muslim.uz

muslim.uz

Республика болалар кутубхонаси вакиллари Тошкент метрополитени ходимлари ва Ўзбек Миллий академик драма театри актёрлари билан ҳамкорликда пойтахт метроси йўловчиларига Алишер Навоий шеъриятидан намуналар ўқиб беришни сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи онлайн” нашри хабар берди.

 

Энг ифодали ва таъсирли мутолаа қилиб берган ҳамюртларимизга метрода бепул ҳаракатланиш имконияти берилди. Айни чоғда уларга эсдалик совғалари ҳам топширилгани айтиб ўтилган.

 

Бундан ташқари, кутубхонанинг ўзида Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллигига бағишланган адабий кеча ҳам ўтказилган. Унда Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари, шаҳар “Баркамол авлод” болалар маркази тарбияланувчилари иштирок этган.

Аллоҳ таоло инсонга бу имтиҳон дунёсида нафси билан курашиб, уни ёмон иллатлардан поклашни буюрган.

Ҳар бир туғилган инсон ёшлигида таълим-тарбия олиб, нафсини тўғри йўлга солмаса, нафси аммора даражасида қолиб кетади. Аммора (ёмонликка ундовчи) нафс, шак-шубҳасиз, инсонни ҳалокатга олиб боради. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломдан ҳикоятан: «Нафсимни оқламайман. Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир. Фақат Раббим раҳм қилганлар бундан мустаснодир. Албатта, Раббим кечиримли ва раҳмли зотдир» (Юсуф, 53), деб марҳамат қилади.

Инсон ибодат қилса, зикр билан қалбини жилоласа, нафсини жиловлай олади ва унинг нафси лаввома (ўзини маломат қилувчи) бўлади. У ўз хато ва камчиликларини англай бошлайди. Бу босқич комиллик сари қўйилган биринчи қадам. Аллоҳ таоло унинг номи билан қасам ичади: «…маломатчи нафс билан қасамёд этурман, (қиёмат куни қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсиз) (Қиёмат, 2).

Бунда нафс ўз-ўзига панду насиҳат қилиб, “Эй нафс, қачонгача гуноҳ лойига ботасан? Аллоҳнинг ҳузурига борганингда нима деб жавоб берасан?” деб койийди. Нафси инсофга келиб, ихлос ва муҳаббат билан амал қила бошлагач, учинчи босқич – мулҳимага (имкон қадар Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларига бўйсунувчи) ўтади.

Натижада банда амалларни ихлос, завқ-шавқ билан қилиб, ором олади. Шундан кейин солиҳ банда тўртинчи босқич – нафси мутмаъиннага (чин бандалик лаззатини тотиб, хотиржам бўлган) ўтади.

«Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингиз, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)» (Раъд, 28).

Аллоҳ таоло зикри билан ором олган қалбда бошқа инсонларга нисбатан гина-кудурат, ҳасад, адоват, кўнгилқоралик, хушомадгўйлик бўлмайди. Истаги Аллоҳ таолонинг розилиги бўлади, комиллик даражасига кўтарилади ва бешинчи босқич – нафси розия-марзияга (Аллоҳ таолодан рози бўлган ва Унинг розилигини топган) ўтади.

«Эй хотиржам (сокин) жон! (Ато этилган неъматлардан) рози бўлган (Аллоҳдан) розилик топган ҳолингда, Раббинг (ҳузури)га қайт! Бас, (солиҳ) бандаларим (сафи)га қўшилгин ва жаннатимга кир!» (Фажр, 27–30).

Ибодат ва зикрлар билан ором олган нафс, Аллоҳ таоло берган неъматларга рози бўлади, ундан Аллоҳ таоло ҳам рози – “марзия” бандага айланади.

Пайғамбарларнинг нафслари нафси “софия”дир. Аллоҳ таоло барча солиҳ бандаларига нафси “марзия” босқичига етишни насиб этсин.

 

Мавжуда АБДУЛЛАЕВА,

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ислом ўрта-махсус билим юрти мударрисаси тайёрлади.

 

Бугун Фарғона вилоятининг Қўштепа, Бувайда туманлари ва Қўқон шаҳрида қорилар мусобақаси давом этади.
Ижодий гуруҳ Қўқон шаҳридаги Қуръон мусобақасини жонли эфирга узатишни режалаштирган.
Бизнинг muslim.uz портали орқали жонли кузатинг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Масжидул Ҳаромдан кейинги энг мўътабар ва табаррук масжид “Масжидун Набий” жомеи (Пайғамбаримизнинг масжиди) Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида жойлашган. Масжид ўрнини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн динорга сотиб олганлар ва масжид қурилишида саҳобаларга бош бўлиб, шахсан ўзлари иштирок этганлар. Масжид биноси хом ғиштдан, шифти хурмо шохи, устунлари эса хурмо ёғочидан бино қилинган. Ёмғир ёғса шифтдан сув ўтиб, сажда қилган одамнинг пешонаси лой бўлар эди. Жоме кейинчалик ҳазрат Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум ҳамда кейинги халифа, подшоҳлар томонидан бир неча бор таъмирланиб, кенгайтирилган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин олти юз эллик йил мобайнида масжиднинг ҳеч қандай гумбази бўлмаган. Биринчи бўлиб 1279 йили султон Мамлук уни ёғочдан қурдирган. Дастлаб у бинафшаранг, кейинчалик оқ ва кўк рангларда бўлган. 1837 йил ҳозирги яшил кўринишга келтирилди. 

Масжид қурилган дастлабки йил унинг узунлиги 35 метр, майдони 1050 кв. метрни ташкил этган бўлса, ҳижратнинг еттинчи йилига келиб масжид томонлари 50 метр, майдони эса тахминан 2475 кв.м бўлган тўртбурчак шаклга келди. 1951 йил мамлакат раҳбари Абдулазиз Оли Сауд буйруғи билан масжид кенгайтирилди. 1955 йили охирига етган таъмирлаш ишларидан кейин масжиднинг ҳудуди 12271 кв.м.га етди. 1984 йил подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз томонидан  “Масжидун Набавий”ни янада кенгайтириш бўйича биринчи ғишт қўйилди.

Ҳозирда масжид юз минг квадрат километрли муҳташам майдонга айланган бўлиб, унда 1 миллиондан ортиқ мусулмон намоз ўқиши мумкин. Масжиднинг бир юз беш метрли иккита, етмиш беш метрли тўртта минораси, 400дан ортиқ устуни, 6800 та қандили, зиёратчиларни қуёшнинг жазирама нурларидан тўсиб турувчи очилиб-ёпиладиган катта соябонлари мажмуанинг кўркига кўрк қўшади. Кундузи қуёш нуридан мажмуа қум рангида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари жойлашган ҳужра гумбази эса яшил рангда товланади.

Масжидга ўзгача кўрк бахш этаётган қуббаси ҳамда деворларига Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари ёзилган.

Шунингдек, ушбу масжид Арабистон яриморолида илк бора электр қуввати пайдо бўлган иншоот ҳисобланади. Усмонлилар ҳукмронлиги даврида 1910 йилда ушбу масжидга чироқ ўрнатилган. Ҳатто турк султони саройида ҳам электр тармоғи бир неча йилдан сўнг пайдо бўлган.

“Масжидун Набий”да ўқилган намознинг савоби улуғдир. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ушбу масжиддаги намоз ундан бошқалардаги мингта намоздан афзалдир. Масжидул Ҳаром бундан мустасно”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳар йили ҳаж ибодатини адо этиш учун келган миллионлаб ҳожилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилиш мақсадида ушбу масжидга ҳам ташриф буюришади. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлур”, деганлар (Имом Қози Иёз ривояти).

                              

Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади

Четверг, 08 Февраль 2018 00:00

Азоннинг жорий бўлиши

Азон айтиш ҳали жорий бўлмаган пайтларда ҳар намознинг вақти кирганда масжидга жамоат йиғилиши учун мўминларга билдириш қийинчиликлар туғдирарди. Баъзан масжидга эрта келиб, намозни узоқ вақт кутишга мажбур бўлишса, гоҳида эса, жамоат билан намоз ўқиш шарафидан маҳрум бўлишарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу масалага чора кўриш мақсадида саҳобалар билан маслаҳатлашдилар. Баъзи саҳобалар тепалик устига ўт ёқишни айтишди. Бу оташпарастларнинг иши деб маъқул кўрилмади. Яна бошқалари ҳар намоз вақтида карнай чалайлик дедилар. Яҳудийларнинг ибодат вақтидаги одатлари бўлгани учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бунга ҳам рози бўлмадилар. Айрим саҳобалар қўнғироқ чалиш маслаҳатини беришди. Бу насронийларнинг феъли бўлгани учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рад этдилар. Охири бир саҳоба: “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар намоз вақти кирганда, бир одам туриб, намоз вақти кирди, намоз вақти бўлди деб айтса бўладими?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “бўлади”, дедилар. Шу тариқа ҳар намоз вақти кирганда шу сўзлар билан бир киши мусулмонларни намозга чақира бошлади. Мадиналик саҳоба Абдуллоҳ ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) ҳар куни бу ишни бажарарди. Бир кеча Абдуллоҳ ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) тушида бир кимса келиб унга азон айтишни ўргатганини кўрди. Дарҳол, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб кўрган тушларини айтиб берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ сенга яхшиликни кўрсатибди. Меърожга чиққанимда бир фариштани шундай азон айтганини кўрган эдим, бу калимларни Билол (розияллоҳу анҳу)га ўргатгин, унинг овози сеникидан баландроқ”, дедилар. Шундан сўнг, Билол (розияллоҳу анҳу) шу калимлар билан азон айтди. Шу тартибда бутун Ислом оламига азон айтиш суннат амал бўлиб қолди.

 

Учқунбой САИДАҲМЕДОВ

Каттақўрғон тумани “Қировул” жоме масжиди имом-хатиби

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top