muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 1 ноябрь куни Тошкент шаҳри Чилонзор тумани “Муҳсинхон тўра” жоме масжиди биносининг янгидан бунёд этилиши муносабати билан очилиш маросими бўлиб ўтди.
Юртимиздаги таниқли уламолар, имом-хатиблар ва кўплаб намозхонлар ушбу масжидда пешин намозига жам бўлдилар ва ўзларининг илиқ сўзларини билдирдилар. Сўзга чиққан нотиқлар, мана шундай жомени қайтадан барпо этилиши муҳтарам Президентимиз томонларидан амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг ёрқин намунаси экани, мўмин-мусулмонларга катта туҳфа бўлгани ва шундай гўзал масжидда ибодат қилишдан бахтиёр эканларини изҳор қилишди.
Қурилиш ишларига энг моҳир уста ва муҳандислар жалб этилди. Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишди.
Очилиш маросимига ташриф буюрганлар масжиднинг гўзал шаклда, замонавий услублар ва миллий қадриятларимизни ўзида акс этган биносини кўздан кечириб, ушбу масжид мусулмонлар учун мўътабар маскан сифатида хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб, хайрли дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

“...Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир”.

 (“Иброҳим” сураси, 34-оят)

Уйқу, ҳаётимизда биз учун сув ва ҳаводек жуда ҳам зарур омиллардан бири. Уйқусиз яшашни тасаввур қилиш қийин. Меъёридаги уйқу биз учун фойдали бўлиши билан бирга Яратганнинг улуғ неъматларидан бири ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Ўз каломида мазкур неъмат ҳақида шундай марҳамат қилади:

“Уйқуларингизни (баданларингиз ва асабларингиз учун) ором қилдик”. (Наба сураси, 9)

“У сиз учун кечани либос, уйқуни истироҳат қилган ва кундузни тирилиш (замони) қилган Зотдир”. (Фурқон сураси, 47)

Агар ушбу неъмат тирик мавжудодларга берилмаганда нима содир бўлар эди? Замонавий илм-фан айнан шу саволга жовоб излаш натижасида бир нечта тадқиқотлар ўтказишган ва қуйидагича хулосавий фикрларни баён этишган.

Уйқу — одам ва ҳайвонларда даврий юз берадиган физиологик ҳолат. Бунда физиологик жараёнлар бир қадар секинлашади ва тананинг, масалан марказий нерв системасининг иш қобилияти тикланиши учун энг яхши шароитлар яратилади. Уйқу ҳар бир инсоннинг зарур ҳаётий эҳтиёжидир. Инсон ҳаётининг учдан бири қисми ҳар кеча-кундузда даврий кузатиладиган уйқу ҳолатида ўтади.

Уйқу вақтида мускуллар тонуси сусаяди (уйқудаги одамнинг кўп мускуллари бўшашган бўлади), сезувчанликнинг барча турлари — кўриш, эшитиш, таъм билиш, ҳид сезиш, тери сезувчанлиги кескин сусаяди. Шартсиз ва шартли рефлекслар тормозланади. Қаттиқ уйқуда нафас уйғоқликдагига нисбатан анча чуқур, юрак уриши секин, артериал қон босими, тўқималарга қон келиши, моддалар алмашинуви, тана ҳарорати паст бўлади. Буларнинг барчаси уйқу ҳолатида мия билан бир қаторда ҳужайралар ва тўқималар ҳаёт фаолиятини таъминловчи барча ички аъзоларнинг ҳам «дам» олишидан далолат беради. Бу ҳолат эса тана ҳаётий фаолиятини таъминлайди.

Замонавий тиббиёт тасаввурларига кўра, уйқу фақат дам олиш эмас, балки кун бўйи олинган турли ахборотни қайта ишлаш ва эртаси кун яна ахборот қабул қилишга тайёргарлик жараёнидир.

Мазкур неъмат инсон ҳаёти учун сув билан ҳаводек зарур. Агар биз бу неъматдан мосуво бўлсак қандай жараён рўй беради? Шифокорларнинг таъкидлашларича ухлай олмаслик кучли бош оғриғига, онг чалкашлигига, ҳушдан кетишга ва галлютсинацияга сабаб бўлади. Уйқусизликнинг организмга таъсирини ўрганиш бўйича ўтказилган замонавий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бироз уйқу етишмаслигида ҳам бош мия фаолияти бузилади, бу эса сезги, фикрлаш ва мантиқий мулоҳазалар қилиш қобилиятига таъсир кўрсатади.

Олимларнинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики узоқ давом этадиган уйқусизлик натижасида организмда 

  • Хотира сусайиши
  • Иш қобилиятининг йўқолиши
  • Руҳий хасталиклар
  • Инсулт
  • Қандли диабет (биологларнинг тажриба воситасида исбот қилишича, уйқуга эътиборсизлик инсон организмининг глюкозани ўзлаштириш қобилиятини сусайтиради) каби бир қатор хасталикларни вужудга келишига сабаб бўлиши мумкин.

Сурункали уйқусизликнинг энг хавфли жихати. Маълум бўлишича, тунги уйқу инсон танасининг турли ўсимталар пайдо бўлишига қарши табиий курашувчанлигини таъминлайди. Аниқроқ айтганда, кунига 6 соатдан камроқ ухлайдиганлар саратон касаллигига чалинишга мойилроқ бўлар экан. Албатта, хавфли касалликнинг пайдо бўлиши фақат уйқуга боғлиқ эмас. Аммо, уйқусизлик бу хасталик бошланишига айнан туртки бериши мумкин.

Бандаларига ўзларидан ҳам, ота-оналари ҳам минг чандон Меҳрибон бўлган, улар учун турли неъматларни ато этган Зот, Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин! 

Саидаброр УМАРОВ

ЎМИ матбуот хизмати

Четверг, 01 Ноябрь 2018 00:00

Маҳмуд Замаҳшарий ҳикматлар

  1. Ёки илмли бўл, ёки илмга таяниб иш тутадиган бўл, лоақал илмни тинглаб эшитадиган бўл, аммо тўртинчиси бўлма, чунки касодга учраб ҳалок бўласан.
  2. Ёмон фикр соҳиблари ҳам, куфрони неъмат қилувчилар ҳам ёввойи қобонлар мисоли Аллоҳ таолонинг мағфиратидан йироқдирлар.
  3. Одамнинг умри аввалида қилган ишлари умрининг охиридаги ишларига ҳам далолатдир.
  4. Аллоҳ таолодан астойдил илтижо билан ўтиниб сўраган кимсанинг нидоси сира ноумид қолмайди.
  5. Сув йўллари ирмоқлари билан бўлгани каби шариатнинг тўғри қонун-қоидалари Пайғамбар алайҳиссалом таълимотлари биландир.
  6. Уруғликни ҳам, пўчоқни ҳам, нияту орзуларни ҳам, муҳаббату фироқни ҳам яратувчи Аллоҳ таолодир.
  7. Сен залолат тўлқинига ўзингни уриб сузсанг, сени фақат кўп тоат-ибодат ва тасбеҳлар қутқаради.

Саидаброр УМАРОВ таййёрлади

Туркистон вилоятининг Отирар тумани Шаулдер қишлоғида 1000 кишилик масжид қурилди. muftyat.kz нашрининг хабар беришича масжиднинг очилиш маросимида Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси Серикбай ҳожи Ўраз иштирок этган.

Бош муфтий Серикбай ҳожи Ўраз «Есен ана» масжидининг очилиш маросимида йиғилганларни табриклаб, масжидга Муқаддас Қуръони каримни совға қилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Озарбайжоннинг ITV телеканали Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари, тарихи ва маданияти ҳамда тарихий обидалари жойлашган қадимий Тошкент, Самарқанд, Хива ва Бухоро ҳақида ҳақида кўрсатувларни намойиш этди.

Кўрсатувда ўзбек халқи ҳаёти, маданияти, санъати, миллий кийимлари, миллий таомлари ҳақида маълумотлар берилган.
Телекўрсатув бошловчилари исломий қадамжолар, тарихий ёдгорликлар ҳақида сўзлаб, озарбайжонликларни Ўзбекистонга саёҳат қилишга чақирган.

ITV (İctimai Televiziya) телерадиокомпанияси Озарбайжоннинг рейтинги баланд канали ҳисобланади ҳамда у миллий тилда намойиш этилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top