muslim.uz

muslim.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳеч шубҳа йўқ, ҳар бир диннинг ўзига хос хулқи бор. Ислом динининг ўзига хос хулқи ҳаёдир”. Ҳаё – кишини инсоний ахлоққа тўғри келмайдиган ҳар қандай нарсадан тийилишга ундовчи сифат. Ҳаё хижолат чекиш, истиҳоладан фарқ қилади. Чунки хижолат чекиш ҳамиша ҳам ижобий хислат ҳисобланмайди. Баъзан у салбий оқибатларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Ҳаё бир вақтнинг ўзида жоиз бўлмаган иш ва сўзлардан қайтаргани каби, яхши ишларга ундовчи ҳамдир. Бу гўзал хислат одамлар орасида ҳам, ўзи ёлғиз қолганида ҳам эгасининг иккиюзламачилик қилишига йўл қўймайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаёнинг ҳаммаси яхшидир”, деганлар.

Ҳаё инсоннинг икки дунёси, шунингдек, атрофидагилар учун ҳам фойдали фазилат. Уламоларимиз ҳаё ҳақида: “Ҳаё ёмон, қабиҳ иш ва қилиқларни тарк этишга ундайдиган, ҳақдор кишининг ҳақига путур етказишдан қайтарадиган яхши сифатдир”, дейишган.

Имонимизнинг бир бўлаги – ҳаё биздан узоқлашиб, бегонасираб кетишига йўл қўймайлик.

 

Ёрмуҳаммад ЭШНАЗАРОВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 

Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида 26 январь куни Қуръони карим тиловати бўйича 18-халқаро анжуман ўтказилади.

Бангладешдаги “Халқаро Қуръони карим жамияти” томонидан ташкиллаштирилаётган анжуманда Миср Араб республикаси, Эрон Ислом Республикаси, Сурия, Жазоир, Ҳиндистон, Бруней ва Банладеш давлатларидан Қуръони карим илми ривожига ҳисса қўшган нуфузли шахслар ва кўзга кўринган етук қорилар иштирок этади.

Анжуман доирасида Қуръони карим илмларини янада ривожланоширишга оид бир қатор семинарлар уюштирилади. Унда Бангладеш ҳукумати масъуллари, масжид имом-хатиблари, диний ва дунёвий фанлар соҳасидаги профессор олимлар, Қуръони карим мударрислари, ўқитувчи ва талабалар ҳамда ижтимоий соҳада фаолият юритувчи аёл-қизлар қатнашади.

 

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Илёс АҲМЕДОВ

 тайёрлади

Среда, 10 Январь 2018 00:00

Тавба қилган бахтлидир

Тавба – инсоннинг қилган ёмон ишларидан пушаймон бўлиши ва у гуноҳларни бошқа такрорламасликка берган аҳдидир.  Қуръони каримда: «...Албатта, Аллоҳ таоло (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади» (Бақара, 222), дейилган.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гуноҳ ва хатолардан пок бўлсалар ҳам кунига юз бор Аллоҳ таолодан гуноҳлари кечирилишини сўрар эканлар.  Ҳадисда : «Гуноҳдан тавба қилувчи гўё гуноҳи йўқ инсон кабидир» (Ибн Можа ва Табароний ривояти), дейилган . Ҳасан Басрий (Аллоҳ раҳмат қилсин): «Мўмин киши эртага қулоғидан, кўзидан, тилидан ва бошқа аъзоларидан сўралишини яхши билади», деганлар.

Умрнинг ҳар дақиқаси ғанимат, тавба қилишга шошилган ютади. Донишмандлар: «Инсоннинг энг яхши куни тавба қилиб, Аллоҳ таолога қайтган кунидир», дейишади. Яҳё ибн Муоз (Аллоҳ раҳмат қилсин): «Мен учун энг катга манманлик – пушаймон бўлмасдан, гуноҳларда давом этиш, тоат-ибодат қилмай туриб, жаннатни орзу қилиш. Жаннатни хоҳлаган киши ёмон ишлардан тийилсин, дўзах азобидан қўрқадиган одам гуноҳлардан чин тавба қилсин», деганлар.

Ҳар куни ўзимизни ўзимиз ҳисоб-китоб қилсак, йўл қўйган хато-камчиликларимизни тузатиб борсак, қиёматда савол-жавобларимиз осон кечади. Ғафлатда қолган кимса шайтоннинг йўриғига осон эргашади. Гуноҳларга такрор қайтиш берган аҳдини бузиш, ваъдага вафо қилмаслик бўлади.

Аллоҳ таолонинг тавба эшиклари ёпилмасидан бурун гуноҳларимиз кечирилишини сўраб, яхши амалларда ғайратли бўлайлик. Шунда, иншаллоҳ, дунё ва охиратда юзимиз ёруғ, саодатли инсонлардан бўламиз.

 

Раҳматуллоҳ НУРМАТОВ,

Тошкент шаҳри «Шайх Зиёвуддинхон» жоме масжиди имом-хатиби

 

Среда, 10 Январь 2018 00:00

Махфий зикр

Аллоҳни зикр қилиш нафсга энг қийин, лекин ажри энг улуғ бўлган амал ҳисобланади. У қалбни сайқаллаштиради, мўминни куфр ва нифоқдан ажратиб туради. Зикр ибодатнинг илиги ва нажот калитидир. Зикрнинг суннатларидан бири махфийликдир. Зеро, махфий зикрнинг фазли жаҳрийсига қараганда етмиш марта кўп бўлади. Бу қуйидаги далилларда ўз исботини топган:

Биринчидан, махфий зикрнинг афзаллигига оятда ишора бор: “Роббингизга тазарру ва махфийлик билан дуо қилинг”.

Иккинчидан, ҳадисларда махфий зикр мақталган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зикрнинг энг яхшиси махфийсидир”, деганлар. Абу Мусо Ашъарий раҳматуллоҳу алайҳ шундай ривоят қилади: “Хайбар ғазотидан қайтаётиб, бир водийда тўхтадик. Шунда одамлар овозларини баланд кўтариб такбир айта бошлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй инсонлар, ўзингизга эрк берманглар, албатта, сизлар кар ва ғойиб зотга дуо қилмаяпсизлар. Сизлар ўта эшитувчи ва ўта яқин Зотга дуо қиляпсизлар”, дедилар.

Учинчидан, саҳобийлар ҳам махфий зикрни афзал кўришган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу масжидга кирса одамлар баланд овозда таҳлил айтаётган экан. Шунда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Сизлар бидъатчиларнинг ишини қилмоқдасизлар”, деб, уларни масжиддан чиқариб юборди.

Тўртинчидан, махфий зикр риёдан узоқ ва холи бўлиб, унинг самараси ва фойдаси жаҳрий зикрникидан кўра кўпроқ ва тезроқ ҳосил бўлади. Махфий зикр Аллоҳ билан бандаси орасидаги сир бўлиб, унинг ажрини Аллоҳнинг ўзи беради. Жаҳрий зикрда эса риёнинг хавфи кучлироқ бўлади.

Бешинчидан, махфий зикр ўзидан ҳушбўй ҳид ёки нур таратади. Зеро, махфий зикр қилган одамнинг нафаси тавҳид билан чиқади ва хушбўй мушк бўлиб таралади. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, аксарият тасаввуф пирлари қаерга борсалар, ўша ерда мушкнинг ҳиди анқиб кетар экан. Ҳатто шундай кароматлар ҳам кўрсатишганки, тариқат пирларининг олган нафаслари нур бўлиб кўриниб турган. Бу махфий зикрнинг самарасидир. Фаришталар ҳам махфий зикрни номаи амолга ушбу хушбўй ҳид ёки нурнинг таралишига қараб ёзиб боришади. Жаҳрий зикрнинг ҳар бир ҳарфига яхшилик ёзилса, махфий зикрнинг нури ёки ҳушбйў ҳидининг ҳар бир заррасига савоб ёзилади.

Олтинчидан, махфий зикр касб билан шуғулланишга ҳам халал бермайди. Чунки у қалбда кечадиган жараён бўлиб, бошқа аъзоларнинг ҳаракатига нуқсон етказмайди. Аллоҳ таоло Жумъа сурасида шундай марҳамат қилади: “Бас, агар намоз тугаса, (намозни ўқиб бўлгач) ер юзига тарқалинглар ва Аллоҳнинг фазлидан (ризқу рўз) истанглар  ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинглар! Шояд нажот топурсизлар!” Оятда касб билан шуғулланиш асносида Аллоҳни ҳам зикр қилишга тарғиб қилинмоқда. Яъни, бир сўз билан айтганда, Нақшбандия тариқатининг “Даст ба кору дил ба Ёр” (“Қўл иш билан, дил Ёр – Аллоҳ билан машғул”) таълимоти айнан шу оятнинг самарасидир. Жаҳрий зикрнинг бу борада имкониятлари нисбатан камроқ. Чунки жаҳрий зикрлар орасида шундайлари борки, вазиятга, атрофдаги одамларга ва бошқа шу каби омилларга қараб бажарилади ёки тарк қилинади. Масалан, ухлаб ётган ёки бирор иш билан машғул бўлиб турган одамнинг олдида Қуръон тиловатини жаҳрий қилиш аксар фақиҳларимизнинг фикрича макруҳ ҳисобланади. Лекин бу ўринларда махфий тиловат қилишга рухсат берилган.

Юқоридаги мулоҳазалардан жаҳрий зикр мутлақо мумкин эмас, деган хулосага келиш ноўрин. Шундай вазиятлар борки, махфий зикрдан кўра жаҳрийси афзал бўлиб қолади. Масалан, зикрни қалбга мустаҳкам жойлаштириш, атрофдагиларни ҳам савобга дохил қилиш, тариқат устози шогирдининг ҳолатини ҳисобга олиб вазифа бериши, қиёматда ўзининг фойдасига гувоҳларни кўпайтиришда ва бошқа шу каби ҳолатларда ният холис бўлиши ва риёдан йироқ бўлиш шарти билан жаҳрий зикр махфийсидан афзал бўлади. Аллоҳу аълам бис соваб.

А.МАЛЛАБОЕВ,

Манбалар хазинаси ходими

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида маълум қилган эдик. 

Дастур 5-15 январь кунлари жамоатчилик муҳокамаси учун 2018.strategy.uz сайтига жойлаштирилди. 

Дастурининг 230-бандида Ислом оламининг жаҳон фани ва цивилизациясига қўшган беқиёс меросини тарғиб қилиш борасида мусулмон давлатлари билан ўзаро мулоқотни янада фаоллаштириш кўзда тутилган. Ушбу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари лойиҳаларини тайёрлаш режалаштирилган. 

- Унда Ислом ҳамкорлиги ташкилоти (ИҲТ) билан биргаликда Ёш олимлар Халқаро Ислом маркази ва Ўзбекистонда ИҲТнинг юқори самарали компьютер марказини ташкил этиш;

 - Ўзбекистонда ИҲТ билан ҳамкорликда замонавий телескоп ўрнатиш; 

- Ал-Хоразмий хотирасига бағишланган ёш математиклар ўртасидаги халқаро олимпиадани ўтказиш назарда тутилган.

ЎМИ матбуот хизмати

Top