muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 25 Сентябрь 2018 00:00

Бидъат нима?

Инсон Аллоҳ таолога тақарруб (яқин бўлмоқлик) ҳосил қииш учун шариатда кўрсатилган бирор амални бажарар экан, унинг ихлосу муҳаббати кўпроқ савоб топиш мақсадида шу амални янада кўркамроқ адо этишга ундайди. Бироқ бидъат деган тушунча, билиб-билмай бидъат амалини қилиб қўйиш хавфи уни ўз хоҳиш – иродасини амалга оширишига тўсқинлик қилади. Мана шунинг учун мусулмон киши бидъат сўзининг маъносини ва айрим бидъат амаллар хақида тушунчага эга бўлиши лозим. Аллох таоло ўзини: (Аллоҳ) “Еру осмонларни Яратувчисидир” деб номлаган (Бақара сураси, 117-оят) шу мазмундаги бошқа оятларда “бадийъ” сўзи ўрнига “халақа” лафзи келган. Мазкур оятда “бадийъ” сўзининг келиши бежиз эмас, албатта. Чунки унинг йўқдан бор қилди, деган маъносидан ташқари, бетакрор ва тенгсиз қилиб яратди, маъноси хам бор. Ҳаётда рўй бермаган воқеани тасвирлаш, рўй берганининг эса, таъсирини ошириш мақсадида, асл ҳолини безаб баён қилишга бадиийлаштириш дейилади. Мана шу маънодан келиб чиқиб, бидъат сўзига истилоҳда – шаръий асосга эга бўлмаган амални жорий қилиш, деб таъриф берилган.


Избоскан тумани, «Сўфи Охун» жоме масжиди
имом-хатиби А. Содиқов
ЎМИ Матбуот хизмати

Маълумки, тинчлик Аллоҳ таоло томонидан бутун инсониятга инъом этилган улуғ неъматдир. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани ҳам бежиз эмас, албатта. Аллоҳ таоло Қуръони каримда баён қиладики: “Эй имон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ишига киришингиз” (Бақара, 208).

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тинчлик ва хотиржамлик ҳақида шундай деганлар: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бебаҳрадир” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳақиқатан ҳам, Аллоҳ таолонинг бу улуғ неъматидан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмаслигини кўриб турибмиз. Чунки дунёнинг турли бурчакларида террорчилар томонидан ноҳақ қон тўкишлар содир этилмоқда. Шундай мудҳиш воқеаларни қабиҳ ниятли бузғунчи гуруҳлар юзага келтираётгани бутун дунё тинчликсевар халқлари қатори Ўзбекистон халқининг қалбини ҳам қаттиқ ларзага солади.

Шунинг учун ҳам биз доимо тинчлик ва меҳр- оқибатни ўзида мужассам этган муқаддас Ислом динимизни пок сақлаш, турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилишни, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, Ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни долзарб вазифа сифатида биламиз. Шунингдек, Ислом динини ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган ҳаракат ва кучларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туриш зарурлигини таъкидлаймиз.

Зеро, Қуръони каримнинг Моида сураси 2-оятида “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз”, дейилган. Бу ояти каримадан маълум бўладики, эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш ер юзида тинчлик барқарор бўлишига бош омилдир.

Халқ орасида фитна қўзғатиш, туҳмат ва иғво тарқатиш йўлидаги уринишлар тинчлик ва хотиржамликни издан чиқарувчи ҳодисалардан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, бундай ҳаракатлар Исломнинг моҳиятига мутлақо зид экани Қуръони каримнинг Бақара сураси 191-оятидаги “…Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир…” деган кўрсатма ҳамда Нур сурасининг 11–21-оятларида миш-миш тарқатганлар учун бу дунё ва охиратда тайинланган жазолар ҳақида хабар берилиб, унга ишонганлар ҳам қаттиқ маломат қилингани тўғрисида қайдлар келгани юқоридаги фикрларнинг нақадар тўғри эканини тасдиқлайди. Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш тинчликни таъминлаш, турли хил кўнгилсизликлар ва хавфу хатар-лар олдини олишнинг зарурий шарти ҳисобланади. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло тафаккур қилмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмайдиган, бугуннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида қайғурмайдиган, бепарво ва беғам кимсаларни Аъроф сурасининг 179-оятида бундай таърифлайди:

“Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан «англамайдилар». Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан «кўрмайдилар». Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан «эшитмайдилар». Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”.

Ислом оламининг эътиборли уламолари мўътабар манбалар асосида бераётган раддияларни тан олмаётган турли йўналиш ва фирқаларнинг аъзоларини ҳам юқоридаги оятда зикр этилган кимсаларга қиёслаш мумкин. Тинчликни улуғ неъмат деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: “Тили ва қўлидан мусулмон омонда (саломат) бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир”.

Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан йироқ бўлмоғи зарур. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, сўз, яъни тилдан етадиган озор қўлдан етадиган зарардан аввал зикр этилишининг боиси шундаки, қўл билан бошқаларнинг фақат бу дунёси – саломатлиги, оиласи, мулкига зарар етказиш мумкин бўлса, тил билан эса, инсонларни турли бузғунчи ғояларга тарғиб қилиб, тўғри йўлдан чалғитиш орқали уларнинг икки дунёсини барбод этиш хавфи бор.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги замоннинг ўзи воқеликка очиқ кўз билан, теран ва чуқурмушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, ҳушёр қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда. Шу боис юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод онгида мураккаб ва таҳликали дунё ва минтақамизда, хусусан, давлатимизда рўй бераётган турли воқеа-ҳодисалар, ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар ҳақида бир ёқлама ва сохта тасаввур пайдо бўлишига йўл қўймаслик масаласи долзарб саналади.

Шунингдек, тарихимизни, миллий қадриятларимиз ва Ислом дини моҳиятини сохталаштиришга, маънавий қадриятлардан йироқлаштиришга бўлган уринишлар олди олиниши зарур.
Шунинг учун халқимизни турли ғоявий таҳдидлардан асраш, айниқса, ёшларда мафкуравий иммунитетни ҳосил қилиш ва янада мустаҳкамлаш, турли воситалар орқали қадриятларимиз, миллий-диний анъаналаримиз, менталитетимизга ёт тушунча ва ғоялар кириб келиши, тарқалишига тўсқинлик қилиш барчанинг бурчи ва вазифаси ҳисобланади.

Биринчи навбатда, ёшлар тарбиясига алоҳида аҳамият беришимиз лозим. Чунки, кўпинча, ҳаётий тажрибаси ва билими кам, дунё воқеаларидан бехабар ёки нотўғри, ишончсиз маълумотларга эга, шахсий нуқтаи назари ва қараши шаклланиб улгурмаган ёшлар ахборот ва мафкуравий курашлар таъсирига тушиб қоладилар. Шунинг учун ҳам ҳар бир ўғил-қиз онгига, аввало, Ватани ва оиласи олдидаги масъулият ҳиссини сингдиришга, уларни инсонпарварлик ва она юртга садоқат руҳида тарбиялашга устувор вазифа сифатида қараш керак.

Жамиятимизда яшаётган кишиларга динимизни мусаффо ҳолда етказиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни биз учун ёт бўлган мафкура ва ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, ўз қатъий қарашлари ва эътиқодига эга, маънавий баркамол этиб тарбиялаш вазифаси доимо долзарб эканини унутмаслик лозим.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти матбуот хизмати

ЎМИ Матбуот хизмати

Норвегия ОАВ берган маълумотга кўра, охирги 20 йилда норвегияликларни, хусусан норвегиялик аёлларнинг Исломга кириши ҳолати кўпайган.

Мамлакатдаги машҳур Верденс Ганг газетаси чоп қилган мақолада жорий йилда Норвегияда мусулмонлар сони 3 минг кишига етгани айтилади. Йигирманчи асрнинг 90-йилларида мусулмонлар сони атиги 500 тани ташкил этган.

Мақолада Осло университетида Динлар тарихи тадқиқотчиси Карн Вогуэнинг “Олдин аёллар Норвегияда турмуш қургач Исломга кирарди. Ҳозир эса бу кўриниш ўзгарган. Улар Ислом ҳақида изланмоқдалар, жуда кўп китоб ва манбаларни варақламоқдалар” деган сўзлари келтирилади. Бу ҳақда Azon нашри маълум қилди.

Норвегияликлардан бири Моника Салмук 4 йил олдин Ислом ҳақида узоқ изланиш олиб борганидан кейин уни қабул қилган. У Ослодаги Ислом маданият марказига борган ва ўша ерда шундай қарорга келган. У Исломни қабул қилгач, тазйиқларга учраган. Ҳатто уни юзига тупуриш даражасигача боришган.

Маълумот учун, Норвегиянинг умумий аҳолиси 5 миллион 233 минг кишини ташкил этади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Вторник, 25 Сентябрь 2018 00:00

Кўнгил ойнасини артиб туринг

Бир оила шаҳар марказидаги кўп қаватли уйларнинг бирига кўчиб келди. Янги хонадон бекаси эрталаб азонда уйғониб, ташқарига боқди. Қараса, қўшни аёл ювилган кирларини дорга ёйиш билан банд.

– Ё тавба, анави аёлнинг кирлари ҳечам “очилмабди”, чала ювганми, дейман, – деди киноя оҳангида. Унинг бу гапларини эшитган эри лом-мим демади.

– Қўшнимнинг совуни сифатли эмасдир. Эҳтимол, кир ювишни билмас. Унга кир ювиш қанақа бўлишини бир ўргатиб қўйсам бўларкан. Шу тариқа ҳар сафар ҳалиги қўшни аёл дорга кир ёйганда, шу суҳбат такрорланаверди, эр эса бепарво. Ажиб ва мунаввар кунлардан бирида аёл дераза оша ташқарига боқди-ю, беихтиёр қичқириб юборди:

– Вой, мана қаранг! Бугун у кирларини топ-тоза қилиб ювибди-ку. Бирорта ғубор кўринмайди-я! Ниҳоят қўшним кир ювишни ўрганиб олибди, қойил!

– Йўғе, – дея сокинлик билан жавоб берибди эри, – мен шунчаки барвақтроқ туриб, дераза ойнасини ювиб-тозалаб қўйдим, холос…

Ҳаётда ҳам худди шундай! Ҳаммаси атрофимиздаги воқеа-ҳодисаларни кўрсатиб турган ўша дераза ойнасига боғлиқ. Аввало, бировларни таҳқирлаш ёки улардан бирор айб топишдан олдин ўзимизнинг кўнгил ойнамизга боқайлик. Дилимизни ҳар қандай чанг ва ғуборлардан тозалайлик. Қачонки, қалб ойнамиз покиза экан, дунё бизлар учун шунчалик ҳикматли кўринаверади. Зеро, иллат излаганга иллатдур дунё.

Интернет сарҳадларидан…

Вторник, 25 Сентябрь 2018 00:00

Ғийбатнинг каффорати

Ғийбат қилиб қўйган киши бу иши учун афсус-надомат қилиши вожиб, шунда Оллоҳ таолонинг ҳаққини адо этган бўлади. Сўнгра ғийбат қилинган кишининг ҳузурига бориб, ўз қилмишидан уни воқиф этмоғи, “Истиҳлол”, яъни гуноҳини кечиришини сўрамоғи лозим. Шунда мазлумнинг ҳаққи зиммасидан соқит бўлади.
Баъзан инсон гуноҳни тан олиб, мазлумдан кечирим сўрайди. Лекин унинг надомати самимий бўлмаганини озгина вақтдан кейин-яна ғийбатга шўнғишидан билиб оласиз. Демак унинг олдинги “Истиҳлол”и нохолис экан. Шу сабаб бўлса керак Хасан Басрий: “Ғийбат қилиб қўйган кишига “Истиҳлол” сиз истиғфор кифоя” деганлар.Бунинг далили сифатида Анас ибн Моликнинг Пайғамбаримиздан ривоят қилган ҳадиси келтирилади: “Ғийбатнинг каффорати ғийбат қилинган киши учун истиғфор айтмоқдир”.
Атоъ ибн Аби Рабоҳдан: “Ғийбат қилиб қўйган кишининг тавбаси қандай бўлади” дея сўрашди. “Дўстингнинг олдига борасан ва: “Сени ғийбат қилдим, сенга зулм қилдим, ёмонлик қилдим, истасанг, мендан ҳаққингни ол, истасанг кечир” дейсан, дедилар.
Ҳасан Басрийга бир киши: “Фалончи сизни ғийбат қилди” дебди. Шунда Хасан Басрий ғийбат қилган кишига бир лаган хурмо жўнатибдилар ва : “Эшитдимки, менга савоб амалларингиздан ҳадя қилибсиз. Узр, менга қилган бу яхшилигингизнинг эвазини тўла адо қила олмадим, мукофотимни қабул этгайсиз” дебдилар.
Мана шу тарзда йўл тутиш мақбулроқ. Демак, имкони бўлса, ғийбат қилинган мазлумдан кечирим сўраш лозим.
Агар у ғойиб ёки вафот этган бўлса, унинг учун истиғфор ва яхши дуони кўпайтириш керак.

 

Бекобод тумани Улуғбек жоме масжиди имом-хатиби Холбоев Х.

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top