Мақолалар

Азоннинг жорий бўлиши

Азон айтиш ҳали жорий бўлмаган пайтларда ҳар намознинг вақти кирганда масжидга жамоат йиғилиши учун мўминларга билдириш қийинчиликлар туғдирарди. Баъзан масжидга эрта келиб, намозни узоқ вақт кутишга мажбур бўлишса, гоҳида эса, жамоат билан намоз ўқиш шарафидан маҳрум бўлишарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу масалага чора кўриш мақсадида саҳобалар билан маслаҳатлашдилар. Баъзи саҳобалар тепалик устига ўт ёқишни айтишди. Бу оташпарастларнинг иши деб маъқул кўрилмади. Яна бошқалари ҳар намоз вақтида карнай чалайлик дедилар. Яҳудийларнинг ибодат вақтидаги одатлари бўлгани учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бунга ҳам рози бўлмадилар. Айрим саҳобалар қўнғироқ чалиш маслаҳатини беришди. Бу насронийларнинг феъли бўлгани учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рад этдилар. Охири бир саҳоба: “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар намоз вақти кирганда, бир одам туриб, намоз вақти кирди, намоз вақти бўлди деб айтса бўладими?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “бўлади”, дедилар. Шу тариқа ҳар намоз вақти кирганда шу сўзлар билан бир киши мусулмонларни намозга чақира бошлади. Мадиналик саҳоба Абдуллоҳ ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) ҳар куни бу ишни бажарарди. Бир кеча Абдуллоҳ ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) тушида бир кимса келиб унга азон айтишни ўргатганини кўрди. Дарҳол, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб кўрган тушларини айтиб берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ сенга яхшиликни кўрсатибди. Меърожга чиққанимда бир фариштани шундай азон айтганини кўрган эдим, бу калимларни Билол (розияллоҳу анҳу)га ўргатгин, унинг овози сеникидан баландроқ”, дедилар. Шундан сўнг, Билол (розияллоҳу анҳу) шу калимлар билан азон айтди. Шу тартибда бутун Ислом оламига азон айтиш суннат амал бўлиб қолди.

 

Учқунбой САИДАҲМЕДОВ

Каттақўрғон тумани “Қировул” жоме масжиди имом-хатиби

4561 марта ўқилди

Мақолалар

Top