muslim.uz

muslim.uz

11 ноябрь куни Юртимизда меҳмон бўлиб турган “Нақшбанд туризм фестивали – 2018” қатнашчилари Бухорои шарифдаги саёҳатларини якунлаб, Самарқандга етиб келдилар. Меҳмонлар вилоят ҳокимлиги, вилоят ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги мутасадди ходимлари, ''Ўзбектуризм'' Самарқанд минтақавий бўлими ходимлари томонидан муносиб кутиб олинди.

Дунёнинг 18 давлатидан келган 150 дан зиёд нақшбандий тариқати вакиллари Самарқанд бўйлаб саёҳатларини Имом Бухорий мажмуаси зиёрати билан бошладилар. Зиёрат асносида қизиқарли суҳбатлар бўлди. Мажмуа меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Шундан сўнг Хўжа Аҳрори Валий зиёратгоҳи ва Регистон мажмуаси зиёрат қилинди. Айниқса Регистон мажмуасидаги Тиллоқори мадрасаси меҳмонларда ўзгача таассурот қолдирди.

Гид таржимонлар томонидан зиёрат қилинган ҳудудлар тарихи, мустақиллик йиллари давомида кўрсатилган эътиборлар ҳақида атрофлича маълумотлар бериб борилди.

Фестивал Ўзбекистонда Малайзиянинг “Умумжаҳон Сўфийлар ташкилоти” ташаббуси билан “Hilal travel” сайёҳлик ташкилоти ҳамкорлигида ҳамда бевосита Вазирлар Маҳкамаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, шунингдек Ташқи ишлар вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида ташкил этилмоқда.

Фестивалга Малайзия, Индонезия, Туркия, Буюк Британия, Янги Зеландия, Хитой, Ҳиндистон, Австралия, АҚШ, Замбия ва бошқа мамлакатлардан меҳмонлар ташриф буюрган.

Самарқанд зиёрати 12 ноябрда ҳам давом этади.

 

2021 йилда Ахсикент шаҳрининг 2300 йиллигини ўтказиш юзасидан ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига таклиф берилди. Бу ҳақда Ахсикент археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси директори Тоҳиржон Қозоқов “Ўзбек давлатчилиги тарихида Ахсикент шаҳрининг ўрни” мавзусидаги халқаро анжуманда маълум қилди.

“Дирекция ўтган йил декабрда ташкил этилган бўлса, шу кунгача 3 та халқаро анжуман, 20 дан ортиқ илмий экспедиция уюштирдик. 100 га яқин маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик шартномаси имзоланди, — дейди Тоҳиржон Қозоқов. – “Ахси — Фарғона шаҳарларининг онаси”, “Ибрат ўрганган Ахси”, “Ахсикент туристлари ва зиёратчилари учун йўл кўрсаткич”, “Ахсикент вайроналари” каби 9 та китоб ва тўплам чоп этилди. Энг асосийси, ЮНЕСКОга 2021 йилда Ахсикент шаҳрининг 2300 йиллигини ўтказиш юзасидан таклиф берилди”.

Турон24 нашрининг қайд этишича, Халқаро анжуманда “Келажакдаги Ахсикент” мавзусидаги маъруза билан иштирок этган KOICA вакили Чон Жин Ёнг Ахсикентни ўрганиш ва дунёга танитишда Жанубий Кореянинг Кёнджу тарихий шаҳри тажрибаси асқотиши мумкинлигини айтган.

Чон Жин Ёнгнинг қўшимча қилишича, Кёнджу тарихий шаҳрига Жанубий Корея томонидан берилган эътибор ва маблағ туфайли ҳудуд вайроналари таъмирланган. Ундаги 3 та объект ЮНЕСКО рўйхатига киритилиб, жаҳон миқёсида оммалаштирилди. Ҳозирда бу шаҳарга ҳар йили 15 миллион сайёҳ келади.

Тадбир давомида Япония тарих институти тадқиқотчиси Шун Такакуранинг “Ахсикент ва олтин бешик ривояти”, Бенжамин Арестиннинг (АҚШ) “Ахсикент тарихий даврларда” каби маърузалари тингланди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 12 Ноябрь 2018 00:00

Ростгўйлик гўзал фазилатдир

Тўғри сўзлик ҳар қандай ҳолатда ҳам гапнинг ростини айтиш, тўғри гувоҳлик бериш мусулмон аҳлоқининг энг зарур сифатларидан биридир. Аллоҳ таоло тўғри сўз, ҳаққоний сўзлайдиган бандаларни даражасини кўтариб, уларни мақтайди. Аксинча ёлғон сўзлайдиган ёлғон гувоҳлик берадиган кимсаларни қаттиқ қоралайди.

Аллоҳ Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва рост сўзланглар. Шунда Аллоҳ ишларингизни ўнглайди ва гуноҳларингизни мағфират этади. Ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, демак у улуғ ютуққа эришибди”. (Аҳзоб сураси, 70-71-оятлар)

Гапга ёлғон-яширинни қўшиб гапириш, ҳақиқатни яшириб, бошқаларга зулм кўрсатиш энг қабиҳ иллатлардандир. Бундайларга қарата Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Ҳақни ботил билан аралаштирманг ҳамда била туриб ҳақиқатни яширманг”. (Бақара сураси 42-оят)

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Гуноҳларга пушаймонда, надоматда бўлиш – айни тавбадир”. (Имом Аҳмад ва имом ибн Можа ривояти).

Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилади: “Ҳар бир одам боласи хатокор ва хотокорларнинг энг яхшиси Аллоҳга тавба қилиб, истиғфор айтгувчилардир”. (Имом Термизий, Имом Ахмад ва имом ибн Можа ривояти).

Аллоҳ таоло сени тавба қилишга муваффақ қилиши, тавбангни қабул бўлганидан далолатдир.

Аллоҳ таоло ҳар биримизни гуноҳларимизга тавба қилиб улгуришимизни насиб қилсин, Аллоҳ таоло марҳаматли ва раҳмли Зотдир.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Ойбек Маърупов

Қрим мусулмонлар идораси онлайн Қуръон курси бошланиши ҳақида маълум қилди. Ушбу курс 24 машғулотдан иборат бўлиб, уч ой мобайнида давом этиши айтилган.

Курсда араб алифбоси ва тажвид қоидалари ўргатилади, “Фотиҳа”, “Ихлос”, “Фалақ”, “Нос” ва “Кавсар” суралари бўйича амалий машғулот ўтилади ҳамда мазкур сураларнинг тафсири тушунтирилади.

Онлайн дарслар жорий йилнинг 15 ноябридан бошланиши маълум қилинган. Бунбан ташқари дарсларнинг ҳафтада икки марта ўтказилиши қайд этилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2017 йилдан бошлаб етти фандан онлайн дарслар ташкил этилган бўлиб, улар бугунги кунда ҳам давом эттирилмоқда. Дарслар Facebook.com ижтимоий тармоғидаги Muslim.uz порталининг расмий саҳифасида мухлисларга тақдим этилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш мумкинки, онлайн дарсларнинг ўтган сонларини Youtube.com ҳамда itv.uz сайтларида кўриш мумкин.

ЎМИ Матбуот хизмати

Дубай шаҳрида очилган илк замонавий санъат маркази иш бошлади.

“Жамил” санъат маркази ўзида замонавий санъат намуналарини жамлаган. Мазкур музей асосчиси Фади Муҳаммад Жамил мамлакатдаги биринчи замонавий санъат мажмуаси сифатида иш бошлаган нодавлат ташкилотига доир ўз маълумотларини берди. Бу ҳақда Турон24 агентлиги хабар берди.

Бу музей 10 та кўргазма зали, тадқиқот маркази, маданият ва санъат кутубхонаси ҳамда ҳаваскор ва профессионаллар ижод қилишига мўлжалланган ҳудудлардан ташкил топган. Шунингдек, келгусида 17 та араб рассомининг жамоавий кўргазмаси ҳамда “Нефт” деб номланган кўргазмани очиш ниятида эканини билдирган.

Айни пайтда Жамил замонавий санъат марказида Хелен Блуменфельд, Таллин Хазбар, Латифа Саид, Муҳаммад Аҳмад Иброҳим, Давид Нэш ҳамда славян ва татар санъат асарлари жамланган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top