Фотолавҳалар

Бугун гапириш ва эшитиш қобилиятлари чекланган шахслар учун Диний идора томонидан навбатдаги хайрия тадбири ташкил этилди. Мана шундай кишиларимизни Тошкент вилояти Зангиота тумани “Зангиота” зиёратгоҳига ташрифлари амалга оширилди. Ушбу тадбирда 300 нафарга яқин имконияти чекланган шахслар ва уларнинг оила аъзолари қамраб олинди.
Зиёратчилар бугун эрталабдан Тошкент шаҳридан жамланиб, Зангиота зиёратгоҳи сари йўл олишди. Зиёратчилар учун алоҳида транспорт воситалари, гид ва сурдо таржимони хизматлари жалб этилди.
Имом-хатибларимиз томонидан зиёратчиларга Зангиота мажмуаси тарихи ҳақида маълумотлар берилди. Жумладан, ўз даврида ҳикматга тўла сўзлари ила кишиларни энг тўғри йўлга бошлаб, ўзидан кейин ўчмас из қолдириб кетган зотлар ушбу заминда жуда кўплаб ўтгани, уларнинг ортидан эргашган инсонлар ҳидоят топишгани ҳақида маълумотлар беришди.
Мана шундай зотлардан бири Сулаймон Боқирғонийнинг шогирди ва издоши Занги ота Ҳимматий ҳазратларининг камтарона ҳаёти, кўп кишиларнинг ҳидоят топишида, ахлоқий камолга етишида буюк хизматлари ҳақида гапириш ва эшитиш қобилиятлари чекланган шахсларга имом-домлалар томонидан сурдо таржимони орқали тушунтирилди.
Зиёратчилар учун тушлик вақтида эҳсон дастурхони ёзилди ва якунда Қуръон карим оятларидан тиловат қилиниб, ўтганларнинг руҳи покларига бахшида қилинди.
Гапириш ва эшитиш қобилиятлари чекланган шахслар ташкил этилган мана шундай табаррук жойларга файзли зиёрат ва маърифий суҳбат учун миннатдорлик билдиришди.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3062 марта ўқилди
Top