muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 17 Сентябрь 2018 00:00

Ғафлатда қолманг! Ашуро куни (Аудио)

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 03 Сентябрь 2018 00:00

Сажда оятлари

Қуръони карим тиловати ҳақларидан бири сажда оятларини ўқиганда сажда қилишлик. Бу алоҳида ибодат ҳисобланади.

 

عن ابي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلي الله عليه وسلم:إذَا قَرَأَ ابْنُ آدَمَ السَّجْدَةَ وَسَجَدَ اعْتَزَلَ الشَّيْطَانُ يَبْكِي ، فَيَقُولُ : يَا وَيْلَهُ أُمِرَ ابْنُ آدَمَ بِالسُّجُودِ فَسَجَدَ فَلَهُ الْجَنَّةُ ، وَأُمِرْت بِالسُّجُودِ فَأَبَيْت فَلِيَ النَّارُ. رواه مسلم

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар Одам фарзанди сажда оятини ўқиб сажда қилса, Шайтон йиғлаб шундай дейди: “Азоб бўлсин! Одам фарзанди саждага буюрилганди, сажда қилди, унга жаннат бўлади. Мен саждага буюрилгандим, бош торттим, менга дўзах бўлади”. (Имом Муслим ривояти.)

 

Уламолар тиловат саждасига амр қилинганлигига ижмоъ қилганлар. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда ушбу амр вужуб учундир. Яъни тиловат саждасини қилиш вожибдир. Бунга ҳанафий уламолар ўз китобларида етарлича далиллар келтирганлар.

 

Лекин Аҳмад, Молик, Авзоъий, Лайс ва Шофеъий роҳимаҳуллоҳлар уни мустаҳаб деб айтадилар. Улар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни жума куни минбарда Наҳл сурасини қироат қилиб, сажда оятига келганларида минбардан тушиб инсонлар билан сажда қилганликларини, келаси жума эса ўша сурани қироат қилиб, сажда оятига келганларида: “Эй инсонлар! Саждалардан ўтамиз. Ким сажда қилса тўғри топибди. Ким сажда қилмаса унга гуноҳ йўқдир”, деб, сажда қилмаганликларини далил қиладилар. (Бухорий ривояти.)

 

Умар розияллоҳу анҳунинг “Ким сажда қилса” деган сўзларининг маъноси “тиловатни эшитгандан кейиноқ тезда сажда қилса” деган маънода. Чунки бир ривоятда: “Аллоҳ таоло бизга сажда қилишни фақатгина ўзимиз хоҳлаган вақтда қилишимизни фарз қилди” деб келган. Демак ушбу ҳадис ҳанафийларнинг фойдасига далил бўлади.

 

 Тиловат саждаларининг адади ва уларнинг ўринлари

 

Унинг адади жумҳур ихтиёр этган сўзга кўра ўн тўртадир. Улар қуйидагилар:

 

  1. Аъроф сурасининг охирги ояти

 

  1. Раъд сурасининг 15-ояти

 

  1. Наҳл сурасининг 50-ояти

 

  1. Исро сурасининг 109-ояти

 

  1. Марям сурасининг 58-ояти

 

  1. Ҳаж сурасининг 18-ояти

 

  1. Фурқон сурасининг 60-ояти

 

  1. Намл сурасининг 26-ояти

 

  1. Сажда сурасининг 15-ояти

 

  1. Сод сурасининг 24-ояти

 

  1. Фуссилат сурасининг 38-ояти

 

  1. Нажм сурасининг охирги ояти

 

  1. Иншиқоқ сурасининг 21-ояти

 

  1. Алақ сурасининг охирги ояти

 

Шофеъий мазҳабида эса Сод сурасининг саждаси мустаҳаб, таъкидланган саждалардан ҳисобланмайди. Ҳаж сурасининг 77-оятида эса сажда ояти дейдилар.

 

ثبت في صحيح البخاري عن ابن عباس رضي الله عنهما قال صلَيست مِنْ عَزَائِمِ السُّجُودِ ، وَقَدْ رَأَيْتُ النَّبِي صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم َ سَجَدَ فِيهَا

 

Саҳиҳул Бухорийда Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган қуйидаги ривоятни далил қиладилар. У киши шундай дедилар: “Сод (нинг саждаси) таъкидланган саждалардан эмас. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни унда сажда қилганларини кўрдим”.

 

Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан икки ривоят бор: биринчиси, Шофеъий роҳимаҳуллоҳ айтганларидек, иккинчиси эса уларни ўн бешта дейдилар ва Сод сурасини саждасини унга қўшадилар. Бу шофеъийлардан Абул Аббос ибн Сурайж[1] ва Абу Исҳоқ Марвазийларнинг[2] сўзидир. Имом Моликдан ҳам икки ривоят мавжуд: биринчиси, Имом Шофеъий айтганларидек. Икки ривоятнинг машҳурроғи ўн биттадир. Нажм, Иншиқоқ ва Алақ суралари саждаларини чиқариб юборадилар.

 

Ҳанафий мазҳабимизга кўра, Сод сурасининг 24-ояти таъкидланган сажда ояти ҳисобланади. Ҳаж сурасининг 77-ояти эса сажда ояти ҳисобланмайди, балки ундан намоздаги сажда ирода қилинган. Буюк аллома бобокалонимиз Абул Баракот Насафий ушбу оят тафсирида бу сажда оятини намоздаги сажда деб айтганлар.

 

Ушбу оятлар саждаларининг ўрни борасида Фуссилат сурасидаги сажда оятининг ўрнидан бошқа айтарли ихтилоф мавжуд эмас. Чунки уламолар ушбу сажда борасида ихтилоф қилганлар. Бир қанча уламолар саждани وَهُمْ لَا يَسْأَمُونَоятиўқилгандан кейин қилади дейдилар. Бу Абу Ҳанифа, Шофеъий, Саъид ибн Мусайяб[3], Муҳаммад ибн Сирин, Абу Воил, Суфёни Саврий, Аҳмад ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳларнинг[4] тутган йўллари. Бошқалар эса ушбу сажда إِنْ كُنْتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَоятидан кейин деганлар. Буни Ибн Мунзир Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Ҳасани Басрий, Абдуллоҳ ибн Масъуднинг асҳоблари, Иброҳим Нахаъий, Абу Солиҳ, Талҳа ибн Мусарриф, Зубайд ибн Ҳорис[5], Молик ибн Анас ва Лайс ибн Саъдлардан[6] ривоят қилган.  Бағавий буни “Таҳзиб”да зикр қилган.

 

Намл сурасининг саждаси رَبُّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِдан кейин қилинади.

 

Тиловат саждасини таҳоратли ҳолда ва нажосатдан пок бўлиб, қиблага юзланиб, авратни тўсиб адо қилинади. Баданида ёки кийимида афв миқдоридан кўпроқ нажосат бўлган ва таҳоратсиз бўлган инсонга сажда қилиш жоиз эмас.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов

 "Новза" жомеъ масжиди имом-хатиби

 

 

 

 

[1] Аҳмад ибн Амр ибн Сурайж Абул Аббос Боғдодий. Шеърозда қозилик вазифасини бажарган. Ва кўп асарлар ёзган. Улардан: “Ал-ақсом фи фуруъил фиқҳиш-Шофеъий”, “Ал-вадоэъ линусусиш шароэъ”, Ҳижрий 306-йилда эллик етти йилда вафот этган.

 

[2]Иброҳим ибн Аҳмад. Абу Зайд Марвазийнинг устози. Мухтасарул Музанийни шарҳ қилган. Усул қоидалари ва китоблар таълиф қилган. Мисрга кўчиб бориб у ерда вафот этган. 340 ҳ. йил 9-ражабда вафот этганлар ва Имом Шофеъий мақбаралари олдига дафн қилинган.

 

[3]Имом Саид ибн Мусайяб ибн Ҳазн ибн Абу Ваҳб Қураший Махзумий Маданий, куняси Абу Муҳаммад. Шубҳасиз Мадина аҳлини олими эди. Ҳазрати Умар халифалик даврида таваллуд топган. Ибн Мадиний бу киши ҳақида шундай дейдилар: “Мен тобеъинлар орасида бу кишидан олимроқ инсонни кўрмадим. У киши мени наздимда тобеъинларнинг энг улуғ кишиси”. Ҳижрий 94-йилда 80 ёшида вафот этган.

 

[4]Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Мухаллад Марвазий. Ҳижрий 161-йилда туғилган. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг яқини, мужтаҳид, сиқа(ишончли) ҳофизлардан. Нишопурда яшаб, у ерда ҳижрий 238-йилда вафот этган.

 

[5]Абу Абдураҳмон Зубайд ибн Ҳорис ибн Амр ибн Каъб Ёмий Кўфий. Ибодатгўй, сиқа(ишончли) собит инсонлардан. Ҳижрий 122-йилда вафот этган.

 

[6]Абул Ҳорис Лайс ибн Саъд  ибн Абдурраҳмон Мисрий. Ҳижрий 94-йилда туғилган. Миср диёрининг улуғ олими, сиқа(ишончли) муҳаддис ва машҳур фақиҳлардан. Амир ноиби ва қозилар убилан машварат қиларди. Ҳижрий 175-йилда вафот этган.

 

 

 

 

 

Понедельник, 03 Сентябрь 2018 00:00

Истихора намози

 Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани таълим бергандек, таълим берар эдилар. У зот:

 «Қачон бирингиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракат намоз ўқисин. Сўнг: «Эй бор Худоё! Албатта, мен Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодирсан, мен қодир эмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни яхши билувчи Зотсан.

 Эй бор Худоё! Агар ушбу иш менга динимда, маошимда ва ишим оқибатида яхши эканини билсанг (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) уни менга тақдир қилгин, менга осон қилгин, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш мен учун динимда, маошимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) ёмон эканини билсанг, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил. Сўнгра мени унга рози қил, десин ва ҳожатини айтсин», дедилар».

 Шарҳ: Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорийдан ривоят қилинган ушбу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларни тўғриси зоҳир бўлмаган нарсаларда Аллоҳга қайтиш, ҳар қандай муҳим ишларда Ундан маслаҳат талаб қилишни ўргатмоқдалар. Бу истихорани таълим беришда худди Қуръон сураларини таълим бергандек ғоят аҳамият қилардилар. Агар бандага бирор иш мушкул бўлиб, тўғриси қайси нарсада экани ноаниқ бўлиб қолса, туриб икки ракат намоз ўқиб, Аллоҳга юзланиб, у ишни ҳақиқатини очиб беришини талаб қилиб, албатта сўраётганида Холиқга сано айтиб, дуо қилиб, ўша дуосида тазарруъ ва бўйин эгиб, махлуққа хос синиқ ҳолда туришини уқтирмоқдалар. Чунки инсон ўзига фойда ҳам зарар ҳам келтира олмайди. Демак, мусулмон киши Раббисига юзланаётганида ўша истихора қилиб сўраётган нарсаси дини ва дунёсида яхшилик бўлса ўша ишни осон бўлишини, бордию дини, дунёси, ҳаёти ва охиратида ёмон бўлса қалбидан у нарсани бошқа нарсага буриб юборишини сўрамоғини уқтирмоқдалар. Бу нарса фақат бандани Раббисига бўйсуниши ва убудийятга иқрор бўлишининг бир намунасидир. Аллоҳ фазлини ўз бандалари устида доим бўлишини яхши кўради. Бандаларнинг ўша фазлга етишиш учун фақат Унга юзланиб, фазлини талаб қилишса кифоя. Чунки Аллоҳ таоло бандаларини қўл чўзишганида ноумид қайтаришдан азизроқдир.

 “Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад) Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларининг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар”. (Бақара сураси,186-оят).

 Киши итихора намозини ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса, қилади. Бу ҳақда туш кўриши ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга бўлмай туриб қолса, истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлиши мумкин. Истихора намозининг биринчи ракатида Фотиҳа сурасидан кейин Кофирун сурасини, иккинчи ракатда Ихлос сурасини ўқийди.

 Кўриниб турибдики, истихора намози ҳам бошқа намозлар каби бандани Аллоҳ таолога боғловчи омилдир. Бир ишни қилмоқчи бўлганда Аллоҳ таолонинг ўзига ёлвориб, яхши йўл кўрсатишни сўрашдир. Бу маъно эса, мусулмон киши ҳаётида намознинг ўрни қанчалар муҳим эканини яна бир бор кўрсатади. Мусулмон киши ҳатто қиладиган дунёвий ишида ҳам дунёнинг холиқи ва бошқарувчиси Аллоҳ таолонинг ўзидан маслаҳат сўраш имконига эгадир.

 Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

 1)                        Истихора намозини мустаҳаб эканлиги ва намоздан кейин ҳадисда келган дуони ўқишлик.

 2)                        Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига меҳрибон эканлиги ҳамда ҳар бир ишда умматларини тўғри йўлга бошлашлари.

 3)                        Мўмин киши ҳар қандай ишини Аллоҳ таолога топширмоқлиги. 

 ЎМИ матбуот хизмати

 

6 август куни кечки соат 21:00 да Мадина шаҳри амири Файсал ибн Салмон томонидан Саудия Арабистони Подшоҳлигига дунёнинг турли давлатларидан келган Ҳаж делегациялари раҳбарлари учун қабул маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистондан Ҳаж-2018 йил мавсуми ишчи гуруҳи раҳбари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Н.Абулҳасан ҳам иштирок этди. Қабул маросими давомида Нуриймон Абулҳасан ва Файсал ибн Салмон ўртасида ўзаро мулоқот ташкил этилиб, Шаҳзода ўзбекистонликларни энг тартибли хожилар, деб эътироф этди.
Шахзода Файсал ибн Салмон ўз сўзида Ўзбекистон Республикасини қадим тарихга эга давлат сифатида кўришини таъкидлаб, бу юртда етишиб чиққан Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом Бухорий, Ҳаким Термизий каби буюк алломаларнинг илмий мероси ҳозирги вақтда ҳам жаҳон илм дунёсида маёқ бўлиб нур таратаётганини алоҳида эътироф этди.
Тадбир давомида Н.Абулҳасан Мадина минтақаси амири Файсал ибн Салмонга кўрсатилган ҳурмат-эътибор учун миннатдорлик билдирди.
Бундан ташқари Ҳаж ва Умра ишлари вазири Солиҳ Бинтин билан ҳам ўтказилган учрашувда Ўзбекистоннинг Ҳаж ва Умра тадбирлари Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги билан ҳамкорликда намунали ташкил этилаётгани эътироф этилди ва миннатдорлик билдирилди. Келгуси йилларда Ҳаж ва Умра тадбирларида зиёратчиларимиз учун Мадина шаҳрида яратилаётган шароитларни такомиллаштириш, хизматлар даражасини янада юқори савияга кўтариш мақсадида Масжид ун-Набавийга янада яқин ва қулайроқ ҳарамдан 100 метр масофада жойлашган “Мадина миллениум”, “Zam-zam pullman” ва “Мисбаҳ таййиба” меҳмонхоналарига жойлаштириш масаласи ўрганилди ва уларнинг шароитлари билан танишиб чиқилди.


Ҳаж-2018 ишчи гуруҳи

Понедельник, 16 Июль 2018 00:00

Сиз буларни олдин кўрганмидингиз?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَمَا يَعْزُبُ عَن رَّبِّكَ مِن مِّثْقَالِ ذَرَّةٍ فِي الأَرْضِ وَلاَ فِي السَّمَاء وَلاَ أَصْغَرَ مِن ذَلِكَ وَلا أَكْبَرَ إِلاَّ فِي كِتَابٍ مُّبِينٍ

“На ер юзида ва на осмонларда зарра миқдоридаги, ундан кичикроқ ёки каттароқ нарса Роббингдан махфий бўла олмас, балки очиқ-ойдин китобдадир” (Юнус сураси, 61-оят).

Ҳа, Ер юзидаги ва осмонлардаги барча каттаю кичик нарсалар, чивин каби майда ҳашаротлар, ҳатто атомлар, уларнинг ичидаги протон, электрон, нейтрон, позитрон ва бошқа микрооламлар Роббимиздан махфий бўла олмайди. Аллоҳ таоло буларнинг барчасини Ўзи яратган, Ўзи кўриб-билиб, ризқ бериб, ҳисоб-китобини, тадбирини қилиб туради.

Атрофимиздаги баъзи нарсаларга микроскоп орқали назар солсак, қандай манзара намоён бўларди? Кўзимизга силлиқ, текис кўринган нарсаларни микроскопда кўрганимизда уларнинг у қадар силлиқ, текис эмаслиги, юзасида, сиртида кўз билан кўриб бўлмайдиган кўплаб бўртмалар, чизиқлар ва бошқа нарсалар борлигининг гувоҳи бўламиз. Қуйидаги расмларни кўрганингизда бунга амин бўласиз. Суратга тегишли ёзувлар ҳар бир расмнинг устида берилган. 

 

1. Инсон киприклари. 50 марта катталаштирилган сурат.

 


2. Қумнинг микроскоп остида кўриниши.

 


3. Чумоли боши.

 

 


4. Қор парчаларининг микроскоп орқали кўриниши.

 


5. А4 қоғоз сиртининг микроскопда кўриниши.

 


6. Туз ва мурч доначаларининг микроскопда кўриниши.

 


7. Электробритва тиғлари ва кесилган тук қолдиқлари. Микроскопда олинган тасвир.


8. Пашша.

 


9. Инсон миясидаги асаб ҳужайраларининг микроскопдакўриниши.

 


10. Биз ипни бир бутун ҳолда кўрамиз. Микроскопда эса шундай кўринар экан.

 


11. Бу инсон тили юзасининг микроскопда кўриниши.

 


12. Микроскопда 1500 марта катталаштириб тасвирга олинган - инсоннинг соч толаси.

 


13. Ушбу суратнинг ўнг тарафида бармоқ изининг микроскопдаолинган тасвири. Чап тарафда эса Арабистон ярим оролидаги Рубъул Холий номли саҳронинг қуми тасвири. Ушбу суратларда бармоқ изи билан қум чизиқларининг бир-бирига ўхшаш экани яққол кўриниб турибди. Олимлар ҳозиргача бу ҳолатни шарҳлаб бера олишмаган.

 


14. Бармоқ излари.Микроскопда олинган.

 


15. Инсон танасидаги тукнинг қирқилган учи. Микроскоп орқали олинган расм.

 


16. Аниқ тартиб, мукаммал яратиш, керакли нарсалар билан жиҳозлаш. Бу бизнинг кўзимизга кўриниб-кўринмайдиган, кўпинча, кечқурунлари чақиб, безовта қилиб, уйқу қочишига сабаб бўладиган ҳашарот - бурганинг микроскоп орқали кўриниши.

 


17. Бу картон ёки двпнинг синиқ бўлаклари эмас. Бу томирларда тиқилиб, ивиб қолган қон (тромб)нинг микроскоп орқали кўриниши.

 


18. Шакар донасининг микроскоп орқали кўриниши.

 


19. Туз донасининг микроскопда кўриниши.


20. Уйдаги чангнинг микроскоп орқали кўриниши.

        

Интернет материаллари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Top