muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 28 Март 2019 00:00

Илтимос қалбни қотирманг

Шу кунларда атрофдаги ва ижтимоий тармоқларда бўлаётган кўплаб холатлар менда бази саволлар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Бугун қайсики сайт, телеканал ёки ижтимоий тармоққа кўз ташласангиз ҳақорат қилди, сўкди, дўппослади, пичоқлади, ўлдирди каби эшитганда одамни сескантирадиган янгилик, овозли хабар ёки видеороликлар оқимининг гувоҳи бўласиз. Улардан хафсалангиз пир бўлиб бошқасига ўтсангиз одоб, миллий қадриятларни четга суруш тугул иймонингизни заифлаштирадиган турли махсулотлар, шоулар, янгидан янги либос ва кераксиз буюмлар, фахш ва баҳаёликни тарғиб қилувчқи  рекламалар уммонига ғарқ бўласиз. Афсуски, бу “хабарлар”нинг инсонларга фойдасидан кўра кўпроқ зарари тегмоқда. Қандай? Жавоби, қисқа ва лўнда: бу каби янгиликлар, рекламалар ва айниқса аудо-видео махсулотлар инсонларнинг дийдаси қаттиқ, такаббур, кераксиз орзулар оғушидаги тайёр истеъмолчи манқуртга айланишига олиб келади. Хўш бунинг нимаси хатарли? Бу саволга жавобни улуғ аллома ватандошимиз Абу Лайс Самарқандийнинг асарларидан топдик.

Қуйида Абу Лайс Самарқандий ҳазратларининг асарларида келтирилган бази ўгитлар билан яқиндан танишинг. Зеро, бу ўгитлар бугун аксариятимизга сув билан ҳаводек зарур:  

  • Ҳакимларнинг сўзи аҳмоқлар учун эрмак, овунчоқдир ва аҳмоқларнинг сўзи ҳакимлар учун ибратдир. 
  • Хатоларнинг оналари уч нарсадир: ҳасад, ҳирс ва кибр. Кибрнинг асли иблисдандир. У такаббурлик қилган вақтда сажда қилмоқдан бош тортди. Сўнгра лаънатланди. Аммо ҳирс Одам алайҳиссаломдан эди. Унга айтилган эди: «Жаннатнинг ҳаммаси сенга ижозатдир, фақат бу дарахтга яқинлашма». Уни ҳирс кўтариб, дарахт мевасидан емоқликка ундади ва жаннатдан ҳайдатди. Ҳасаднинг асли Одамнинг ўғли Қобилдан эди. Укасини ўлдирган вақтда кофирга айланди ва унинг жойи абадий дўзах бўлди. 
  • Ким орзуларни камайтирса, қисқа қилса, Аллоҳ таоло тўрт хил кароматлар билан ҳурмат қилади;

Биринчиси, тоатда кучли қилади. Чунки банда яқинда ўлимини билса, унга юзланадиган нохуш нарсаларга аҳамият бермайди. Тоатларда кўп ҳаракат қилади ва амалларни кўпайтиради.

Иккинчиси, ғамларини камайтиради, чунки яқинда ўлишини билса, рўбарў келган кароҳиятларни ўлим санамайди.

Учинчиси, ози билан рози бўлади. Чунки яқинда ўлимини билса, кўп нарсани талаб қилмайди. Унинг ғами фақат охират ғами бўлади.

Тўртинчиси, унинг қалбини нурли қилади. 

  • Қалбинг нури тўрт нарсадир: Биринчиси, оч қорин (рўза). Иккинчиси, солиҳ дўст. Учинчиси, ўтган гуноҳларни эслаш. Тўртинчиси, қисқа орзу.

Албатта, кимки орзуни кўп қилса, тўрт нарса билан азобланади. Биринчиси, итоатлардан дангаса бўлади. Иккинчиси, дунёда ғамлари кўпаяди. Учинчиси, мол йиғишга ҳарис бўлади. Тўртинчиси, қалби қаттиқ бўлади. 

  • Қалбнинг қаттиқ бўлиши тўрт нарсадан:

Биринчиси, тўлиб қолган қорин.

Иккинчиси, ёмон дўстнинг суҳбати.

Учинчиси, ўтган гуноҳларни унутиш.

Тўртинчиси, узун орзулар.

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Ҳозирги кунда мактаб кутубхоналари давлатимиз томонидан анчайин бойитилмоқда. Шубҳасиз, китоблар ўқувчилар тарбияси, хулқ-атвори учун энг зарурий манба бўлади. Зеро, муборак динимизни тўғри ўрганган ҳар бир ёш йигит-қиз руҳий баркамол, маънавий баркамол инсон бўлиб етишади.
Мана шундай мақсадларни кўзлаган давлатимиз Раҳбари томонларидан китобхонлик маданиятини ошириш ва китоб мутолаасини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу хайрли ишнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаган имом-хатиблар томонидан билим юртларига китоблар совға қилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти Бўз тумани бош имом-хатиби Абдулаҳад домла Тожибоев томонидан ўзи таълим олган мактабнинг ахборот ресурс марказига ўзининг шахсий кутубхонасидаги адабиётлардан туҳфа этди. Ўқитувчилар ушбу китобларни севиб мутолаа қилишларини изҳор қилишди.
Имом-хатиблар томонидан китоблар совға қилиш давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Президент ташаббусини ўзига шарафли бурч деб билган Тошкент шаҳри Чилонзор тумани бош имом-хатиби ва “Катта Қозиробод” жоме масжиди имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов ўзи таълим олган мактабнинг ахборот-ресурс марказига ўзининг шахсий кутубхонасидан китоблар совға қилди. Тақдим этилган адабиётлар орасида диний-маърифий ва илмий-оммабоп китоблар борлигини алоҳида таъкидлаш керак.
Ушбу китоблар мактаб ўқувчиларининг янада чуқур билим олиши, дунёқараши кенгайтиши, маънавиятини ривожланишга катта ҳисса қўшади. Инсоннинг маънавий улғайишида китоб муҳим аҳамият касб этади. Фарзандларимиз қалбида китобга нисбатан меҳр-муҳаббатни янада кучайтириш, уларда мутолаага бўлган иштиёқни оширишимиз лозим.
Ҳақиқатдан ҳам, ўсиб-униб келаётган йигит-қизлар жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, маълум бир ютуқларга эришган кишиларга ҳавас қилади, уларга ўхшашга интилади, ортидан эргашади. Улар томонидан совға қилинган китоблар албатта ўқилади, асраб-авайланади, қадрли совға саналади.
Барчани шундай савобли ишда фаол иштирок этишга даъват этамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган китобхонлик маданияти ва мутолаасини ошириш ташаббус энг аввало, ўсиб келаётган ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш, уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.
Шундай савобли ишларга ҳисса қўшишни ўзига шиор қилган Бухоро вилояти Бухоро шаҳридаги Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мудири Жамол домла Мавлянов ўзи ўқиган Бухоро шаҳар 17-ўрта таълим мактабига бадиий ва илмий китоблар жамланмасини ҳадя қилди.
Биз фарзандларимизни китоб мутолаасига жалб этиш орқали уларнинг фикрлаш доирасини кенгайтирамиз ҳамда келажаги порлоқ бўлишига замин яратамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Президентимиз ташаббуслари ўлароқ барча ташкилот раҳбарлари ўзлари таълим олган ўрта мактабларга китоблар ҳадя қилмоқдалар. Ана шу хайрли ташаббусдан руҳланган юртимиздаги барча жоме масжидларининг имом-хатиблари, диний таълим муассасаларининг раҳбарлари ўзлари таҳсил олган мактабларга диний-маърифий мазмундаги китобларни ҳадя қилишда фаоллик кўрсатмоқдалар.
Сурхондарё вилояти Узун туманидаги “Домулло Айниддин” жоме масжиди имом-хатиби Ҳасанов Нуруллоҳ ушбу тумандаги 4-мактабга диний-маърифий ва бадиий китоблар ҳадя қилди.
Шунингдек, ушбу тумандаги “Миён Ҳомиддин” ҳожи жоме масжиди имом-хатиби Мўминов Ўктам тумандаги 7-мактабга китоб ҳадя этди.
Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз ва барчани унда иштирок этишга даъват этамиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top