muslim.uz

muslim.uz

Ўмон Султонлигининг етакчи нашрларидан бири - «Asdaa Oman» газетасида журналист Али ал-Ҳасанийнинг «Президент Шавкат Мирзиёев: Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир» сарлавҳали мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Материалда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши тафсилотлари маълум қилинган.
Муаллиф сўнгги йилларда Ўзбекистонда маънавий-маърифий ишларни жадаллаштириш бўйича қатор қарорлар қабул қилингани, мамлакат Президенти республика маънавият ва маърифат кенгашининг раиси экани ҳақида ҳикоя қилган. Кенгашнинг ҳудудий бўлимларига масъуллик ҳокимлар зиммасига юклатилган. Бу ўзгариш маънавий-маърифий ишларни давлат сиёсатида янада юксак ўринга кўтарди.
А.Ҳасаний Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир» деган сўзларига газета ўқувчилари эътиборини қаратган.
Ўмон нашри қайд этганидек, яқинда бўлиб ўтган йирик тадбирлар – давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, Ўзбекистон ёшларининг биринчи форуми ҳамда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маънавият йўналишидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди. Чунки бу борада ечимини кутиб турган, ўзгаришлар шамоли кириб бормаган масалалар кўп. Миллий ғоянинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, эски мафкурани тасаввур қилиб, бунга юзаки қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Шу боис мамлакат Президенти миллий мафкуранинг асосий ғоясини таъкидлаб ўтган.
“Ўзбекистон Президенти «Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган» деб қайд этди”, - дейилади мақолада.
Али ал-Ҳасаний, шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат маркази иши танқидий ўрганиб чиқилиб, ушбу ташкилот фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланишини маълум қилган.
«Президент ушбу марказнинг «Маънавият тарғиботчиси» ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш таклифини билдирди», - дейди муаллиф. — Шунингдек, мазкур йиғилишда маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари белгиланди.
Бундан буён Республика Маънавият ва маърифат маркази барча ҳудудий кенгашларнинг, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг маънавий-маърифий фаолиятини мувофиқлаштириб боради».
Мақолада таъкидланишича, мажлисда мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим даргоҳларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Барча олий ўқув юртлари ва уларнинг филиалларида мавжуд штат бирликлари доирасида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозими жорий этилиши айтилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Заиф инсон устидан қозонилган ғалаба мағлубиятга тенгдир.

Тарих муҳрлаган сўзлар

***

Сизга тўғри йўлни кўпчилик кўрсатиши мумкин аммо, у йўлга бошлайдиган ва шерик бўладигани кам...

Саййид Аброр Умар

***

Бағритошлик кўп ёлғон ва ҳасаднинг натижасидир.

Комил инсон кечиримлиликни қарз, яхшилик қилишни эса фарз деб қабул қилади.

Ҳазрати Абу Бакр р.а.

***

Фарзандларингизга яхши кўришни ўргатинг, нафратланишни шундоқ ҳам ўрганиб олади.

Устозлар ўгитидан

***

Оғиздан чиқмаган сўзинг- сенинг қулинг, оғиздан чиққанига эса сен қулдирсан.

"Қобуснома" дан

***

Қуролингни илмдан яса.
Илм ўрган ва ўзгаларга ҳам ўргатгин.
Ўтмишингни муаллиминг деб бил.
Бировга ҳаддан ташқари танбеҳ берма, беҳудага мақтама ҳам.
Ўтганга, тўкилганга ва кетганга афсусланма.
Нифоқ илмсизлик белгисидир.

Абу Мансур ал- Мотурудий

***

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Индонезиянинг «Liputan» ахборот порталида Индонезия парламент делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи якунларига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.


“Liputan” – Индонезиядаги таниқли электрон нашр бўлиб, унинг материалларини бир ойда қарийб 400 миллион марта ўқишади.
Мақола муаллифи Томми Курнианинг ёзишича, «Индонезия парламенти вакиллари Ўзбекистонга ташрифи давомида афсонавий, деярли 3 минг йиллик тарихга эга бўлган кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандга ташриф буюрди. Шаҳарда ислом меъморчилигининг ноёб ва бетакрор тарихий ёдгорликлари - жаҳон маданий меросининг асори-атиқалари жамланган".


Хабарда Индонезия делегациясини Вакиллар палатаси Парламентлараро ҳамкорлик қўмитаси раисининг ўринбосари Мардани Али Сера бошқаргани таъкидланган.


“Мардани бошчилигидаги делегациянинг кўҳна Самарқандга ташрифининг асосий мақсади шаҳарнинг сайёҳлик имкониятлари ва тарихи билан яқиндан танишиш бўлди. Хусусан, улар Имом Бухорий мажмуаси, Амир Темур мақбараси (Амир Темур ва темурийлар хилхонаси), Регистон майдони, Шоҳи-Зинда мажмуаси ва Мирзо Улуғбек расадхонасида бўлди. Ушбу меъморий ёдгорликлар делегация аъзоларида унутилмас таассурот қолдирди. Улар Самарқанднинг тарихий ва маданий ёдгорликларининг улуғворлиги ва бетакрор гўзаллиги ҳақида зўр иштиёқ билан ҳикоя қилмоқда”, - деб қайд этган “Liputan”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Четверг, 04 Февраль 2021 00:00

Насиҳат қилишнинг 18 одоби

Насиҳат қилишнинг ҳам ўзига хос одоблари бор. Насиҳат қилиш одоблари ҳақида фикр юритишдан олдин, “насиҳат нима” деган саволга жавоб бериб ўтсак.

         “Насиҳат” сўзи ўзбек тилига араб тилидан кирган сўз ҳисобланади. У "самимий маслаҳат", "ўгит", "хайрихоҳлик"  деган маъноларни  англатади.

          Бир инсоннинг бошқа инсонга холис ниятда маслаҳат бериши, уни ёмонликдан қайтариб, яхшиликка чорлаши насиҳат дейилади.

          Ҳар бир инсон насиҳат сўраб келган кишига холис насиҳат бериши лозимдир. Зеро, насиҳат қилиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг биродаридаги ҳақларидан биридир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмоннинг (бошқа) мусулмон зиммасидаги ҳаққи олтитадир: “Унга рўбарў келсанг, салом бер, сени (бирор нарсага) таклиф этса, уни қабул қил, сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил, агар аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, унга ташмит айт, бетоб бўлса, уни зиёрат қил, вафот этса, (жанозасига) эргаш (яъни қатнаш)дедилар (Имом Муслим ривояти).

                Насиҳат қилишнинг қуйидаги одоблари бор:

  1. Насиҳат сўраб келган кишини очиқ юз билан қарши олиш;
  2. Насиҳат сўраб келган кишидан ҳол-аҳвол сўраш;
  3. Насиҳат сўраб келган кишининг фикрини охиригача тинглаш;
  4. Насиҳат беришни яхши ният билан бошлаш;
  5. Насиҳат сўраб келган кишининг кўнглига тегмасдан унга чиройли насиҳат қилишга ҳаракат қилиш;
  6. Насиҳат ўзида дунё ва охират манфаатларини қамраб олиши;
  7. Насиҳатда ишонарли нақлий ва ақлий далиллар келтириш;
  8. Насиҳатда ҳаётдаги ибратли воқеалардан мисоллар келтириш;
  9. Насиҳатда кишининг хато ва камчиликларини ётиғи билан тушунтириш;
  10. Насиҳатда кишининг ижобий томонларини кўрсатиб ўтиш;
  11. Насиҳатни ўрни ва вақтини билиб, уни холис қилишга уриниш;
  12. Бирор кишини уялтириш учун унга кўпчилик орасида насиҳат қилишдан сақланиш;
  13. Риё учун бошқа кишига кўпчилик орасида насиҳат қилишдан сақланиш;
  14. Имкони борича насиҳатни махфий қилиш;
  15. Насиҳатни бирор ғаразли мақсаддан холи бўлишига эришиш;
  16. Насиҳат қилишда бировнинг айбини юзига солмаслик;
  17. Насиҳат якунида яхши хулосалар чиқариш;
  18. Насиҳатга келган кишига “Иншааллоҳ, ҳали ҳаммаси яхши бўлади”, деб яхши тилаклар билдириш.

 

Ҳар томонлама яхши ниятда, таъсирчан услубда, самимият билан қилинган насиҳат катта ажр-савобларга сабаб бўлади. У инсонлар ўртасида ёмонликни кетказади, яхшиликни бардавом бўлиши учун хизмат қилади.

 

Рухиддин АКБАРОВ,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими

Дербент раҳбари Рустамбек Пирмагомедов Ростов-Дондаги Ўзбекистон Республикаси Бош консули Рустам Қўрғонбоев билан учрашди.
"Дербентские новости" нашрига кўра, учрашувда Доғистон Республикаси туризм ва халқ бадиий ҳунармандчилик бўйича вазирнинг биринчи ўринбосари Эмин Мерданов," Марв - Тур" Бош директори Булат Қурбонов, Доғистон муфтийси муовини Аҳмад Кахаев РД, Жанубий Доғистондаги Доғистон муфтийси вакили Ҳусайн Гажиев, Дербент шаҳар раҳбари муовини Артур Гамзатов, Туризмни ривожлантириш маркази директори Маржона Расулова, «Дербент 2000» сайёҳлик маркази директори Руслан Ахмедовлар иштирок этишди.
Ўзбекистондан делегация Доғистонга республикалар ўртасида туризм соҳасидаги алоқалар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташриф буюрди.
"Биз Сизнинг қадимий шаҳрингиз ҳақида кўп эшитганмиз, биз унинг қандай ўзгариб бораётганини кузатиб турибмиз, шунинг учун Доғистонга ташрифимиз чоғида Дербентга келмасак нотўғри бўларди. Унинг тарихи ва диққатга сазовор жойлари билан танишишимиз жуда қизиқ бўлди", - дейди Рустам Қўрғонбоев.
Доғистон ва Ўзбекистон айниқса зиёрат туризми соҳасида кучли сайёҳлик салоҳиятига эга. Зиёрат туризми мақсадида Ўзбекистонга жуда кўплаб доғистонликлар ташриф буюришади. Ўзбекистон аҳолиси эса мамлакатимизга, хусусан, барча Кавказнинг энг қадимийларидан бири ҳисобланган Дарбанддаги "Кирхляр" қабристонига ташриф буюради. Муҳаммад Пайғамбарнинг саҳобалари шу ерга дафн этилган. Уларнинг қабрлари қирқта тош тобутсимон дафн этишни ўзида намоён қилади. Бу ҳудудида янада қадимги дафн этиш жойлари бор. Уларнинг кимга тегишли эканлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, лекин бу буюк саркардаларнинг қабрлари деб тахмин қилинади.
Рустамбек Пирмагомедовнинг айтишича, туризмни ривожлантириш учун шаҳар инфратузилмаси фаол ривожланмоқда, янги сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилиб, инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. "Шаҳар маъмурияти бу йўналишда ҳамкорлик қилишга тайёр ва ўзбекистонлик меҳмонларни қабул қилишдан хурсанд бўлади", - деди Дарбанд раҳбари.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top