Кутубхона

Нурул изоҳ: НИКОҲ ВА ТАЛОҚҚА ОИД ҲУКМЛАР

Уйланишнинг шаръий ҳукми

Шариатда уйланишнинг ҳукми, кишининг жисмоний қуввати, оила масъулиятини уддалаши, уйланмаса, зинога кетиш хавфига кўра, беш хил бўлади:

  1. Уйланиши фарз. Бу ҳукм уйланишга, оилани боқишга лаёқатли ва хотинга зулм қилмайдиган кишилар учундир. Уйланмаса, зинога китиши аниқ. Улар уйланмасалар, катта гуноҳкор бўладилар.
  2. Уйланиш вожиб бўлган киши. Уйланмаса зинога кетиш хавфи бор, уйланса, хотинни боқа олади, унга зулм қилмайди. Бундай кишилар уйланмасалар, гуноҳкор бўладилар.
  3. Уйланиши суннат. Уйланмаса ҳам, ўзини зинодан сақлай олади. Уйланса, хотинини боқишга ва унга зулм қилмасликка қодир. Бундай кишилар уйлансалар савоб бўлади.
  4. Уйланиши ҳаром. Уйланса, хотинни боқа олмайди, унга зулм қилиши аниқ, жинсий алоқага қодир эмас. Бундай кишиларнинг уйланиши ҳаром. Жинсий алоқага қодир бўлиб, уйланишпга маблағи йўқ кишиларга Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, маблағ топгунга қадар рўза тутишни тавсия этганлар.
  5. Уйланипш макруҳ. Бу ҳукм уйланса, хотинини боқа олмаслиги ёки жинсий алоқага ярамаслиги эҳтимоли кўпроқ бўлган киши учундир.

Никоҳ маросими

Ҳанафий мазҳабимизда бировни бировга мажбуран никоҳ қилиш мумкин эмас. Шунга кўра, никоҳ вақтида қиз ё аёлдан: «Сиз мана бу фалончига турмушга чиқишга розимисиз», эркакдан: «Мана бу фалончининг ўзингизга жуфти ҳалол бўлишга розимисиз» каби иборалар билан энг камида икки эркак ёки бир эркак икки аёл гувоҳлигида сўралади.

Никоҳланувчилар бир-бирларининг розилик сўзларини, гувоҳлар ҳар икки томоннинг рози эканини билдирувчи сўзларини эшитишлари лозим.

Никоҳ саҳиҳ бўлиши учун ҳар икки томоннинг никоҳга розилиги, гувоҳлар бўлиши, аёл эркакка шаръан никоҳ қилиниши мумкин бўлиши, яъни, унга маҳрам бўлмаслиги шарт. Никоҳдан олдин маҳрнинг ҳаммаси ёки бир қисми берилиши лозим.

Маҳр шахсан аёлнинг ўзига берилиши лозим бўлган маълум маблағдир. Маҳрнинг миқдори аёл яшаб турган жой, у ердаги урф-одатлар, жамиятнинг иқтисодий аҳволига қараб белгиланади. Маҳр келиннинг ҳаққи бўлиб, ундан зўрлаб олишга куёвнинг ҳам, отасининг ҳам, ҳақлари йўқ. Аммо келин ўз ихтиёри билан отасига ёки куёвга қисман ёки ҳаммасини бериши мумкин.

Уйланиш мумкин бўлмаган аёллар

Уйланиш мумкин бўлмаган аёллар икки қисмга бўлинади. Биринчиси, уйланиш асло мумкин бўлмаган аёллар. Иккинчиси, вақтинча уйланиш мумкин бўлмаган аёллар.

Биринчи қисмга уч хил: 1) туғишганлик сабабли; 2) уйланиш сабабли; 3) эмиш сабабли уйланиш мумкин бўлмаган аёллар киради.

Нисо сурасининг 23-оятида шундай дейилади: «Сизлар учун оналарингиз, опа-сингалларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингалларингазнинг қизларига... уйланишларингиз ҳаром қилинди» (мазмуни).

Эмизиш (разоъ) сабабли уйланиш мумкин бўлмаган аёллар:

  1. Болани эмизган аёл ва у аёлнинг асли – онаси, онасининг онаси, улар аёлга она томонидан бўлсалар ҳам, ота томонидан бўлсалар ҳам барибир.
  2. Кишининг ўзидан бўлган қизи эмизган қизга, хотини эмизган разоъий (бир кишининг аёли бировнинг фарзандини гўдаклигида эмизса, эмизган аёл эмган болага нисбатан она кабидир) қизига, улар қанчалик пастга чўзилиб кетсалар ҳам, уйланиш ҳаром.
  3. Кишини эмизган аёл ва унинг қизларига, улар қанчалик пастга қараб чўзилиб кетсалар ҳам, уйланиши мумкин эмас.
  4. Кишининг хотинини эмизган разоъий онаси (туққан эмас) ва у онанинг онасига уйланиши мумкин эмас.

Имоми Аъзам мазҳабида разоъ собит бўлиш вақти ва эмган сутининг миқдори белгиланмаган. Бир марта эмса ҳам разоъ собит бўлади. Аммо эмган бола туғилганидан бошлаб, то икки ярим ёшга киргунича, яъни ўттиз ой муддат ичида бир марта эмса ҳам разоъ собит бўлиб, эмизган аёл эмган болага она ҳукмида бўлади.

Вақтинча уйланиш мумкин бўлмаган аёллар

  1. Бир киши бир вақтда опа-сингилни ёки аёл билан аммасини ёки аёл билан холасини никоҳида олиб туриши мумкин эмас.

Аммо опаси вафот этса, унинг синглисига уйланиши мумкин.

  1. Уч талоқ қилган хотини бўлса, у бошқа эр билан доим бирга яшашни ният қилиб, турмуш қилиши ҳамда у билан сахиҳ эр-хотинлик даврида жинсий алоқа қилган бўлиши лозим. Иккинчи эри ўлса ёки талоқ қилса, иддаси чиққанидан сўнггина биринчи эри билан яна қайта турмуш қуриши мумкин.
  2. Бировнинг никоҳидаги аёл ва иддаси тугамаган ёки эри вафот этган аёл.

Талоқ қилинган ёки эри вафот этган аёллар эрларидан ҳомила бор-йўқлиги аниқ бўлгунича маълум муддат бошқа турмуш қурмай туришлари шарт.

  1. Мушрика аёл (бутпараст) то мусулмон бўлмагунича. Аҳли китоб бўлган яҳудий, насроний аёлларга уйланиши мумкин. Аммо мусулмон аёлларнинг бошқа диндаги одамларга турмушга чиқишлари мумкин эмас.

Талоқ турлари

Динимизда талоқ қилиш эрнинг ҳаққи. Лекин эрга қачон хоҳласа, истаганидай талоқ қилавериш ихтиёри берилмаган. Талоқ чорасиз қолгандагина ишлатилиши керак. Қачон, қандай ишлатилса, шариатга мувофиқ бўлиши ҳам билдирилган. Шунинг учун фуқаҳолар талоқни икки турга бўлганлар.

1) Сунний – шариат кўрсатмаларига мувофиқ талоқ;

2) Бидъий – шариат кўрсатмаларига хилоф талоқ.

Бидъий талоқ қилган киши гуноҳкор бўлади. Сунний талоқ икки нарса: талоқ қилинган вақтга ва талоқнинг ададига боғлиқ бўлади.

Вақтга боғлиқ бўлгани, талоқ қилинган вақтда аёл ҳайздан пок бўлиши ҳамда шу покликда эр аёлга яқинлик қилмаган бўлиши лозим.

Ададга боғлиқ бўлган талоқ эса, аёлнинг пок ҳолида, унга яқинлик қилмасдан бир талоқ қилмоқдир. Чунки бир талоқ ражъий, яъни идда тугамай, никоҳсиз қайтадан ярашиш мумкин бўлган талоқдир. Бир талоқ қилганидан сўнг, тахминан уч ойга яқин вақт ичида эр талоқ қилган аёли билан, унинг розилигидан қатъи назар, никоҳсиз ярашиш хуқуқига эга. Мазкур муддат ўйлаш, ҳар томонни мулоҳаза қилиш учун берилган. Пушаймон бўлсалар, дарҳол ярашишлари мумкин.

Агар талоқ қилувчи юқоридаги кўрсатмаларга амал қилмай, аёлини ҳайз ҳолатида ёки талоқ ададини биттадан ошириб, икки, уч ё ундан кўп талоқ қилса, ундай талоқлар «бидъий», суннатга хилоф бўлиб, талоқ қилувчи гуноҳкор бўлади. Бунда албатта талоқ тушади.

Эр-хотин жанжаллашиб туришганида эр «кет», «йўқол», «бўшсан» каби лафзарни талоқ нияти билан айтса, талоқ тушади. Эр ҳазил қилиб, ўйнаб «талоқ», деса ҳам талоқ тушади.

Ҳанафий мазҳабида маст кишининг ҳамда биров томонидан талоқ қилишга мажбур қилинган кишининг ҳам талоғи талоқ ҳисобланади.

Агар эр бировга хотинини талоқ қилишни васият қилса ё ўзидан ноиб қилса, у ҳолда васият қилинган ва ноиб қилинган киши эр номидан талоқ қилиши мумкин.

Салоҳиддин Муҳиддиннинг

«Исломда оила, никоҳ ва талоқ масалалари»

китоби асосида тайёрланди.

 

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

ИМОМИ АЪЗАМ НЎЪМОН ИБН СОБИТ

3629 марта ўқилди
Top