muslim.uz

muslim.uz

Ижтимоий тармоқларни кузатар экансиз, мусулмонларнинг ачинарли ҳолини кўриб ич-ичингиз эзилиб кетади. Қаерга қараманг, арзимас айб билан бир-бирига қора чаплаган, обрўсини тўккан, сирини ошкор этган, кимнингдир устидан кимгадир ёки қаергадир арз қилган ва ҳоказо мусулмончиликка мутлақо зид иллатлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида шундай деган эканлар: “Мўминлар ўзаро муҳаббат, раҳм-шафқат ва меҳрибонликда мисоли бир жасаддир! Жасаднинг бир аъзоси дарддан шикоят қилса бошқа аъзолар ҳам уйқусизлик ва иситма билан унга қўшилиб кетишадику…”

Боши ёрилган одамнинг боши эмас кўзи ёш тўкади! Юзга йўналган муштга қўл қарши чиқади! Кўзга сочилган қумга киприк қалқон бўлади! Мусулмонлар ҳам худди шундай бўлиши керак. Бир-бирини ҳамиша асраб авайлаб, дардига шерик бўлиши керак.

Саҳобалардан Абу Дардо розияллоҳу анҳу Мадина даврида Бадр жангидан кейин Исломга кирган бўлсада, қисқа фурсат ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жуда кўп нарса ўрганади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврида Абу Дардо розияллоҳу анҳуни Дамашққа таълим ишларига бошлиқ қилиб юборади. Мадиналик Абу Дардо розияллоҳу анҳу Дамашқ кўчаларида айланиб юраркан, тўпланиб турган бир тўда одамларни кўрди. Қараса бир жиноятчини ушлаб олиб ҳар томондан уриб, сўкиб, тепиб азоб беришяпти. Абу Дардо розияллоҳу анҳу: Нима гап? –деди. Оломон ҳалиги одамнинг қилган гуноҳини айтдида яна уни жазолашда давом этди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу уларни тўхтатди ва уларга қараб: “Агар шу одам қудуққа тушиб кетса, чиқариб олармидингиз ёки устидан сув қуйиб чўктирармидингиз?” – деди. Одамлар: “Чиқариб олардик, нега сўраяпсиз?” — дейишди. Абу Дардо: “Ундай бўлса буни ҳам уриб сўкишни бас қилинглар. Балки унга насиҳат қилинглар, хатосини англашига кўмаклашинглар. Унинг ўрнига сизларни тушириб қўймаган Аллоҳга ҳамд айтинглар” — деди. Оломон: “Эй Абу Дардо, сиз бу одамни ёмон кўрмайсизми?”— деб таажжубланди. Шунда Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Мен унинг ўзини эмас, қилган гуноҳини ёмон кўраман. Агар тавба қилса, у менинг биродаримдир!”— деди.

Бу гап ўша ерда турган барчага сабоқ бўлди. Ундан тегишли хулосани эса биринчи бўлиб ҳалиги жиноятчи чиқарди. Дарҳол тавба қилиб, қилмишидан афсусда эканини ошкор айтди. Азизлар, мана айбдорни йўлга солишнинг энг осон йўли. Айбдорни уриб сўкишдан, камситиб таҳқирлашдан асло фойда йўқ. Биз қачонки бир тану бир жон бўлсак, яқинларимизнинг дардига шерик бўлсак, хато ва камчиликларни биргалашиб бартараф этиш ҳақида бош қотирсак нур устига нур бўлади.

 

Фурқат ФАЙЗУЛЛАЕВ
Сирдарё вилояти Сардоба тумани

«Янги қишлоқ» жоме масжиди имом-хатиби

Малайзиялик дастурчилар томонидан ишлаб чиқилган “Ҳалол” браузери орқали сайтлардаги контентни фильтр қилиш имконияти пайдо бўлди. Ушбу браузернинг SalamWeb номли иловасида исломий одоб-ахлоққа тўғри келмайдиган, турли ҳақоратли контентларни блоклаш учун бир қанча фильтр қилиш воситалари мавжуд. Мисол учун, браузер фаҳш тарғиб қилувчи ва қимор уйинларига ихтисослашган сайтларни умуман кўрсатмайди.

“Bloomberg”нинг хабар беришича, браузер намоз вақтларини ҳам кўрсатиб туради. Ҳозирда янги илова, асосан Малайзия ва Индонезия мамлакатларида истиқомат қилувчи мусулмонларга мўлжалланган. Бироқ компания яқин келажакда иловасини дунёнинг 10 фоиз мусулмонлари орасида тарқатишни режалаштирган. Бу ҳақда Ислом.уз сайти хабар берди.

“Биз интернетни яхшироқ қилишни истаймиз. У яхши ва ёмон қисмларга бўлинади. Бизнинг браузеримиз эса фақат яхши интернет учун ойна очиб беради”, дейди Salam Web Technologies вакили Ҳасни Зарина.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

iqna агентлигининг маълумотларига кўра, Миср Араб Республикасида яшовчи 76 ёшли аёл Қуръондан 30 нусха қўлёзма кўчирди.

Зайнаб Абдул-Ғани Муҳаммад Хусайн исмли аёл ал Мино вилоятидаги қишлоқларнинг бирида яшайди. Бошланғич мактабни тамомлаган аёл етти йил давомида қўлда 30 нусхаджа Қуръони карим кўчирмаларини ёзиб чиқишга муваффақ бўлди.

Ўзининг айтишича, унинг беш ўғли ва икки қизи бўлиб, отаси Қуръони карим ҳофизи бўлган. У Қуръоннинг 24 жузини ёдлашга улгурган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуди куни муносабати билан хотира тадбирлари ўтказилмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 январь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди эди. У мамлакатимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклаган. Оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда юртимизни жадал ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирган.

Биринчи Президентимиз ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирган. Нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ислом Каримов хотирасига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди. Тошкент давлат техника университети, Асака шаҳридаги автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, Тошкент халқаро аэропорти, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидаги кўчаларга Ислом Каримов номи берилди. Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида буюк Йўлбошчимизнинг ҳайкали ўрнатилди.

Биринчи Президентимиз дафн қилинган Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуаси ёнида улуғвор мақбара бунёд этилди. Бу ёдгорлик юртдошларимиз қадами узилмайдиган муқаддас зиёратгоҳга, ёшлар учун катта тарбия масканига айланди.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам ушбу тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ҳамроҳлик қилди. Қуръон тиловат қилинди.

Давлатимиз раҳбари ёдгорлик мажмуасини сақлаш, атрофини ободонлаштириш, зиёратчиларга қўшимча қулайликлар яратиш зарурлигини таъкидлади.

Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида эҳсон оши берилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар, ёшлар иштирок этди.

Шу куни Самарқанд вилояти жамоатчилиги Регистон майдони яқинида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Қарши шаҳрида ҳам буюк Йўлбошчимиз ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Пойтахтимиз ва вилоятларда Биринчи Президентимиз таваллуд кунига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top