muslim.uz

muslim.uz

Бирлашган Араб Амирликларида фаолият олиб борувчи адвокат мамлакатда ёш оилаларнинг ажримларига тушунарсиз ва мантиқсиз бўлган ҳолатлар сабаб бўлаётганидан ташвишда эканини билдириб ўтган.

Ажрашиш учун ариза ёзган ёшларнинг ажрим учун келтираётган сабаблари адвокат Ҳасан ал Марзукини қийин аҳволга солиб қўйди. Марзукининг айтишича, яқинда бир аёл ўз эри билан никоҳ ўқилганидан сўнг ҳеч қанча ўтмасдан ажрашган. Бунга сабаб сифатида тўй маросимининг ўтказилиш жойи унинг розилигисиз ўзгартирилгани бўлган. Бу ҳақда Al Bayan нашри хабар берди.

Бошқа бир ҳолатда амирликлар фуқароси бўлган аёл ажрим учун аризани турмуш ўртоғи унинг таваллуд айёми кунини ҳамда тўйлари бўлган санани бир неча бор унутиб қўйгани учун судга тақдим этган.

Ҳуқуқшуноснинг айтишича, оила билан боғлиқ қадриятларнинг ёшлар томонидан тушунилмаслиги бу сингари ўйланмасдан амалга оширилаётган ажримларга сабаб бўлмоқда.

Шу сингари ҳолатларни инобатга олган ҳолда Марзуки ҳукуматга турмуш қураётганлар учун никоҳдан олдинги ўқув курсларига жалб қилишни таклиф қилмоқда. Курсларда оила масъулияти ва қийинчиликларига тайёрлаш йўлга қўйилиши зарур деб ҳисоблайди адвокат.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 3 декабрь куни Татаристон мусулмонлари диний идораси Президиумининг навбатдаги йиғилиши ташкил этилди. Унда Татаристон муфтийси Комил Самигуллин, унинг ўринбосарлари, Татаристон қозиси Жалил Фазлиев, Оқсоқоллар кенгаши раиси Айрат Аюпов, ижтимоий масалалар бўйича муфтий маслаҳатчиси Илдар Баязитов ва Президиум аъзоси бўлган туман имомлари иштирок этди.

Йиғилишда келгуси йил режаларини келишиб олиш учун ТМДИ ялпи пленумини ўтказиш санасига аниқлик киритиш ҳамда Имомларни аттестациядан ўтказиш тўғрисида"ги низомга ўзгартириш киритиш кўзда тутилган эди.

Йиғилишда 2019 йилни номлаш масаласи ҳам кўриб чиқилиб, Президиум аъзолари бир қатор таклифларни билдиришган. Жумладан, “Оналик ва оила йили”, “Татар имомлари йили”, “Суннат ва ҳамкорлик йили", "Хайрия йили” сингари номлар таклиф этилган.

Бироқ Шайхулсилом Ҳамидий ва Мурод Рамзий сингари бир қатор уламолар ва муфассирлар, Россиянинг биринчи қозияси Мухлиса Бибининг таваллуд юбилейи муносабати билан 2019 йилга “Тафсир йили” деб ном бериш таклиф этилди ҳамда бу қарор мақулланди.

Татаристон муфтийлиги томонидан келгуси йилда Қуръони Каримнинг рус ва татар тилларидаги тафсирларини чоп қилиш режалаштирилганини қайд этиш ўринли.

Бундан ташқари, уч даражали Маржоний ордени ва "Бирлик" медали билан диний соҳа ходимларини тақдирлаш масаласи ҳам кўриб чиқилиди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

“Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш ҳафталиги” ҳамда Республикамиз Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан 3 декабр куни “Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юртида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – соф эътиқод эркинлиги асоси” мавзусида” тадбир ўтказилди. Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Тошкент давлат юридик университети “Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви” кафедраси катта ўқитувчиси Бекзод Нариманов ва Ёшлар иттифоқи ҳузуридаги Ёш ҳуқуқшунослар кенгаши бўлим бошлиғи Бахром Жумаев таклиф этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномовга берилди. И.Иномов бу байрамона кун билан барчани табриклади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларинингсалом ва табрикларини етказди. Мавзу юзасидан ўзларининг фикр мулоҳазаларини билдириб ўтди. Шундан сўнг тадбирнинг асосий қисмида Тошкент давлат юридик университети “Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви” кафедраси катта ўқитувчиси Бекзод Нариманов нутқ сўзлади.

Тадбир қизғин баҳс-мунозаралар билан давом этди. Талабаларнинг мавзуга доир ва ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан берган саволларига ташриф буюрган мутахассислар аниқ ва кенг қамровли тушунчалар берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ижтимоий-иқтисодий ҳолатини янада яхшилаш мақсадида турли иш ўринлари яратилган меҳнат гузарлар барпо этилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимлари ҳам аҳоли бандлиги масаласида ҳомийларни жалб этган ҳолда бир қатор амалий лойиҳаларни йўлга қўймоқда.

Шундай савобли ишлардан бири Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги "Хожа Алоуддин Аттор" жоме масжиди имом-хатиби ташаббуси билан амалга оширилди. Масжидга тегишли ер майдонида ҳомийлар ёрдамида замонавий иншоотлар қуриб фойдаланишга топширилди.

Янги замонавий маъмурият биноси, маҳалла аҳли учун савдо дўкони ва маҳалла ёшларини иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида 10-15 киши ишлайдиган, барча шароитлари бўлган тикувчилик цехи очилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Среда, 05 Декабрь 2018 00:00

Буни қила оласиз

Юртимизга қиш фасли келиб, ҳаво совий бошлаши билан хонадонларни иститиш масаласи ўртага чиқади.

Ҳамманинг фикри-ёди қишдан эсон-омон чиқиб олиш, шамолламаслик, совуқ қотмаслик бўлиб қолади.

Айниқса, кекса отахону онахонлар, чақалоқлар истиқомат қиладиган хонадонларда бу нарса анча муҳим ҳисобланади.

Қаранг, дўстим, ён қўшнингиз уйини иситиш борасида қўли калталик қиляпти. Уйида гази йўқ. Ўтин ёқиб иситиладиган печкасига эса ўтин керак. Ўтин олишга моддий имконияти етмайди. Унинг устига ёш боласи ҳам бор. Совуқ уйда қийналиб ўтиришибди. Сизда эса бир машина ёки бир арава ўтин олиб беришга маблағингиз бор. Фақат сизда ўша ўтинни олиб беришга хоҳиш, ҳиммат бўлса бас.

Агар шу масалада ёрдам берсангиз, қўшнингиз иссиқ уйда ўтиради. Чақалоғи шамолламайди. Болалари хурсанд бўлади. Ҳаққингизга хонадон аҳли дуо қилишади. Биласизми, иссиқ уйда ўйнаб ўтирган болакайнинг юзидаги табассуми, миннатдорлиги, кўзларидаги қувончи сизнинг кўп ажру савоб олишингизга сабаб бўлади.

Ҳадиси шарифлардан бирида “Фарз амаллардан кейин Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритишдир” дейилган.

Тасаввур қиляпсизми, сиз фарз амаллардан кейинги ўринда турувчи энг буюк ишни, Аллоҳ таолога ёқадиган ишни амалга оширган бўласиз.

Аллоҳ таоло мўмин бандасининг қалбини шодликка тўлдирган кишини қуруқ қўймайди.    

Яна бир ҳадисда “Модомики банда биродарига ёрдам бериш ҳаракатида юрар экан, Аллоҳ таоло ҳам ўша бандасига ёрдам беради” дейилган.

Ҳа, Аллоҳ таоло сизга ёрдам беради. Чунки сиз қўшнингизнинг оғирини енгил қилишга, уйини иссиқлик ва нурга тўлдиришга уриняпсиз.

Бир ҳолатни тасаввур қилиб кўринг: сиз иссиқ уйингизда ўтирибсиз, шу уйда ухламоқчисиз, аммо ён қўшнингиз совуқ уйда қалтираб ўтирибди, бечора чарчаган бўлса ҳам совуқнинг таъсирида ухлолмаяпти. Шундай вазиятда сизнинг кўзингизга уйқу келадими?! Келмайди, тўғрими? Ахир сиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ён қўшниси очлигини била туриб, қорни тўқ ҳолда тунаган киши менга иймон келтирмабди” деган ҳадисларини яхши билганингиз учун қўшнингиз оч бўла туриб ўзингиз тўқ ҳолда, қўшнингизнинг уйи совуқ бўла туриб, сиз иссиқ уйда бемалол ухлолмайсиз. Бунга виждонингиз йўл қўймайди.

Ўтмишда ўтган солиҳ инсонлар қўшниларидан хабар олиб, уларнинг ҳожатларини раво қилишга шошардилар.

Қадрдоним! Биз бир диндош биродаримиз, қўшнимизнинг кўнглини кўтара оламиз. Бу иш қўлимиздан келади. Қиш кунларида қўлимиздан келганича шу ишларни бажариб, улкан савобларни қўлга киритиш пайидан бўлайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни қўшнисига яхшилик қиладиганлардан айласин!

 

 

Нозимжон Иминжонов

Top