muslim.uz

muslim.uz

25 декабрь куни Қашқадарё вилояти ҳокимлигида Абул Муин Насафийнинг маърифий фаолиятига бағишланган “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашган буюк аллома” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бошланди.
Мазкур халқаро конференцияда Россия, Туркия, Миср, Бангладеш, Тожикистон ва Қирғизистон каби давлатларнинг етук уламолари ва соҳанинг кўзга кўринган мутахассислари ҳамда Юртимиздаги етакчи олимлар ва соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.
Абул Муин Насафий ҳазратларининг маърифий фаолиятига бағишланган халқаро илмий-амалий конференцияга келган нуфузли меҳмонлар Қарши туманида жойлашган “Абул Муин Насафий” мажмуасини зиёрат қилдилар.
Ушбу нуфузли анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Хомиджон Ишматбеков “Абул Муин Насафий меросида тинчлик ва ҳамкорлик ғояларининг ўрни” мавзусида маъруза қилди.
Анжуман тафсилотларини сайтмизда кузатинг.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сирдарё вилоятига сафарлари мобайнида Янгиер шаҳрида жойлашган “Мурувват” уйида бўлдилар. Улар томонидан 5 нафар ногиронлиги бор фуқароларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ажратилган ногиронлик аравачалари топширилди. Шунингдек мазкур “Мурувват” уйида хизмат қилаётган 110 нафардан ортиқ тиббиёт ходимларига совға-саломлар улашилди.
Шундан сўнг Гулистон шаҳридаги “Гулистон” жоме масжидида кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари ва пул маблағлари тарқатилди.
Мазкур тадбирлар орқали қалби ўксик юртдошларимизга шодлик улашилди, хонадонларига хурсандчилик кириб борди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деб марҳамат қилганлар.
Ушбу хайрия тадбирлари кўпчиликда катта таассурот қолдирди. Ижтимоий кўмакка муҳтож юртдошларимиз кўрсатилган бундай эҳтиром ва эътибордан миннатдор бўлиб, эзгу тилаклар, дуои-хайрлар қилдилар.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

25 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Жиззах вилоятига қилган сафарларини якунлаб, Сирдарё вилояти бўйлаб сафарлари бошланди.
Муфтий ҳазратлари юртимизнинг бир қатор ҳудудларида бўлиб, муҳтарам Президентимиз ташрифлари чоғида берилган соҳага доир бир қатор топшириқлар ижроси, диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар кўлами билан танишмоқдалар. Сафарлар мобайнида аҳоли вакиллари билан учрашувлар, турли хайрия ва саховат тадбирлари ҳам ташкил этилмоқда. Бу галги сафарда ҳам мана шундай ишларга катта урғу бериш режалаштирилган.
Муфтий ҳазратлари томонларидан имом-хатиблар бугунги кун билан ҳамнафас бўлиши, Ислом дини таълимотларини кенг тараннум этиши, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини тўла таъминлаши, юртимизда ва жаҳонда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиши ҳамда доимо ҳушёр бўлиб яшаши тўғрисида сўзладилар.
Сўзга чиққан нотиқлар томонидан тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар ўртага ташланди ва ечими бўйича аниқ таклифлар берилди. Шунингдек, бугунги кунда имом-хатиблар олдида турган муҳим вазифалар ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашда уларнинг ўрни каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқотда мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш ва шукроналик ҳисси билан яшаш каби жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Учрашувда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан имом-домлаларга Қуръони карим китоблари туҳфа этилди.
Сирдарё сафари жараёнларини сайтимизда кузатиб боринг.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Среда, 25 Декабрь 2019 00:00

ТАЪЗИЯ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва мударрислари Самарқанд вилояти Ургут тумани “Маҳматқул ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби Набиев Шуҳратхон домланинг вафоти муносабати билан марҳумнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этиб, ҳамдардлик билдиради.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло марҳумни Ўз мағфиратига олиб, дин ва шариат йўлидаги хизматлари, солиҳ амалларини ҳусни қабул айласин. Охиратда улуғ ажрлар, юксак даражотлар ила мукофтоласин. Марҳумнинг оиласи ва яқинларига чиройли сабр берсин.

Жаноза номози Ургут тумани "Ватак" маҳалласи "Уста Абдулла" қишлоғида 26 декабрь куни 15:00 ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Жиззах вилоятига сафарлари мобайнида ҳудуддаги ёрдамга муҳтож ва жисмоний имконияти чекланган кишиларни дастурхон устида жам қилиб, ширин сўзлари ила уларнинг ўксик қалбларига хурсандчилик киритдилар.
Мана шундай эътиборга муҳтож, кўнгли ўксик фуқароларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари ва пул маблағлари тарқатилди. Эътибордан масрур қалблар кўрсатилган ёрдам ва ғамхўрликдан мамнун бўлиб, кўзларида ёш ила миннатдорлик изҳор қилдилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари бошчилигида уйма-уй юриб, етим-есирлар, кам таъминланган оилалар, эътиборга молик инсонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга туҳфалар улашилди ва моддий ёрдамлар кўрсатилди. Бундан ташқари ҳудуддаги “Меҳрибонлик” уйига ташриф буюрилиб, илиқ сўзлар ва ажойиб совғалар орқали болажонларнинг қалбларига шодлик улашилди. Уларга иссиқ кийим-кечаклар тақдим этилди.
Дарҳақиқат, дини мубинимизда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга ва жисмоний имконияти чекланган шахсларга мадад беришга доимо тарғиб этилади. Муфтий ҳазратлари мана шундай инсонлар билан дилдан суҳбат қилиб, ҳадялар ила уларнинг дилларини равшан этдилар. Ушбу тадбирнинг энг муҳим жиҳати шундаки, улар орқали ўнлаб кўнгли яримта, қалби ўксик кишиларимизга шодлик улашилди. Ҳадиси шарифда: “Бева ва мискинга эҳсон қилиш учун ҳаракат қилган киши Аллоҳ йўлида жанг қилган, туни билан намоз ўқиган ва кун бўйи рўза тутиб юрган киши кабидир”, деб марҳамат қилинган (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон атрофидаги кишиларга меҳрибон, ҳимматли, саховатпеша, садоқатли бўлиши лозим бўлади.
Ҳазрат Алишер Навоий айтадилар:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон ўлса, обод айлагай.
Ҳа, мана шундай хайрия ишлари орқали шундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига мамнунлик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан ҳисобланади.
Шу билан Жиззах вилояти сафари ўз ниҳоясига етди, эртадан Сирдарё вилояти сафари бошланади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top