muslim.uz

muslim.uz

Мадина дунёнинг энг соғлом шаҳарларидан бирига айланишни мақсад қилмоқда. Муқаддас шаҳар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қатъий баҳолаш стандартларидан муваффақиятли ўтиб, соғлом шаҳарлар рўйхатига кирмоқчи.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, «Соғлом шаҳар – бу жисмоний ва ижтимоий муҳитни доимий равишда такомиллаштириб борадиган, одамларнинг ҳаётий барча вазифаларини бажаришда бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган ва ўзларининг максимал имкониятларини ривожлантирадиган жамоат ресурсларини кенгайтирувчи шаҳар». Таиба университети ректори доктор Абдул Азиз Сарани ушбу дастур соғлиқни сақлашга таъсир кўрсатадиган экологик, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатларни яхшилашга қаратилган профилактик тизим эканлигини маълум қилди.

"Таржумон" нашри берган хабарда, ЖССТ аъзолари Мадинанинг соғлом шаҳар сифатида аккредитациядан ўтказиш учун 10-11 декабрь кунлари бу шаҳарга ташриф буюриши қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Четверг, 05 Декабрь 2019 00:00

Азҳар масжиди

Мисрда жойлашган дунёдаги энг кўҳна ва салоҳиятли Ислом дорилфунуни, жоме масжиди ва мадрасалардан иборат мажмуа Азҳар номи билан аталади. У фотимийлар саркардаси Жавҳар Сақалий томонидан ҳижрий 358 йили Қоҳира билан бир вақтда қурила бошлаган. Дунёга машҳур Азҳар масжиди 970–972 йиллари қурилган. Масжиднинг шундоққина ёнидаги тор кўчада талабалар ўртасида ниҳоятда машҳур китоб расталари жойлашган. Бу ердаги хилма-хил китобнинг кўплигини кўриб ҳар қандай одамнинг ҳуши бошдан учади. Биз ҳам ярим соатча китоб расталарини айландик, турли ҳажмдаги бир неча мусҳаф харид қилдик.

Сўнгра масжид ичига кирдик. Бу ерда таъмирлаш ишлари кетаётган бўлса-да, юз ва эллик кишилик дарсхоналарда машғулотлар тўхтамай давом этар, қурувчилар эса ишни бемалол давом эттиришар эди. Рўпарамиздаги дарс ҳалқасида анъанага мувофиқ мударрислар кийимини кийган, анча кексайиб қолган шайх Индонезия ва Малайзия талабаларига дарс ўтаётган экан. Машғулотлар жуда эркин борар, ерга тўшалган гилам устига чўккалаб олган йигит-қизлар устозлари билан бемалол савол-жавоб қилишар, шайх ҳам уларнинг саволларига эринмай жавоб қайтарар эди. Талабаларнинг билимга ташналигини шу воқеадан ҳам билиб олса бўлади: бир ҳалқада дарс ўтаётган шайх ё чарчади, ё машғулотга ажратган вақти тугади, ўрнидан туриб, масжид дарвозасига қараб юрди. Шунда ҳам талабалар уни ҳоли-жонига қўймай йўл-йўлакай савол беришар, устоз ҳам уларга жавоб беришдан зерикмасди.

Шаҳар қурилган пайтда фотимий ҳукмдорлар ўзлари учун муҳташам сарой қуриш билан бир пайтда Азҳар масжидига ҳам асос солишган ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари Фотимаи Заҳронинг сифатига хослаб «Азҳар» (порлаб турувчи) деб номлашган эди. Энг қизиғи, масжид билан бир пайтда қурилган фотимийлар саройидан ном-нишон қолмади, аммо масжид ҳамон миллионлаб кишилар талпинадиган илм-маърифат маркази сифатида яшаб келяпти. Минг йиллар мобайнида масжид бир неча марта қайта таъмирланди, Мисрнинг барча мусулмон амирлари ўз дидига мослаб унга ўзгартиришлар киритишди. Масжидда аҳли суннага кирувчи тўрт мазҳаб бўйича дарс ўтиладиган мактаб-мадраса ва дарс халқалари ҳамон ишлаб келяпти.

«Азҳар»нинг барча шохобчаларида таълим олаётганлар сони ҳозир бир миллион кишига етади. Уларга олти мингдан зиёд уламо ва мударрис сабоқ беради. Биргина 2001 йилда унда қирқ минг хорижлик талаба ўқиган, умуман саксон беш минг киши олий маълумот (бакалавр) дипломини олган. «Ал-Азҳар»дан Муҳаммад Ғаззолий, Имом Жодул Ҳақ, Юсуф Қарзовий, Мутавалли Шаъроний каби дунёга машҳур олимлар етишиб чиққан.

Азҳар масжиди бутун тарихи давомида турли ҳукмдорлар томонидан бир неча марта таъмирланди ва қайта қурилди. Лекин шунга қарамай масжиднинг асл қиёфаси деярли ўзгармай келяпти. Ҳозирда масжиднинг умумий майдони энига 120, бўйига эса 130 метрни ташкил этади. Унинг ички ҳовлисини 380 та тош устун кўтариб турган катта айвонлар ўраб олган.

Тошкент Ислом маъҳади мударриси Валихон Азимбоев

Хитойнинг Цинхай вилояти масжидида сақланаётган энг қадимий Қуръони Карим қўлёзмаси зиёратига кунига 6000 киши ташриф буюради. Бу ҳақда Bolnews ахборот порталига таяниб, "Ислом.уз" нашри хабар беради.

Маълумотларга кўра, ушбу Қуръони карим қўлёзмаси XI-XIII асрлардан олдин пайдо бўлган. Қуръоннинг ушбу қўлёзмаси 867 саҳифадан ва 30 қисмдан (жузлардан) иборат бўлиб, оғирлиги 13 килограммни ташкил этади. Қуръон қўлёзмаси маданий мерос бўйича мутахассислар томонидан 2007 йилда қайта тикланган ва ҳанузгача намлик, ҳарорат ва кислород миқдорини назорат қилувчи шиша қутида сақланмоқда.

Ҳар куни 6 мингга яқин меҳмонлар, «Жесие» масжидидаги Қуръоннинг ушбу қўлёзмасини зиёрат қиладилар. Уларнинг аксарияти Цинхай вилоятидан ва қўшни Гансу шаҳрида яшовчиларни ташкил этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

بســـــم الله الرحمن الرحيم  

ИНСОН ҲАҚ-ҲУҚУҚЛАРИ – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ!

الحَمْدُ للهِ الَّذِي أَمَرَ عِبَادَهُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ، وَنَهَى عَن البَغْيِ وَالظُّلْمِ وَالعُدْوَانِ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى نَبِيِّنَا محمد الَّذِي نَشَرَ العَدْلَ وَالأَمَانَ، وَحَفِظَ كَرَامَةَ الإِنْسَانِ، وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ الكِرَامِ، أَمَّا بَعْدُ

Муҳтарам азизлар! Маълумки, ҳар бир давлатнинг равнақи ва фаровонлиги юртда амалда бўлган қонунларнинг адолатлиги ва инсонпарварлигига, халқ томонидан ушбу кўрсатмаларга амал қилинишига боғлиқдир.

Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг халқимиз қўлга киритган энг катта ютуқларидан бири инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи ҳужжат бўлмиш Бош қомусимизнинг қабул қилиниши бўлди.

Конституция миллатимиз руҳига, ҳаёт тарзи ва урф-одатларига мос бўлган имон-эътиқод, инсоф, диёнат, меҳр-оқибат, ор-номус, ҳаё каби энг эзгу фазилатларни ўз ичига олган. Конституция миллий давлатчилигимизнинг рамзи сифатида инсоннинг қадр-қимматини улуғлаш, унинг ҳуқуқий қонуний манфаатлари дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Бош қомусимизда баён этилган тамойиллар ҳар бир инсон ўзини чинакам бахтиёр хис этиши, осуда ва фаровон ҳаёт кечиришига қаратилган.

Бинобарин, Аллоҳ таоло инсон наслини улуғлади, унга беҳисоб неъматлар, яхшиликлар ато этди. Бошқа махлуқотларга бермаган фазилатларни айнан одамга хослади.

Мамлакатимизда истиқомат қилувчи турли дин вакиллари, жумладан юртимиз мусулмонлари ҳам, белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг фойдаланмоқдалар.

Қайд этиш жоизки, диний соҳада муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари билан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган давр мобайнида жойларда тубдан янги қурилиб, халқимиз ихтиёрига топширилган Тошкент шаҳридаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, Термиз шаҳридаги “Имом Термизий”, Урганч шаҳридаги “Охун бобо” масжидлари, Қарши туманидаги “Абул Муъин Насафий” мажмуаси, янгидан ташкил этилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, “Ҳадис илми мактаби”, буюк аждодларимизнинг илмий асарлари ва бошқа турли диний мавзулардаги адабиётлар етарли даражада нашр этилаётгани, юртдошларимизнинг кунлик ибодатлари билан бир қаторда муборак ҳаж ва умра ибодатларини тўла тўкис адо этаётганлари – диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси ҳисобланади.

Эътироф этишимиз лозим бўладики, мазкур ислоҳотлар ҳуқуқимиз кафолатлангани ва эркинлигимиз тўлиқ таъминланаётганлигидан далолатдир.

Бу ютуқлармизнинг барчаси юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик демакдир.

Муҳтарам жамоат! Ислом таълимотига кўра, дин – инсон ўз хоҳиши билан эътиқод қиладиган илоҳий кўрсатмалар мажмуидир. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилган:

لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ قَدْ تَبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ... (سورة البقرة/ 256)

яъни: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди...” (Бақара сураси 256-оят).

Ислом бирор шахсни динга зўрлаб киритишга, ўз эътиқодини бошқаларнинг хоҳиш-иродасига қарши ўлароқ тиқиштиришга йўл қўймайди.

Амалдаги қонунларимизда ҳам айнан фуқароларнинг виждон эркинлиги ва бошқа диний эҳтиёжлари тўлиқ кафолатлангани, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги қайд этилган.

Бундан ташқари, Ислом дини азалдан оила ва никоҳга катта эътибор қаратиб келган. Насл-насабни сақлаш, жамиятнинг маънавий ҳолатини яхшилашнинг асосий омили – оила дея эътироф этилган.

Қонунларимизда ҳам оила масаласига алоҳида тўхталиб ўтилади: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўн тўртинчи боб, 63-моддаси).

Шунингдек, шариатимизда ота-онанинг фарзанди олдида учта бурчи борлиги айтилади. Чиройли исм қўйиш, гўзал хулқ-атворли этиб тарбиялаш ва вояга етгач, агар ўғил бола бўлса, солиҳа қизга уйлантириш; қиз бўлса, имон-эътиқодли мусулмонга турмушга беришдир. Бу борада ҳам ислом динимизнинг қарашларига асосий ҳуқуқий қомусимиз ҳамоҳанг. Унга кўра:

“Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, – дейилади (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўн тўртинчи боб, 64-моддаси).

Қуръони каримда шундай дейилади:

وَعَلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ  ... (سورة البقرة/ 133)

яъни: “...Уларни меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир...” (Бақара сураси 133-оят).

Ана шундай ҳамоҳанглик Конституциянинг деярли барча моддаларида сезилиб туради. Унда Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳуқуқ ва бурчлари қонун асосида белгилаб қўйилган бўлиб, фуқароларнинг миллати, ирқи ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқли экани кафолатланади.

Диний соҳа ходимлари эса кишиларни муқаддас Ислом қадриятлари асосида тарбиялаб, жамият олдида турган вазифаларни амалга оширишда, ҳаётий муаммоларни ҳал этишда давлатга ёрдам беришлари, жамият аъзоларида амалдаги қонун-қоидаларга ҳурмат ҳиссини шакллантиришлари зарур.

Қуръони каримдаги “Нисо” сураси 59-оятида

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ ...  (سورة النساء/ 59)

яъни: “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилингиз, пайғамбарга итоат қилингиз ҳамда ўзингиздан бўлган иш эгаларига (яъни раҳбарларга) итоат қилингиз”, – дейилган. Шундан маълум бўладики, муқаддас Ислом динида жамият барқарорлиги ва тараққиёти учун раҳбарга итоат қилишлик буюрилган. Ушбу итоаткорлик раҳбар кўрсатмалари билан бир қаторда, жамиятда айни пайтда амалда бўлган, халқ томонидан умумэътироф этилган қонунларга итоат этишни ҳам назарда тутади.

Жамиятдаги инсонларнинг ўзаро бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятларини астойдил адо этиб, жорий бўлган маълум қонун-қоидаларга риоя қилиб яшашлари ижтимоий адолатнинг қарор топишида муҳим ўрин тутади. Ислом динида жамиятдаги ҳар бир кишининг ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятлари унинг миллати ва эътиқодидан қатъий назар, аниқ  ва равшан белгилаб берилган.

Энг аввало, ҳар бир шахс яшаш ҳуқуқига эга эканлиги Қуръони каримнинг кўплаб оятларида баён этилган, Жумладан:

وَلَا تَقْتُلُوا النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ  (سورة الأنعام/151)

яъни: “Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз!” (Анъом сураси, 151-оят).

Демак, ҳеч кимса бошқа кимсанинг ҳаётига тажовуз қилиши ва унинг яшаш ҳуқуқидан ноҳақ маҳрум қилиши мумкин эмас. Дунёда содир бўлаётган воқеалар замирида турли динлар ўртасида муросасизлик, адоват ва нафратни ёйиш, шу орқали тинч юртларни беқарор маконларга айлантиришга ҳаракат қилиш мақсади ётибди. Биз эса мамлакатимизда яшайдиган барча миллат ва дин вакиллари билан бағрикенгликда ҳаёт кечирмоқлигимиз лозим бўлади.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсониятни аввалда ҳур қилиб яратган. Кейинчалик инсоният турли хил омиллар сабабли қулдорлик даврини ҳам бошидан ўтказди. Ислом дини келиб, қулларни озод қилишга кенг тарғиб этди. Аксинча, ҳур одамни қулликка солишни энг оғир гуноҳлардан санади. Қуйидаги ҳадисда шу маъно ифодаланган:

"ثَلَاثَةٌ أَنَا خَصمُهُمْ يَومَ القِيَامَةِ رَجُلٌ أَعْطَى بِي ثُمَّ غَدَرَ، وَرَجُلٌ بَاعَ حُرًّا فَأَكَلَ ثَمَنَهُ، وَرَجُلٌ اسْتَأْجَرَ أَجِيرًا فَاسْتَوْفَى مِنْهُ وَلَمْ يُعْطِه أَجْرَهُ" (رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ عَن أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ الله عَنهُ).

яъни: “Қиёмат куни мен уч тоифа киши билан хусуматлашаман: мен билан ваъда бериб, сўнгра хиёнат қилган; ҳур кишини сотиб, пулини еган; ижарачи ёллаб, ундан тўла-тўкис фойдаланиб бўлгач, ҳаққини бермаган киши” (Имом Бухорий ривоятлари).

Бу ҳадисда бугунги кунда хорижда ўз юртдошларини алдаб, уларнинг қулликка маҳкум қилаётган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаётган нобакор шахслар учун жиддий огоҳлантириш мавжуд.

Шу билан бирга, таълим олиш, меҳнат қилиш, даволаниш, эътиқод қилиш, мулкка эгалик қилиш ҳуқуқлари ҳам динимизда ҳамма учун бирдек кафолатлангандир. Бош қомусимизда ҳам айнан мана шу ҳуқуқлар алоҳида моддалар билан кафолатлаб қўйилган.

Муҳтарам азизлар! Динимизда, шунингдек, жамиятдаги ҳар бир кишининг зиммасида ўзи яшаб турган жамиятга нисбатан, ундаги ҳар бир шахсга нисбатан ва Ватанига нисбатан бурч ва мажбуриятлари бор эканлиги ҳам баён этилган. Қуръони каримда шундай дейилган:

وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالًا فَخُورًا  

(سورة النساء/39).

яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо сураси, 39-оят).

            Шунингдек, кишининг оиласи олдидаги мажбурияти, раҳбарга итоат этиш мажбурияти, Ватанини ҳимоя қилиш мажбурияти, бошқа дин ва миллат вакиллари олдидаги мажбуриятлари ҳам борки, Аллоҳ таоло динимизда буларни баён қилиб берган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шундай дедилар:

"لا تَحَاسَدُوا، وَلَا تَنَاجَشُوا، وَلَا تَبَاغَضُوا، وَلَا تَدَابَرُوا، وَلَا يَبِعْ بَعْضُكُمْ عَلَى بَيْعِ بَعْضٍ وَكُونُوا عِبَادَ اللَّهِ أخْوَانًا، الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ، لَا يَظْلِمُهُ، وَ لَا يَخْذُلُهُ، وَ لَا يَحْقِرُهُ، التَّقْوَى هَاهُنَا، - وَيُشِيرُ إِلَى صَدْرِهِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ - بِحَسْبِ امْرِئٍ مِنْ الشَّرِّ، أَنْ يَحْقِرَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ، كُلُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ حَرَامٌ؛ دَمُهُ، وَمَالُهُ، وَعِرْضُهُ"

(رواه الامام مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه).

яъни: “Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, молнинг нархини ёлғондан кўтарманглар, бир-бирингизга буғзу-адоват қилманглар, бир-бирингиздан юзингизни бурманглар, ҳеч бирингиз бошқанинг савдоси устига савдо қилмасин, Аллоҳнинг биродар бандалари бўлинглар! Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни ёрдамсиз ташлаб қўймайди, уни таҳқирламайди. Тақво мана бу жойдадир, деб, уч марта кўкракларига ишора қилиб айтдилар. Кишининг мусулмон биродарини таҳқирлаши унинг ёмонлигига кифоя қилади. Ҳар бир мусулмонга мусулмоннинг қони, моли ва обрўйи ҳаромдир” (Имом Муслим ривоятлари).

Юқоридаги оят ва ҳадисларнинг мазмунидан маълум бўладики, кишилик жамиятида қонунларнинг аҳамияти жуда ҳам катта. Дарҳақиқат, адолатли қонунлар – халқ фаровонлиги ҳамда дунё ва охират ободлигининг асосидир.

Муҳтарам азизлар! Олдимизда бизнинг барча ҳақ-ҳуқуқларимизнинг амалга оширишда омил бўладиган сайловлар жараёни турибди.

Халқ равнақи ва юрт келажаги борасидаги қарорлар ҳукмдорлар томонидан машваратларда кенгашиб, қабул қилингани маълум. Шу боисдан, бугунги кундаги Олий Мажлисда халқ вакиллари томонидан олиб борилаётган фаолият, қабул қилинаётган қарорларни миллий ва диний қадриятларнинг мантиқий давоми сифатида эътироф этиш мумкин. 

Демак, Юртимизда олиб борилаётган сайловлар халқимизнинг тарихий анъаналарига ҳамоҳанг десак, асло муболаға қилмаган бўламиз.

Шундай экан, жорий йилнинг 22 декабрь куни ўтказиладиган халқ ноиблари сайловида барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, фаол қатнашайлик. Зеро, ушбу тадбирларга бефарқ бўлиш, юрт келажаги ва тараққиётига бефарқ бўлиш демакдир.

Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг фиқҳий масалалар қисмида ҳанафий мазҳабимиз бўйича пайпоққа масҳ тортиш масаласига тўхталиб ўтамиз.

Дарҳақиқат, Қуръони карим бизга таҳоратни маълум бир тартибда адо этишни фарз қилган. Аслида унда оёқларга масх тортиш эмас, балки ювиш очиқ-ойдин равишда буюрилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلَاةِ فَاغْسِلُوا وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُوا بِرُءُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَيْنِ...  (سورة المائدة/6).

«Эй, имон келтирганлар! Намоз (ўқиш)га турар экансиз, албатта, юзларингизни, қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқларигача (ювингиз)!” (Моида сураси 6-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло таҳоратда оёқларни ювишга буюрмоқда. Шунга қарамай, махсиларга масх тортиш жоизлигига бутун уммат иттифоқ қилган. Бу ҳақдаги ривоятлар мутавотир (жуда кўп киши ривоят қилган саҳиҳ ҳадислар) даражасига етган.

Бугунги кундаги пайпоқларнинг барча турига хоҳ қалин, хоҳ юпқа бўлсин, масҳ тортиб бўлмайди. Баъзи ҳадисларда Пайғамбар алайҳиссалом “жавроб”га масҳ тортганлари ривоят қилинган. Ҳозирги замонавий араб тили луғатларида “жавроб” – пайпоқ экани қайд этилади. Лекин шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Пайғамбар алайҳиссалом даврларидаги жавроблар билан ҳозирги замонавий пайпоқлар – бутунлай бошқа-бошқа нарсалардир. Буни тўғри англаб етиш учун мўътабар манбаларга мурожаат қилиб, асри саодат даврларида жавроб қандай бўлганини яхши билиб олишимиз керак бўлади. Муғийра ибн Шўъба разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"تَوَضّأَ النّبيُّ صلى الله عليه وسلم وَمَسَحَ عَلَى الْجَوْرَبَيْنِ وَالنّعْلَينِ"

(أَخْرَجَهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ وَالإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ)

яъни: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва жавробга ҳамда ковушга масҳ тортдилар” (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоятлари).

Қомусул Муҳит” ва “Лисонул Араб” номли энг мўътабар луғат китобларда “жавроб” – кишининг оёқларига ўраладиган нарса экани айтилган. Аллома Шавконий: “Махси юмшоқ, ошланган теридан қилинади, чориқ унинг устидан кийилади, жавроб эса чориқдан ҳам катта бўлади”, – деганлар. Моликий мазҳабидаги муҳаққиқ уламолардан Ибн Арабий ҳадисларда келган жавробни қуйидагича изоҳлайди:

الجَوْرَبُ: غِشَاءَانِ لِلْقَدَمِ مِنْ صُوفٍ يُتَّخَذُ لِلدُّفْءِ

яъни: “Жавроб – икки оёқни иссиқ тутиш учун жундан тайёрланган ва уни ўраб турадиган нарсадир” (“Оризатул аҳвазий шарҳи Сунани Термизий” китоби). Аллома Бадриддин Айний мазкур таърифга қўшимча қилиб, жавробни одамлар одатда ўта совуқ ўлкаларда кийишини таъкидлаб ўтганлар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида жорий бўлган жавробга берилган таърифларнинг ҳаммасини ўрганиб, хулоса қилинса, у – жундан ёки пахтадан тўқилган қалин матодан бўлган, оёқни иссиқ тутиш учун кийиладиган ёки оёққа ўраладиган нарса бўлгани маълум бўлади. Жавробнинг махсидан фарқи шуки, махси ошланган теридан тикилиб тайёрланган бўлса, жавроб қалин матодан тайёрланган. Баъзи уламоларга кўра, жавробнинг ости ёки усти теридан қопланган.

Замон ўтиши билан турли оёқ кийимлар тикилиб, уларга ҳам “жавроб” деб аталиши жорий бўлган. Бу ҳол айниқса жавроб турли ўлкаларда турли кўринишда бўлиши билан ҳам фарқлана бошлаган. Фуқаҳоларимиз жавробга масҳ тортишнинг ҳукми ўша оёқ кийимининг ҳолатига қараб белгиланишини очиқ ойдин айтиб ўтганлар. Жумладан: мўътабар фиқҳий манба ҳисобланган “Иноя” китобида шундай дейилади:

الْمَسْحُ عَلَى الْجَوْرَبَيْنِ عَلَى ثَلَاثَةِ أَوْجُهٍ : فِي وَجْهٍ يَجُوزُ بِالِاتِّفَاقِ وَهُوَ مَا إذَا كَانَا ثَخِينَيْنِ مُنَعَّلَيْنِ ، وَفِي وَجْهٍ لَا يَجُوزُ بِالِاتِّفَاقِ وَهُوَ أَلَّا يَكُونَا ثَخِينَيْنِ وَلَا مُنَعَّلَيْنِ ، وَفِي وَجْهٍ لَا يَجُوزُ عِنْدَ أَبِي حَنِيفَةَ خِلَافًا لِصَاحِبَيْهِ وَهُوَ أَنْ يَكُونَا ثَخِينَيْنِ غَيْرَ مُنَعَّلَيْنِ .

яъни: “Жавробга масҳ тортишнинг ҳукми уч хил кўринишда бўлади:

-  Агар у қалин жавроб бўлиб, остига тери қўйилган бўлса, масҳ тортиш жоиз. Бунга уламоларимиз иттифоқ қилганлар.

-  Теридан бўлмаган юпқа жавроб бўлса, масҳ тортиб бўлмайди. Бунга ҳам барчалари (яъни Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад) иттифоқ қилганлар.

-  Теридан бўлмаган лекин қалин жавроб бўлса, Имом Аъзам наздида масҳ тортиш дуруст эмас. Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад наздида масҳ тортиш жоиз”.

Демак, аввалги пайпоқлар маҳсига ўхшагани, маҳсига қўйилган талабларга жавоб бергани учун уларга масҳ тортилган. Ушбу талабларга жавоб бера олмаган ҳар қандай оёқ кийимларга масҳ тортиш жоиз эмас, деб ҳисобланган. 

Ибн Абу Шайбанинг “Ал-Мусаннаф” китобида шундай келтирилади: “Саид ибн Мусаййиб ва Ҳасан Басрий раҳимаҳумаллоҳ: “Жавроб жуда қалин бўлсагина, унга масҳ тортишга рухсат берилади”, – дер эдилар”.

Аллома Косоний раҳимаҳуллоҳ “Бадоеъус саноеъ” китобида шундай ёзадилар: “Уламоларнинг ягона фикрига кўра, агар жавробларнинг матоси сув сизиб ўтадиган даражада юпқа бўлса, уларга масҳ тортиш мумкин эмас”.

Аллома ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ ҳам шундай дейдилар: “Ип ёки жундан қилинган жавробларга масҳ тортиш мумкин эмас. Бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Кийилган жавроб бир фарсах (уч мил, тахминан 6 км.) дан ортиқ йўл юрса бўладиган даражада қалин бўлсагина, уламоларнинг фикрида бироз фарқ учраши мумкин (“Ал-Баҳрур-Роиқ” китоби).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, барча фақиҳлар ва мужтаҳидлар сув сизиб ўтадиган, оёқда ўзини тутиб тура олмайдиган, яъни боғичсиз тушиб кетадиган, юқорида айтилган масофагача кийиб юрилса, йиртилиб кетадиган пайпоқлар ва пойафзалга масҳ тортиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. Бугунги кунимизда кийилаётган ип, пахта, жун, нейлон ва бошқа нарсалардан қилинган пайпоқларда юқорида уламоларимиз айтиб ўтган жавробларнинг хусусиятлари мутлақо йўқ, шунинг учун уларга масҳ тортиб бўлмайди.

Агар кимдир ҳозирги юпқа пайпоқларга масҳ тортаётган бўлса, Имом Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки шогирдлари ҳамда Имом Молик, Имом Шофеий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабларига кўра унинг таҳорати дуруст бўлмайди.

Аллоҳ таоло халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин! Юртимизни турли хилдаги самовий ва арозий офату балолардан ҳифзу ҳимоясида сақлаб, барчамизни Ўзи рози бўладиган амаллар билан яшаб ўтмоғимизга муяссар қилсин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Ўз жонига қасд қилиш – ижтимоий иллат” мавзусида бўлади.

Top