muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 23 Июнь 2016 00:00

Хайр-эҳсон

Рамазон ойида ёрдамга муҳтож инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон вилояти вакиллиги ташаббусида Имом Эшон Муҳаммад жоме масжиди Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган ва ногиронларга бир қатор ҳадялар қилинмоқда.

Жумладан, 18-июнь куни «Ботаника», «Кебир аўыл» ва «Теле орай» макон фуқоралари йиғинларида истиқомат қилувчи оилаларнинг холидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотларидан моддий ёрдам қўли чўзилди. Мазкур хайрли ишлар шаҳар ва тумандаги масжидлари ходимлари тарафидан жойлардаги саҳоватпеша инсонларни жалб қилган ҳолда давом этмоқда.

ЭЛГА ЯХШИЛИК ҚИЛ

Эзгулик рамзи муборак Рамазон ойининг ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Айниқса, Рамазон ойида бажарилган эзгу амал, яхшиликлар, қилинган хайр-эҳсон ва садақалар бошқа ойдагига нисбатан бир неча баробар фазилатли ва савоби улуғдир. Шу боис, Хоразм вилояти, Янгиариқ тумани  жоме масжидларида бундай хайрли ишга янада эътиборли бўлинмоқда. Масжид жамоаси  ҳомийларни бу савобли ишга жалб қилиб, улар билан ҳамкорликда боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган бир қанча хонадонларгабеш юз минг сўмлик гўшт ва ёғ маҳсулотларини эҳсон тариқасида улашди.

Туманимиз имом-хатиблари бу хайрли тадбирларни Рамазон ойи давомида ва мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллиги муносабати билан янада кўпайтириб, барча элдошларимизга шукроналик ҳиссини ва байрам кайфияти улашишни мақсад қилишмоқда.Чунки,“(Эй инсонлар)... Бас, сизлардан имон келтирган ва эҳсон қилган зотлар учун катта мукофот бордир” (Ҳадид, 7), дея Аллоҳ таоло биз бандаларига эҳсон қилишнинг улкан ажридан хабар беради. Аллоҳ таоло саховат соҳибларини ана шундай мукофотларга ноил этсин.

 

Раматжон Отажонов,

Янгиариқ тумани бош имом-хатиби

Халқимизда ажойиб нақл бор: “Ўз уйим – ўлан тўшагим”. Албатта, эркакли аёлни тирикчилик деб иссиқ уйини, бола – чақасини ташлаб чиқиб кетиши осон эмас. Ачинарлиси, чет элларга иш қидириб кетаётганлар ширин жонларини хатарга қўйиб, ўзларини хўрлашмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Ҳикоятлардан бирида бундай дейилади: «Бир киши иложсизликни, қўли калталигини рўкач қилиб, ўзга юртга ризқ излаб бормоқчи бўлади. Кўч-кўронини ортиб кетаётса, доно бир қўшниси йўлда учраб, қаерга ва не сабабдан кетаётганини сўрайди. Шунда ҳалиги киши бор гапни айтади. Шунда доно қўшниси энди унга маслаҳат беришга кеч бўлганини ўйлаб бундай дейди: “Ўша борган юртингни “Худосига” мендан салом айт”. У киши кета-кетгунча бу гапнинг мағзини чақишга уринади. Яратган танҳо Аллоҳ Ягона бўлса, ризқ берувчи ҳам фақат У. Борган жойимда ҳам, шу ерда ҳам ўша фақат Аллоҳ ризқ беради-ку. Юртдан кетиб нима қиламан, деб ортига қайтади».

Энди иш излаб четга чиқаётган аёлларимиз аксарият ҳолларда эрлари топиб келганига қаноатсиз чет элга кетишаяпти, ўз иффатини, ору номусини, аёллик, миллати шаънини хатарга қўймоқда.

Аллоҳ уч кунлик сафарга ҳам маҳрамсиз аёлга бир ерга боришга изн бермайди. Эр розилигисиз чиқиш эса, аёл киши учун гуноҳдир.

Зеро, ҳадиси шарифда эр рухсатисиз чиққан аёл то қайтгунича Аллоҳ ва фаришталар лаънати остида бўлиши айтилган. Шундай экан, эрнинг норозилиги остида қандай қилиб катта даромад топиш, қандай файз-барака бўлиши мумкин?

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, аввало, аёлми, эркакми улар ҳар доим сабрли бўлиши тавсия этилади. Зеро, “Мен сабрлилар билан биргаман”, дейди Аллоҳ. Сабрсизлик қилиб узун орзуларга эргашиб, соғлигидан, умрнинг қанча азиз онларидан, иффатидан ва ҳатто ширин жонидан айрилаётганларнинг ҳаёти барчамизга ибрат бўлсин.

 

 

Х. Холбоев,

 Тошкен вилоятидаги “Улуғбек”

жоме масжиди имом-хатиби

Среда, 22 Июнь 2016 00:00

Хақ йўлидан адашмайлик

Ислом дини таълимотига кўра, Аллоҳнинг ягоналиги, Пайғамбар алайҳиссалом унинг элчиси эканига имон келтирган, ислом динига эътиқод қиладиган ҳар қандай киши мўмин ҳисобланади. Ҳеч кимга инсонинг имонини ўлчаш, унинг мусулмон ёки кофирлигини аниқлаш ҳуқуқи берилмаган. Чунки имон қалбда бўлади.

Қалб эса фақат Аллоҳнинг ҳукмидадур. “Ҳанафий, Моликий, Шофиъий, Ханбалий мазҳабларига эргашувчи ҳар бир шахс мусулмондур. Уни кофир дейишга, жонига қасд қилишга, шаъни ва мол- мулкига тажовуз қилиш асло мумкин эмас”.

“Раддул Мухтор” асарида “Ислом диёри фақат қуйидаги учта шарт жамланганда куфр диёрига айланади” дейилган.

  1. Ширк аҳлининг ҳукмларини юритиш билан. Яъни, мушрикларнинг ҳукми ошкор юритилиб, мусулмонларнинг ҳеч бир ҳукми юритилмагандан кейин куфр мамлакати бўлади.
  2. Ислом диёри куфр мамлакатларга қўшилиб, бирлашса.
  3. Мамлакатда бирорта ҳам хавфсиз мусулмон қолмаса.

Мазкур уч шартнинг ҳаммаси бир мамлакатда топилса, у жой куфр диёрига айланади. Агар улардан бири ёки иккитаси топилиб, қолгани топилмаса, Ислом юрти бўлиб қолаверади.

Ислом ҳукмлари деганда, жума ва ҳайит намозларини адо этиш, муфтий сайлаб Унга эргашиш, ҳаж сафарига шароит яратиш кабилар ҳам тушунилади. Гарчи у ерда кофирлар бўлса ҳам, гарчи бирон Ислом давлатига қўшни бўлмаса ҳам.

Мутаассиб гуруҳлар эса эмин-эркин ибодат қилаётган, замонавий адолатли қонунлар асосида яшаётган диёрларни  Куфр диёри дейдилар ва уларга қарши жанг қилишга буюрадилар.

Бугунги кунда чекка қишлоқлардан тортиб, марказий шаҳарларимизда ҳам мусулмонлар учун минглаб масжидлар бино қилинган.

Яна шуни ҳам фахр билан айтиш жоизки,  ҳар йили минглаб мусулмонлар учун ҳаж ва умра зиёрати сафарига бориши учун шароитлар яратилмоқда.

Адашган мутаассиб гуруҳлар аъзолари мусулмонларни кофирга чиқариш билан энг оғир гуноҳга ботмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсадэса инсонларни кофирликда айблаб, шу орқали унга ва жамиятга қарши уруш эълон қилишга бахона топишдир.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда “Кимда ким ўз биродарини “кофир” ёки “фосиқ” деса ва ўша инсонда шу нарса топилмаса, унинг ўзи шундай бўлади”, – деб таъкидланган.

Ёмон фикр соҳиблари ҳам, куфрона неъмат қилувчилар ҳам ёввойи ҳайвонлар мисоли Аллоҳ таолонинг мағфиратидан йироқдирлар (Маҳмуд Замаҳшарий).

Бир миллатдан ишончли кишилар озайса, динини сотиб дунё йиғувчилар кўпайса, у миллат орасида фитна болалайди. Қибла аҳлидан бўлган бирор-бир мусулмонни гуноҳи туфайли кофир санамаймиз. Гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам. Одам қанчалик маърифатли бўлса, эл юртга шунча кўп фойдаси тегади. Доноларимизнинг фикрича

Олдига қўйганни емак – ҳайвонинг иши,

Оғзига келганни демак – нодонинг иши.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, тинч ва осойишта ҳаёт барқарор юртимизни турли фитна ва нотўғри фикрлардан асраш, тўғри йўлдан тоймасдан бориш учун ҳар бир кишида юксак маънавиятли бўлмоғи даркор. Шундагина ҳар хил нотўғри қарашларга раддиялар бера оладиган инсонлар қаторида бўламиз.

Барчамизни адашиб кетишдан Яратганнинг ўзи асрасин.  Омин!!!

 

М. ШАРОФУДДИНОВ,

Марҳамат туман бош имом-хатиби

 

Среда, 22 Июнь 2016 00:00

САБР ИМОННИНГ ЯРМИДИР

Сабр-матонат ва бардош мўминларнинг энг яхши сифати, уларнинг шаънини улуғловчи гўзал фазилатидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларига бирор мусибат, офат ёки машаққат келганида фақат сабр қилишга буюради. Сабрнинг луғавий маъноси чидаш, ўзини сақлаб, тўхтатиб турмоқни англатса, шариатда сабр – ибодат қилишда чидамли бўлиш, гуноҳдан сақланишда чидам ва мусибат, яқин кишисини йўқотиш ва шу кабиларга оҳ-воҳ тортиб жазава тушмасдан тоқат билан чидашни англатади.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сабр имоннинг ярмидир”[1], деганлар. Сабр энг олий фазилатлардан бири бўлиб, сабрли бандаларини Аллоҳ таоло яхши кўради. Қуръони каримнинг юзга яқин ояти карималарида мўмин-мусулмонлар сабр, чидам ва бардошга чақирилади. Аллоҳ таоло сабр қилувчиларни севиши ва улар билан доимо бирга эканлиги хабарини  бериб шундай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ إِنَّ اللَّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ

“Эй имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Аллоҳ албатта сабр қилувчилар билан биргадир”[2]. Қуръони каримнинг бошқа оятларида эса, Аллоҳ таоло сабр қилувчиларга охиратда беҳисоб ажр-мукофотлар тайёрлаб қўйгани зикр қилинади:

...إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ

Сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилади[3]. Сабр – гўзал сифат бўлиши билан биргаликда, унга риоя қилиш ниҳоятда оғир ҳамдир. Чунки киши бошига келган ҳаёт қийинчиликлари, мусибатлари ва ғам-ташвишларига ҳар доим ҳам чидамли, бардошли бўла олмайди. Аммо мана шу ўринларда сабрли бўлса, барча нарса Аллоҳ таолонинг азалий тақдиридан деб билса,  ўша мусибат ундан енгил кечади ва оқибатда битмас-туганмас ажрга эга бўлади. Бу дунёда яшайдиган инсон борки, уларнинг барчалари ҳаёт имтиҳонларига рўбарў бўлмасдан иложлари йўқ. Чунки ҳаётнинг ўзи имтиҳон ва турли синов-машаққатлардан иборат қилиб яратилган. Бас шундай экан, инсон, бошига тушган қийинчиликларга сабр қилса ҳам, сабр қилмаса ҳам  ҳаёт шу тарзда давом этаверади. Аммо сабр қилганлар – ҳам соғликларини сақлаб қоладилар ва беҳисоб ажрга эга бўладилар. Сабр қилмаганлар эса – ҳам соғликларидан ажрайдилар ва савобдан ҳам бебаҳра қоладилар.

Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарлари сабр-қаноатда инсониятга ибрат бўлишган. Энг суюмли фарзандидан айрилган Яъқуб (алайҳиссалом), туҳмат ва фитна туфайли узоқ вақт зиндонбанд бўлган Юсуф (алайҳиссалом), Аллоҳ юборган машаққат, дард-офатларини кўрган Айюб (алайҳиссалом), золим Фиръавннинг чидаб бўлмас азоб, камситиш, хўрлаш-қийноқларига дош берган Мусо (алайҳиссалом)ларнинг буюк сабрлари инсониятга ибрат ўлароқ тарих саҳифаларида қолган.

Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад (алайҳиссалом)ни ҳам, у Зотдан олдин ўтган барча элчиларини ҳам ваҳийни етказишда, инсонларни имонга чақиришда бошларига тушаётган машаққат ва озорларга нисбатан сабр-матонат кўрсатишга буюрган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қачон бошларига қийин иш тушса, Аллоҳ таолонинг ояти каримасига мувофиқ намоз ўқишга шошилардилар, чунки намоз сабрга битмас-туганмас сабр қўшувчи сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. Сабр инсонни оқибат чексиз-ҳисобсиз зафарларга, муваффақиятларга етиштиради.

وعن صهيب الرومي رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:

"عجبا لأمر المؤمن إن أمره له كله خير وليس ذلك لأحد إلا للمؤمن إن أصابته سراء شكر فكان خيرا له وإن أصابته ضراء صبر فكان خيرا له"  رواه مسلم - ( صحيح )

Суҳайб Румий (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўминнинг иши ажойиб! Унинг барча иши, ўзига яхшиликдир. Бу фақат мўминлардагина бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, бас, унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади, бас,  унга яхши бўлади”- дедилар.[4] Аллоҳ таолонинг савобига эришиш учун сабр-чидам ва Ҳақ йўлида “чиройли сабр қилиш” керак. Аммо сабр дегани жим-ҳаракатсиз туриш, дегани эмас, Аллоҳ таоло айтганидай чидам билан юриш деганидир. Демакки, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил киришиши, Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажаришда дуч келинадиган машаққатларни енгиб ўтишда сабрли ва У қайтарган нарсалардан қайтишликда матонатли бўлиши лозим. Шундагина у, Аллоҳ таолонинг сабр қилгувчиларга ваъда қилган мукофотларига эришади. Мусулмон киши турмушини яхшилаш йўлида имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб ҳаракат қилаверади, аммо ризқни Аллоҳ таоло беришини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига етган ризқ-насибани Аллоҳ таолодан деб билади. Инсон ўзига етган барча яхшилик ва ёмонликни Аллоҳ таолонинг иродасидан деб билса, ўзига неъмат етганида шукр қилади ва ҳовлиқиб кетмайди. Агар унга мусибат етса, буни имтиҳон деб билади ва тушкунликка тушмайди, сабр қилади. Чунки мусулмон одам Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқмайди.

Сабр ҳар бир мўмин-мусулмон эркак-аёлга лозим сифатдир. Бу чиройли хислатсиз инсон мўмин-мусулмонлик шартларини, буйруқларини етарлича бажара олмайди. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кишидаги хислатларнинг энг ёмони дунёга ҳарислик, сабрсизлик, ўта бахиллик, қўрқоқлик ва ўзини тия билмасликдир”, деганлар[5].

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг сабр қилувчи бандаларидан айласин, бошига бир машаққат ё мусибат тушганида Ўзига ёлборувчи ва Ўзидан ёрдам кутувчи тақволи бандаларидан қилсин!

 

 

Олимхон Исахон ўғли,

Самарқанд вилояти “Махдуми Аъзам” жоме масжиди имом хатиби

 

[1] Имом Бухорий ривояти.

[2] Бақара сураси, 153-оят.

[3] Зумар сураси, 10-оят.

[4] Имом Муслим ривояти. Саҳиҳ ҳадис.

[5] Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.

 

Среда, 22 Июнь 2016 00:00

Рўза ва саломатик

Динимизда тақиқланган нарсаларнинг барчасида инсон соғлигига ёки жамиятга зарарлари бор. Аксинча, уларга ман этилмаган нарсаларда фойдалари жуда кўп. Дин устунларидан бири бўлмиш рўза ибодати ҳам инсон саломатлигига бу дунёда келтирадиган манфаатлари кўп бўлиши билан бирга, охират сармояси ҳамдир. Рўза жисмнинг закоти экан, бу ойда тугал рўза тутган одам танаси ва руҳидаги ўзгаришларнинг ижобийлигини ҳис этади.

Рўза барча аъзоларни сақлайди, Унинг инсон саломатлигини мустаҳкамлаши борасидаги фойдалари ҳақида кўп гапирилган. Рўза ошқозон ва ичакларни ортиқча чириндилардан тозалайди, у туфайли ҳазм қилиш тизими маълум муддат ором олади. Рўза парҳездан ҳам устун туради. Ичак ва йўғон ичакларида яллиғланиши бор беморлар рўзанинг фойдасини сезишади. Рўзада таомланиш бир тартибга тушади.

Рўза нафс ва руҳни поклайди, камбағал ва муҳтожларга меҳр кўрсатишни ўргатади, шаҳватларга берилишдан қайтаради, нафсни ростгўйлик, ғазаб қилмаслик каби хулқларга эриштиради, тинчлик, муҳаббат ва поклик руҳини беради. Баъзи докторлар қанд, бўғим ва бошқа турли касалликларни даволашда рўзадан кенг фойдаланишган.

Инсон организми асаб тизимига қараб турлича бўлади. Инсон танасидаги ортиқча вазн сабабидан ҳам касаллик сеза бошлайди, пешоб йўлида тўпланган тошларни эритишда, оқсил ва крахмал моддаларининг кўпчиш ҳолатига сабаб бўлувчи ошқозон безовталигида рўза ҳам кўп фойда беради.

Рўза ибодати инсоннинг соғлигига қанчалик фойдали бўлса, унинг руҳи – қалбига ҳам шунчалик манфаатли. Буни қуйидаги маълумотлардан билиб олишимиз мумкин. Набий (алайҳиссалом): “Огоҳ бўлинглар! Ҳамманинг жисмида бир бўлак гўшт бўлади. Агар у салоҳиятли бўлса, бутун жасад салоҳиятли бўлади. Агар у фасод (айниса, яроқсиз) бўлиб қолса, бутун жасад фасодли бўлади. Огоҳ бўлинг у қалбдир”, дедилар. 

Демак, рўза билан қалбимизни ислоҳ қилсак, бутун жасадимизни ислоҳ қилган бўламиз. Қалбимизнинг салоҳиятли бўлиши эса, дунё ва охиратдаги саодатимиз. Унинг фасод бўлиши натижасида қандай ҳалокатга юз тутишини Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи билади.

Қалбимиз нафақат Рамазон ойида балки, бошқа ойларда ҳам Рамазон ойидагидек рўза тутиши керак. Унинг рўза тутиши эса  ширк амаллар, нотўғри эътиқод, ёмон ва ёвуз ниятлар ва маҳзунликлардан узоқ бўлишидир. Зеро, қалбимиз Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат билангина тирик бўлади, чироқ каби чарақлайди, қуёш каби нур сочади ва тонг каби ярақлайди. 

Қалбимиз Қуръони каримни эшитиши билан имон нури, тафаккур қилиши билан ишончи ва атроф-муҳитга ибрат назари билан боқиши натижасида ҳидояти зиёдалашиб боради, манманликдан тийилади. Чунки кибр – қалб рўзасини бузади.

Шуни эсда тутиш лозимки, касални даволаш учун муолажа қанчалик зарур бўлса, парҳез ҳам шунчалик зарур. Гуноҳлардан парҳез қилиб, Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат қилиш орқали мақсадимиз ҳосил бўлади.

Инсон соғлиғига оид рўза ҳақидаги мазкур маълумотлар Аллоҳ таоло биздек ожиз бандаларига билдирганларидир. Биз билмаган яна қанча манфаатлари ва ҳикматлари бор, бу У Зотнинг ёлғиз Ўзига аён.

 

Қорақалпоғистон мусулмонлар қозиёти қозиси                  Ш.Бауатдинов

 

Top