muslim.uz

muslim.uz

2018 йил 24 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 10 сентябрдаги 01/А092-сонли буйруғига асосан Самарқанд вилояти вакиллиги мажлислар залида «Энг маърифатли имом» кўрик танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Танлов Қуръони карим тиловати билан бошланди. Вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов томонидан танловнинг моҳияти, имомлар фаолиятидаги ижобий таъсирлари ҳақида сўз юритди. Шундан сўнг тадбирни бошлашга рухсат берилди.

Вилоятнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган имом-хатиб ва имом ноибларидан иборат 16 нафар иштирокчи тафсир, тажвид, ақоид, фиқҳ илмларидан ва имомлик фаолиятига оид берилган саволлар асосида беллашдилар.

Якунда ҳакамлар ҳайъати хулосаси билан:

Биринчи ўринга Қўшработ туман "Домла Омонулла Охун" жоме масжиди имом хатиби Абиев Ғани муносиб деб топилди ва ушбу иштирокчи танловнинг Республика босқичига иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.

Иккинчи ўринга Наробод туман бош имоми ҳамда "Баҳоуддин нақшбанд" жоме масжиди имом хатиби Равшанов Рафаэл лойиқ кўрилди.

Учинчи ўринни эса Ургут туман, "Аҳмад Яссавий" жоме масжиди имом ноиби Қораев Аминжон эгаллади.

Ғолиблар махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шундан сўнг йил давомида самарали фаолият кўрсатган ва ўзининг ибратли жиҳатлари билан намуна бўлган қатор имом хатиблар, имом ноиблари, масжид ходимлари қуйидаги номинациялар бўйича тақдирландилар:

“Энг кўп обуна уюштирган имом”

– Пастдарғом тумани “Нурилислом” жоме масжиди имом хатиби Назаров Озод

“Энг кўп мақола нашр этган имом”

– “Исломобод” жоме масжиди имом хатиби Хайрулла Саттаров

Энг обод масжид”

– Самарқанд шаҳар “Хўжа Исҳоқи Вали” жоме масжиди

Энг тарғиботчи имом”

– Иштихон тумани “Иштихон” жоме масжиди имом хатиби  Яхшиликов Абдулҳамид

Энг таъсирли ижодий иш”

– Пайариқ тумани “Соғиш ота” жоме масжиди имом-хатиби Нодир Қобилов

“Энг хушовоз муаззин”

– Каттақўрғон шаҳар “Қори Муҳаммадрасул” жоме масжиди муаззини Маруфов Баён

“Энг ишбилармон мутавалли”

– Жомбой тумани “Исломобод” жоме масжиди мутаваллиси Мирзабеков Рустам

“Энг миришкор боғбон”

– Булунғур тумани “Кичик килдон” жоме масжиди имом хатиби Қодирқулов Фахриддин

“Энг намунали таҳоратхона”

– Самарқанд тумани “Имоми Аъзам” жоме масжиди таҳоратхонаси

“Энг замонавий қаровулхона”

– Пахтачи тумани “Халифа ота” жоме масжиди қоровулхонаси

“Энг бой кутубхона”

­–  Самарқанд шаҳар “Хўжа Абду Мўмин” жоме масжиди кутубхонаси 

 

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

 

  

 

Среда, 24 Октябрь 2018 00:00

Яшин чақнаш ҳодисаси

Табиатдаги гўзал ва шу билан бирга дилга қўрқув соладиган ҳодисалардан бири – яшин (чақмоқ) чақнашидир.

Яшин – атмосферада юз берадиган учқунли электр разряди бўлиб, булутлараро ёки булутлар билан ер орасида ҳосил бўлади. Манфий зарядлар булутлардан ер томонга қараб оқади. Ерга етиб келганда мусбат зарядлар билан тўқнашиши натижасида чақмоқ чақиши кузатилади. Яшин чақнаганда атроф бир зум ёришиб кетади.

Чақмоқ чақишининг узунлиги бир неча километр, диаметри бир неча ўн сантиметр, давомийлиги сониянинг мингдан 25 улушига тенг, ток кучи 100 КА (килоампер)гача бўлиши мумкин. Бундай чизиқли яшин билан бирга баъзида шарсимон яшин ҳам чақнайди. Чақмоқ асосан баҳор ва ёз фаслларида кузатилади. У доим момақалдироқ билан бирга юз беради.

 Чақмоқ чаққанда электр энергияси иссиқлик ва ёруғлик энергиясига айланади. Яшин кўпинча қора ёмғир булутларида, вулқон отиладиган пайтда, торнадо (қуюн) ва чанг бўрони пайтида ҳам пайдо бўлади.

Чақмоқ бошининг ер юзаси томонга ҳаракати сониясига 5107 метр тезликда бўлади ва дарҳол ортга қайтади.  Яшиннинг асосий разряди ҳаракат қилган каналдаги ҳарорат 25000° дан ҳам ошиб кетиши мумкин. Чақмоқ чақиши ёнғинлар содир бўлишига ва одамларнинг ҳалокатига сабаб бўлиши мумкин.

Чақмоқ электр ва радио симлари, электр станциялар, машина ва аппаратлар учун айниқса хавфли. Унинг самолётга тушиши конструкция элементларини ишдан чиқаради, радио аппаратлари ва навигация асбобларини яроқсиз ҳолга келтиради. Шунингдек, экипаж аъзоларининг кўзини кўр қилиб, турли шикастларни етказади. Дарахтга тушган яшин унинг тагида ва яқинида турган одамларни шикастлаши мумкин.

Юқорида бир чақмоқ чақишининг давомийлиги сониянинг мингдан 25 улушига тенг экани, кейин дарҳол яшиннинг ортга қайтиши айтиб ўтилди.

Буни қарангки, бундан 1400 йил олдин, инсоният чақмоқ чақишининг хусусиятлари, жараёнлари ҳақида тасаввурга эга бўлмаган пайтда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бу ҳадисларида яшиннинг чақнаш механизмини ва тезлигини аниқ айтиб қўйган эдилар:

“Чақмоқнинг кўз очиб юмгунча қандай ўтиб, қайтганини кўрмаганмисизлар?!”. Имом Муслим ривояти.  

Ушбу ҳадисда яшиннинг тезкорлиги ўта нозик услубда “кўз очиб-юмгунча” деб баён қилиняпти. Шунингдек, ҳадисда яшиннинг ерга келиб, яна ортга қайтиши ҳам эслатиляпти.

Яшин чақнашининг тезлиги ҳақида олимларнинг “сониянинг мингдан 25 улушига тенг” дегани “кўз очиб-юмгунча” деганидир.   

 

Абдуддоим Каҳел мақоласи ва

uz.wikipedia.org маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур Халқаро Ислом фиқҳи академияси президенти, профессор Абдуссалом Довуд ал-Ибодий таклифига биноан Ислом фиқҳи академиясининг 23-сессиясида иштирок этади. Ушбу сессия шу йил 28–31 октябрь кунлари Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида бўлиб ўтади.
Маълумот ўрнида, 1981 йили Ислом конференцияси ташкилотининг Макка шаҳрида ўтказилган сессиясида Халқаро Ислом фиқҳи академияси ташкил этилган. Ушбу академияга 50 дан зиёд давлатлар уламолари аъзо бўлган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари 2006 йилдан буён Ислом фиқҳи академияси аъзоси ҳисобланади.
Халқаро Ислом фиқҳи академиясининг 23-сессиясида муҳокама қилинган масалаларни сайтимиз орқали ёритиб борамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Кеча, 23 октябрь куни Қуддус шаҳридаги “Ал-Ақсо” масжиди имом-хатиби Юнус Салоҳ Одил бошчилигидаги делегацияни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қабул қилди.
Учрашувда муфтий ҳазратлари меҳмонларнинг ташрифи билан қутлаб, мамлакатимизнинг ушбу муқаддас диёр билан алоқалари ривожланиб бораётгани ҳақида сўзлаб бердилар. Масжидул Ақсо мўмин-мусулмонлар учун Макка ва Мадина шаҳарларидаги Масжидул Ҳаромлардан кейинги учинчи улуғ қадамжо ҳисобланиши тўғрисидаги нодир маълумотларни баён қилдилар.
Юнус Салоҳ Одил жаноблари мана шундай улуғ алломалар етишиб чиққан табаррук Ўзбекистон заминини зиёрат қилганидан бахтиёр эканини изҳор қилди. Меҳмон сафар давомида олган тассуротларини ўз халқига сўзлаб беришини ва уларни бу диёрларни ҳам зиёрат қилишга чорлашини таъкидлади. Ўз навбатида ўзбекистонликларни ҳам Қуддуси шариф зиёратига таклиф этди.
Шунингдек, учрашувда зиёрат туризмини ривожлантириш ва икки давлат уламолари ҳамкорлигини йўлга қўйиш борасида фикр-мулоҳазалар алмашилди.

 

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Малайзиянинг “Alhijrah” телеканалида Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятига бағишланган кўрсатув намойиш этилди. Кўрсатувда журналистлар томошабинларни Шаҳрисабздаги ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий ва меъморий ёдгорликлари билан таништириб боради. Шунингдек, бу шаҳар ислом динининг бутун дунёда тарқалишига улкан ҳисса қўшган қўмондон ва давлат арбоби Амир Темур туғилган юрт эканлиги алоҳида таъкидланади.

Тuron24 нашрининг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган видеороликда Амир Темур даврида бунёд этилган ёдгорликлар, хусусан, Оқсарой кошонаси, Дор ут-тиловат мақбараси, Кўкгумбаз масжиди каби қадимий обидаларнинг ўзига хос архитектуравий жозибаси акс эттирилган.

Малайзиялик ижодкорлар дастур давомида Самарқанднинг тарихий қадамжолари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтган. Айниқса, Регистон майдонидаги меъморий ёдгорликларнинг ўзига хослиги, шаҳарга келган сайёҳларга ҳақиқий шарқона муҳитни тақдим эта оладиган ўрта аср масжид, мадраса ва устахоналари журналистларда ёрқин таассурот қолдирганини айтишган.

Кўрсатув якунида телеижодкорлар Ўзбекистон ислом тараққиёти маркази эканлигини ва ҳар бир малайзиялик бу муқаддас ерни зиёрат қилиши кераклигини таъкидлайди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top