muslim.uz
Муфтий ҳазратлари Миср суфий кенгаши раиси билан мулоқот қилдилар
23 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Миср Араб Республикаси парламенти қўмитаси раиси, доктор Абдулҳоди Аҳмад ал-Қасаби жаноблари бошчилигидаги делегация билан мулоқот ўтказдилар. Абдулҳоди Аҳмад ал-Қасаби бир вақтнинг ўзида Миср суфий тузилмалари Олий кенгаши раиси ҳам ҳисобланади.
Учрашувда муфтий ҳазратлари меҳмонларни ташриф билан қутлаб, охирги уч йилда юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ишлар, Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш йўлида Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, халқаро ислом академияси, ихтисослашган илмий мактаблар ташкил этилганини сўзлаб бердилар.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Миср Араб Республикаси ўртасидаги диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликнинг амалий тасдиғи сифатида Самарқандда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган Ҳадис илми олий мактабида икки нафар мисрлик таниқли олим томонидан устоз ва талабаларга машғулотлар олиб борилаётганини муфтий ҳазратлари мамнуният ила қайд этдилар.
Ўз навбатида Абдулҳоди Аҳмад ал-Қасаби жаноблари мамлакатимизда кечаётган муҳим сиёсий воқеаларда иштирок этаёганидан бахтиёр эканини изҳор қилиб, Ўзбекистон том маънода тараққиётнинг янги босқичига кўтарилгани, янгича қараш, очиқлик билан дунё нигоҳига тушаётганини эътироф этди.
Айниқса, Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш борасида қилинаётган ишларга мартабали меҳмон юқори баҳо берди. Турли ғоявий хуружлар авж олаётган бугунги кунда буюк алломаларнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказишни долзарб вазифа эканини қўшимча қилди.
Шунингдек, мулоқотда Миср Араб Республикаси билан диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Ташриф якунида томонлар эсдалик совғалари топширдилар.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тошкент вилояти отинойиларига илк маротаба гувоҳнома топширилди
Бугун – 2019 йилнинг 23 декабрь куни малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтган Тошкент вилояти отинойиларига илк бора гувоҳномалар топширилди. Ушбу тантанали маросим Тошкент вилояти “Маънавият ва маърифат маркази”нинг мажлислар залида бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Хотин-қизлар бўлими мудираси Ф.Абдураҳимова, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Имомов, Тошкент вилояти тарғибот гуруҳи раҳбари С.Файзиева, Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Н.Мавланов ҳамда отинойилар иштирок этишди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, отинойиликка номзодлар даставвал 6 та даврада малака ошириш ўқувларида таҳсил олдилар. Шундан сўнг махсус ҳайъат томонидан малака имтиҳонларидан ўтказилдилар ва отинойилик фаолияти билан шуғулланиш имконини берувчи гувоҳномаларни қўлга киритдилар.
Тадбирда отинойилар учун ташкил этилган малака ошириш ўқувлари ва малака имтиҳонлари, отинойилар фаолиятини тартибга солиш, гувоҳнома бериш, ижтимоий–маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, Республика тарғибот гуруҳи олдидаги вазифалар ҳақида, шунингдек, отинойиларнинг ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олиб борадиган ишларини янада такомиллаштириш ҳақида фикрлар билдирилди.
Шундан сўнг, отинойиларга гувоҳнома топшириш маросими бўлиб ўтди. Уларга шарафли ва масъулиятли ишларида муваффақиятлар тилаб, хайрли истаклар билдирилди.
Камтарликда барчамизга ибрат бўлган зот
Махлуқотларнинг афзали инсон.
Инсонларнинг афзаллари Пайғамбарлар алайҳимуссалом.
Пайғамбарларнинг афзали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ерга ўтирардилар.
Ерда ухлардилар.
Шиппакларини ўзлари тикардилар.
Кийимларини ўзлари ямардилар.
Қўйларини ўзлари соғардилар.
Фақирлар ва мискинлар билан бирга ўтирар, уларга таом узатардилар.
Беморларни ўзлари кўргани борардилар.
Етимларга меҳрли, мушфиқ эдилар.
Болалар билан ўйнаб, уларни хурсанд қилардилар.
Ҳаммадан олдин салом берардилар.
Доим табассум билан боқардилар.
Очлик шиддатини пасайтириш учун муборак қоринларига тош боғлаб юрардилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай камтар эдилар. Камтарлик эса гўзал хулқлардандир.
Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни васф қилаётганда, у зотнинг насабларини ёки мол-дунёларини ёки ташқи кўринишларини эмас, хулқларини васф этди. Оламларнинг Робби Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ
“Ва албатта, сен улкан хулқдасан” (Қалам сураси, 4-оят).
Аллоҳ таоло у зотга чексиз саловот ва саломлар юборсин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Ёмонлик эшигини ёпган халифа
Уммавий халифаларидан бўлган Абдул Малик ибн Марвон адолат, ҳикмат, ақл ва тўғрилик борасида шуҳрат қозонган шахс эдилар. Бир куни у зотни олдиларига бир киши келиб: «Мен қулоғингизга бир сўз айтмоқчиман, бошқалар эшитиб қолмаслиги учун» деди.
Шунда Абдулмалик ибн Марвон асҳобларига: «Хохласанг қол, хохласанг чиқиб кет» деди. Ҳалиги киши энди гапирмоқчи бўлиб турганда: «Тўхта» деди. Агар мени мақтамоқчи бўлсанг, қўяқол, мен ўзимни сендан кўра яхшироқ биламан» деди. Агар ёлғон гапирмоқчи бўлсанг, менинг ёлғонга муносабатим жуда ёмонроқ. Агар бирортасини ғийбат қилмоқчи бўлсанг, менинг олдимда ғийбат қилма» деди.
Шунда халиги киши: «Эй Амийрул муъминин кетишга рухсат беринг» деди. Подшох ҳам: «Кетавер» деди.
Абдулмалик ибн Марвон мана шу иши билан у қилмоқчи бўлган ёмон ишларининг эшикларини ёпди. Унга киришга имкон бермади. У киши ҳеч қандай йўл топа олмагандан сўнг кетишга рухсат сўради. Мана шу иши билан Абдулмалик ибн Марвон тилёғламачилик, ёлғон ва ғийбатнинг оёғига болта урди, балки бутун инсониятга намуна бўлди десам хато қилмаган бўламан.
Иззатуллоҳ Йўлдошев
ТИИ мударриси