muslim.uz

muslim.uz

Кеча, 25 январь куни муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган Калом, Ҳадис, Тасаввуф, Ақида, Фиқҳ илми бўйича 5 та илмий мактаблар фаолияти бўйича диний идорада йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов сўзга чиқиб, илмий мактаблар фаолияти, тингловчилар савияси, ўқитувчилар салоҳияти, машғулотлар олиб бориш услуби ҳамда муаммо ва камчиликларни ўрганиш бўйича масъул ходимлар хизмат сафарида бўлишганини таъкидлади.
Шундан сўнг мазкур сафар якунлари бўйича масъул ходимлар маълумот ва таклифлар беришди. Дастлаб Самарқанддаги Калом илми ва Ҳадис илми мактаблари бўйича диний идора таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси С.Шерхонов ахборот бериб, ушбу икки мактабда 25 нафардан тингловчи ўқувларда қатнашаётгани, “Фиқҳул Акбар” китоби мутолаа қилинаётгани, “Устоз-шогирд” анъанаси асосида малакали устозлар дарс бераётгани, тингловчилар гуруҳларга бўлиниб, ҳар бир гуруҳда 6 нафардан тингловчи иштирок этаётганини билдирди.
Тасаввуф мактаби бўйича Дин ишлари бўйича қўмитанинг Таълим бўлими бошлиғи Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов маълумот бериб, Тасаввуф мактаби “Мир Араб” олий мадрасаси ҳузурида ташкил этилгани, 28 нафар тингловчи машғулотларда қатнашаётгани, ҳозирги кунда Бухоро давлат университети таркибида очилган Тошкент ислом университети кафедраси билан яқиндан ҳамкорлик қилинаётгани, жумладан, докторлик диссертациялари муҳокамалари ўтказилаётганини келтирди. Шунингдек, узоқ масофадан келиб ўқийдиган тингловчилар учун турар жой масаласини ҳам ҳал этиш лозимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси Абдулхамид Турсунов Қашқадарё вилоятидаги Ақида илми мактаби тўғрисида сўз юритиб, 25 нафар тингловчи иштирок этаётгани, улар “Фиқҳул Акбар” ва “Саботул ожизин” китобларини мутолаа қилишаётгани, мактаб йил охирига қадар “Абу Муин Насафий” мажмуасига кўчиб ўтиши режа қилинганини маълумот сифатида айтиб ўтди.
Тошкент ислом университети масъул ходими Озод Серсенбаев сўзга чиқиб, Фарғона вилоятидаги Фиқҳ илми мактабида 10 нафар тингловчи иштирок қилаётгани, ҳафтада икки марта сешанба ва шанба кунлари дарс машғулотлари олиб борилаётгани, ихтисослашувга алоҳида эътибор қаратиш, “Қавоидул фиқҳия”, “Усулул фиқҳ” каби асарларини мукаммал ўргатиш лозимлиги тўғрисида гапирди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари йиғилишда сўз олиб, ушбу мактабларда янги-янги замонамиз олимларини етиштириб чиқариш, Ҳадис илми мактабида икки ойдан зиёд вақт мобайнида 123 та ҳадис ёд олиш тингловчи учун жуда ҳам кам экани, барча тингловчилар мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул Акбар” асаридаги масалалар ва Имом Бухорий ҳазратларининг “ал-Адаб ал-Муфрад” китобидаги барча ҳадисларни ёд олишлари, араб тилида мутолааси тўлиқ чиқиши ҳақида алоҳида тўхталдилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари машғулотлар ўтаётган устозлар маошларини етарли даражада қилиб бериш чоралари кўрилаётганини билдирдилар.
Шунингдек, нотиқлар барча мактабларда фиқҳ дарсларини ҳам ўқитиш, мактаб номидан китоблар нашр этиш, уни тамомлаганларга имтиёзлар бериш, устозларнинг малакасини ошириб бориш, ўқув режаларини пухта тузиш, қилинаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш бўйича таклифлар берилди.
Йиғилишда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Инга Мирян шаҳридаги шифохонада юз берган ёнғин оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик изҳор этди. 

Аввалроқ, шифохонадаги ёнғиндан 41 нафар одам ҳалок бўлгани, 70 нафар инсон жабрлангани ҳақида маълумот берган эдик.

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун, 26 январь куни эрта тонгда Жанубий Кореянинг Мильян шаҳрида жойлашган шифохонадаги ёнғин натижасида 41 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Рёнхап” агентлиги хабар берди. 

Маълумотларга кўра, ёнғин Сежонг шифохонасининг биринчи қаватидаги тез ёрдам бўлимида бошланган ва уч соат ичида бутун бино аланга ичида қолган. 

Шифохонадаги ёнғиндан 41 нафар одам ҳалок бўлган бўлса, 70 нафар инсон жабрланган. Ёнғин содир бўлган вақтда шифохонада 111 нафар киши бўлган.

 

Пятница, 26 Январь 2018 00:00

Улул азм пайғамбарлар

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аҳқоф сурасида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Бас, (эй Муҳаммад!) Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг...» деган (35-оят).

«Улул азм», яъни азму матонат соҳиби бўлган пайғамбарлар:

  1. Одам алайҳиссалом;
  2. Нуҳ алайҳиссалом;
  3. Иброҳим алайҳиссалом;
  4. Мусо алайҳиссалом;
  5. Исо алайҳиссалом;
  6. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Бу буюк пайғамбарлар ҳар бирларининг бошларига имон йўлида, дину диёнат йўлида қанчадан-қанча кулфатлар ёғилган. Лекин улар сабр-матонатда зарбулмасал бўлганлар. Бу ҳақиқатни кўпчилик, жумладан, Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматлари ҳам яхши билишади. Шунинг учун ўз даврида Макка мушрикларининг қаршиликларига учраб қийин ҳолга тушганларида «улул азм» номини олган буюк пайғамбарлардан ўрнак олишга чақириляптилар.

«Бас, (эй Муҳаммад!) Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг...» У зоти бобаракот бу илоҳий амрга амал қилдилар ва ўзлари ҳам «улул азм» пайғамбарлар сафидан ўрин олишга муяссар бўлдилар.

 

«Сунний ақийдалар»дан олинди 

ЎМИ Матбуот хизмати

Пятница, 26 Январь 2018 00:00

Асабингизни асранг!

Инсон асабийлашса мия, жигар, буйрак ва юракка озуқа ташувчи йўллар бўғилади. Кўз қорачиғи кенгайиб, юрак уриши тезлашади. Бундай вақтда жигардан углеводлар (зарарли суюқлик) ажрала бошлайди. Аъзоларнинг бундай пала-партиш ишлаши кўп касалликларнинг (стенокардия, инфаркт, инсулт) келиб чиқишига сабаб бўлади.

Очиқ чеҳрали, босиқ, вазмин одамлар руҳан ва жисмонан тетик бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланган пайтда ўтириб олишни, яна босилмаса, ётиб олишни ёки таҳорат янгилаб, икки ракат намоз ўқишни тавсия қилганлар.

Асаб толаларининг узилиши аъзоларимиздаги озиқ моддалар камайишига, ҳолсизликка олиб келади. Масалан, жисмимизда калций моддаси етишмаса, мушакларимиз оғриб, суякларимиз мўрт бўлиб қолиши мумкин. Юзимизга табассум қайтиши биланоқ, миямиз тажангликни сўндирувчи моддалар ишлаб чиқара бошлайди.

Мунтазам бадантарбия қилиш, очиқ ҳавода айланиш, айниқса, уйқуга ётишдан олдин беш-ўн дақиқа юриш жуда фойдали. Табиат қўйнига чиқиб завқланиш, вақти-вақти билан тоза сув ҳавзаларида чўмилиб туриш ҳам керак. Шунингдек, озуқага бой овқатларни меъёрида ейиш яхши. Эзгу ният, чиройли сўз, яхши амал, ота-она, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар билан яхши муносабат ҳам асабларимизга тинчлик беради, мустаҳкамлайди. Демак, имкон борича турли асаббузарликларнинг олдини олишга интилишимиз, яхшиликка ишонч, келажакка умид билан яшашга ўрганишимиз зарур.

Парда ЖЎРАев,

кардиолог

Top