Фотолавҳалар

Хотира – муқаддас ва азиз туйғу. Хотирлаш эса инсон ўз яқинларини қадрлаши, ҳаётдан кўз юмганларни эслаши ва уларнинг хақига хайрли дуолар қилишидир. Халқимизда “қадр этган, қадр топар”, деган нақл бор. Ҳақиқатдан ҳам, инсон ўзгалар билан самимий муносабатда бўлиб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатса, ўзи ҳам атрофдагиларнинг шундай муносабатига сазовор бўлади. Ватан равнақи, халқ осойишталиги учун хизмат қилган эл фидойилари эса эзгу амаллари сабабли умрбод кишилар ёдидан ўчмайдилар. Номлари ҳамиша эъзоз билан тилга олиниб, хотиралари мангуликка муҳрланади. Халқи осойишталиги, юрти тинчлиги учун умрини бахшида этган, ёди қалбларда мангуликка муҳрланган ана шундай бебаҳо инсон, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовдир.

2017 йил 30 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасаларида марҳум Юртбошимизни ёд этиш мақсадида жойларда тадбир ва кечалар бўлиб ўтди. Тадбирда сўз олганлар, ўтган 25 йил давомида Ўзбекистон ҳар жиҳатдан барқарор давлат даражасига етгани, шунингдек, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтдилар.

Дархақиқат, бунга биргина, мамлакатимизда диний эркинлик, барча дин вакилларига бир хил шароитлар яратилгани, аждодларимиз асарларини авлодларга етказиш учун кенг кўламда олиб борилган ишлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Шунингдек, ўтган 25 йил давомида аждодларимиз номларини улуғлаш, бой маданий меросларини чуқур ўрганиш, улар абадий ором топган масканларни обод манзилларга айлантириш борасида беқиёс ишлар амалга оширилди. Эътироф этиш жоизки, бундай хайрли ишлар бугун ҳам изчил давом эттириляпти.

Тадбир сўнгида, барча таълим муассасалари устоз ва талабалари томонидан хатмул Қуръонлар ниҳоясига етказилиб, Ватанининг гуллаб-яшнаши, халқи озодлиги, фуқаролари тинч-тотувлигини таъминлаш учун бутун ҳаётини  сарфлаган марҳум юртбошимиз Ислом Каримовнинг муборак руҳларига бахшида этилиб, ҳақларига дуои хайрлар қилинди. 

 

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

4267 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: Рамазон тақвими »
Top