muslim.uz

muslim.uz

Бектемир тумани бош имом-хатиби Искандар қори Халилов севикли қизини турмушга бераётгани муносабати билан бугун пойтахтимиздаги “Садаф” тўйхонасида ош берди.

Ошга биз ўрганиб қолганимиздек, беш юз, минг нафар эмас, бир юз йигирма чоғли одам таклиф қилинибди. Тўйхонага кириб ўтирганингиз заҳоти ажиб бир тартиблиликни ҳис қиласиз, ўзингизга маъқул жойни танлаб ўтирсангиз ҳам баковуллар келиб, бошқа жойга ўтказиб қўймайди – бемалолчилик. Баъзи тўйларга жуда кўп одам чақирилгани боис жой тегмай ноқулай аҳволда туриб қолган меҳмонлар ҳам бўларди. Бу ерда ундай гап йўқ. Меҳмонлар тўкин дастурхон атрофида сиқилишмасдан яйраб ўтирибди.  Мумтоз қўшиқларимиз  ижроси кишида малоллик туғдирмайдиган ўртача баландликдаги овозда янграб турибди.

Меҳмонлар ўринларига жойлашиб бир-бир пиёла чой ичиб нафас ростлаганидан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масжидлар бўлими бошлиғи Раҳимберди Раҳмонов домла амри маъруф қилди.

Азизлар, бу ерга хонадоннинг энг яқин дўстлари жамланган. Домламиз халқимиз, юртбошимизнинг тўй масаласидаги фикрига ўзининг муносабати, ҳозиржавоблигининг ифодаси ўлароқ  ҳозирда ўтказаётган ана шу тўйини ихчамгина қилиб ўтказмоқда.  Биз ўзимизнинг кимлигимизини кўрсатиб қўйиш учун кўп одамни тўйга чақиришни одат қилиб  олган эдик. Аллоҳга шукрки, Президентимизнинг тўй-маъракаларни ихчамлаштириш борасидаги фикрларидан руҳланган зиёлиларимиз тўйларимизни ихчам тарзда ўтказиш борасида элга ўрнак бўлмоқдалар. Мана, тунов куни ҳам бир тўйга таклиф қилиндик. ошга етмиш одам айтилибди. Меҳмонлар жуда ҳам роҳатланиб ўтирди. Тўй соҳиби обрў-эътиборли киши, минг одамни чақиришга  қурби ҳам етади, минг одам келади ҳам тўйига. Бироқ у савобли йўлни танлади. яқинларидан етмиш кишига ош қилиб берди ва ортганини фарзандларининг истиқболига сарфлади.

Дарҳақиқат, савобни танлашда гап кўп. Истаганида Искандар домла ҳам 1000 кишини ошга чақирар эди ва Бектемир туманининг ўзидан унинг ортида туриб беш вақт намозини ўқийдиган – намозхонларнинг  деярли ҳаммаси домланинг ҳурмати учун келар эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам турмуш қурган ёшларни учратсалар, уларнинг ҳақларига “Аллоҳим, икки ёшга яхшилик ато қил”, деб дуо қилар эдилар. Чунки динимиз нимани амр қилган бўлса, ҳаммасининг замирида яхшилик бор. Аслида бир мўмин бошқа бир мўминга яхшилик қилса, яхшилик кўрган одамнинг бир ками битар, кўнгли кўтарилар... аммо яхшилик қилшган одам бунинг эвазига ундан минг чандон яхшиликлар кўради: Аллоҳ таоло ризқини кенг, соғлиғигини мустаҳкам, умрини баракали, у дунёсини ҳам обод қилиб қўяди.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Сўзинг билан эмас, амалинг билан яхшилик қил”, деб насиҳат қилганлар. Искандар домла ҳам ҳар доим ён атрофидаги инсонларга, ёшларимизга амали билан ўрнак бўлиш ҳаракатида юрадилар, Бугун турмуш қураётган ёшларимизга ҳам Парвардигоримиз яхшиликлар ато қилсин ва амали дуруст бандаларидан бўлмоғини насиб айласин.

Шундан сўнг тиловати Қуръон қилинди ва ёшларнинг бахтини сўраб дуога қўл очилди. Дастурхонга ош тортилганда яна бир хусусият кўзга чалинди: тумонат одам бўладиган ошларнинг баъзиларида лаганга гуруч бир қатор қилиб териларди ва меҳмонлар бир-бир қошиқ олганидан кейин “сиз олинг”, “сиз олиб қўйинг”, деб бир-бирига манзират қилиб қолишар эди. Яъни у ошлар гўёки рамзий ошлар эди. Бугун эса лаганга росмана ошга ўхшатиб сузилибди. Меҳмонлар бири иккинчисидан хижолат бўлмасдан маза қилиб таомланишди. Кейин ёшларнинг бахтини сўраб дуо қилиб тарқаларкан, ўзаро шундай ихчам тўйлар файзли бўлар экан, дея гаплашиб кетишди.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ матбуот хизмати

Вторник, 14 Август 2018 00:00

Бўладиган бола

Абдуллоҳ ёшлигидан тиришқоқ, кичик бў­лишига қарамай, кекса отасига ёрдам бериш учун тинмай ҳаракат қиларди. Отаси Мурод ота анча кексайиб қолган, ёши олтмишдан ошган бўлиб, оғир меҳнат қилса, тез толиқиб қолади. Чарча­ганини билдирмасликка ҳар қанча ҳаракат қилмасин, барибир кексалиги ошкора қилиб қўярди. Отасини доимо кузатиб юрган, аҳволини англаб етган кенжа Абдуллоҳ имкон қадар унга ёрдам беришга уринади. У кекса отасининг ҳарсиллаб кетмон чопишини кўриб руҳан эзи­лади. Абдуллоҳнинг кетмон чопишга кучи ет­маса-да, отасига сездирмай токларнинг остини юмшатишга, ер чопишга ҳаракат қилди.

Эрта тонгда эшагини миниб, чошгоҳгача молларга икки-уч марта ўт олиб келар, тушдан ке­йин яна шундай қиларди. Ҳамма ўйин билан овора бўлганида, у меҳнат қиларди. Вақт топди дегунича қўлига китоб олиб мутолаа қиларди. Ота-онаси бирон маротаба ўт олиб кел, ер чоп, кито­бинг­ни ўқигин, деб айтмасди, юракдан меҳнат қи­лар ва тиним билмасди. Онаси бўлса, “Кўп китоб ўқийверма”, деб чироқни ўчириб қўярди. Шунга қарамай, илм олишга қизиқувчан бола фона­рини ёритиб кўрпанинг ичида китоб ўқирди. У олдига катта мақсад қўйган: “Ўқиб етук инсон бўла­ман, отамнинг оғирини енгил қиламан, онамга кўмакдош бўламан”, деб тинмай ҳаракат қиларди. Баъзи ёши катта болалар уни масхаралаб камситишганда: “Ҳали шошмай туринг­лар, келажакда олим бўламан. Ўшанда Абдуллоҳ­нинг ким­ли­гини кўрасизлар, ҳаммангиз ялиниб олдимга борасизлар!” дерди. Мурод ота фарзандини доимо дуо қиларди. Мурод ота қўшниси Темир ота билан гаплашиб ўтирганида, эшакка ўт ортиб келиб туширишга қийналаётган Абдул­лоҳга қараб:

– Шу ўғлингдан катта одам чиқади. Ҳеч ти­ним билмайди. “Бўладиган бола ўн беш ёшда бош бўлар, бўлмайдигани қирққа кирса, ёш бўлар”, деган мақолни эшитгансан-а, шу мақол сенинг ўғлингга ўхшаган ғайратли болаларга айтилга­нов. Менга қара, Мурод, ўғлингни ишла деб ура­санми? – деди кўзига тикилиб.

– Нима деяпсан, бу болани уриб бўларканми? Ўзининг ғайрати ичига сиғмайди. Бошқаларга ўхшаб ўйнагин, дам ол десам, қулоқ солмайди.

Абдуллоҳ мактабни тугатиб, олийгоҳда ўқиди. Уни битириб, катта олим бўлди. Отасини эъзоз­лаб, бошларига кўтариб, дуосини олди. Уни яхши таниганлар: “Сен дуо олгансан, сен билан ўйна­шиб бўлмайди!” дердилар. Ҳа, “Бўладиган бола бошидан” деб бежизга айтилмаган. Бу каби бола­ларга ишоранинг ўзи кифоя бўлади. Ҳар гапни маъносига қараб йўл тутади. Баъзилар қирққа кирса-да, панд-насиҳатни қулоғига олмайди. Тўғрини эгри, эгрини тўғри дейди. Дангасаликка ўрганиб, ота-онанинг хизматидан қочиб, ёмонлигини қўймай, улғайишга интилмайди.

Эй азиз фарзанд! Интилганга толе ёр! Ота-­онасини хизматини қилган, устозлар дуосини олган, эл-юртнинг олқиш ва раҳматларини ол­ган инсон, албатта, бахтли бўлади. Бундай инсон­лар узоқ умр кўрадилар. Ким мана шундай ин­сонларга ёмонлик қилса, албатта, ёмонлиги ўзи­га қайтади. Шу боис улуғларимиз: “Дуо олган одамдан эҳтиёт бўлинг. У дуолар қўрғонида бў­лади. Унга ёмонлик қилсангиз, ўзингизни балоларга гирифтор қиласиз. Сиз ҳам дуо олган мана шун­дай инсонлар дуосини олинг, сиз ҳам бахтли бўла­сиз”, дейдилар. Юқоридаги улуғ инсонларнинг айт­ганини қилиб, бахтга эришинг, раҳмат ва олқиш­лар олиб, умрингизни баракотли қилинг. Асло қарғиш олманг! Қарғиш умрингизни кесиб, бара­кангизни қочиради. Ақлингизни ёшлигингиздан ишлатсангиз, ҳаётда кўп яхши­ликлар кўрасиз.

Қирқ ёшга етса ҳам ақли тўлмаса,

Ёмон амалларни ҳаргиз қўймаса,

Устига фазлдан либос киймаса,

Бўлади, бундайни одам демаса.

 

“Қасамини бузган қиз” китобидан

Вторник, 14 Август 2018 00:00

Субҳаналлоҳ

Субҳаналлоҳ – Аллоҳ таолога энг севимли калима. Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Аллоҳ таолога энг маҳбуб бўлган каломни айтайми? Аллоҳ таоло учун каломларнинг энг яхшиси “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деб айтишингдир”, дедилар.

 

Субҳаналлоҳ – айтишга осон, тарозида оғир келувчи калима. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Икки калима борки, улар тилга енгил, тарозида оғир ва Раҳмонга маҳбубдир. Улар: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азийм”, дедилар (Аллоҳни поклаб ёд этаман ва У Зотга ҳамд айтаман) (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Субҳаналлоҳ – Жаннатда боғ бўлувчи калима. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Кимки: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

Субҳаналлоҳ – энг афзал калима. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси калом афзал?” деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ фаришталари ёки бандалари айтишини ихтиёр қилган “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” калимасидир, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Субҳаналлоҳ – гуноҳларга каффорат бўлувчи калима. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ), ўттиз уч марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), ўттиз уч марта такбир (Аллоҳу акбар) айтса, жами тўқсон тўққиз бўлади, юзта бўлишига: “Ла илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам, мағфират қилинади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Субҳаналлоҳ – хатоларни кетказувчи калима. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деб бир кунда юз марта айтса, хатолари денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечиб юборилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи адада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидада калиматиҳи”, деб айтардилар (Имом Муслим ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Вторник, 14 Август 2018 00:00

Зулҳижжанинг ўн куни фазилати

Аллоҳ таоло Каломи мажидида: “Тонгга қасам, ўн кечага қасам...” деган (Фажр, 1-, 2).

Саҳиҳ қавлларга кўра, оятдаги ўн кечадан мурод зулҳижжа ойининг аввалги ўн кечасидир.

Оятда мазкур ойнинг ўн кечаси билан қасам ичилиши ўша кечаларнинг қадри баланд эканидан дарак беради.

Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлиги фазилати ҳақида ҳадисларда ҳам алоҳида таъкидланган.

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَا مِنْ أَيَّامٍ الْعَمَلُ الصَّالِحُ فِيهَا أَحَبُّ إِلَى اللهِ مِنْ هَذِهِ الأَيَّامِ يَعْنِي أَيَّامَ الْعَشْرِ قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ وَلاَ الْجِهَادُ فِي سَبِيلِ اللهِ قَالَ: وَلاَ الْجِهَادُ فِي سَبِيلِ اللهِ إِلاَّ رَجُلٌ خَرَجَ بِنَفْسِهِ وَمَالِهِ فَلَمْ يَرْجِعْ مِنْ ذَلِكَ بِشَيْءٍ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَاللَّفْظُ لَهُ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالدَّارِمِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ учун ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра севимлироқ амал йўқдир”, дедилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш ҳамми?” деб сўралди. У зот: “Ҳа, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш ҳам. Фақат бир киши ўз жони ва моли билан чиқиб, ундан бирон нарсасиз қайтиб келса, бундан мустасно”, дедилар” (Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Доримий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти. Ривоят лафзи Абу Довудга тегишли).

Ҳадисдаги “ўн кунлик” зулҳижжа ойининг ўн кунлигидир. Бу нарса бошқа ривоятларда аниқ айтилган. Жумладан, Ибн Ҳиббон ва Абу Авона келтирган ривоятда “Аллоҳ даргоҳида зулҳижжанинг ўн кунидан афзал кунлар йўқ”, дейилган.

Бу ўн кунликда солиҳ амалларга тарғиб қилинишидан мақсад шуки, ундаги амаллар Аллоҳ учун энг севимли саналади. Бунинг ҳикмати ва сабаби ёлғиз Аллоҳгагина маълум. Бандалар буюрилган ишни адо қилишлари билан кўп мукофот ва савобларга эришадилар. Биз Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлиги афзал кўрилишидан кўзланган ҳикмат борасида шуни айтамизки, ўша кунларда ҳожилар ҳаж амалларини бажараётган бўладилар, кунларнинг энг улуғи Арафа ва Қурбон ҳайити ҳам айнан шу ўн кунлик ичидадир. Шу сабаб бу вақтда қилинган амаллар Аллоҳ учун энг маҳбуб саналади.

 

وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَفْضَلُ أَيَّامِ الدُّنْيَا الْعَشْرُ يَعْنِي عَشْرَ ذِي الْحِجَّةِ. رَوَاهُ الْبَزَّارُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Дунё кунларининг энг афзали ўн кунлик (яъни зулҳижжанинг ўн куни)дир” (Баззор ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Уламолар зулҳижжанинг ўн кунлиги афзалми ёки рамазоннинг охирги ўн кунлиги афзалми, деган масалада ихтилоф қилишган. Аллома Ибн Қаййим бу борада қуйидаги фикрни билдирган: “Рамазоннинг охирги ўнлигининг тунлари зулҳижжанинг аввалги ўн кечасидан афзалдир. Зулҳижжанинг аввалги ўн куни рамазоннинг охирги ўн кунидан афзалдир. Арафа ва қурбонлик қилинадиган кун сабабидан зулҳижжанинг аввалги ўн куни афзал. Лайлатул қадр сабабидан рамазоннинг охирги ўн туни афзал саналади”.

 وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: سَيِّدُ الشُّهُورِ شَهْرُ رَمَضَانَ وَأَعْظَمُهَا حُرْمَةً ذُو الْحِجَّةِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ وَالْبَزَّارُ وَابْنُ عَسَاكِرَ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ойларнинг саййиди – рамазон, уларнинг ҳурмати энг баланди – зулҳижжадир” (Байҳақий, Баззор ва Ибн Асокир ривояти. Ривоят санади заиф).

Уламолар рамазон ойи зулҳижжадан афзаллигини айтишган. Аслида ой ёки амаллар бир-биридан устун бўлади. Масалан, намоз рўзадан афзал. Бироқ бир кун рўза тутиш икки ракат намоздан яхшироқ.

Доримий ва Байҳақий саҳиҳ санад билан келтирган ривоятда айтилишича, Саид ибн Жубайр зулҳижжанинг ўн кунида ибодатга жидду жаҳд билан киришар, бошқа вақтда қилмаган саъй-ҳаракатини айнан шу ўн кунликда қиларди.

 

وَعَنْ ابْنِ عُمَرَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ أَيَّامٍ أَعْظَمُ عِنْدَ اللهِ وَلاَ أَحَبُّ إِلَيْهِ مِنْ الْعَمَلِ فِيهِنَّ مِنْ هَذِهِ الأَيَّامِ الْعَشْرِ فَأَكْثِرُوا فِيهِنَّ مِنْ التَّهْلِيلِ وَالتَّكْبِيرِ وَالتَّحْمِيدِ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَابْنُ أَبِي شَيْبَةَ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ наздида ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра улуғроқ ва севимлироқ амал йўқдир. Бас, ушбу (кун)ларда таҳлил, такбир ва таҳмидни кўпайтиринглар!” (Аҳмад, Байҳақий, Табароний ва Ибн Абу Шайба ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Ушбу ривоятга кўра, зулҳижжанинг аввалги ўн кунлигида “лаа илааҳа иллаллоҳ”, “аллоҳу акбар” ва “ал-ҳамду лиллааҳ” калималарини кўп айтиш яхши экан.

Аввал айтиб ўтилганидек, зулҳижжанинг ўн кунида қилинадиган амаллар Аллоҳ учун энг маҳбуб саналади. Шу билан бирга мазкур вақтда Аллоҳ учун севимли бўлган зикр амалга оширилса, нур устига нур бўлади. Фазилатли амал фазилатли вақтда бажарилиши қилинаётган иш учун кўпроқ ажр олиниши ва ундан кўзланган мақсад рўёбга чиқишига сабаб бўлади.

Маълумки, солиҳ амаллар тури кўп. Уларни санаш учун анча саҳифани қоралашга тўғри келади. Ўша амаллар ичида энг афзалларидан бири бу – рўзадир. Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлигида рўза тутиш ҳақида ривоятлар бор. Қуйида улардан баъзиларини ўрганамиз.

 

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: مَا رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَائِمًا فِي الْعَشْرِ قَطُّ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн кунликда бирон марта рўза тутганларини кўрмаганман” (Муслим, Абу Довуд, Аҳмад ва Ибн Хузайма ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зуҳлҳижжанинг аввалги тўққиз кунида рўза тутганлари ҳақида бошқа ривоятлар бор. Шу сабаб уламолар Оиша розияллоҳу анҳонинг бу ривоятини бир неча хил таъвил қилишган. Жумладан:

  1. У зот касаллик ёки сафар туфайли ушбу ўн кунлик рўзасини тутмаган бўлишлари мумкин;
  2. Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу кунларда рўза тутганларини кўрмаган ёки эътибор бермаган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Яна Аллоҳ билгувчироқдир!

Мазкур ривоятнинг зоҳирига назар ташласак, зулҳижжанинг аввалги ўн кунида, тўғрироғи, тўққиз кунида рўза тутиш макруҳлиги келиб чиқади. Аммо уламолар бошқа ривоятларни ҳам ўрганиб чиққач, бу кунларда рўза тутиш мустаҳаблиги таъкидлашган.

Биз бу ерда Оиша розияллоҳу анҳонинг ривоятини маълумот учун, қилинаётган иш холис ва оз бўлса ҳам мукаммал бўлиши учун келтирдик. Энди бошқа ривоятларни ўрганамиз.

 

وَعَنْ هُنَيْدَةَ بْنِ خَالِدٍ عَنْ امْرَأَتِهِ عَنْ بَعْضِ أَزْوَاجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَصُومُ تِسْعَ ذِي الْحِجَّةِ وَيَوْمَ عَاشُورَاءَ وَثَلاَثَةَ أَيَّامٍ مِنْ كُلِّ شَهْرٍ أَوَّلَ اثْنَيْنِ مِنْ الشَّهْرِ وَالْخَمِيسَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Ҳунайда ибн Холид хотинидан, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам завжаларининг баъзисидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зулҳижжанинг тўққиз куни, Ашуро куни ва ҳар ойда (душанба ва пайшанбадан бошлаб) уч кун рўза тутардилар” (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Ушбу ривоятда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам зуҳлҳижжанинг аввалги тўққиз кунида, Ашуро куни ва ҳар ойда уч кун рўза тутардилар.

Зулҳижжанинг ўнинчи куни Қурбон ҳайити бўлиб, бу кунда рўза тутиш мумкин эмас. Шу сабаб рўза ҳақида гап кетганда “Зулҳижжанинг тўққиз кунида рўза тутиш” ибораси ишлатилади.

Ашуро куни муҳаррам ойининг ўнинчи куни. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ойнинг ўнинчи куни рўза тутиб юрганлар. Вафотларидан бир йил олдин яҳудийлар ҳам шу куни рўза тутишларидан хабар топгач, келаси йили тўққизинчи куни ҳам рўза тутишни ният қилганлар. Аммо бу нарса у зотга насиб қилмаган. Шундай бўлса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзлари ва ниятлари шаръий қоида бўлиб қолиб, Ашуро кунининг ёлғиз ўзида эмас, балки тўққизинчи ёки ўн биринчи кунини қўшиб рўза тутиш мақсадга мувофиқдир.

Қуйидаги ривоятда зулҳижжанинг ўн кунлигида тутиладиган рўзанинг фазилатидан хабар берилади.

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ أَيَّامٍ أَحَبُّ إِلَى اللهِ أَنْ يُتَعَبَّدَ لَهُ فِيهَا مِنْ عَشْرِ ذِي الْحِجَّةِ يَعْدِلُ صِيَامُ كُلِّ يَوْمٍ مِنْهَا بِصِيَامِ سَنَةٍ وَقِيَامُ كُلِّ لَيْلَةٍ مِنْهَا بِقِيَامِ لَيْلَةِ الْقَدْرِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ учун ибодат қилинишга зулҳижжанинг ўн кунидан севимлироқ кунлар йўқдир. Унинг ҳар кунлик рўзаси бир йиллик рўзага, ҳар тундаги ибодат Лайлатул қадрдаги ибодатга тенгдир” (Термизий, Ибн Можа ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади заиф).

Демак, қайси банда зулҳижжанинг аввалги тўққиз кунида ихлос билан рўза тутса, тўққиз йиллик рўзанинг савобига эришади. Зулҳижжанинг аввалги ўн кечасини бедор ўтказган, таҳажжуд намози ўқиган, зикр, тиловат ва шу каби ибодатлар билан машғул бўлган банда ўн марта Лайлатул қадр кечасида қоим бўлганлик савобини қўлга киритади. Лайлатул қадр кечаси қоим бўлиш минг ой, тахминан, саксон икки йилдан кўпроқ ибодат савобига тенг экани кўпчилигимизга маълум.

Демак, зулҳижжанинг бу фазилатли кун ва тунларини ғанимат билиб, улардан оқилона фойдалансак, охиратимиз учун чексиз ва қимматли заҳира тўплаб, қиёмат куни мезонимиз оғир бўлишига сабаб амалларни бажарган бўламиз.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Тасаввуф, тариқат нима? Улар замирида қандай мақсад мужассам? Моҳиятида нима бор?

Аслида тариқат – руҳий, маънавий покланишга даъват этувчи, инсонпарварлик ғояларини тарғиб этувчи йўналиш бўлиб, ислом дини кенг тарқалишида тасаввуф ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, тасаввуф таълимоти вужудга келган даврда халқни ягона мақсад атрофида бирлаштирган, жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталари илдиз отишига замин яратган. Ўз вақтида тасаввуфнинг  ўзига хос санъати, мусиқаси, меъморчилиги юзага келган эди.

Марказий Осиёда тасаввуф тариқатлари ривожида юртимиздан етишиб чиққан Нажмиддин Кубро, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Вали, Хожа Муҳаммад Парсо каби алломаларнинг хизмати катта бўлган. Шу жумладан, тасаввуф тариқатида катта ўрин тутган Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари биринчидан, ислом шариати мезонларини маҳкам ушлаган ва уларнинг бузилишига йўл қўймаган. Иккинчидан, бу таълимот чин инсоний ғоялар ва фазилатларни илгари сурган, жамиятнинг турли вакиллари ўртасида жувонмардлик ришталари пайдо бўлишига сабабчи бўлган эди. Бунинг ортида одамлар бир-бирларига моддий ва маънавий ёрдам бера бошлаганлар, ҳар қандай қийинчиликни ҳамжиҳатлик билан енгиб, шодликларни баҳам кўрганлар. Шу сабаб уларнинг фаолияти бутун ислом оламига ўз таъсирини ўтказган.

Айни вақтда мусулмон дунёсининг деярли барча мамлакатларида турли тасаввуфий тариқатлар вакиллари фаолият юритади. Бироқ уларнинг кўпчилиги тасаввуф таълимотининг илк ғояларидан анча узоқлашиб кетганини айтиш ўринли. Шайхлик мақоми маблағ тўплаш манбаи бўлиб қолган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Баъзи мамлакатлардаги кўплаб тариқат вакиллари томонидан шайхларининг ўта муболаға билан улуғланиши, уларнинг тавоф қилиниши, шайхларнинг ўз тарафдорлари ва муассасалари мавжудлиги фикримиз исботи бўла олади.

Афсуски, кейинги йилларда айрим шахслар тариқатни муридбозликка, мансаб, мол-дунё орттириш манбаига айлантириб олдилар. Шу сабабли улар ҳақида сўз юритишга мажбур бўлмоқдамиз. Мақсадимиз кимнидир, ниманидир айблаш, узоқ тарихга эга тариқат йўналишини танқид қилиш ёки тасаввуфни инкор этиш эмас. Бироқ, муборак динимизнинг асл мазмун-моҳиятини бузиб, унинг ҳаётбахш таълимотларини нотўғри талқин қилувчиларни кўриб, томошабин бўлиб туриш ҳам инсофдан эмас.

“Тасаввуф” атамасининг келиб чиқиши тўғрисида бир неча қарашлар мавжуд. Уларнинг аксариятида мазкур атаманинг арабча “сувф” – “жун” сўзидан келиб чиққани қайд этилади. Аввало, бу атама луғавий маъно жиҳатидан тўғри. Негаки, кўп ибодат билан машғул кишилар кийимни жуда содда кийишган. Одатда уларнинг кийимлари фақат жундан иборат бўлган. Зеро, тасаввуфга эргашган шахслар таналарини риёзатга чиниқтириш учун ҳамда дунёнинг моддий бойликлари дабдабасидан юз ўгирганликларининг исботи сифатида қаттиқ жундан тўқилган либос кийиб юрганлар.

Имом Сухравордий фикрича, тасаввуф таърифининг мазмуни – икки минг атрофида. Яна бошқалари тасаввуф таърифининг зиёда бўлиши ёки хилма-хиллиги бу йўналишнинг кенглигини билдиради, деб таърифлашган. Шуни қайд этиш лозимки, уларнинг йўналишлари, таҳсиллари, кўрсатмалари шўролар даврида барбод бўлган эди. Шунинг учун тасаввуф тариқат йўналишларида ҳеч қандай адабиёт, мактаб, билим даргоҳи мавжуд эмасди. Шариат билимларини ўрганишда фойдаланилаётган олийгоҳ ва мадрасалар каби билим даргоҳлари йўқ эди.

Бу ўз-ўзидан тариқатчилик соҳасида илмий-амалий кўрсатма деярли йўқ дегани эмасми? Демакки, бу соҳанинг мутахассислари ҳозирда юртимизда мавжуд эмас. Бироқ, мўътабар зотларнинг мақом ва лавозимларини давом эттириш даъвоси билан юртимизнинг бир неча жойларидан пирлик даъвосини қилаётганлар кишини таажжубга солади. Улар    машҳур тасаввуфчиларнинг йўналишларини танлаганликларини пеш қилиб, ўзларига мухлис орттирмоқдалар. Бу ўз навбатида қатор саволларни юзага келтиради:

хўш, тасаввуф йўналишида ким хоҳласа пирлик, яна ким хоҳласа муридлик даъвосини қилиши мумкинми?

Пирлик даъво қилаётган шахслар қайси бир тариқат вазифаларини бажариб, зоҳирий ва ботиний илмларга эга бўлган шахсларга боғланишган?

70 йиллик бўҳрон даврида шариат илмига моҳир, ҳар томонлама етук олимни тасаввур қилиш қийин бир пайтда қандай қилиб инсон қалбига нур бера оладиган тариқат илми мутахассислари етишиб чиқди?

Ҳозирги кунда пирлар ўзаро бир-бирини адашган, нотўғри йўл танлаган,  жоҳил, илмсиз, деб даъво қилиб турган бир пайтда қандай қилиб уларга эргашиш мумкин?

Айни пайтда баъзи пирлар ўз муридларига қатор вазифаларни беришда асосан эшитган, қайсидир “пир” таъсирида бўлган даврларидаги таассуротларига таянмоқдалар. Муридлар ҳам бу вазифаларни адо этишни вожиб ўринда кўрмоқдалар.

Бинобарин, баъзи бир пирларнинг ўзлари билмаган ҳолда шариат қоидалари бузилишига олиб борувчи айрим кўрсатмалари бўйича халқимиз ўртасида эътирозлар пайдо бўлмоқда. Мисол тариқасида қуйидагиларни келтириш мумкин:

- кечаси таҳажжуд намозини ўқиш фарз (ёки вожиб) деб таъкидлаш;

- шукри вузуъ намозини қай вақтда бўлса ҳам, яъни макруҳ пайтларда ҳам ўқиб олиш зарур деб билиш;

- пирга қўл берганнинг олдинги гуноҳлари, шунингдек, қолдирилган ибодатлари ҳам кечирилади, дейиш;

- муридидан бошқа кишининг тўй-маъракасига бормаслик;

- расмий имомларнинг амри маъруфларини менсимаслик;

- ўзидан бошқа тариқат пирларини ошкор танқид қилиб, уларнинг адашганликларини айтиш;

- ўзгалар (тарафдорлардан бошқалар)нинг диний ва дунёвий мазмундаги маросимларида иштирок этмаслик;

- қоплама (тилла, кумуш) тиш қўйган кишининг таҳорати мукаммал бўлмайди дейиш;

- намоздан кейин овоз чиқариб дуо ва тиловат қилишни макруҳ деб билиш;

- Пайғамбаримиз (с.а.в.) замонасида бўлмаган ҳар қандай ишни бидъат (янгилик), деб билиш ва инкор этиш.

Булардан ташқари, айрим тариқатчилар томонидан турли  мутаассибона хатти-ҳаракатлар намоён бўлаётгани таажжублидир. Хусусан, улар пирнинг уйи томонга оёқ узатиш қиблага оёқ узатишдек гуноҳ бўлади, дейишади. Салла кийишни доимий суннат, деб жамиятимиздаги ҳозирда кийилаётган кийимларга рози бўлишмайди. Шариатда рухсат қилинган қўл ювилгандан кейин қўлни ёки юзни сочиқ билан артишни мумкин эмас деб даъво қилишади. Баъзи бирлари эса ислом шариатида жорий бўлиб келган амаллардан кўра пирлари буюрган амални устун кўрадилар.

Чойни қуйишда чойнакни ҳам, пиёлани ҳам ўнг қўл билан ушламаса, макруҳ бўлади деб, шунингдек, бошқаларнинг чап қўлда қуйган чойларини ичишмайди.

Ўз пирларини бошқа пирлардан юқори кўришда чарчамайдилар. Айрим муридлар ота-оналари, муқаддас оилалари ва фарзандларини ташлаб, девоналикни даъво қилишади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бундай амаллар шариат асосларига ҳам, тариқат анъаналарига ҳам мутлақо тўғри келмайди.

Тариқат ва шайхлик даъвосини қилувчи шахсларнинг тўғри йўлда эканликларини аниқлаш учун улар амаллари шариатга, маърифий ислом дини кўрсатган йўлга нечоғлик мос эканликларини солиштириш кифоя қилади. Диндаги ғулув кўп ҳолларда диний саводнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ. Ҳар бир ишда илмнинг йўқлиги ғарибликни келтириб чиқаради. Нақшбандия тариқати эса касб-ҳунар ва меҳнатдан ажралмаган ҳолда, илм-маърифатни муттасил зиёда қилиб боришга даъват этади.

Ваҳоланки ҳозирги вақтда айрим тариқат аҳли илмларини муттасил  зиёда қилиб бориш ўрнига ўзлари илм-маърифатга қизиқмаганлари ҳолда ёш авлодни мактаб ўқишларидан ва замонавий фанларни ўзлаштиришдан совутишга журъат қилмоқдалар. Замонавий илмлардан баҳраманд бўлмаган кишидан комил инсон чиқиши мумкинми?

Айни пайтда айрим тариқатчиларни ўзининг тўпига қўшилиб олиб, кўчама-кўча, хонама-хона худойи еб юриб, бола-чақанинг нафақасини унутаётган ҳолда учратиш мумкин.

Нақшбандия тариқати таълимоти бўйича ҳалол касб билан оиланинг нафақасини таъминлаш муҳим ишлардан ҳисобланади. Оила ва фарзандларни тарк этиб, ўз манфаати йўлида узоқ жойларга кетиб қолиш шариат қонунларига ва тариқат кўрсатмаларига мутлақо тўғри келмайди. Диний ва миллий қадриятларга путур етказадиган, халқимиз бирлигини бузадиган ишлар жамиятимиз учун салбий ишлардир. Улардан на динимизга, на тасаввуф тариқатига бирор манфаат бор.

Мақсадимиз маърифий ислом ва анъанавий Ҳанафий мазҳаби йўналишига оғишмай амал қилиш ва тўғри йўлни инсоф нуқтаи назаридан қабул қилиш экан, тариқат – Аллоҳ ва расулини севиш, ота  – онага, устозга, барча мўъмин-мусулмонларга меҳр-муҳаббат кўрсатишлигини унутмаслик керак. Тариқат – Нажмиддин Кубро каби она Ватан учун жон фидо қилиш, Хожа Аҳрор Валий каби юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун бор куч ва имкониятини бахшида этишдир. Асл тариқатда таркидунёчилик, оила ва фарзандлар нафақаси ва тарбиясига бепарволик йўқ. Мавлоно Жалолиддин Румий ишсизлик, дангасалик, бепарволикка, таркидунёчиликка қарши қаттиқ курашганлар. У киши инсонларни ҳаракат ва жидду жаҳд қилишга, ижтимоий ҳаётда фаол қатнашишга чақирганлар. Тариқат халқ билан бирга бўлишга, халқнинг оғирини енгил қилишга буюради. Ташқи кўриниш сўфийнамо бўлиб, бадхулқ бўлишни қаттиқ қоралайди. Зеро, тариқатда сўз билан амал бир бўлмаса, мунофиқлик ҳисобланади. Аҳмад Яссавий таъкидлаганидек,

Ҳар ким қилса тариқатни даъвосин,

Аввал қадам шариатга қўймоқ керак.

Шариатнинг ишларини адо қилиб,

Андин сўнгра бу даъвони қилмоқ керак.

Ражабали НОРҚЎЧҚАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили ўринбосари

манба: qashqadaryogz.uz

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top