muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилда Тожикистон Республикасида Қурбон ҳайити 21 август куни нишонланиши маълум қилинди. Бу ҳақда “Авеста” нашрига таяниб Азон хабар берди.

Тожикистон Ислом маркази Уламолар кенгаши раиси Саидмукаррам Абдуқодирзода Ҳайит намози барча жоме масжидларда 21 август куни соат 6:30да ўқилишини қайд этган.

Бундан ташқари, Тожикистон Дин ишлари, анъаналар ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси ҳайит кунлари исрофгарчиликка йўл қўйганлар жаримага тортилишини маълум қилиб, аҳолини байрам дастурхонини камтарроқ тузашга чақирган эди.

Шунингдек, байрам кунлари бозорларда рейдлар ўтказилиб, нархларнинг сунъий равишда оширилиши ҳолатлари ўрганилиши ҳам маълум қилинган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Вторник, 14 Август 2018 00:00

Отинойилик – улкан масъулият

Отинойи ёки отин биби сўзларини халқимиз ўқимишли, зиёли аёлларга нисбатан ҳурмат юзасидан қўллаб келган. Масалан, Шакар отин. Фотима отин. – (Юсуфбек ҳожи:) Болам, Зайнаб отин, сиздан ҳали ёшлик ғурури кетмаган, лекин менинг болам бўлганигизни сиз ҳам унутманг! А.Қодирий, Ўтган кунлар.  

 “Отин ойи — Октябр революциясига қадар ва революциясидан кейинги дастлабки йилларда уйида хусусий мактаб тутган, болаларни ўқитган муаллим аёл. Ҳар кун қўшнимиз отин бибида қиёмгача ўқиб, кейин то кечгача кечалари ҳам аямнинг ёнига кириб тикиш тикдим. Ойбек, Қутлуғ қон.

Отин биби (ёки буви, ойи) уйида мактаб тутган аёл. Ёзишни билмайдими? – Қайдан билади, қишлоғимизда отин буви бўлмаса,  ўқимаган-да. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча. (Ўзбек тилининг изоҳли луғати, Москва, “Рус тили” нашриёти, 1981 йил).

Ислом динида илм олиш фарз даражасига кўтарилган экан, бу ҳукм аёл-қизларга ҳам баробар вожиб экани назарда тутилган. Албатта, жамиятнинг ярмидан кўпи аёл-қизлардир. Улар фарзандлар тарбияси билан бевосита шуғулланадилар. Уларни илмсиз қолдириш дунёнинг келажаги бўлган фарзандларни илмга бепарво, гумроҳ қолдиришдир.  Аёл-қизлар билимли бўлса, улар тарбиялаган авлод ҳам билимли бўлади. Улар одобли бўлса, улар тарбиялаган болалар ҳам одобли бўлади. Бу тушунча бутун оламга доно мутафаккирлар, одил подшоҳлар, етук саркардалар етиштириб берган буюк халқнинг мақсади, меҳнати – оддий ҳаёти эди. Ушбу шиор ёш қизларни илмга қизиқтирувчи, уларга билим ва одоб-ахлоқдан дарс берувчи отин ойиларни тарбиялаш, ҳурматини жойига қўйиш, мактаблар очиб, химоясини, моддий таъминотини йўлга қўйиш каби ишлар маърифатли ўзбек халқининг маънавий салоҳиятини кўрсатиб турар эди.

Бир киши ҳакимлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқитишга қурбим етмайди, фақат биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?», деб сўрабди. Шунда ҳаким зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан. Жаҳонга машҳур  алломалар гўдакликларида  қалбларига илмга муҳаббатни уйғотган инсон, маърифатли оналари бўлганлигини тарихий хақиқат сифатида ёзиб қолдирганлар.

Ўтмишда аждодларимиз ёш фарзандларини тарбия қилишни, одоб ахлоқини шакллантиришни, илм олишларини маҳалладаги маърифатли, фидойи отин ойиларга ишониб топширишган. Нафақат қиз болалар, балки шаръий балоғат ёшига етгунча ўғил болалар ҳам маҳалла отин ойиларининг тарбиясини олганлар. Рўзғор ташвишлари-ю, эрнинг хизматларини ўрнига  қўйиб, яна қўшимча мактаб очиб, ёш болаларга билим бера олиш учун вақт топган момоларимизнинг нақадар кучли ва фидойи инсон бўлганликларини тасаввур қилиш қийин эмас. 

Жамиятнинг тенг ярми Аллоҳнинг ҳикмати ила аёллардан иборат. Ҳеч ким ўз хоҳиши ила ўғил ёки қиз бўлиб туғилмайди. Аёл кишини Аллоҳ таоло она бўлишга мос табиат, характер билан яратган. Аёл организмининг ҳар бир ҳужайраси ҳам аёллик вазифасини ўташга муносиб халқ этилган. Унинг муҳаббати ҳам, ҳис-туйғулари ҳам оналик салоҳиятига йўналтирилган. У она бўлиш билангина тўлақонли ҳаёт нашидасига эришади. Фарзанд камолотини кўришни хоҳлаган ҳар бир она таълим борасида жонбозлик кўрсатиши тўғри йўлдир.

Таниқли ёзуқчи Ўткир Ҳошимов ёшлигида дўстлари билан ҳашарга йиғилишиб бир онахоннинг томини лой сувоқ қилишгани ва кўчанинг билқиллаб ётган тупроғини  лой қилишиб томни сувашгани ҳикоя қилади. Онахон уйга қайтганида “Эй, болаларим нега кўчанинг тупроғини лой қилдиларинг?! Ахир у тупроқ кўпнинг ҳаққи-ку, мен энди бу уйда қандай яшайман, деб, уйга кирмасдан уввос тортиб   йиғлаб юборганини, ҳикоя қилади. Барча ҳашарчилар хижолат тортиб, томнинг сувалган лойини минг машаққат билан туширишиб, бошқаттан суваб чиқишганини  айтадилар. Мана ибрат олинадиган тарбия ва маданиятни ўзида мужассам этган  отин ойиларнинг мактаби.

Отин ойиларнинг маърифатли мактабида тарбия топиб олима, шоира бўлиб етишган Нодирабегим, Увайсий, Маҳзуна, Дилшоди Барно, Анбар Отин каби юзлаб  оналаримизни маънавият чўққилари деб қабул қилсак, тарихимизни безаган маънавий муҳит  қанчалик бой,  сермазмун уфқларни ташкил этганини тасаввур қилиш қийин эмас. Ушбу маънавий муҳит  илм маърифат талабида кечаларни бедор ўтказмоқ, кўз нурини сарфлаб китоб ўқимоқ,  меҳр ва огоҳлик  билан фарзандларга илм ўргатмоқ билан юзага келган.

Бир сўз билан айтганда, илм-маърифат момоларимиз ҳаётининг мазмунига айланган. Маънавияти юксак оналаримиз бағриларида жаҳон аҳлини лол қолдирган олимлар, фотиҳлар, саркардалар, шоирлар, ҳунармандлар етишиб чиққанлар. Бизлар ўша оналаримиздан маънавият кенгликларини давом эттириш борасида қарздормиз.

Гавҳаршодбегим, Нодирабегим каби шахс сифатида покиза, олима, тарбия борасида шаҳзодаларни тарбиялаган, сиёсий масалаларда подшоҳларга йўл кўрсата олган, шахсий ҳаётдаги одоб борасида жаҳон аёлларига ўрнак бўла оладиган оналаримиз отин ойилар бўлганлар. Номлари тарихда зикр этилмаган, балким шаръий одоб юзасидан исмлари яширилган минглаб маърифатли, солиҳа, олима отин ойилар яшаб ўтганлар. Буюк ўзбек халқининг шонли тарихини забардаст олимларимиз, адолатли шоҳларимиз, тенгсиз ҳунармандларимиз яратган бўлсалар ҳам, асосий кучни яъни илдизни илмли ва маърифатли оналаримиз ташкил этганликлари ҳақиқат. Бухоро музофоти муфтийлари оналарнинг исмларини ҳурмат юзасидан тилда зикр қилишдан, ёзма манбаларда қайд қилишдан қайтарганлар.  Донолик ва беозорлик юзасидан маърифатли оналаримиз ўзлари тарбия қилган буюк фарзандлар номлари тарихда қолишини бахт  деб билганлар ва улар  буюк хизматларини авлодлар камолида изҳор қила олганлар.

Маҳалламизда  барча маҳалла аҳли ҳожи она деб ҳурматловчи отин ойи бор. Беш ўғил масъул ишларда, тўрт қиз униб ўсган. “Ҳожи она, болаларингиз яхшими?”, деб сўрашсангиз, дилидаги гавҳарни ёдига солганингиздек ҳушёр тортадилар ва “Аллоҳим доимо асрасин, кўпники-да кўпники, дуо қилинглар”, деб қўядилар. Фарзандлар ёди такрор-такрор Аллоҳни зикр эттиради. Беозорликлари шу даражадаки,  уйлаб-жойлаб қўйиб ҳам тинчимайдилар. Эрта-кеч яхшиликни элга сўрайди, сўнг кўп қатори болаларига сўраб дуо қиладилар. Она қалбининг буюклиги, бахти, аёлнинг саодати ушбу онада мужассамдир.

Абдумутал ОТАБОЕВ,

 Жиззах вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Куни кеча Маккаи мукаррамада Андижон вилояти ҳожиларига муборак ҳаж ибодати тартиб қоидалари яна бир карра тушунтиришга бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда воизлар ҳаж ибодати тарихи, фазилати ҳамда тартиб қоидалари ҳақида атрофлича сўзлаб бердилар.

Макка шаҳридан

Вакиллик ходими  Нуруллоҳ Қодиров

Вторник, 14 Август 2018 00:00

Яхши кайфиятда бўлишнинг сири

Бир одам донишманднинг ҳузурига келиб:

– Сиз мудом яхши кайфиятда юрасиз ва ҳеч қачон жаҳлингиз чиқмайди. Менга ҳам ўзингиз каби инсон бўлишимга ёрдам беринг, – дебди.

Донишманд бироз ўйланиб унга картошка ва қоп олиб келишини буюрибди. У қопни олиб келгач:

– Мабодо бирор кимса сени хафа қилгудек бўлса, ундан ғазаблансанг, ўша одамнинг исмини картошкага ўйиб ёзда, ўша картошкани қопингга солиб қўй”, – дебди.

– Бор йўғи шуми? – ажабланибди у.

–  Йўқ, бу ҳали ҳаммаси эмас, ўша одамларнинг исми битилган картошкалар солинган қопни ўзинг билан бирга олиб юришинг керак!

Маслаҳат сўровчи донишманднинг ҳузуридан кетаркан ўзидаги иллатдан қутилиш учун унинг айтганларини сўзсиз бажаришга жазм қилди. Шундан сўнг орадан бир оз вақт ўтди. Кунлар ўтган сари унинг қопи картошкалар билан тўлиб оғирлашиб қолди. Қопни доим ўзи билан олиб юриш ниҳоятда ноқулайлик туғдириб, ўйиб исмлар ёзилгани сабабли картошкалар ачий бошлади. Ана шундан сўнг бадбўй ҳид анқиётган картошкалардан фориғ бўлишнинг чорасини излаб яна донишманднинг ҳузурига бориб: 

– Бу картошкалардан қандай қутулишни билолмаяпман. Биринчидан қоп жуда оғир, иккинчидан, картошкалар ачий бошлади. Бошқа бирон нарса таклиф қилинг? – дебди.

Бироқ донишманд унинг гапига унамабди,

– Кўрдингми, инсонларнинг қалбида ҳам худди шу ҳолат вужудга келади, аммо биз буни илғамаймиз. Ишларимиз кўникишларга, кўникишлар феъл-атворга, феъл-атворимиз эса қабиҳ одатларни ўзлаштирувчи инсон бўлишимизга сабабчи бўлади. Мен сенга шу ҳодисани ўз кўзинг билан кўришинг учун замин ҳозирладим. Аразлаш ёки бировни хафа қилишдан олдин мана шу ҳодисани кўз олдингга келтир, – деб унга сабоқ берибди.

Манбалар асосида Бахмал тумани «Бувайша» имом-хатиби

Атқияев Ибодулло тайёрлади.

Куни кеча Жиззах вилояти зиёратчилари Мадинаи мунавварадан Маккаи мукаррамага соғ-саломат етиб келдилар. Зиёратчиларимизни Макка шаҳрида жойлашган “Ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида ишчи гуруҳ ва Саудия Арабистонидаги ҳамкор ширкат вакиллари анъанага кўра байрамона тарзда кутиб олдилар.
Кутиб олиш тадбирида зиёратчиларимизга зам зам суви ва Миср Араб Республикаси қандолатчилари тайёрлаган ширинликлар улашилди. Бугун Жиззах вилоятидан ташриф буюрган зиёратчилар билан Ўзбекустон мусулмонлар идораси Жиззаҳ вилояти вакиллиги мутасаддилари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Жиззах вилоятининг Зомин тумани бош имом-хатиби Аброр Равшанов ҳаж мавсумида кўпроқ дуо қилиш лозимлиги, авваламбор, Юртимиз тинчлигининг бардавом бўлиши ва халқимиз ҳаётини бунданда фаровон бўлишини сўраб дуолар қилиш лозимлиги ҳақида гапириб, дуо қилишнинг фазилатлари қоидалари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтди. Шунингдек, зиёратчилармиздан Зомин туманида истиқомат қилувчи Ялгош Абдураҳмонов ҳам сўзга чиқиб, меҳмонхонада яратилган шароитлар учун миннатдорчилик билдирди. Таъкидлаш керакки, зиёратчиларимиз Ватанга қайтгач албатта маҳаллада, жамоат ишларида фаол иштирок этиб, оилалар мустаҳкамлиги учун фаол бўлишлари ва ёшлар тарбияси ва маънавиятини янада бойитиш, ёшларни илмга ва касб эгаллашга тарғиб қилиш ишларида наъмуна бўлишларини айтиб ўтишди.

 

Манба: ziyo.uz

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top