muslim.uz

muslim.uz

Аввал, "Ўзбекистон делегацияси Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VI қурултойи"да иштирок этиши ҳақида хабар берган эдик.

Бугун, 10 октябрь куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида "Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VI қурултойи" (съезди) ўз ишини бошлади. Ушбу тадбирда дунёнинг 42 мамлакатидан 80 дан ортиқ делегация вакиллари қаторида Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам иштирок этмоқда.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ушбу анжуманда қатнашиш учун Қозоғистон заминига ташриф буюрдилар. Муфтий ҳазратни Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси Саидакром Ниязхаджаев ҳамда Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Бауржон Есманхан кутиб олди.

Таниқли давлат ва жамоат арбоблари анжуман доирасида бугунги кундаги динлараро ҳамкорлик масалалари борасида музокаралар ўтказишди.

Анжуман Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг кириш сўзи билан очилди.
Ушбу анжуман тадбирлари сайтимизда ёритиб борилади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

2019 йилнинг апрель ойида Эрон Ислом Республикасида Қуръони карим тадқиқотларига оид 12-халқаро анжуман ўтказилади. Анжуманда қатнашиш учун ўз мақолаларини тақдим этишнинг охирги куни этиб 2018 йилнинг 21 декабрь куни белгиланди.

Эрондаги Қуръони карим маърифати ва илмлари университети Вақфлар ва хайрия ишлари ташкилоти билан ҳамкорликда мазкур анжуманни ташкиллаштиради.

Анжуманда қуйидаги мавзулар юзасидан фикр алмашилади:

Имон назариясининг асослари ва тушунчалари диний кўрсатмалар асосида;

Имоннинг ҳудуди ва ҳақиқати диний кўрсатмалар асосида;

 Имонга чақириш (даъват қилиш) муаммоларининг ечимлари ва сабаблари диний кўрсатмалар асосида;

Имоннинг ютуқлари ва таъсирлари диний кўрсатмалар асосида;

Имоннинг машаққатлари ва тўсиқлари диний кўрсатмалар асосида.        

Илёсхон  АҲМЕДОВ,
Халқаро алоқалар бўлими ходими

Манба: iqna.ir 

 

 

Қуйида келтириладиган фикрлар ижтимоий тармоқлардаги “Тарих мухрлаган сўзлар” саҳифасидан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

  • Аллоҳ таоло Ўзига дуо ила кўтарилган қўлни қуруқ, умидсиз қолдирмайди. 
  • Сен бир нарсани яхши тушуниб олишинг керак: ёш дегани бу рақамнинг ўзи. Рақам эса, сенинг асл ҳақиқатингни очиб бермайди. Олтмиш ёшингда ҳам гўдакдек фикрловчи ёки йигирма ёшингда кексалардек сўз юритувчи бўлишинг мумкин.

Шамс Табризий раҳимаҳуллоҳ 

  • Бойларга қимматбаҳо совғалар бериб, фақирларга кийган кийимини берадиганлар тоифасидан бўлманг!

Муҳаммад Ратён 

  • Китобларнинг дўстлиги одамларнинг дўстлигидан афзалроқдир. Чунки, китоблар фақат беради, ҳеч қачон бирон нарса талаб қилмайди.

«Тарих мухрлаган сўзлар» 

  • Камбағал одам (кўпинча) чин ошиқ бўлади. Чунки, унинг қалбидан бошқа берадиган нарсаси йўқ.

Жуброн Халил Жуброн 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

 Нозимжон Иминжонов

 

 

 

 

"Нур-Муборак" университети Васийлик кенгаши қарорига асосан ушбу таълим муассасасига янги ректор тайинланган. Профессор Мухаммад аш-Шахат Абдулхамид Мухаммад аль-Джинди ректор бўлгани маълум қилинган.

muftyat.kz сайтининг хабар беришича, Қозоғистон Республикасининг жамоат тараққиёти вазири ўринбосари Берик Арын ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, Бош муфтий Серикбай ҳожи Ўраз университет ходим ва талабаларига янги ректорни таништирганлар.

Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, Бош муфтий Серикбай ҳожи Ўраз тадбирда нутқ сўзлаб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтган: "Бизнинг олдимизда улкан мақсад турибди, уни бажариш борасида катта мажбурият оламиз. Бу тарихий даврда тарихий аҳамиятга эга бўлган ишларнеи бажариш лозим. Биз университетимиз ва илмий марказимиз гуллаб-яшнаётгани билан фахрланамиз. Ушбу таълим муассасасида ўқиётган ҳар бир талаба ўзига юклатилган мажбуриятни яхши ҳис қилиши зарур. Бунинг сабаби мамлакатда диний соҳа ходимларининг етишмовчилиги аввалгидек ҳолатда қолмоқда".

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида кўп йиллар хизмат қилган, меҳнат фахрийси Мирзаабдуллоҳ ҳожи ота Муҳиддинов табаррук 83 ёшда вафот этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Мирзаабдуллоҳ ҳожи ота Муҳиддиновнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Мирзаабдуллоҳ ҳожи ота Муҳиддиновнинг жанозалари 2018 йил 10 октябрь куни Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жоме масжидида аср намозидан сўнг ўқилади.
Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top