Кутубхона

Муборак васиятлар: УЧИНЧИ КИТОБ:  УЧИНЧИ ВАСИЯТ

 

عن أبي ذر رضي الله عنه قال: قلت: “يا رسول الله ما كانت صحف إبراهيم؟قالكانت أمثالا كلها: “أيها الملك المسلط المبتلى المغرور، إني لم أبعثك لتجمع الدنيا بعضها على بعض ولكني بعثتك لترد عني دعوة المظلوم فإني لا أردها ولو كانت من كافر. وعلى العاقل ما لم يكن مغلوبا على عقله أن تكون له ساعات: ساعة يناجي فيها ربه وساعة يحاسب فيها نفسه وساعة يتفكر فيها في صنع الله عز وجل وساعة يخلو فيها لحاجته من المطعم والمشرب. وعلى العاقل أن لا يكون ظاعنا إلا لثلاث: تزود لمعاد أو مرمة لمعاش أو لذة في غير محرم. وعلى العاقل أن يكون بصيرا بزمانه مقبلا على شأنه حافظا للسانه ومن حسب كلامه من عمله قل كلامه إلا فيما يعنيه”» قلت: “يا رسول الله فما كانت صحف موسى؟قال: «كانت عبرا كلها: “عجبت لمن أيقن بالموت ثم هو يفرح وعجبت لمن أيقن بالنار ثم هو يضحك وعجبت لمن أيقن بالقدر ثم هو ينصب، عجبت لمن رأى الدنيا وتقلبها بأهلها ثم اطمأن إليها وعجبت لمن أيقن بالحساب غدا ثم لا يعمل”» قلت: “يا رسول الله أوصنيقال: “أوصيك بتقوى الله فإنه رأس الأمر كله”. قلت: “يا رسول الله زدنيقال: “عليك بتلاوة القرآن وذكر الله فإنه نور لك في الأرض وذخر لك في السماءقلت: “يا رسول الله زدنيقال: “إياك وكثرة الضحك فإنه يميت القلب ويذهب بنور الوجهقلت: “يا رسول الله زدنيقال: “أحب المساكين وجالسهمقلت: “يا رسول الله زدنيقال: “انظر إلى من تحتك ولا تنظر إلى من فوقك فإنه أجدر أن لا تزدرى نعمة الله عندكقلت: “يا رسول الله زدنيقال: “قل الحق وإن كان مراقلت: “يا رسول الله زدنيقال: “ليردك عن الناس ما تعرف من نفسك ولا تجد عليهم فيما تأتي وكفى بك عيبا أن تعرف من الناس ما تجهل من نفسك أو تجد عليهم فيما تأتيثم ضرب بيده على صدري فقال: “يا أبا ذر، لا عقل كالتدبير ولا ورع كالكف ولا حسب كحسن الخلق”. (رواه ابن حبان في صحيحه والحاكم وقال صحيح الاسناد)

Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ё Расулуллоҳ, Иброҳим (алайҳиссалом) саҳифаларида нималар бор эди?” деб сўрадим. «Уларнинг ҳаммаси масаллар эди: “Эй нафсига мағрур бўлган ҳукмдор подшоҳ, мен сени мол-дунё йиғиш учун юбормадим, балки мазлум дуосининг олдини олиш учун жўнатдим, чунки у кофир бўлса ҳам дуосини қабул қиламан. Оқил киши ақлини йўқотмаган бўлса, унинг бир қанча вақтлари бўлиши керак: Раббисига муножот қилиш вақти; нафсини ҳисоб-китоб қилиш вақти; Аллоҳ таоло яратган нарсалар ҳақида тафаккур қилиш вақти; тирикчиликка ажратган вақти. Оқил инсон уч нарсадан бошқасига елиб-югурмайди: охират ғамини ейиш; тирикчилигини ўнглаш; ҳаром бўлмаган нарсалардан лаззатланиш. Оқил киши замонасини англаши, ўз ҳолини билиши, тилини тиядиган бўлиши керак. Ким сўзини амалидан деб билса, кам сўзлайди, фақат фойдалисини гапиради”», дедилар.

“Ё Расулуллоҳ, Мусо (алайҳиссалом) саҳифалари нималардан иборат эди?” дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Ҳаммаси ибратлардан иборат эди: “Ўлимга ишониб, унинг келиши муқаррарлигини била туриб хурсанд юрган кишиларга ажабландим, дўзахга ишониб, кулиб юрганларга ажабландим, тақдирга ишониб, гердайиб юрганларга ажабландим, бойликни кўриб, аҳли оиласига юзланган ва уни омонат билмай, хотиржам юрганларга ажабландим, ҳисоб-китоб қилинишига ишонган, лекин ҳеч нарсага амал қилмай юрганларнинг ҳолига ажабландим”».

“Ё Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга тақвони васият қиламан. Чунки бу ҳар бир ишнинг бошидир”, дедилар.

“Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), зиёда қилинг”, дедим. “Қуръон тиловати ва Аллоҳ зикрини ўзингга вазифа қилиб ол, чунки у сен учун ер юзида нур ва осмонда захирадир”, дедилар.

“Ё Расулуллоҳ, зиёда қилинг”, дедим. “Кўп кулишдан тийил, чунки кўп кулиш қалбни ўлдиради ва юздаги нурни кетказади”, дедилар.

“Ё Расулуллоҳ, зиёда қилинг”, дедим. “Мискинларни яхши кўр ва улар билан бирга ўтир”, дедилар.

“Ё Расулуллоҳ, зиёда қилинг”, дедим. “Ўзингдан пастдагиларга назар қил, сендан устунларга қарама, чунки бу ўзингдаги Аллоҳ неъматларини назарга илмасликнинг бир кўринишидир”, дедилар.

“Ё Расулуллоҳ, зиёда қилинг”, дедим. “Гарчи аччиқ бўлса ҳам ҳақни сўзла”, дедилар.

“Ё Расулуллоҳ, зиёда қилинг”, дедим. “Ўзинг ҳақингда инсонлардан билиб олишингда фойда бор ва сенга келадиган нарсаларни улардан топа олмайсан. Ўзинг ҳақингда билмаган нарсаларни инсонлардан эшитишинг сенга айб сифатида кифоя қилади ва сенга келадиган нарсаларни уларда кўрасан”, дедилар.

Сўнгра у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўллари билан кўксимга уриб: “Эй Абу Зарр! Тадбир каби ақлли иш йўқ, тийилиш каби тақво йўқ ва чиройли хулқ каби насаб йўқдир”, дедилар (Ибн Ҳиббон ва Ҳоким “Саҳиҳ”ларида ривоят қилган).

Бу васиятдан Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) илмга нақадар қизиқувчан эканини кўриш мумкин. Илмга қизиқиши, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган муҳаббати у кишини мана шундай савол сўрашга, такрор-такрор “зиёда қилинг”, дейишга ундаган. Бу кишининг исми Жундуб ибн Жунода Ғифорий, куняси Абу Зарр бўлган. Исломга энг аввал кирган саҳобаларнинг бешинчиси ҳисобланади. Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) Ҳандақ жангидан кейин Мадинага ҳижрат қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га байъат қилган улуғ саҳобалардан бўлган Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) одатига кўра эртаси учун емак сақламайдиган зоҳид киши бўлган. Бу улуғ саҳоба Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан жами 281 та ҳадис ривоят қилган. Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳу) халифалиги даврида, 32 ҳижрий санада, Рабазада вафот этган.

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) юқоридаги васиятда ўтган пайғамбарларнинг, шу жумладан, Иброҳим ва Мусо (алайҳимассалом)га нозил қилинган саҳифалар ҳақида ва улар мазмунига қизиқиб, Муҳаммад Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Иброҳим (алайҳиссалом) саҳифалари мисолларга, Мусо (алайҳиссалом) китоби эса, ибратларга тўла эди, дедилар ва улардан баъзи мисол ҳамда ибратларни айтиб бердилар. Бу мисоллар ва ибратлар кишини Раббига янада яқин бўлиш ҳамда шонли ўтмишни ўрганиш, нажот ва хотиржамлик йўлини излашга ундайди.

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “بَلِّغُوا عَنِّي وَلَوْ آيَةً وَحَدِّثُوا عَنْ بني إِسْرَائِيلَ وَلا حَرَجَ وَمَنَ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мендан бир оятни бўлса ҳам етказаверинг ва Бани Исроилдан ривоят қилаверинг, ҳечқиси йўқ. Ким қасддан менинг номимдан ёлғон гапирса, жойини дўзахдан тайёрлаб қўйсин”, деганлар.

Кунлардан бир кун Халифа Маъмун вазири Ҳасан Солдан сўради: “Биздан олдин ўтганларнинг сўзлари бизга ҳужжат – йўлланма бўляпти. Биз унга кўра амал қиляпмиз. Бунинг сири нимада экан?” Вазир: “Агар улар чиройли сўз ва ишонарли далил бўлмаганида, бизгача етиб келмасди. Яхши бўлгани учун ҳам биздан олдингилар кўриб, ишониб қабул қилган... Бу шуни кўрсатяпти, аждодларимиз яхши, рост ва қатъий сўзларни айтган”, деб жавоб қилди. Жавобдан кўнгли тўлган халифа Маъмун: “Яхши сўз айтилган жойида қолмас, асрлардан ошар, ҳеч қачон толмас”, деди.

Демак, мўмин кишининг ҳар амали, иши фақат яхшилик бўлиши, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмаларига оғишмай амал қилиши, ўз билганларини бошқаларга етказиши лозим. Бу ўринда тарихдан турли ибратли қисса ва ҳикоялар келтирилиши сабаби ҳам шунда. Юқоридаги васиятнинг матнида ҳам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)га Иброҳим (алайҳиссалом) ва Мусо (алайҳиссалом)га тушган саҳифа ва китоблардаги мисоллар, ибратли воқеалардан баъзиларини айтиб берганлари бизга сабоқ бўлади.

Шу ўринда “Пайғамбарлар отаси” деган шарафли номга сазовор бўлган улуғ пайғамбар Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ҳаётлари ва умматини тавҳидга даъват этганини айтиб ўтиш лозим.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

ИБРОҲИМ (АЛАЙҲИССАЛОМ):

Иброҳим – Халилуллоҳ;

Иброҳим (алайҳиссалом)нинг дини;

Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ўғли;

Исмоил (алайҳиссалом)ни қурбонлик қилишга буюрилгани.

2856 марта ўқилди
Top