Рамазон

Ғанимат вақтлар

Мана кечагина эшигимизни тақиллатиб келган рамазон бугун ўз поёнига етмоқда. Кунларни тез ўтиши билан мана, охирги ўн кунликка ҳам етиб келдик. Кечқурунлари ойга назар солсак, бу ой ҳам ўз поёнига етаётганидан дарак бермоқда. Кечагина биз бу ойни кўриб нақадар ҳурсанд бўлган эдик. Ўшанда: “Энди Аллоҳ таолонинг тоатларига киришаман, бу ойда кўплаб яхши ишларни қилиб, Аллоҳ таолодан мукофатлар оламан” деган эдик. Ҳа, Рамазон руҳий тарбиямиз учун энг фойдали ойдир. Бу ойда чанқоқ қалбларимизни руҳий тарбия билан суғормоқликка фурсат бўлади. Қорайган қалбларимизни поклашга фурсат бўлади. нафсларимиз бўлса, ўз Яратгувчисига қайтади. Ким бу ойда солиҳ амаллар қилиб Роббисига яқин бўлган бўлса, демак, у ютуққа эришибди. Кимки орзуларига берилиб, улуғ амалларни тарк қилган бўлса, демак, у ютқазибди. Кечалари ва кундузлари фазилат ва баракага тўлган ойни қўлдан бой берибди!

Ўн кун ёки ундан ҳам оз кунлардан сўнг бу йилги Рамазон ойи ҳам ўз нихоясига етади. Улуғ меҳмонни яна кузатамиз. Энди келаси йилга бу меҳмонни кутиб олишга бизларни орамиздан кимга насиб қилади? Буни Аллоҳ таолонинг ўзи билади.

Лекин, шунга қарамай Аллоҳ таолонинг бандаларига фазли улуғдир. Рамазоннинг охирги кечаларидан фойдаланиб қолишимиз учун у кечаларни янада баракотли қилди. Бу кунларда енгни шимариб ибодатларга киришмоғимиз лозим. Фурсатларни қўлдан бой бермай, улардан фойдаланиб олган банда қандай ҳам яхшидир! Охирги ўн кунликни бошқа ўн кунликларга қараганда бир нечта кўпроқ хусусиятлари бор.

  1. Инсонларга ҳидоят йўлини кўрсатувчи Аллоҳ таолонинг охирги китоби Рамазоннинг охирги ўн кунлигида қадр кечасида нозил бўлди.

Аллоҳ таоло Қуръон каримда Қадр сурасининг 1 оятида шундай марҳамат қилади:

“Албатта, Биз у(Қуръон)ни Лайлатул Қадрда туширдик.”

Бу эса охирги ўн кунликнинг энг улуғ фазлларидандир. Аллоҳ таоло очиқ равшан бўлган Нурни ушбу кечада нозил қилди. Бу Нур инсониятни жаҳолат ботқоғидан порлоқ бир йўлга олиб чиқди. Инсонларга жаҳолат зулматидан илм нури сари йўл бошлади. Бу улуғ Қуръон инсонлар учун Шифо, тўғри йўлга бошловчи, мўминларга раҳматдир!

  1. Бу ўн кунликнинг хусусиятларидан яна бири унда минг ойда қилинган ибодатдан афзал бўлган қадр кечасининг бор эканлигидир. У кечада қилинган ибодат саксон уч йилда қилинган ибодатдан афзалдир.

Аллоҳ таоло бу ҳақда Қадр сурасида шундай марҳамат қилади: “Албатта, Биз у(Қуръон)ни Лайлатул Қадрда туширдик. Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди? Лайлатул Қадр минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом бўлиб турадир”.

  1. Бу ўн кунликнинг бошқаларидан ортиқча яна бир фазли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ўн кунликда тоат ибодатда жидду-жаҳд қилар эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда шундай дейилади:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам охирги ўн кунликда бошқаларига қараганда кўпроқ жидду жаҳд қилар эдилар”.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларидандир. Охирги ўн кунликда кечаларини бедор ўтказар, Аллоҳ таолонинг раҳмати этсин деб ўз аҳли аёлларини ҳам уйғатар эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда:

“Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (охирги) ўн кунлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечанинг барчасини ухламасдан ўтказар ва аҳли аёлларини ҳам уйғотар эдилар” деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Бу ўн кунликда намоз ўқиш, зикр қилиш, Қуръон ўқиш каби ибодатларнинг барчасини қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки келаси йилги рамазонга етиб бориш ёки бормаслик номаълум!

Тошкент вилояти Қибрай тумани

“Саъдулло ота” жоме масжиди

имом-хатиби Мирҳамидов Обид

92825 марта ўқилди
Мавзулар
Top