muslim.uz

muslim.uz

2019 йилдан буён амалга оширилаётган «Меҳр» инсонпарварлик операцияси турли сабаблар билан уруш бўлаётган мамлакатларга бориб қолган юзлаб ватандошларимиз юртга қайтарилган эди.  Бугун ҳам Суриядан ватанимизга «Меҳр-5» операцияси доирасида навбатдаги ватандошлар олиб келинди.

Қайд этилишича, бугунги кунгача ўтказилган «Меҳр-1, 2, 3, 4» операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган 438 нафар аёллар ва болалар Ўзбекистонга олиб келинди.

АҚШ ва бошқа ҳамкор давлатлар кўмаги билан амалга оширилган «Меҳр-5» операцияси натижасида Сурия ҳудудидаги уруш кетаётган «қайноқ нуқталарга» бориб қолиб, «Ал-Ҳол» лагерида 3 йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар болалар Ўзбекистонга қайтарилди.

Шунингдек, Ўзбекистонга олиб келинган болалар орасида ҳам отасини, ҳам онасини йўқотган 7 нафар чин етим бола бор.

Эндиликда бу аёллар ва болалар Тошкент вилоятидаги «Бўстон» санаторийсига жойлаштирилади ҳамда уларга тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилади.

2019 йилда 156 нафар ўзбекистонлик, асосан, аёллар ва болалар Сурия пойтахти Дамашқдан махсус рейс билан Ўзбекистонга олиб келинган. 2019 йилнинг октябрь ойида эса Яқин Шарқдаги можаролар ҳудудидан ўзбекистонликларни қайтариш бўйича иккинчи махсус операция амалга оширилган. 2020 йилнинг декабридаги учинчи махсус операция доирасида Суриядан 25 нафар аёл ва 73 нафар бола, 2021 йилдаги «Меҳр-4» операцияда эса 24 нафар фуқаро Афғонистондан Ўзбекистонга қайтарилган.

Туркиянинг «EkoHaber» газетаси бугунги сонида «Яхши қўшничиликда Ўзбекистон модели» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мазкур материалда А.Баклан, жумладан, қуйидагиларни баён этган: «Ўзбекистоннинг номи сўнгги вақтларда халқаро майдонда тез-тез янграмоқда, айниқса, 2016 йилдан мамлакатда янги Президент Шавкат Мирзиёевнинг сайланиши билан ҳар бир соҳада янгича сиёсат олиб борила бошланди. Авваллари нисбатан ёпиқ бўлган Ўзбекистон сўнгги тўрт йилда ўз имижини тубдан ўзгартирди, халқаро муносабатларнинг фаол иштирокчисига айланди, ҳам минтақавий, ҳам дунё миқёсида эндиликда «Янги Ўзбекистон» сифатида қабул этилмоқда».

«Минтақанинг марказида жойлашган ва Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакати ила умумий чегараларга эга бўлган ўлканинг минтақавий барқарорликни таъминлашдаги ўрни беқиёсдир, – дейди Фахрий консул. – Бугунги кунда мазкур мамлакат 35 миллионга яқин аҳолиси билан аҳоли зичлиги жиҳатидан минтақада биринчи, Туркий кенгаш давлатлари орасида эса иккинчи ўриндадир».

Материал интиҳосида, муаллиф Ўзбекистоннинг Бурса шаҳридаги фахрий консули фикрларига мурожаат қилади. «Ўзбекистонни «Марказий Осиёнинг юраги» деб таърифлаш мумкин, - дейди Али Баклан ўз муносабатида. - Ўзбекистон сўнгги йилларда яхши қўшничилик муносабатлари жиҳатидан намунавий мамлакатга айланган, деб бемалол айта оламиз.

Ўзбекистоннинг дўстона ва бағрикенг муносабати тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамламоқда. Натижада минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми ортмоқда.

Марказий Осиё тинчлиги – бутун Евросиё учун муҳимдир. Хитой ва Европа ўртасидаги транспорт ва транзит коридорларининг ривожланиши Марказий Осиё манфаатларига ҳам жавоб беради.

Бу жараёндан Туркия ҳам ўз улушини олади. Боку-Тбилиси-Карс темир йўлининг стратегик аҳамияти янада ошади. Буларнинг барчаси тарихий илдизлари бир бўлган Туркий республикалар ўртасидаги ҳамкорлик ва интеграция жараёнини тезлаштиради».

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Рамазон – тоат-ибодат ойи бўлиши билан бирга саховат ойи ҳамдир. Бу пайтда мўмин-мусулмон халқимиз хайрия ишларига янада кўпроқ эътибор беради. Имом домлалар ҳам бу ойда саховатпеша инсонларни эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатишга тарғиб қилади, хожатбарорларга бериладиган ажру мукофотлар хушхабарини улашадилар.

Бу йил мўмин-мусулмон халқимиз ўтган Рамазон ойларига қараганда кўпроқ хайрия ишига бел боғлаган. Буни имом-хатибларимиз ташаббуси билан саховатпеша инсонларнинг ҳақдор биродарларимизга қилаётган ёрдамларидан ҳам билиш мумкин.

Биргина жорий йил 12-25 апрел кунлари, икки ҳафта давомида Республикамиз бўйича 16 мингдан кўпроқ оилага 4 миллиард уч юз миллондан ортиқ моддий ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, икки миллиард етти юз миллиондан ошиқ озиқ овқат маҳсулотлари, уч юз миллионга яқин уй-рўзғор буюмлари, бир миллиарддан ортиқ кийим кечак каби бошқа турдаги маҳсулотлар, уч юз миллионга яқин нақд пул берилди.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эҳсоннинг мукофоти фақатгина эҳсондир” (Ар-Роҳман сураси, 60-оят). Яъни, яхшиликнинг мукофоти фақатгина яхшиликдир. Ояти каримадаги биринчи яхшиликни бандалар қилади. Унинг ичига барча эзгу ишлар киради. Иккинчи яхшилик эса Аллоҳ таоло яхшилик қилувчиларга берадиган жаннатдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Энг афзал садақа Рамазонда қилинган садақадир”. Имом Аҳмад ва “Сунан” соҳибларининг баъзиларидан қилинган ривоятда: “Ким бир рўзадорга ифторлик берса, у учун у (рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарса камаймаган ҳолатда бўлади (ёзилади)”, деганлар.

Азиз юртдошлар, Рамазон ойининг барча учун қувонч ва севинч ойи бўлиши сари қадам ташлайлик!

Эслатиб ўтамиз, имом-хатиблар ташаббуси билан Рамазоннинг илк ҳафтасида қарийб 2 миллиард сўм хайрия қилингани ҳақида хабар бергандик.

Аллоҳ таоло имомларимизнинг қилаётган хайрли амалларига кўмакчи бўлсин, эҳтиёжманд инсонларга қилинаётган хайрли ишларнинг файзини бунданда зиёда айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Пятница, 30 Апрель 2021 00:00

Закот – Ислом кўприги

Муборак ҳадисларда Рамазон ойида қилинган барча яхши амалларга бошқа ойлардагига қараганда, кўпроқ савоблар берилиши айтиб ўтилган. Пайғамбаримиз (с а в) марҳамат қилиб: "Кимда ким Рамазон ойида бирор бир нафл амални бажарса, у бошқа ойда бир фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда ким бу ойда бир фарз амални бажарса, бошқа ойдаги етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади", дедилар.
Албатта, Ислом арконидан бири бўлган Рўза тан закотидир. Аллоҳ таоло бизларга берган мол-мулкимизнинг ҳам закотини адо этишимиз динимизнинг мукаммаллигидандир.

Закот молиявий ибодат бўлиб, "Закот" сўзи луғатда "поклик" ва "ўсиш" маъноларини билдиради. Закот Қуръони каримда йигирма етти жойда намоз билан бирга қайд этилган. Бу эса ўз навбатида, намоз билан закот бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканлигини кўрсатади.

Ислом дини имон келтирмак, намоз, рўза, закот ва ҳаждан иборатдир. Зеро, Фирдавс жаннатининг ворислари бўлган нажот топувчи мўминларнинг сифатларидан бири ҳам закотни адо этишдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Улар закотни адо этувчилардир" (Мўъминун, 4-оят). Бунинг акси яъни, закот беришга қодир бўла туриб юз ўгиришлик бу мушрикларнинг сифати эканлиги қуйидаги оятда баён қилинган: "Мушрикларга халокат бўлгай. Улар закот бермайдиган ва ўзлари охиратга ишонмайдиган кимсалардир" (Фуссилат, 6-7 оят).

Беш қўл баробар бўлмаганидек, ҳар бир инсоннинг тушунчаси ҳам ҳар хил бўлади. Яъни, садақа, эҳсон қилиш билан мол-дунё камайиб қолади, деганлар ҳам йўқ эмас. Аслида закотнинг яна бир фойдали томони шуки, уни адо этган кишининг молида барака бўлади ва Аллоҳ таоло у берган закотининг ўрнини бир неча баробар қилиб тўлдиради. Сўзимизга ушбу оят далилдир. "Одамларнинг мол-мулки кўпайсин, деб сизлар берган рибо (фоиз)ларингиз, Аллоҳ наздида (ҳеч нарсани) кўпайтирмайди. Аллоҳнинг "юзи"ни (яъни розилиги) мақсад қилиб берган закотингиз эса, бас, айнан ўшалар кўпайтирувчилардир" (Рум, 39-оят). Пайғамбаримиз (с.а.в): "Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди", деб марҳамат қилганлар.

Закотнинг дунё ва охиратга тегишли кўплаб ҳикмат ва фойдалари бор. Энг аввало, жамиятдаги инсонлар ўртасида ўзаро муносабатлар мустаҳкамланади. Сабаби иқтисодий томондан турли хил ҳолатда ҳаёт кечирувчи кишилар ўртасида номаълум тўсиқ бор эди. Ушбу тўсиқни кетказиб, уларни бир-бирларига яқинлаштирувчи восита, албатта, бу закотдир. Ҳадисларда: "Закот исломнинг кўпригидир", дейилган.

Аллоҳ таоло: "Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши, бордию каммбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир", деб марҳамат қилган. (Бақара, 271 -оят). Ушбу оятнинг тафсирида уламолар закот, ушр каби фарз садақаларни ошкора бериш яхши деганлар. Сабаби ундан бошқа инсонлар ҳам ибрат олиб, закотини беради. Лекин нафл ва ихтиёрий садақалар махфий тарзда берилгани яхшироқдир. Шунда риё ва миннатдан узоқроқ бўлади.

Мол-дунёсидан закот, ушр ва бошқа садақаларни қалбида иймони ва саховати бўлган яхши кишиларгина адо қилади. Бунинг акси, бахил, қизғанчиқ кишилар эса, ҳеч қачон бошқаларга яхшилик қилишни хоҳламайди. Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар (р.а) доимо шундай дуо қилар эканлар: "Эй, Аллоҳ! Ортиқча мол-давлатни ичимиздаги яхши кишиларга бергин. Шояд, улар орамиздаги ҳожатмандлардан хабар олиб турсалар".

Аллоҳ барчамизнинг мол-мулкимизга беҳисоб барака берсин, ҳар биримизга закот қилгувчи саховатли бандалар қаторида бўлишликни насиб этсин.

Мирзамақсуд Алимов,
Андижон вилояти бош имом-хатиби

Aнглия премер лигаси (АПЛ) Рамазон ойида қуёш ботганидан кейин тарихда илк бор ўйинни тўхтатди.

РБК хабарига кўра, 26 апрель кунги AПЛнинг 33-туридан ўрин олган "Лестер" – "Кристал Пэлас" учрашувининг биринчи бўлимида "Лестер" ҳимоячиси Уесли Фофан ва "Кристал Пэлас" ярим ҳимоячиси Шайку Куятега рухсат берилиб, рўзасини очиб олишига имкон берилди. Учрашув "Лестер" нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди,

Фофан ўйиндан сўнг премер лига ва ўйиннинг барча иштирокчиларига твиттердаги саҳифасида миннатдорчилик билдирди. "Aйнан шу нарса футболни буюк қилади", - деб ёзди у.

"Лестер" бош мураббийи Рой Хожсон ўйиндан сўнг “Sky Sports” нашрига берган интервьюсида футболчиларнинг диндорлиги билан боғлиқ муаммоларни кўрмаганлигини айтди. "Мен ўзларининг эътиқодларига содиқ қолган кўплаб футболчилар билан ишладим ва бу ҳолат ёшларга куч бағишлайди", – деди у.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Top