muslim.uz

muslim.uz

Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозирги кунда бутун дунёни коронавирус офати катта ташвишга солиб турибди. Бу синов жонажон Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтмади. Бундай имтиҳон кунларда халқимиз бир-бирларига далда, кўмакчи бўлмоқлари керак.

Хўш, бундай синовли кунларда мусулмон киши ўзини қандай тутиши ва нималарга кўпроқ эътибор бериши лозим. Бу борада мўътабар китобларимизда қуйидаги тавсиялар берилган.

Мусулмон киши вабо ёки бирор бир юқумли ёмон касаллик тарқалган вақтда ўз уйида, оила аҳлини ҳимоя қилган ҳолда ўтириши керак. Бу ҳақда, Имом ал-Бухорий ўзларининг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”асарларида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар.  

Ҳазрати Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадиларки:

“Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан тоъун (вабо) ҳақида сўрадим. Шунда Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: У Аллоҳ таолонинг бандаларига юборган бир азоби бўлиб, хоҳлаган бандасига юборар эди. Лекин, мўмин-мусулмонларга Аллоҳнинг раҳматидир. Кимки, мана шу тоъун тарқалганида ўз шаҳрида ёки ўз уйида сабр қилиб, савоб умид қилган ҳолда ва унга Аллоҳ таолонинг ёзганидан бошқа нарса етмаслигига ишонган ҳолда ўтирса, унга шаҳиднинг ажри баробарида ажр берилади, - дедилар”. 

Бу ҳадиси-шариф айни биз амал қилишимиз керак бўлган ҳадиси-шарифдир. Демак, халқ бундай вазиятда ўз уйида қолиши, сабр қилиши, сабридан савоб умид қилиши керак. Ҳадисга эътибор қилинг, олдин сабабларни қилишга кўрсатма бўляпти, яъни уйингда ўтир, сабр қил, карантин талабларига риоя қил!

Бундан инсонга, вабодан вафот этиши шарт эмас, тирик инсонга ҳам уйда сабр қилиб ўтиргани, карантинга риоя қилгани учун шаҳиднинг савоби берилади. 

Оятларда ҳам биз бунга (карантинга) чақириқ топамиз. Масалан, Намл сурасида, Сулаймон алайҳиссаломнинг инсонлар, жинлар ва қушлардан таркиб топган қўшини келаётганида, чумолилар подшоҳи қавмига қарата: Уйларингга киринглар! Сулаймоннинг қўшини сизларни билмаган ҳолда эзиб, ҳалок қилиб қўймасин, - деган мазмунда яъни, оғир вазият пайдо бўлганида, чумолилар подшоси “Уйларингга киринглар!”-деб мурожаат қилаяпти.

Ҳозир ҳам шундай вазият. Раҳбар ва соҳа мутахассислар бунинг оқибатини яхши тушуниб етиб, дарҳол, халқимизга керакли кўрсатмаларни беришди. Халқимизнинг вазифаси энди итоат этиши ва кўрсатмаларга сўзсиз риоя қилиши керак. Шунда саломат қолади. 

Бу каби ҳолатларда мусулмон киши ваҳимага тушмаслиги керак. Зеро, ҳикматларда: “Ақлли инсон бошига тушган балони аритиш ҳаракатида бўлади. Аҳмоқ эса битта балони иккита қилиб олади”.

Ушбу маънода юртимиздан етишиб чиққан машҳур табиблардан Абу Али Хусайн ибн Абдуллоҳ ибн Сино жуда гўзал тавсия берган:“Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир. Хотиржамлик ярим соғликдир. Сабр эса шифони бошланишидир.

Машҳур ривоятлардан бирида:

Бир киши сафарга кетаётиб, йўлда Вабони учратиб қолибди.
Қаерга кетаяпсан? - сўрабди вабо.

-Зиёратга. Сен-чи?

- Сенинг юртингга, беш минг кишини олиб кетишга, - дебди вабо.

Ҳар ким ўз йўлида кетибди. Йил ўтиб, улар яна ўша жойда кўришиб қолишибди.

Сен алдадинг, - дебди зиёратчи вабога - Беш минг кишини олиб кетаман деб, юртимдан эллик беш минг одамни олиб кетибсан!
Йўқ, - эътироз қилди вабо, Мен ростдан ҳам беш минг кишини олиб кетдим. Қолгани ваҳима касалидан ўлди…

Дарҳақиқат, мусулмон тақдирнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳдан деган эътиқодда  туради. Ваҳима эса эътиқоднинг заифлигидан келиб чиқади.

Динимизда хабарларни аввал яхши ўрганиб, ростлиги маълум бўлгач, кейин тарқатишга тавсия беради. Ҳадисларда кишининг ҳар бир эшитган нарсасини гапириб юриши, унинг ёлғончилигига кифоя қилади, дейилган.

Имом Аҳмад ва Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда: “Бирор кишига мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас”, дейилади.

Демак, ушбу ҳадислардан келиб чиқиб, коронавирус ҳақида хабарларни тегишли расмий манбалардан олиш ёки тарқатиш кераклиги келиб чиқади. Бундай вазиятларда одамларни ваҳимага қўйиб, саросимага соладиган ва уларни қўрқитадиган миш-мишларни тарқатиш шариат нуқтаи назаридан ҳалол ҳисобланмайди.

Аллоҳ таоло барча ватандошларимизни ва барча инсонларни бу вабонинг зарарли таъсирларидан сақласин.

Яратганнинг ўзи бизларга раҳм қилиб, бу вабони тезлик ила даф қилишини илтижо қиламиз.

 

Абдулазиз Бобамирзаев

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом

билим юрти мудири

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ҳамда вирусни юқтириб олган беморлар саломатлигини тиклаш юзасидан зарур вазифалар амалга оширилмоқда.
 
Бунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва коронавирусга қарши курашишда тажрибага эга мамлакатлар (Хитой, Жанубий Корея) мутахассисларининг тавсия ва маслаҳатларига қатъий амал қилинмоқда. Аҳоли, айниқса ёши улуғ инсонларни ушбу эпидемиядан ишончли ҳимоя қилиш мақсадида Республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилиниб, муайян тартиблар ўрнатилмоқда.
 
Хусусан, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида “ўзини яккалаш” (само изоляция) ҳаёт тарзи жорий этилади. 65 ёшдан юқори бўлган фуқароларга уйидан ташқарига чиқиш қатъиян ман этилади. Зарурат бўлган тақдирдагина яқин атрофдаги дорихона, озиқ-овқат ва биринчи галдаги товарлар дўконига чиқишга рухсат этилади.
 
Коронавирус инфекциясига қарши кураш фонида кўплаб юртдошларимиз ва қатор жамоат ташкилотлари шахсий ташаббус кўрсатиб, турли хайрия акцияларини уюштирмоқда. Эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатламига муайян турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бермоқда. Жамиятнинг бирдамлиги ортиб, фуқароларнинг бир-бирига меҳр-оқибат ва мурувват кўрсатаётгани қувонарли ҳол.
 
Лекин мутахассисларнинг фикрига кўра, бу турдаги акциялар давомида COVID-19 вирусининг янада кенг тарқалиш хавфи жуда юқори. Бундан ташқари, бутун дунё бўйича ушбу инфекцияни юқтириб вафот этаётганлар орасида асосан ёши улуғ инсонлар кўпчиликни ташкил этади.
 
Мамлакатдаги эпидемиологик ҳолатни инобатга олиб айтиш мумкинки, санитария-гигиена қоидалари ва карантин талабларини четлаб ўтиб, якка тартибда хайрия тадбирларини амалга ошириш аҳоли, айниқса нуронийлар ҳаётини жиддий хавф остига қўяди.
 
Мазкур жараёнда якка тартибдаги хайрия акцияларини жорий йилнинг 1 апрелидан эътиборан вақтинча тўхтатиш мақсадга мувофиқдир.
 
Соҳа мутахассисларининг фикрлари, савобталаб ва саҳоватпеша инсонлардан келиб тушган мурожаатлар ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилгани инобатга олиниб, эҳтиёжманд кишиларга хайрия ёрдамларини манзилли етказилишида кўмаклашиш учун бундай тадбирлар қуйидаги марказлашган тартибда амалга оширилади:
 
– Тошкент шаҳрида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази Ўзэкспомарказ Миллий кўргазма мажмуаси таркибидаги павильонда ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларида шундай механизм жорий этилади;
 
– Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлимлари жойлардаги эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатлами ҳақидаги маълумотни ҳудудий тегишлилиги бўйича Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига тақдим этади;
 
– жисмоний ва юридик шахсларнинг беғараз ёрдамлари Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали сантитар-гигиеник талабларга мувофиқлиги кўрикдан ўтказилиб, карантин талабларига қатъий риоя этилган ҳолда (махсус кийим бош ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган ҳолда) эҳтиёжмандларга етказиб берилади;
 
– аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламига хайрия ёрдамларини шахсан етказиш истагида бўлган нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда саҳоватпеша инсонлар ва кўнгилли (волонтёр) лар ушбу хайрия тадбирларида яқиндан ҳамкорлик қилиш ва жараёнда қатнашишга таклиф этилади;
 
– эҳтиёжманд оилаларга берилган хайрия ёрдамлари ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликка мунтазам етказиб борилади.
 
Пул кўринишидаги маблағларни “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказиш тавсия қилинади.
 
Ушбу тартибга қатъий амал қилиниши талаб этилади.
 
Манба: http://uza.uz

Зомин тумани бош имом хатиби Аброр Равшанов 2020 йил 1 Апрель куни ҳамкор ташкилотлар ва хомийлар иштирокида кам таъминланган, ногирон, боқувчисини йўқотган оилаларга 22 200 000 (йигирма икки миллион икки юз минг)сўмлик 13 ҳилдаги озиқ-овқат махсулотлари ҳамда тиббий ниқоблар тарқатилди. Булардан ташқари Маьрифатли жомеъ масжидида қўй сўйилиб юртимиздан бу касаллик ва балоларни тезроқ кўтарилишини Аллохдан сўраб дуои хайрлар килинди.

 

 

 

Зомин туманидаги Қоратепа жоме масжиди имом-хатиби 2020 йил 27 март куни Даштобод шаҳри бозорида ва махаллаларида аҳолига тиббий ниқоблар тарқатиб, мамлакатимиздаги жорий этилган карантин қоидаларига қатъий амал қилишлари зарурлиги, зарурат бўлмаса уйдан чиқмасликлари, уйда қолиш муҳим эканини тушунтирди.

Бозордаги савдо қилаётган савдо ходимларига хам савдодаги ҳалоллик, инсоф, қаноат тушунчаларини кенг оят, ҳадислар, ҳаётий мисоллар асосида тушунтириб ўтди.

 

Жорий йилнинг 31 март куни Зомин тумани Саид қилич Бурхон жоме масжиди имом-хатиби Умаралиев Бобур саховатпеша инсонлар ҳомийлигида бир бош қўй сўйиб, зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари билан муҳтож, боқувчисини ёқотган оилалар ҳамда кекса отахон онахонлар ҳолидан хабар олинди.

 

ЎМИ Жиззах вилояти вакиллиги

Азиз касбдошлар!
 
Бугун инсоният мисли кўрилмаган оғир синовни бошдан кечирмоқда. Кўз илғамас қаттол хатар барчага бирдек таҳдид солмоқда. Охирги кунларда заминимизда содир бўлаётган ташвишли воқеалар ҳар биримиздан ҳушёрлик, сабр-қаноатли бўлишни талаб қилади. Зеро, “Коронавирус” деб аталмиш офат Аллоҳнинг энг мукаррам хилқати – инсон ҳаётига чанг солмоқда. Бу офат туфайли юзлаб одамлар қурбон бўлмоқда.
 
Воқеаларнинг бундай ривожи умумий душманга қарши бир тан, бир жон бўлиб курашишни ҳаётий заруратга айлантирмоқда.
 
Тарих далолат берганидек, айни шундай шароитларда ҳар қандай халқ ва миллат маънавиятининг туб моҳияти рўёбга чиқади, унинг ҳақиқий ҳикмати – донишмандлиги ўзини баралла намоён этади. Турли мамлакатларда кечаётган бугунги жараёнлар ушбу ҳақиқатни такрор ва такрор исботламоқда. Тобора глобаллашиб бораётган бугунги дунёда ҳеч бир юрт ва миллат ҳаётнинг мазмун-моҳиятини белгиловчи умумий жараёнлардан ташқарида қололмайди. Ўзбекистон ҳам ушбу қонуниятдан мустасно эмас, албатта. Халқпарвар Президентимиз раҳбарлигида юртимизда вазият тақозо этаётган зарур чоралар кўрилмоқда. Умид қиламизки, улар кўзланган эзгу мақсадларни рўёбга чиқаради.
 
Лекин вужудга келган оғир вазиятни енгиш фақатгина давлатнинг иши эмаслиги, балки умуммиллий вазифа эканини яхши идрок этишимиз лозим. Бугун Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифларда тараннум этилган ва халқимизнинг қону жонига сингиб кетган инсонпарварлик ва меҳр-мурувват каби фазилатларни намойиш этиш палласи келди. Бизга ризқ қилиб берилган неъматларнинг бир қисмини хайр-эҳсон қилиш ва бир-биримизга наф келтириш энг олий инсоний бурчимизга айланди.
 
Мамлакатимизда амалга оширилаётган хайрли тадбирларни қўллаб-қувватлаш ва вужудга келган мураккаб вазиятда халқимизнинг эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдамига ҳисса қўшиш маъносида жамоамиз аъзолари якдиллик билан бир кунлик иш ҳақини коронавирусга қарши курашда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга кўмаклашиш учун таъсис этилган Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди ҳисобрақамига ўтказишга қарор қилди.
 
Асрлар оша миллат сарбони бўлиб келаётган зиёли касбдошларимизни мазкур ташаббусга қўшилишга чорлаймиз!
 
Ўзбекистон халқаро ислом академияси.

Бугун бутун дунё аҳлини ташвишга солаётган коронавирус эпидемияси юртимизда қандай кечаётганига бир назар солсак. Ҳукуматимиз томонидан уни бартараф этиш бўйича бир қанча қарорлар қабул қилиниб, зарурий чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Тиббиёт ва бошқа соҳа вакиллари азиз жонларини хатарга қўйиб, беморларни даволаш учун бор имкониятларини ишга солмоқдалар. Хўш, бугунги кунда аҳолини кўпроқ нима ташвишга солмоқда.

Аввало, кишиларимиз касалликни юқтириб олиш, озиқ-овкат маҳсулотлари етишмаслигидан хавф сирамоқдалар. Аслида бу нарсалар беҳуда ваҳимага арзирмикан. Биз мўмин-мусулмонлар эътиқод бўйича касаллик фақат Аллоҳ таолонинг иродаси билан етиши, ризқни ҳам Аллоҳ таоло беришига имон келтирамиз.

Жоҳилият аҳлида “Хасталикларда ўзига яраша қувват бор, улар бир кишидан иккинчисига ўша қувват ёрдамида ўтади”, деган эътиқод бўлган. Ислом таълимоти бўйича эса хасталик Аллоҳ ирода қилсагина юқади. Худди шу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида Касаллик юқиши йўқ деган муборак сўзларида мужассам бўлган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, навъу йўқ ва софар йўқ”, дедилар (Учовлари ривоят қилган).

Демак, касаллик ўзича юқмаслиги эътиқод масаласи, касаллик юқишидан эҳтиёт бўлиш эса динимиз биздан амал қилишни талаб қилган амал экан.

Бугунги оғир вазиятда халқимиз биргаликда курашиб, қаҳрамонликлар кўрсатмоқда десак, муболаға бўлмайди. Бу қаҳрамонлик нима? Бу сабр, қаноат, интизом, тартиб қоидага риоя этиш, шахсий гигиеналарга амал қилишдир.

Сабр – Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта ва буюк неъмат. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Зеро, ҳақиқий бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бойлик матоҳнинг кўплигида эмас, балки назарнинг тўқлигидадир, (Икки шайх, Имом Термизий ривоят қилган) дея ҳақиқий бойлик нима эканлиги ҳақида хабар бердилар.

Иккинчи жаҳон уруши йиллари халқимиз бир майизни қирқ киши бўлиб еганлари ҳақида ота-боболаримиздан эшитганмиз. Шукрки, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қолаверса, саховатпеша инсонлар томонидан ҳам турли хайрия тадбирлари ўтказилиб, озиқ-овқат, тиббиёт ва санитария маҳсулотлари муҳтож инсонларга етказиб берилмоқда. Афсуски, мана шундай ҳолатда ҳақиқий муҳтож бўлмаган шахслар ҳам эҳтиёжманд кишилар учун сарфланаётган эҳсон, садақалардан кўпроқ ундириб олиш ҳаракатида бўлаётганлар ёки бўлмаса боқимандалик кайфияти билан бировнинг садақа беришидан умидвор бўлиб ўтирганлар ҳам учраб турибди. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан шундай ривоят келтирлиган: «Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар, ҳатто ҳузурларида ҳеч нарса қолмади. Шунда у зот: Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни ифатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгироқ неъмат берилмган, дедилар (Бешовлари ривоят қилган).

Барча ўтган пайғамбарлар касб-ҳунар соҳиблари бўлишган, саҳобалар қуруқлик ва денгизларда тижорат билан машғул бўлганлар, айримлари деҳқончилик ва бошқа касблар билан шуғулланганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида: “Ҳеч бир киши ўзи қўли билан ишлаб топиб еган таомидан ҳам яхшироқ таомни асло емайди” дейишлари билан касб-кор, ҳунар, меҳнат қилиб топилган ризқ энг яхши ризқ эканига ишора қилганлар.

Ҳалол касб, меҳнат қилиб, Аллоҳ таолодан ризқ ато этишини сўрасак, Парвардигорнинг марҳамати чексиздир. Мусулмон киши бу дунёсининг ғамида эмас, охират ғамида бўлса, Аллоҳ таоло иккисини ҳам ато этади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Кимки охират ғамида бўлса, Аллоҳ унинг қалбини беҳожат ва хотирини жам жам қилиб қўяди. У хоҳламаса ҳам, дунё унга ўз ўзидан келади. Ким дунё ғамида бўлса, Аллоҳ унинг кўз ўнгига камбағалликни келтириб қўяди ва хотиржамлигини пароканда қилади. Унга дунёда ўзига тақдир қилинганидан бошқаси келмайди(Анас розияллоҳу анҳудан Имом Термизий ривоятлари). 

Шундай экан азизлар, тан-жонимиз соғ, ҳузуримизда егуликларимиз бор экан, қаноат ва сабрли бўлсак, иншааллоҳ Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлади, ғам-ташвишимизни аритиб, икки дунё саодатини ато этади.

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ

ЎМИ Самарқанд вилоят вакили

Top