muslim.uz
"Вақф" фонди коронавирусга қарши 190 миллион сўмга яқин маблағ сарфлади
Бугун инсоният мисли кўрилмаган оғир синовни бошдан кечирмоқда. Кўз илғамас хатар барчага бирдек таҳдид солмоқда. Охирги кунларда заминимизда содир бўлаётган ташвишли воқеалар ҳар биримиздан ҳамжиҳатликни, меҳр-мурувватни талаб қилади. Ушбу юқумли касалликка қарши курашиш, унинг давосини топиш бўйича жаҳон ҳамжамияти ўзаро ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатимизда каронавируснинг олдини олиш, уни юқтирган беморларни даволашда тезкор ва самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ушбу жараёнга “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Фонд томонидан жорий йил 16 март 2 апрель кунлари ёрдамга муҳтож аҳоли вакилларига жами 190 миллион миллион сўмга яқин хайрия ишлари кўрсатилди. Жумладан, ёрдамга муҳтож аҳоли вакиллари пластик рақамларига (дори-дармон, даволаниш учун) моддий ёрдам ўтказиб берилди; эҳтиёжманд кишиларнинг уйларига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди; маҳалла ва аҳоли гавжум жойларда бепул ниқоблар тарқатилди.
Дарҳақиқат, бугун Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифларда тараннум этилган ва халқимизнинг қону жонига сингиб кетган инсонпарварлик ва меҳр-мурувват каби фазилатларни намойиш этиш палласи келди. Хайр-эҳсон қилиш ва бир-биримизга наф келтириш энг олий инсоний бурчимизга айланди.
Мамлакатимизда вужудга келган мураккаб вазиятда "Вақф" фонди томонидан халқимизнинг эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдамларининг салмоғини оширмоқда, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга кўмаклашишни кўпайтирмоқда.
Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 1 апрелдаги қарорига асосан, Фондга ёрдам сўраб мурожаат қилган эҳтиёжманд кишилар пластик карталари орқали моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Хусусан, 1-2 апрель кунлари 106 нафар кишига дори-дармон, даволаниш ва озиқ-овқат учун 70 миллионга яқин пул маблағлари хайрия тариқасида улашилди. Бу борадаги ишлар юқори суратда жадал давом эттирилмоқда.
Шунингдек, “Вақф” фонди коронавирусга қарши курашни қўллаб-қувватлаш учун таъсис этилган "Меҳр-шафқат ва саломатлик" жамоат фондига асосий ҳисоб рақамидан 50 миллион маблағ сўм ўтказиб берди (закот, фитр-садақаси ва ижтимоий хайрия акцияларидан ташқари маблағлар).
Ҳар қандай синов Аллоҳдан эканини англаган ҳолда ўзаро бирдам, сабру матонатли бўлиб, эзгу ишларни кўпайтирсак, хайрли дуолар қилсак, бошимизга келган мусибатдан тез орада эсон-омон ўтамиз, иншо Аллоҳ.
Фонд коронавирус хасталигига қарши кураш ва ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлашда давом этади.
“Вақф” хайрия жамот фонди Матбуот хизмати
Кўринмас душман: Дангасалик шайтондандир (3-мақола)
Шайтон нафақат мусулмонларга балки бутун инсониятга ашаддий душмандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта шайтон инсонга очиқ-ойдин душмандир”, дейди. Юсуф 5-оят.
Зотан, шайтоннинг мақсади инсонларни ҳақ йўлдан адаштириш, дунё ишларини зийнатлаб кўрсатиб, охиратни униттиришдир. Шайтон бу ишида фақатгина мухлис бўлган кишиларнигина йўлдан оздиришда ноумид бўлади. Аллоҳ таоло бу борада унинг айтганини қуйидагича баён қилган: “У: “Эй Роббим, мени залолатга кетказганинг сабабидан, албатта, мен уларга ер юзида (гуноҳларни) зийнатлаб кўрсатаман ва албатта, уларнинг ҳаммасини иғво қиламан”. Магар, улардан танланган (мухлис) бандаларингни (адаштира олмасман), деди”. Ҳижр 39-40 оятлар.
Демак, шайтоннинг мақсади: инсонларни барча яхши амлларни бажаришдан ва тўғри йўлдан юришидан тўсиш, қайтаришдир. У бу йўлда турли ҳил усуллардан фойдаланади. Масалан: васваса қилади, ҳаром ишни зийнатлаб кўрсатади, аста секинлик билан ҳаром иш қилишни оддийлаштириб, бу йўлда пешво бўлишга ундайди, қилаётган ишини жиддий қабул қилмасликка ўргатади, ваъдаларни беради, тавба қилишни кечроққа суришга буюради ва Аллоҳнинг раҳимдил эканлигини тез-тез эслатиб туради. Бу борада Қуръони каримда шундай дейилган: “У, (шайтон) уларга ваъда берур ва хомхаёлларга солур. Шайтон уларга ғурурдан бошқа нарсани ваъда қилмас”. Нисо 120-оят.
Шайтонда икки ҳил йўлдан оздириш йўли бор:
- Кишининг қалбига кириб, у билан савдолашади. Агар унда заифлик ва сусткашликни топса, дарров унинг ўша заифлик жойидан ушлаб, барча хохишларини пучга чиқариб, уни дангасаликка, ғайратсизликка бошлайди ва бу ишларни қилмагани учун унга сабаблар ва умидлар эшигини очиб беради. Натижада инсон хайрли ишларни қилмай қўйишликка одатланади.
- Кишининг қалбига кириб, унда яхши амалларни қилишга харислик, жидду-жаҳд ва қобилятни топса, юқоридаги услубни қўллашликдан умидсизликка тушадида, энди унга барча яхши ишларини кўпроқ қилишга қизиқтиради. Доимо қилаётган ишлари у учун камлик қилишини билдириб туриб, сенинг қобилятинг бундан ҳам кўп иш қилишга етарли дея шошилтиради. Шунинг учун сен бошқаларга қараганда ҳаракатингни кўпайтиришинг керак масалан: ҳамма ухласа ҳам ухламаслигинг, ҳамма ифторлик қилса ҳам ифтор қилмаслигинг, ҳамма бўшашса ҳам бўшашмаслигинг, агар улар юз-қўлларини уч марта ювсалар, сен етти марта ювишинг, агар улар намозга таҳорат қилсалар, сен ғусл қилишинг каби динда ғулувга кетиб, ҳаддидан ошиб, йўқ бўлган ишлар билан машғул қилиб, тўғри йўлдан чиқаради.
Ҳақиқатда аксар инсонлар ушбу шайтоний қармоққа тушиб қоладилар. Бу қармоқдан қутилиб қолиш ёки қутилиб чиқиш учун фақатгина пухта илм ва иймон, у билан курашиш учун қувват ҳамда ўртамиёналикни ушлаш керак бўлади. Аллоҳнинг ўзи бу ишда бизга ёрдамчи бўлсин.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадислари билан яна бир дангасалаикнинг белгисига ишора қилганлар: “Аллоҳ таоло акса урувчини яхши кўради, эсновчини эса ёон кўради. Агар бир киши акса урса ва ҳамд айтса, уни эшитган ҳар бир мусулмон акса урганга соғлиқ тилаши лозим бўлади. Эснаш шайтондандир. Уни иложи борича қайтаришлик керак. Агар эснавчи “Ҳаааҳ” деб овоз чиқарса, шайтон унинг устидан кулади”, дедилар.
Бошқа бир ҳадисда: “Эснашлик шайтондандир. Бас агар бирортангиз эснаса, қодир бўлгунича (эснашни) қайтарсин”, деганлар.
Ушбу ҳадислардан келиб чиқиб, акса уришлик кишини фаол, ҳаракатчан, ғайратли ҳамда эпчилилигига ишора қилса, бунинг акси бўлган эснаш эса, дангаса ёки бекорчилигига далолат қилади. Анашу дангаса, секин ҳаракат қилувчи ва бекорчи киши шайтоннинг дўстига айланиб, унга шаҳвоний ишлар чиройли кўринадиган бўлиб қолади.
Бироқ, эснашни инсон яратган эканда, деган фикрдан узоқ бўлиш лозим. Эснашлик шайтондандир дейилишидан мақсад, кўпинча эснашлик дангаса ва ғайратсиз кишидан содир бўлади ва анашу дангаса киши шайтоннинг дўсти бўлади деган маъно чиқади.
Алло таоло барчамизни очиқ-ойдин душманимиз бўлган шайтоннинг найрангу хийлаларидан ўзи асрасин ва шайтонга қарши курашишда бизга Ўзи ёрдамчимиз бўлсин.
“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби,
ТИИ ўқитувчиси Абдураҳманов Яҳё Убайдуллоҳ ўғли
Касалликдан эҳтиёт бўлиш тақдирга ишонмасликми?
Бугун бутун дунё шиори “Уйда қолинг! ”
Дунёнинг икки юзга яқин давлатларини қамраб олган бу коронавирус касаллиги бизнинг ҳам юртимиздан четлаб ўтмади. Юртимизда бу касаллик аниқланган илк кунлариданоқ , касаллик омма халқ орасида тарқалишлигини олдини олиш чоралари кўрилди. Давлат миқёсида ушбу касаллик билан касалланганлар учун алоҳида шифохоналар қуриш, тиббиёт ходимларини ҳизматларини қўллаб қувватлаш каби қатор ишлар амалга ошириляпти . Бу касаллик шу даражада чегара билмас ва тез суратда кўпаювчи дард эканки, ҳатто илм фан тараққий этган давримизда ҳам касаллик олдида инсон ожиз эканлиги намоён бўлмоқда. Мутахассислар бу касалликдан қутилиш йўлларидан бири инсонларга аралашмасдан ёлғизда бўлиш эканлигини такидлашмоқда. Шунинг учун ҳам бугун “Уйда қолинг! ” шиори бутун дунё шиорига айланди. Бу шиор ҳудди Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзларидан олинган каби эшитилади.
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини эшитдим: “Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар!”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим) ривоят қилган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги ҳадиси шарифларини теран англаган Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ҳам Шомга волий бўлганларида инсонларга хутба қилиб : "Эй инсонлар, вабо ҳудди алангаланиб турган олов кабидир ва сизлар эса, унинг ўтинисизлар шундай экан, тарқалинглар, тоғларнинг тепаларига чиқиб кетинглар вабодан сақланасизлар. Вабо олови эса ўзидан ўзи ўчади" дедилар. Инсонлар эшитишлари билан ижобат қилдилар ва ҳаммалари омон қолдилар, Аллоҳ таоло бу балони улардан аритди. Кўриниб турибдики, инсон уйида қолиб заруратсиз ташқарига чиқмаслиги бу шариатимизнинг ҳам талаби экан. Шариат талабини бажармаслик эса хато ва гуноҳдир. Минг афсуски баъзи фуқароларимиз ўзини ҳамда ўзгаларни ҳам хатарга қўйиб бу талабларга совуққонлик билан қарамоқдалар. Ҳолбуки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!” деб хитоб қилган. (“Бақара” сураси, 195-оят).
Кӯриниб турибдики, айни пайтда шариатимиз талаби ҳам давлатимиз талаби ҳам уйда ўтириш ва заруратсиз ташқарига чиқмасликдир. Бу талабларни бажариш ибодатдир . Сабаби бу талабда Аллоҳ таоло ва унинг Росули ҳамда ишбоши яъни, раҳбарларга бўйсуниш бор. Аллоҳ таоло ўзининг каломида марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг.». (Нисо / 59).
Пандемия шаклини олган бу ёв билан курашиш учун фақат ва фақат уйда қолиш экани ҳозир барчага маълум. Аммо, бу оддий ҳақиқатни тушунмаётган ёки тушунишни истамаётган инсонлар ҳам борлиги афсусланарли ҳолдир. Машиналар оқимини камайтириш мақсадида қӯлланаётган чораларни бузиш ҳолатлари, ниқобсиз жамоат жойларида юришлик ва уйдан зерикканидан бемақсад кӯчада юрганларга айтар сӯзимиз: "Вабо тарқаган пайтда уйда ӯтиришлик айни шариатимиз талаби. Уйда ӯтириш билан биз нафақат ӯзимизни балки, оила аъзоларимииз, яқинларимизни хавфдан ҳимоя қилган бӯламиз. Акс ҳолда жамиятга зарар қилувчи инсонга айланамиз. Ақл билан иш юритиш имкониятидамиз. Уйда ўтириш мобайнида Аллоҳ таолога дуо ва илтижолар қилиш , фарзанд ва набираларимизнинг таълим –тарбияларига эътибор бериш, вақтдан фойдаланган ҳолда кўп китоб мутолаа қилишимиз мақсадга мувофиқдир".
Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таолодан бу балони биздан аритишини, касаллик билан фаол курашаётган мутасаддилар ҳамда тиббиёт ходимларига куч-қувват, сиҳат-саломатлик беришини, халқимизга эса офият сӯраймиз.
Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби