muslim.uz

muslim.uz

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَحَبُّ الْبِلَادِ إِلَى اللهِ مَسَاجِدُهَا، وَأَبْغَضُ الْبِلَادِ إِلَى اللهِ أَسْوَاقُهَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга энг маҳбуб юртлар масжидлардир. Аллоҳнинг энг кўп ғазабига учраган юртлар бозорлардир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдаги масжидлар ва бозорларга нисбатан айтилган васфлар уларда содир бўладиган ишлар юзасидан айтилган.

Одатда масжидларда Аллоҳга ибодат қилинади, тиловату зикр, ваъз-насиҳатлар бўлади, илм ўрганилади, мусулмонларнинг ахлоқ-одоби, тарбияси, руҳий-маънавий ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилади. Умуман, икки дунё фойдасига оид ишлар бўлади.

Шунинг учун ҳам масжидлар Аллоҳ таоло энг яхши кўрган масканлардир. Шунинг учун ҳам масжид – Аллоҳнинг уйи, дейилади. Ҳар бир нарсанинг шарафи ўша нарсанинг эгасининг шарафига қараб бўлади. Аллоҳнинг уйи бўлишдан ортиқ шараф бўлиши мумкинми?!

Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло қуйидагиларни айтади:

«Еримдаги уйларим масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим масжидларни обод қилувчилардир. Бас, ўз уйида таҳорат қилиб, Мени Ўз уйимда зиёрат қилган бандага хушҳоллик бўлсин. Зиёрат қилинган зиёрат қилувчини икром этиши ҳақдир».

Демак, масжидларга кўпроқ боришимиз, уларда кўпроқ ибодат қилишимиз, Аллоҳга қурбат ҳосил қилишимиз лозим.

Масжидга боргач, у ерда кўзда тутилган нарсадан бошқа нарсалар билан машғул бўлиш яхши эмас. У ерда ношаръий ишлар, гап-сўзлар умуман бўлмаслигига ҳаракат қилишимиз шарт.

Бозорлар Аллоҳ таоло энг ёмон кўрган жойлардандир. Одатда у ерда ёлғон, алдамчилик, бировнинг молини ботил йўл билан ейиш каби ҳодисалар содир бўлади.

Исломда савдо-сотиқ ишларида ҳалол бўлишга қаттиқ тарғиб қилинади. Алдамчилик, бировнинг ҳаққини ейиш, ўзаро муомалаларда қаллоблик қилиш каби ишлар қаттиқ қораланади.

Ҳадисда бозорлар Аллоҳ таоло энг ёмон кўрадиган жой сифатида тилга олиниши ҳам шу жумлага киради. Бозор бозор бўлганлиги учун эмас, балки унда ҳаром-хариш, ношаръий ишлар кўп такрорланиб турганлиги учун шундай васфга эга бўлган. Шунинг учун мусулмонлар бозорларда доимо эҳтиёт бўлишлари керак. У ерларга кирганда ҳам, юрганда ҳам Аллоҳдан паноҳ сўраб юриш лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Мамлакатимизнинг Кобулдаги элчихонасида Ўзбекистон-Афғонистон алоқаларини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ижросини таъминлашга оид давра суҳбати ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА. Унда Афғонистон Ҳаж ва дин ишлари вазири Муҳаммад Қосим Ҳалимий, вазирлик ходимлари, диний уламолар иштирок этди.

Тадбир давомида Ўзбекистонда чоп этилган Имом Бухорий ва Имом Термизий маънавий меросига бағишланган китоблар тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистонда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва диний бағрикенгликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар борасида батафсил маълумот меҳмонлар диққатига ҳавола этилди. Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференцияда Афғонистон делегациясининг иштироки борасида тайёрланган ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилди.

Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти билан учрашувларда диний соҳада ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилгани таъкидланди.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон заминида яшаб ўтган буюк муҳаддисларнинг ҳаёти ва мероси, Имом Бухорий халқаро маркази ва Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини Афғонистон оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистонда ёш афғон мутахассислари учун “Ислом миниатюраси” йўналиши бўйича ўқув-амалий курслари ташкил этиш, Афғонистонлик уламолар вакилларидан иборат гуруҳларнинг Ўзбекистонга зиёрат туризми дастури доирасида сафарларини уюштириш ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони карим оятлари матни ҳижрий 10 (милодий 632) йилда тўла мукаммал бўлди. Ўша пайтда нозил бўлган сура ва оятлар турли ашёларга кўчирилиб, тартибланмаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хоналарида бир жойга жамланган эди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифаликлари даврида, яъни ҳижрий 11-13 йиллари Қуръон карим оятларининг ўрама шаклдаги бир нусхасини кўчиришга қарор қилинди. Бу шарафли вазифа йигирма ёшли саҳобий, ваҳий котиби Зайд ибн Собитга юкланди. Зайд ибн Собит мадиналик ансорийлардан эди. Ўн бир ёшида имонга келиб, ҳамиша Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида юриб, дуоларидан баракот топди. Қатор тилларни ўрганиб, илму ҳикмат соҳиби бўлиб етишди. Мадина шаҳрида Куръон қироати қоидалари, шариат аҳкомлари ва мерос тақсимоти масалаларида беназир зот эди. Зайд ибн Собит Абу Бакр Сиддиқ топшириғи билан оятларни ўрам-ўрам териларга биринчи бўлиб кўчирган, кейинчалик Мусҳафи Усмонни кўчириш ишларига ҳам бош-қош бўлган.

Иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу замонига келиб Ислом динимиз шарқда Хитойгача, ғарбда Андалусия (Испания)гача етиб борди. Ҳижрий 13-24 йиллар оралиғида Ислом давлати ҳудуди ниҳоятда кенгайди. Араблардан ташқари Ажам ўлкаларидаги халқлар ҳам Ислом билан шарафланишди. Бу эса Қуръони каримнинг ягона қурайш лаҳжасидаги “андоза расмихат имлодаги” (эталон) нусхасини кўчириш заруратини юзага келтирди.

Бу тарихий иш учинчи халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврларига тўғри келди. Ҳижрий 25 йили асҳоби киромдан катта бир гуруҳ назорати остида, дақиқ текширувлар натижасида Қуръони каримнинг ягона андоза нусхаси кўчириб ёзилди. Тери саҳифаларнинг иккала юзасига ҳам матн ёзилиб, барча саҳифалар муқова орасига олинди. Қуръони каримнинг китоб шаклидаги бу нусхасига “Мусҳафи Имом” деб ном берилди. Тери варақларга ёзилган Қуръон нусхасининг энг биринчи намунаси ҳазрати Усмонга нисбат берилиб, “Мусҳафи Усмон” атала бошлади.

Хаттотлар ана шу мусҳафдан бир неча нусха кўчириб, Ислом етиб борган турли ўлкаларга юборилган. Бугунги кунда Ҳазрати Усмон мусҳафларидан нодир бир нусха Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида авайлаб сақланмокда.Лангар Қуръони эса милодий саккизинчи асрда номаълум бир хаттот томонидан кўчирилган нусха бўлиб, у қайси саҳоба кўчириб ёзганини айтишга илмий асослар йўқ. Бу нусхада тўлиқ бўлмаса-да, ҳамма ҳарфларнинг нуқта-белгилари қўйилган. Нусха Кашқадарё вилоятининг Лангар қишлоғида сақланиб келингани учун “Лангар Куръони” номи билан машҳур бўлган. Унинг 16 варағи Ўзбекистонда, 82 варағи Санкт-Петербургда сақланмоқда. Доктор Ефим Резван Петербургда Лангар Куръони варақларининг мажмуасини рангли китоб ҳолида нашр эттирган. Бу нашрнинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида ҳам бир нусхаси мавжуд.

Мазкур мусҳафларнинг Марказий Осиёга келтирилгани ҳақидаги тўлиқ маълумотлар марҳум устоз Шайх Исмоил махдумнинг “Тошкентдаги Усмон мусҳафи тарихи” асарида келтирилган. Мазкур китобда соҳибқирон Амир Темур ва аллома Абу Бакр Қаффол Шоший Мусҳафнинг юртимизга келишига алоқадор экани кўрсатилади. Лекин Мусҳафни айнан ким олиб келгани ҳамон жумбоқлигича қолмокда. Бизнингча, Мусҳафни ҳижрий 54 йили Самарқандга муҳожир бўлиб келган Усмон ибн Аффоннинг ўғли Холид ибн Усмон олиб келган, деган фикр илмий асосга эга. Самарқанддаги Хожа Абду Дарун мақбараси айнан Холид ибн Усмонга мансуб меъморий ёдгорликдир.

 

Фотима Ҳабибуллоҳ қизи Ҳақбердиева

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Улуғбек Мақсудов Жидда шаҳрида жойлашган Ислом тараққиёт банки (ИТБ) бош қароргоҳида ИТБ гуруҳи президенти Бандар Ҳажар билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Учрашувда ўзаро муносабатларни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари ва Тошкентда бўлиб ўтадиган ИТБ Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилишига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Бугун ИТБ томонидан Ўзбекистон учун тасдиқланган имтиёзли кредитларнинг умумий ҳажми 2,4 миллиард долларни ташкил этмоқда. Банкнинг Ўзбекистондаги маблағлар портфели иқтисодиётнинг турли соҳалари, хусусан, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ туманларини ривожлантириш, транспорт, энергетика, соғлиқни сақлаш ва таълим каби соҳаларга диверсификация қилинган.

ИТБ гуруҳи президенти банк томонидан Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистонни бир-бирига боғлайдиган темир йўл, Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини бунёд қилиш ва бошқа лойиҳалар қўллаб-қувватланишини тасдиқлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Қашқадарё вилояти бош имом хатиби Раҳматуллоҳ УСМОНОВ билан суҳбат

– Ассалому алайкум, домла. Икки олам Сарвари, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ таоло оламларга раҳмат қилиб юборди. У зот охирги ва мукаммал дин – Исломни олиб кел дилар. Ваҳий орқали билдирилган Қуръонни баён қилдилар. Динимиз ва Китобимиз шу даражада мукаммалки, бундан ўн тўрт аср муқаддам айтилган нарсаҳодисалар ҳикмати асрлар оша бугун ҳам биринкетин кашф қилиниб келмоқда. Бир дастур ўлароқ, Исломда кўрсатилган низомлар эса ҳар қандай давлатнинг қомус ва қонунларида акс этган, дейиш мумкин. Жумладан, юртимиз бош қомуси ҳисобланган Конституциямиз ҳам динимиз кўрсатмалари, буйруқ ва қайтариқларига монандлигини кўриш мумкин. Сиз билан шу ҳақда суҳбат қурсак…

– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Ҳикмати бениҳоя Раббимиз бу дунёдаги каттаю кичик ҳар бир воқеликка, ҳар бир сиру синоатга бир сабабни боғлаб қўйган. Масалан, инсоннинг моддий дунёдаги ҳаёти унинг ҳар бир жабҳасини тартибга солиб турувчи ижтимоий иқтисодий асосга боғлиқ. Аллоҳ таоло бу оламларни Ўзининг илоҳий низоми асосида қоим қилиб турганидек, У Зотнинг ердаги халифаси бўлмиш инсон ҳам ўзи яшаётган жамиятни бошқаришда маълум қонун қоидаларга асосланади.

Ана шу низомнинг қанчалик етуклиги, илоҳий қонунқоидаларга мутаносиблигига қараб, унинг бу дунёдаги ҳаёти шунчалик баркамол, сермазмун кечади, унинг ўзига ҳам, келгуси авлодларига ҳам манфаатли бўлади. Шунинг учун бугунги кунда ҳар бир давлатнинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрнини, аҳолисининг турмуш даражасини, ҳаётининг фаровонлигини, фуқароларининг ижтимоий ҳуқуқий хавфсизлигини ушбу давлатнинг сиёсий, ижтимоий иқтисодий тузумини белгилаб берувчи низоми, яъни Конституцияси белгилайди.

Ҳар қандай давлат тараққиётга эришиш учун кўпданкўп қатъият ва қадриятларга қатъий амал қилиши зарур. Бағрикенглик, инсонпарварлик хислатларини шакллантириш, миллатлараро тотувлик, динлараро ҳамжиҳатлик, жамиятда фуқа ролар тотувлигини мустаҳкамлаш, барча фуқароларга, миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликлар бериш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келяпти. Зеро, Конституция ва унга риоя қилиш – давлатни давлат, миллатни миллат сифатида кўрсатади, баҳолайди.

Қомусимизнинг барча бўлим ва моддалари миллий қадриятларни тиклаш, инсон манфаатини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, дин ва виждон эркинлигини таъминлаш, оилада мустаҳкам муҳитни таъминлаш, миллий маданий мерослардан оқилона ва одилона фойдаланишни ўз ичига олган.

-Бу йил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганининг йигирма саккиз йиллиги байрам қилинади. Аммо унинг ҳаётимизда нечоғли аҳамият касб этишини тўла англаб етмаган баъзи ҳамюртларимиз ҳам учрайди. Тушуниб тушунмай, бу санага байрам сифатида эътибор қаратиш муҳим эмас, деб ҳисоблашади. Ҳолбуки, асосий Қонунимизда биринчи галда диний эркинлигимиз таъминлаб қўйилган. Унинг ижросида йўл қўйиладиган баъзи камчиликлар эса бошқа масала. Шундай эмасми?

– Қомусимизнинг ўзига мурожаат қилсак. “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари бўлими” 18моддасида:

“Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгилаб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт” деб ёзилган. 31моддасига кўра, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланган. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Диний муассасалар фаолиятининг қонун асосида олиб борилиши таъминланади. 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг тинчтотув, хотиржамлик асосида яшаб келиши ҳам Қомусимизнинг нечоғлик ҳаётга татбиқ этилганидан ва диёримиз кишиларининг бағрикенглигидан дарак беради.

Энди диққат қилайлик. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Дарҳақиқат, Биз Одам фарзандларини мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (отулов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик» (Исро сураси, 70- оят).

Ушбу ояти кариманинг мазмун ва маъносига аҳамият қиладиган бўлсак, инсон мукаррам қилиб яратилганига, унга берилган барча ҳақҳуқуқларидан оқилона фойдаланиши, берилган барча неъматлар шукрини қилиб яшашга ундамоқда. Қонунимизда яна давлат халқнинг иродасини ифода этиши, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат муассасалари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги белгилаб қўйилган. Бу қоида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадисига ҳамоҳанг: “ Ҳар бирингиз мутасаддисиз, ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз” (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва халифалари даврларига қарасак ҳам, ҳатто мусулмонлар қўл остида бўлган ажам халқларига динни танлаш ҳуқуқи, ўз динларида қолган тақдирда, ҳимояси таъминланганига гувоҳ бўламиз. Шундай экан, бугунги кунда аҳолисининг аксари мусулмон бўлган, динимизга давлат миқёсида эътибор берилиб, янги масжидлар, диниймаърифий адабиётлар тарғиб қилинаётган бир пайтда, оятда айтилганидек, ақлимизни ишлатайлик, тафаккур қилайлик. Аллоҳнинг ҳисобсиз неъматларига шукр қилиб, эминэркин ибодатларда бардавом бўлайлик. Тушунчаси тор ё хато шаклланаётган кишиларни кўрсак, англаганларимизни англатайлик.

– Конституциямизнинг бошқа давлатлар конституциясидан яна бир фарқли жиҳати шундаки, унда оилани мустаҳкамлашни таъминлайдиган ҳуқуқий асос сифатида махсус “Оила” боби киритилган…

– Яхши эслатдингиз. Ушбу бобда ҳақиқатан оила муносабатлари, эр билан хотин, отаона билан болалар ҳамда қариндошлар ўртасидаги, шунингдек, болалар тарбиясига оид йўна лишлар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Мамлакатимизда оила муносабатларига оид қилинган барча ҳужжатлар, жумладан, Оила Кодекси ҳам айнан мана шу тамойил ва қоидалар негизида ишлаб чиқилган. Хўш, динимизда оила, яқинларга бўлган муносабатга қандай эътибор берилган? Қиёслаб кўрилса, Қомусимизда акс этган бандлар фиқҳий масалалар билан кўп нуқталарда яқинлигини кўриш мумкин. Мисол учун, 64 моддада ота оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиши ва тарбиялаши белгиланган. Энди Баро ибн Озиб розийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятни келтирайлик: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим, қарасам, Ҳасан розийаллоҳу анҳуни елкаларига кўтариб олибдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим! Мен буни яхши кўраман, сен ҳам яхши кўргин” деганларини эшитдим».

– Ҳа, домла, ҳазрат Али розийаллоҳу анҳуҳам: “Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим бе ринглар ва уларни одобли қилинглар”, деган. Динимиз яна отаона, ёши улуғ кишиларга нисбатан эътиборли бўлишга чақиради…

– Бу тўғрисида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «Раббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва отаонага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингизда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” де ма, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!» (Исро сураси, 23- оят). Яъни, отаона ни “уфф” деб ҳам ранжитиб бўлмайди. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ота онаси қариган пайтда икковларига ёки бирларига (хизмат қилиб) жаннатга киролмаса, бурни ерга ишқалансин!” дедилар (Имом Муслим ривояти).

– Конституцияда, айниқса, таълим соҳа сига алоҳида урғу берилган. Барчамиз яхши биладиган 41 моддада бепул таълим олиш ҳуқуқи белгиланган. 42 моддада эса “Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади”, дея белгилаб қўйилган…

– Аллоҳ таоло: «Агар билмайдиган бўлсанглар, аҳли илмлардан сўранглар», дейди (Наҳл сураси, 43- оят). Ҳадисда эса: “Илмни, гарчи Чинда бўлса ҳам, талаб қилинглар”, (Имом Байҳақий ривояти) деб келади. Абдул лоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтади: “Илм йўқолишидан олдин уни маҳкам тутинглар, илмнинг йўқолиши илм соҳибларининг кети шидир. Илмни маҳкам тутинглар, чунки ҳеч ким қачон унга муҳтож бўлишини билмайди”.

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ
суҳбатлашди.

Top