muslim.uz

muslim.uz

Юртимиздаги нашриётларидан бири бўлган “Hilol Nashr” нашриётида замонамизнинг етук ва машҳур уламоларидан бири бўлмиш Шайх Муҳаммад Аввоманинг «Фақиҳ имомлар ихтилофида Ҳадиси шарифнинг ўрни» номли китоби нашр этилади. Бу ҳақда нашриётнинг телеграм каналида хабар берилди.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун олдин Шайх Муҳаммад Аввома Ўзбекистонга ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келган Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Бинали Йилдиримни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги анъанавий яқин ва дўстона муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлади.

Ўтган йил кузда Туркияга ва жорий йил баҳорда Ўзбекистонга амалга оширилган давлат ташрифлари давомида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали музокаралар, улар якунида имзоланган муҳим ҳужжатлар турли соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратишга хизмат қилгани алоҳида қайд этилди.

Сиёсий мулоқот фаол ривожланмоқда. Туркиянинг етакчи компаниялари ва банклари билан ҳамкорликда савдо, инновациялар, энергетика, инфратузилма, транспорт, туризм, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда инвестиция дастурлари ва лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Жорий йил бошидан буён 230 дан ортиқ Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонаси ташкил этилгани Туркия ишбилармонларининг Ўзбекистонда бизнес юритишга қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми шу даврда 40 фоиздан зиёдга ошди.

Маданий-гуманитар, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувлар кенгаймоқда.

Икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлашда парламентлараро алоқалар муҳим ўрин тутади. Мамлакатларимиз қонун чиқарувчи органлари ўртасида фаол мулоқот кузатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Туркия Республикаси Буюк миллат мажлисида дўстлик гуруҳлари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ҳамкорликни ривожлантириш бўйича меморандум ва "Йўл харита"си қабул қилинган.

Суҳбатда олий даражадаги учрашувлар якунида эришилган келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга ошириш, шунингдек, ҳамкорликка оид қўшма дастур ва лойиҳаларнинг парламентлар вакиллари томонидан фаол қўллаб-қувватланиши муҳимлиги қайд этилди.

Бинали Йилдирим Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирди ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Меҳмон Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолаб, Туркия мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини модернизация қилишга қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини таъкидлади.

Конструктив мулоқот давомида томонларнинг анъанавий дўстлик муносабатлари ва узоқ муддатли стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга интилиши қатъий экани қайд этилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ва Al Saqr компанияси "Вақф" фонди ҳомийлигида жума маърузаларини онлайн режимда тинглаш имкониятини яратди. Бу ҳақда Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳа доирасида дастлаб Остона шаҳридаги Ҳазрат Султон жоме масжидидаги жума маърузасини онлайн тинглаш имконияти яратилади.

Жума маърузалари қозоқ тилидан рус ва инглиз тилларига тўғридан тўғри таржима қилиб борилади. Жума намози хутбасини ҳам тинглаш имкони бўлиши қайд этилган.

Онлайн трансляция www.alsaqr.kz сайти орқали узатилади. Ушбу сайт мобил телефон ёки бошқа қурилмаларда бирдек ишлаши айтилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг www.muslim.uz портали орқали 2015 йилдан бошлаб жума маърузаларини онлайн видео шаклида намойиш этиш лойиҳаси йўлга қўйилган эди. Бундан ташқари, Диний идора томонидан ташкил этилган барча тадбирлар ва маросимлар онлайн намойиш этилади.

Идора томонидан, itv.uz сайти билан ҳамкорликда Muslim TV лойиҳаси, Muslim Radio онлайн радиоси, savollar.muslim.uz, Muslim Media, mp3muslim.uz лойиҳалари фаолияти йўлга қўйилган.

Медиа гуруҳнинг ютуғи сифатида 6 та фандан онлайн дарсларни ҳам таъкидлаш мумкин.

ЎМИ Матбуот хизмати

Қирғизистон Республикасининг Кара Балта шаҳрида "Қуръон нури" аёллар ислом институти қурилиши ўз якунига етди. Бу ҳақда ummamag.kg. сайти хабар берди.

Ушбу таълим муассасасининг очилиш маросими сентябрь ойининг охирига режалаштирилган. Ҳозирда ушбу муассасанинг ободонлаштириш билан боғлиқ ишлари қолган.

Ислом институтининг қурилиши 2008 йилда Қирғизистон ислом университети ва Бутунжаҳон мусулмон ёшлари ассоциацияси кўмагида барпо этилмоқда. Ҳозирги кунга қадар Қирғизистонда аёлларга олий исломий билим берувчи таълим муассасаси бўлмаган. Ушбу олий ўқув юрти дастлабкиси бўлиши айтилмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Аллоҳ таоло Ўз фазлу марҳамати ила жамики махлуқотни яратгач, Ўзининг янада гўзал ижодини намоён этишга қарор қилди. У Одам алайҳиссаломни ва унинг авлодларини яратди, уларни Ер юзига тарқатиб юборди, сўнг эса уларга ҳақ йўлни кўрсатиб, ҳидоятга бошловчи расулларини юборди. Аллоҳ таоло муборак Каломида:

وَلِكُلِّ أُمَّةٍ رَّسُولٌ فَإِذَا جَاء رَسُولُهُمْ قُضِيَ بَيْنَهُم بِالْقِسْطِ وَهُمْ لاَ يُظْلَمُونَ

Ҳар умматнинг ўз Пайғамбари бордир. Қачонки уларга Пайғамбарлари келса, ораларида адолат ила ҳукм чиқарилур. Уларга зулм қилинмас” (Юнус, 47);

إِنَّا أَرْسَلْنَاكَ بِالْحَقِّ بَشِيراً وَنَذِيراً وَإِن مِّنْ أُمَّةٍ إِلَّا خلَا فِيهَا نَذِيرٌ

Албатта, Биз сени ҳақ ила хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи этиб юбордик. Қайси бир умматки бўлса, унда огоҳлантиргувчи бўлган” (Фотир, 24).

Ҳар бир расул ва набий ўз умматига Аллоҳ таолонинг ҳақиқатини етказган. Сўзларининг ростлигини тасдиқлаш учун уларга махсус илм ва мўъжизалар ато қилинган. Мўъжизанинг аллақандай сеҳргарлик ёки фокусга асло алоқаси йўқ. У фақат Буюк Яратувчининг бемисл қудратини намоён этиш учун Раббимизнинг Ўзининг иродаси ила содир бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ҳадиси шарифда “Пайғамбарларнинг барчасига одамлар уларнинг гаплари ростлигига ишониши учун махсус билимлар ато қилинган. Менинг мўъжизам – Қуръони каримдир. Умид қиламанки, Қиёмат кунида ўтган жамики пайғамбарлар умматидан менинг умматимнинг сони кўп бўлади” (Имом Бухорий), дейилган.

Инсониятнинг отаси ва биринчи пайғамбар Одам алайҳиссаломга Аллоҳ таоло кўплаб мўъжизалар ато қилган.

Одам алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолонинг халифаси бўлиб яралиши

Парвардигоримиз Одамни яратиб, уни ер юзига Ўзининг халифаси этиб тайинлашини фаришталарига хабар қилгани қуйидаги ояти каримада баён қилинган:

وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلاَئِكَةِ إِنِّي جَاعِلٌ فِي الأَرْضِ خَلِيفَةً قَالُواْ أَتَجْعَلُ فِيهَا مَن يُفْسِدُ فِيهَا وَيَسْفِكُ الدِّمَاء وَنَحْنُ نُسَبِّحُ بِحَمْدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَ قَالَ إِنِّي أَعْلَمُ مَا لاَ تَعْلَمُونَ

وَعَلَّمَ آدَمَ الأَسْمَاء كُلَّهَا ثُمَّ عَرَضَهُمْ عَلَى الْمَلاَئِكَةِ فَقَالَ أَنبِئُونِي بِأَسْمَاء هَـؤُلاء إِن كُنتُمْ صَادِقِينَ

قَالُواْ سُبْحَانَكَ لاَ عِلْمَ لَنَا إِلاَّ مَا عَلَّمْتَنَا إِنَّكَ أَنتَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ

قَالَ يَا آدَمُ أَنبِئْهُم بِأَسْمَآئِهِمْ فَلَمَّا أَنبَأَهُمْ بِأَسْمَآئِهِمْ قَالَ أَلَمْ أَقُل لَّكُمْ إِنِّي أَعْلَمُ غَيْبَ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَأَعْلَمُ مَا تُبْدُونَ وَمَا كُنتُمْ تَكْتُمُونَ

Эсла, вақтики Раббинг фаришталарга: "Мен ер юзида халифа қилмоқчиман", деди. Улар: "Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ва ҳолбуки, биз Сенга тасбиҳ, ҳамд айтиб ва Сени улуғлаб турибмиз", дедилар. У: "Мен сиз билмаганни биламан", деди. Ва У зот одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: "Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини Менга айтиб беринг", деди. Улар:"Эй пок Парвардигор! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг билувчисан ва ҳикматли зотсан", дедилар. У зот:"Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини айтиб бер", деди. Уларга ўша нарсаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, "Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмагану беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим", деди (Бақара, 30-33).

Ёввойи ҳайвонлар билан сўзлашиши

Одам алайҳиссаломга ёввойи ҳайвонлар билан муомала қилиш, яъни уларни қўлга ўргатиб хонакилаштириш илмини ҳам ўргатди ва унга минг йилга яқин умр ато қилди. Шу вақт мобайнида унинг жуда кўп авлодлари туғилди ва дунё бўйлаб тарқалиб кетди. Одам алайҳиссалом уларнинг маконларига борар ва ҳақ йўлидан сабоқлар берар эди. Бир сафар навбатдаги қабиланинг масканига бориб улардан ҳол-аҳвол сўраганида, қабиладагилар ўрмонда яшайдиган йиртқич ҳайвонлардан шикоят қилади.   

– Шу вақтга қадар ҳайвонлар бу қадар шафқатсиз эмас эди. Йиртқичлар бизга тўсатдан ташланиб қолади, биз бунинг сабабини била олмаяпмиз, – дейди улар. Шунда Одам алайҳиссалом тепаликка чиқиб баланд овозда:

– Эй ўрмондаги ёввойи ҳайвонлар, тезда менинг олдимга келинглар, – дейди.  

Бу чақириқни эшитиб, ҳайвонлар унинг атрофида жам бўлади.

– Бу одамлар менинг болаларим ва авлодларим! Сиз нега уларга ташланяпсиз, нега яшашига қўймаяпсиз? Улар сиздан шикоят қилмоқда, – дейди ҳайвонларга.

– Бу қабила орасида ғийбат ва миш-миш авж олиб кетди. Аллоҳ таолонинг иродаси ила биз уларга жазо сифатида туширилдик, улар ана шу иллатларидан тавба қилмагунларича бу ҳол давом этаверади, – деб жавоб қилди ҳайвонлар.

Бу жавобни эшитган қабила аҳли ҳайратдан ёқа ушлаб қолди. Одам алайҳиссалом қабилага юзланиб:

– Эй болаларим, қилган гуноҳларингизга тавба қилинг ва ғийбатчиликка ва миш-мишларга барҳам беринг, – дейди. 

Одамлар тавба қилиб, ҳидоят йўилга тушиб олди ва шундан кейин йиртқич ҳайвонларнинг улар билан иши бўлмай қолди.

Узоқ масофани қисқа вақтда босиб ўтиши

Одам алайҳиссаломнинг яна бир мўъжизаси – унинг узоқ масофани қисқа вақтда босиб ўтишидир. Одам алайҳиссалом билан Ҳавво онамиз ерга туширилганда Аллоҳ таоло уларни бир-биридан жуда узоқ масофага туширган: Ҳавво онамиз Арабистон яриморолидаги ҳозирги Жидда шаҳри ҳудудига тушган бўлса, Одам алайҳиссалом Шри-Ланка оролларига тушган. Улар бир-биридан айрилиқда 40 йил (айрим ривоятларда 200 йил) яшаган дейилади. Ниҳоят Аллоҳ таоло уларнинг тавбасини қабул қилиб, бирлашишга изн берганида тонг чоғи йўлга чиққан Одам алайҳиссалом пешин вақти кирмасдан Ҳавво онамизнинг қошига етиб келган эди. Бунга ўхшаш ҳодисалар уларнинг ҳаётида кўп бўлган ва у бир неча бор Ҳиндистонга бориб келган.

Тошдан сизиб чиққан сув манбаи

Орадан йиллар ўтди, Одам алайҳиссаломнинг авлодлари сони тобора кўпайиб бораверди. Уларнинг орасида баъзилари ҳақ йўлидан тойиб кетди ва Аллоҳ таолонинг ҳукмларини бажаришдан бўйин товлай бошлади. Масалан, Одам алайҳиссаломнинг ўғли Қобил ва унинг фарзандлари қирқ йил диндан узоқда яшадилар. Қирқ йилдан сўнг Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга:

– Қобилнинг авлодларини ҳаққа даъват эт! – деб амр қилди.

Одам алайҳиссалом уларнинг қабиласига бориб ҳақ йўлига даъват эта бошлади. Аммо қанчалик ҳаракат қилмасин, қавм унинг гапларига қулоқ солмади. а ниҳоят кунларнинг бирида улар бобокалонига:

– Бизга  бир мўъжиза кўрсатинг, шундан кейин биз сизга ишонамиз, – дедилар.

– Айнан қандай мўъжиза кўришни истайсиз? – деб сўради Одам алайҳиссалом.

Улар бир катта тошни кўрсатиб:

– Ана шу тошдан сув чиқсин, – дедилар.  

Шунда Одам алайҳиссалом қўлини тошга қўйди ва тошдан тиниқ ва ширин сув отилиб чиқди. Бу мўъжизани кўриб улар имонга келди ва Одам алайҳиссалом сажда қилиб авлодлари яшайдиган қишлоққа серсув булоқ ато қилгани учун Аллоҳ атолога ҳамду сано айтди.

Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.

 

 

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top