида ўқитилади.
Имом Мотуридий ўн бешдан ортиқ асар ёзган. У зот фиқҳ, калом ва тафсир йўналишларида битилган китоблар муаллифидир. Алломанинг фиқҳ илми ва унинг усулига бағишланган “Маъхазуш шариъа” (“Шариат асослари манбаи”) ҳамда “Китобул жадал фи усулил фиқҳ” (“Фиқҳ асослари ҳақида жадал баҳс”) номли китоблари машҳур.
Тафсирга оид – “Таъвилоту аҳлис сунна” (“Аҳли сунна ҳақида изоҳлар”) асари, асосан, калом илмига бағишлангани туфайли унда ақидага доир оятларни шарҳлашга кенг ўрин берилган. Муаллиф тафсирда ўз замонасидаги мўътазила, хавориж, карромия, жабария каби оқимларни зикр этиб, уларнинг Қуръон оятларига берган нотўғри талқинларини тўғри танқид қилган. Шунингдек, мушаббиҳа (Аллоҳ таолони, унинг сифатларини махлуқотларининг сифатларига ўхшатадиганлар), мунажжим (юлдузга қараб фол кўрадиганлар), фолбин ва бошқаларнинг фикрларини чуқур таҳлил қилган ва уларга асосли раддиялар берган. Демак, аллома ўзининг далилларга таянган, дунёқарашию соғлом тафаккури билан турли фирқаларга қарши кескин кураша оладиган даражада кучли билим соҳиби бўлган.
Абу Мансур Мотуридий ҳанафий илоҳиётшуносларига катта таъсир кўрсатди. Шунинг учун унинг қарашлари аввал Мовароуннаҳрда, кейин Хуросон ва бошқа минтақаларда кенг тарқалди. Шунингдек, Имом Мотуридий Абу Ҳанифанинг қарашларини тизимлаштиргани учун кейинги ҳанафий олимлар ақидада “мотуридийлар” дейилган. Зеро, Имом Мотуридий мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг эътиқодий қарашларини ривожлантирган ва тизимлаштирган буюк олим сифатида танилди.
Калом илмида Мотуридийнинг “Китоб ат-тавҳид” асарининг ўрни беқиёс. Абу Мансур Мотуридийдан кейин ўтган таниқли олимлардан Абу Муин Насафий ва Абу Юср Паздавий асарни мазкур ном билан, Ҳожи Халифа ва Бағдодий эса, “Китоб ат-тавҳид ва исбот ас-сифат” номи билан зикр этишган.
Бизгача мазкур асарнинг ягона нусхасигина етиб келган, у Кембриж университети кутубхонасида сақланади. 1970 йили мисрлик олим Фатҳуллоҳ Хулайф узоқ йиллар давом этган изланишлари натижасида Байрутнинг “Дор ал-машриқ” нашриётида “Китоб ат-тавҳид”ни нашр қилдирди. Нашрда бир талай камчиликларга йўл қўйилганига қарамай, у ўзидан кейинги тадқиқотлар учун манба сифатида аҳамиятлидир. “Китоб ат-тавҳид” бир неча марта қайта-қайта нашр этилди.
Имом Мотуридий ҳанафийлар томонидан аҳли сунна вал жамоанинг таниқли имоми, унинг фикрлари эса аҳли сунна вал жамоанинг қарашлари сифатида кўрилган.
Абу Юср Паздавий (493/ 1099), Абу Муин Насафий (508/1114), Умар Насафий (537/1142), Алоуддин Самарқандий (539/1144) ва Нуриддин Собуний (580/ 1184) каби атоқли олимлар фиқҳда Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг, эътиқодда эса Имом Мотуридийнинг қарашларига асосланишган.
Имом Мотуридий милодий 944 йили вафот этиб, Самарқанднинг машҳур Чокардиза қабристонида дафн этилган. XX аср бошларида академик В. Бартольд Самарқандга сафари пайтида Чокардиза қабристонида бўлгани ва у жойда Имом Мотуридий мақбарасини кўргани ҳақида ёзган.
2000 йили Имом Мотуридий илмий меросини ўрганишга бағишлаб ўтказилган анжуман арафасида Чокардиза қабристони ўрнида майдони 3,5 гектарлик мажмуа барпо этилди. Мажмуа марказида Абу Мансур Мотуридий мақбараси бунёд қилинди.
Мотуридий мақбарасини тиклаш жараёнида кўплаб фақиҳ ва уламоларга мансуб қабртошлар (қайроқ тошлар)нинг топилиши қорахонийлар даврига оид янги маълумотларни юзага чиқарди.
Имом Мотуридий ва унинг илмий меросини ўрганиш бугун ҳам долзарблигича қолмоқда. Алломанинг асарлари ҳамон ўзбек тилига таржима қилинмаган. Европа ва Туркия олимлари томонидан калом илми тарихига доир қатор тадқиқотлар амалга оширилган бўлса-да, Марказий Осиё ҳудудида ушбу йўналишда ҳали кўплаб илмий ишлар ўз тадқиқотчиларини кутиб турибди.
Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
Имом Бухорий халқаро
илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
Жиззахда зиёрат туризми янги босқичда ривожланмоқда
Жиззах вилояти туризмнинг барча соҳаларини ўзида мужассамлаштирган мафтункор ҳудудлардан бири ҳисобланади. Жумладан, вилоятдаги Фориш тумани ҳам бир қанча туристик обьектларни ўзида жамлаган бўлиб, унда туризмнинг агротуризм, этнотуризм, сув туризми ва зиёрат туризми ривожланган маскандир.
Шу муносабат билан, 7 декабрь Жиззах вилояти туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Азизбек Эгамбердиев Фориш тумани, Қоратош қишлоғида жойлашган "Хўжа Боғбон Ота" зиёратгоҳига ташриф буюриб, бу ерда Фориш тумани ҳокимлиги ташаббуси билан зиёратгоҳнинг янгиланган кўриниши ва зиёратчиларга яратилган шароитлар билан танишди.
Жиззах вилояти туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, "Хўжа Боғбон Ота" зиёратгоҳи сўлим табиат бағрида жойлашган бўлиб, бу ерга ташриф буюрувчилар нафақат зиёрат қилиб, муқаддас динимиз амалларини адо этиши, балки ажойиб табиат манзарасидан баҳраманд бўлиб, маънавий ҳордиқ олишлари мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат ангаким, ҳавориқи одотқа ҳар маҳалда бир оттур (Йигирма бешинчи мавзу)
ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...
* * *
Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари
* * *
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ
* * *
ИЙМОН-ЭЪТИҚОД КИТОБИ
* * *
НАЗМ
Ҳарқи одот зоҳир этса киши,
Билингизким, анинг недур бу иши;
Анда гар даъвойи нубувваттур,
Билингиз, анга мўъжиза отдур.
Йўқса, анинг оти кароматтур,
Ақлда ушбу ишта ҳайраттур.
Мубтадиъдин хавориқи одот
Зоҳир ўлса, билинг, недур анга от:
Бордур ул макр ёхуд истидрож,
Шаҳрдин айлангиз ани ихрож.
НАСРИЙ БАЁН
Одатдан ташқари фавқулодда ҳодисаларнинг ҳар бири ҳар ўринда алоҳида бир ном билан аталиши ҳақида
Агар киши одатдан ташқари воқеаларни кўрсатса, унинг бу иши нима эканини (нима деб аталишини) билиб олинг.
Агар у киши пайғамбарлик даъвосида бўлса, у ҳолда унинг кўрсатган фавқулодда ҳодисаси мўъжиза деб аталади.
Йўқса (бошқа аҳли ҳол, солиҳ ва муттақий авлиё киши бу ҳодисани кўрсатса), у каромат дейилади. Ақл бу ишдан ҳайратдадир (ожиз ва ҳайрондир).
Агар мубтадиъдан – бидъатчидан, яъни дин қонун-қоидаларига зид бир янгиликни ихтиро қилувчи кимсадан бу фавқулодда ҳодиса юз кўрсатса, бунинг номи нима эканини билиб қўйинг: бу макр ёки истидрож дейилади. Уни шаҳардан (яшаётган манзилингиздан) қувиб чиқаринг.
ИЗОҲ. Одатдан ташқари фавқулодда ҳодиса пайғамбарлардан зоҳир бўлса – мўъжиза, авлиёдан бўлса – каромат, кофирдан бўлса – истидрож дейилади.
Истидрож – динсизларнинг гумроҳлигини (ва охиратдаги азобини) даражама-даража орттириш учун Аллоҳ таолонинг уларга устма-уст эҳсонлар қилмоғидир. Кофирларга қилинган ана шундай атолардан бири – уларга фавқулодда воқеаларни кўрсатиш имконининг берилишидир. Масалан, золим Фиръавн Нил дарёсини тескари оқизганига ўхшаш ҳодисалар.
Насрий баён ва шарҳ муаллифи:
Мирзо КЕНЖАБЕК