Фотолавҳалар

Рамазоннинг биринчи туни мустақил юртимизнинг мингга яқин жоме масжидларида хатми Қуръон бошланди. Жумладан, бу кеча “Ҳазрати Имом” мажмуасининг ёзги намозгоҳида ҳам таровеҳ намози ўқилди. Масжид ҳовлисига аста-секин қўллари меҳнатда қаварган, кўзлари Рамазон шукуҳи ила чақнаган, юзлари нурли, ёшлари улуғ отахонлар ҳамда таровеҳ намозида Аллоҳнинг муборак каломига соме бўлишни интиқлик билан кутган намозхонлар кириб кела бошладилар. Бир зумда намозгоҳ Қуръон мухлислари билан тўлиб тошди.

Дастлаб, муфтий ҳазратлари муборак Рамазон ойи билан барчани табриклаб, дуолар ижобат бўладиган дамларни ғанимат билиш, юртнинг тинч-осойишталиги хотиржам ибодат қилиш гарови эканини таъкидлаб, яратгандан бу неъматларни янада зиёда қилишини сўраб, дуо қилдилар. Сўнгра таровеҳ намози бошланиб, Каломуллоҳнинг тиловати қалбларга сурур ва фараҳ бахш этди.

Таровеҳ намози ўқиб бўлингач, намозхонлар муфтий ҳазрат билан баралла дуога қўл очиб, Рамазони шарифга етказгани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтишди. Ҳамда Яратгандан юртимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини, халқимиз бунданда фаровон бўлишини сўрашди. Зеро, намоз сўнгида қилинган дуо ва илтижолар мустажобдир.

Раҳмат даҳасининг биринчи туни, таровеҳ намозининг ўттизидан бири орқада қолди. Қуръон мухлислари – намозхонлар бу ойни дақиқ билиб, тилларида истиғфор билан, бирин-кетин уйларига қайта бошладилар. Аллоҳ таоло бу ойни барчамизга муборак, ўйлаганимиздан ҳам баракали қилсин.

4386 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Charm of Taraweeh in the main mosque فضيلة صلاة التراويح »
Top