muslim.uz
Каъба атрофидаги минглаб соябонлар машҳур журнал нигоҳида
National Geographic журналида Саудия Арабистонилик сураткаш Аммар Аламирнинг Ҳаж маросимлари давомида олинган суратлари чоп этилди.
Ушбу суратда Муқаддас Каъба атрофида зиёратчилар айланаётган пайт ва уларнинг қўлларидаги соябонлар тасвирланган.
Аммар Аламир Маккадаги Умм Ал Кура университетининг битирувчиси бўлиб, радиода режиссёр бўлиб ишлайди.
Унинг фикрича муқаддас жойларни суратга олиш унинг севимли ишидир.
“Бўшамас ҳеч ҳунарманднинг кармони”
Ҳунар ўрган, чунки ҳунарда кўп сир,
Ёпиқ эшикларни очар бирма-бир.
Низомий Ганжавий
Кимдир орзу-истакларига илм орқали эришса, кимдир касб-ҳунари билан етишади. Илму маърифат ва касбу ҳунар ҳамма замонда кишилик жамияти тараққиёти учун муҳим омил бўлиб келган.
Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куёвларига насиҳат қила туриб: “Эй Али! Киши ҳалқумини ҳаромдан сақламагунча ва ҳалол касб қилмагунча тавбаси қабул бўлмайди”, деганлар.
Бўшаб қолғай олтин, кумуш ҳамёни,
Бўшамас ҳеч ҳунарманднинг кармони,
– деб ёзган эди аллома Саъдий Шерозий. Ушбу байтга далил сифатида бир ривоят келтирамиз.
Ўтган замонда бир бахил киши бор эди. Унинг бойлиги шу даражага етган эдики, молининг ҳисобини ўзи ҳам билмасди. Лекин бу бойликдан на ўзига ва на ўзгаларга ҳеч бир фойда йўқ эди. Чунки унинг эътиқодича, бойликдан мақсад кеча-кундуз ҳаракат қилиб фақат мол тўплаш эди. Аммо мол йиғишдан асл мақсад нима? Молни нималарга сарф қилиш керак? Емоқ, ичмоққа, илму ҳунарга, фақиру муҳтожларга ёрдам бериш керакми, йўқми? Бу хусусда ҳеч ўйламасди. Ҳаттоки, ўзининг аҳли, фарзандларининг таом ва кийимларига ўхшаш энг зарур нарсаларга ҳам минг машаққат билан харажат қилар эди. Бозордан нон олса, арзонлиги учун куйган ва қотганларини, мева олса, уринган ва сасиганларини олар эди. Кийимлари эса ҳар вақт эски, йиртиқ ва ямоқ бўлар эди. Унинг Аҳмад исмли биргина ўғли бор эди. Баъзи бир дўстларининг далолатлари билан бир кун ўғлини ҳунар ўргатиш мақсадида бир ҳунармандга олиб борди. Уста устахона тартиб-қоидаларини баён қилиб, ўргатган ҳунари учун ҳар ойда бир тилла тўлаб туриш лозим эканини айтди. Буни эшитган бойнинг авзойи бузилди.
Устанинг юзиға боқиб: “Ойда бир тилло?.. Йўқ, юр ўғлим, ҳунар ўргамасанг ҳам бир ризқинг ўтар”, деб ўғлини қайтиб олиб кетди. Аҳмад бечора отасининг бахил ва хасислиги соясида ҳунар ҳамда илм-маърифатдан маҳрум бўлиб, жоҳил ва нодон бўлиб ўсди. Орадан фурсат ўтиб, бир куни ажал келиб, бойнинг ёқасидан тутди. Ўғлининг асл инсон бўлиши учун илм-маърифат ва касб-ҳунар ўргатиш йўлида бир тиллани қизғанган бахил бой ҳамма мол-мулкини ўғли Аҳмадга ташлаб кетди. Аҳмад эса ёшликда илм ва тарбия кўрмаган, касб-ҳунар ўрганмаган эди. Шунинг учун у яхши ва ёмонни фарқламайдиган, бойликнинг қадрини билмайдиган, исроф қилувчи ва нодон бир киши бўлиб вояга етди. Тўрт-беш нафар ахлоқи бузуқларга қўшилиб, қабоҳат йўлларига кирди ва отасининг хасислик билан йиққан молини оз вақт ичида тамом қилиб, ўзи фақир ва муҳтож бўлиб қолди. Бахилнинг моли, исрофгарнинг ҳоли, илм ва ҳунарсизнинг аҳволи шундай бўлади.
Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг: “Дил ба ёру даст ба кор!” – “Кўнгил Аллоҳда, қўл ишда бўлсин”, деган шиори бутун мусулмон оламига машҳурдир.
Мир Алишер Навоий Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида сўз юритиб “кимхога нақш боғламоққа машҳурлар” деб ёзган эди. Зотан, тариқат пирлари бирор касбни ўрганиб, ҳаёт кечирганлар. Уларнинг тахаллуслари ҳам ўз касбларидан олинган. Жумладан, шайхул-машойих Абу Саид Харроз – маҳсидўз, шайхулислом Хожа Абдуллоҳ Ансорий – этикдўз, шайх Муҳаммад Саккок – пичоқчи, шайх Абулфайз Ҳаддод – темирчи, ўз замони қутби яъни, шайх Абул Аббос Омилий –ҳаммол, шайх Абулҳасан Нажжор – дурадгорлик билан шуғулланган. Уларнинг лақаблари ҳам касбу корини билдириб турибди: Бундан маълум бўладики, камолот чўққиси фақат илм-маърифат ва касб-ҳунар билан эгалланади.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларнинг яхшиси бошқаларга фойдалироғидир”, деганлар.
Ҳадиси шарифдаги “инсонларнинг хайрлиси” дегани, етук ва комил мўмин деганидир. Бундай кишилар ўзлари учун ҳам, жамият учун ҳам фойда келтиради. Шу билан бирга ўзлари эгаллаган билим ва ҳунарни бошқаларга ҳам беминнат ўргатади. Уни ўргатишда бахиллик қилмайди. Ҳазрат Алишер Навоий машҳур байтида айтганидек, улар:
Ҳунарни асрабон неткумдур охир?!
Олиб туфроққаму кеткумдур охир?
ҳикматига амал қилиб ҳаёт кечирадилар.
Исомиддин МУҲИДДИНОВ,
Янгийўл туман “Олтинобод” жоме масжиди имом-хатиби
Делегация Астрахандаги Қизил ва Қора масжидларга борди
Аввалроқ, Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси бошчилигидаги делегация таркибида Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби ўринбосари – “Носирхон” масжиди имоми Жасур Раупов Россияга меҳнат муҳожирлари билан учрашувларда иштирок этиш учун боргани ҳақида хабар берган эдик.
30 октябрь куни Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги делегация Россия Федерациясига ташриф буюрди. Ташрифдан кўзланган мақсад Новосибирск вилоятида меҳнат қилаётган 12,5 минг нафардан ортиқ ўзбекистонликлар билан учрашиш, уларнинг яшаш ва ишлаш шароитлари билан танишиш эди.
Ташрифнинг навбатдаги тадбирлари Санкт Петербург шаҳрида бўлиб ўтгани хабар қилинди. Ушбу шаҳарда истиқомат қилаётган меҳнат мигрантлари билан уларнинг иш жойларида 2-3 ноябрь кунлари якка тартибдаги суҳбатлар бўлиб ўтган эди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари Астрахан шаҳридаги Қизил масжид ва Қора масжидларида меҳнат муҳожирлари билан учрашувлар ўтказдилар. Бундан ташқари ватандошларни қизиқтирган масалаларда яккама якка суҳбатлар ўтказилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегациясининг Россияга сафари 30 октябрдан 9 ноябрга қадар давом этди. Улар Москва, Санкт-Петербург, Астрахань ва Новосибирск шаҳарларида учрашувлар ўтказдилар.
Ўзбекистонда “Ҳалол” стандартлари жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 ноябрда “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаган эдилар.
Ушбу қарорни имзолашдан мақсад ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспорт қилинадиган янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларнинг ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш учун қулай шарт-шароит яратиш, маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларининг жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини ошириш эди.
Қарорга асосан “Ўзстандарт” агентлигига қатор вазифалар юклатилган бўлиб, шулардан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда йигирма кун муддатда республикада халқаро стандартларни жорий этиштопширилган эди.
Қарорда “ISO 22000”, “Ҳалол” стандартларини жорий этиш ва уни кейинчалик қўллаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш Агентликка юклатилди. Агентлик ўзи ишлаб чиққан дастур лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Луқмани ҳалоллиги егуликни тоза, покиза бўлишлиги ҳамда ўша егуликни келишлигига сабаб бўладиган маблағнинг ҳам ҳалол йўл топилишига боғлиқдир.
Аллоҳ таоло Қурони Каримда
يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا
“Эй инсонлар ер юзидаги ҳалол- пок нарсалардан енглар” ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло барча инсониятни ҳалол покиза нарсаларни ейишга чақирмоқда. Бунда жуда кўп буюк ҳикматлар бор. Булардан инсиноят ҳаётини давомийлиги, умрларини узоқ бўлишлиги, ҳамда барча роҳатлик ва манфаатлик лаззатлар ҳалол покиза нарсаларда мужассамдир.
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда
يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا إِنِّي بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ
“Эй пайғамбарлар, ҳалол-покиза таомлардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар” деб буюради (“Бақара” сураси, 172-оят).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Айтдилар “Аллоҳ покдир ва фақат покиза нарсаларни қабул қилади. Албатта Аллоҳ таоло пайғамбарларига нимани буюрган бўлса мўминларга ҳам ўшани буюрди”.
"Йил имоми-2017" кўрик танлови ғолиблари аниқланди (Фотолавҳалар)
Бугун, 8 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Йил имоми-2017” кўрик танлови ғолиби аниқланди.
Унга кўра, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Оқилон” жоме масжиди имом-хатиби Исомиддин Аҳроров биринчи ўринни қўлга киритди.
Ғолибга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг биринчи даражали дипломи ва ноутбук компьютери топширилди.
Тошкент вилояти Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди имом-хатиби Обиджон Мирҳамидов иккинчи ўринни қўлга киритди, унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг иккинчи даражали дипломи ва LCD Телевизор тақдим этилди.
Навоий вилояти Нурота тумани “Чил Устун” жоме масжиди имом-хатиби Жамолиддин Мубинов учинчи ўринни қўлга киритди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг учинчи даражали дипломи ва кичик иситгич печ берилди.
Ғолиблар ва иштирокчиларга кўрик танлов ҳомийлари бўлган Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси, “Мовароуннаҳр” нашриёти ва Тошкент шаҳридаги “Қўйлиқ ота” жоме масжиди томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
http://old.muslim.uz/index.php/hukumat-qarorlari/itemlist/user/72-muslimuz?start=8355#sigFreeId16b8637e81
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
матбуот хизмати