muslim.uz

muslim.uz

1 март куни Қозоғистоннинг Манғистау вилояти Манғистау тумани Сейгус қишлоғи ҳудудидан ўтувчи «Ақтау-Бейнеу» автомобил магистралида йўл транспорт ҳодисаси оқибатида юз берган фожиадан Ўзбекистон мусулмонлари идораси катта қайғуда. Етти нафар юртдошларимиз ўлимига олиб келган ушбу воқеа муносабати билан ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
Азизлар, машъум фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига дуолар қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Инсон қачон, қаерда ва қандай ҳолатда вафот этишини билмайди. Динимизда бирор фожиа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши айтилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида киши сувга ғарқ бўлиб, ўтда куйиб, том остида қолиб, аёл киши тулғоқ пайтида вафот этса, шаҳидлик мақомини топишини айтганлар.
Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуойи хайрлар қилиш мўминлик ҳақларидан ҳисобланади. Қуръони каримда шундай дейилган:


وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ
وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آَمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ


яъни: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят)
Шундай экан ушбу фожиада вафот этган юртдошлармизнинг ҳақларига дуо қилиб, Яратган Парвардигордан уларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини, ётган жойларини жаннат боғларидан бир боғ қилишини илтижо қилиб сўраймиз. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларининг мусибатларига шерик эканимизни билдирган ҳолда сабру жамил тилаймиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz портали ижодкорлари томонидан “Онлайн зиёрат” лойиҳаси йўлга қўйилди.

Энди сиз Юртимиздаги диққатга сазовор жойлар, муқаддас қадамжолар ва азиз-авлиёларнинг хоклари қўним топган гўшаларга muslim.uz сайтининг Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали “Онлайн зиёрат” қилишингиз мумкин. Бунда, портал ижодкорлари муайян бир зиёратгоҳга бориб, у ердан тўғридан-тўғри эфирга чиқишади ва зиёратгоҳ ҳақида батафсил маълумот беришади. Дастлаб, Тошкент шаҳридаги зиёратгоҳлар бўйлаб саёҳат амалга оширилади. Агар сиз юртимиздаги қайси зиёратгоҳ ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишни истасангиз, бизни телеграмдаги @MuslimUzAdmin1Bot ботига мурожаат қилишингиз мумкин. Биз, албатта, имкон қадар Сиз айтган зиёратгоҳга бориб, муборак гўша ҳақида мухлисларимизга батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз, иншоаллоҳ!

Эртага, биринчи “Онлайн зиёрат”имиз соат 10.00 да “Ҳазрати Имом” мажмуасида жойлашган “Қаффол Шоший” зиёратгоҳидан бошланади. Марҳамат, биз билан бирга онлайн зиёрат қилинг ва муборак гўша ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлинг.

Ҳурматли мухлислар! Бизни кузатишда давом этинг. Ҳали олдинда, Сиз учун яна-да фойдали ва қизиқарли мега лойиҳалар тайёрлаб қўйганмиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Понедельник, 05 Март 2018 00:00

Тўй кунини ким белгилайди

Аллоҳ таъолога беадад ҳамду – саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи  васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин. 

Ҳозир никоҳ тўйлари мавсуми айни қизиган паллада Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки пойтахтимиз, қолаверса, юртимизда ҳар куни бир неча ўнлаб никоҳ валималари уюштирилаяпти. Пойтахтдаги барча тўйхоналар бир кунда бир неча тўй маросимларини ўтказиш манзилига айланаяпти. Албатта бу борада тунги базмлар ва наҳорги никоҳ валимаси учун берилаётган ошлар эътиборга олинади. Биз бу ўринда бу базм ва наҳорги ошларни қандай ҳолатда ва қандай шарт-шароитда, қандай қонун-қоидаларга мувофиқ, миллийлигимиз ва урф-одатларимизга, хоссатан динимиз кўрсатмаларига қай даражада мувофиқ ёки номувофиқ келиши тўғрисида баҳс юритмоқчи эмасмиз. Чунки бу масалада халқимиз учун етарли даражада маълумотлар тақдим этилган ва уни такрор тақдим этиш ниятимиз йўқ. Балки айнан никоҳ валимаси бўладиган кунни ва ўз-ўзидан унга узвий боғланадиган келин билан куёвнинг гўшангага кириб, биргаликда оилавий ҳаётни бошлаш кунини аслида ким белгилаши тўғрисидаги муаммони кўтармоқчимиз. Тўғри, кимлар учундир бу ўз-ўзидан, йўл-йўлакай белгиланадиган, ҳеч қандай баҳс ва мунозарага сабаб бўладиган иш эмасдир. Баъзилар «Бунга ўта жиддий эътибор беришни ҳеч қандай ҳожати йўқ» дейди ёки «шу ҳам муаммоми, қариялар иш бошилар, нима десалар шу бўладида» ёки «шароитга қараб белгиланавериладиган оддий ишку» дейиши мумкин. Албатта бундай фикрларни мазкур муаммолар бўйича мутахассис бўлмаган, балки бирор маротаба шу иш юзасидан можарога тўғри келмаган оддий инсонлар айтиши мумкин, лекин бизга ўхшаш масжид ходимларига мурожаат қилинаётган шикоят ва маслаҳатларни таҳлил қиладиган бўлсак, мазкур муаммони ҳам ҳал қилиш вақти етганлиги ва бу борадаги динимиз кўрсатмаларини аниқ ва тиниқ ҳолатда халқимизга тақдим қилишимиз керак эканлиги маълум бўлади. Демак бўлаётган мурожаатларга қарайдиган бўлсак, тўй кунини қачон ва қаерда бўлишини  шак-шубҳасиз, ҳеч қандай гап сўзсиз, ҳаттоки қуда тараф билан бирор марта ҳам маслаҳат қилмасдан туриб, ўз-ўзидан куёв тараф белгилайди. Буни эса бир қанча сабаблари бор. 

Биринчи: ҳозирги кунда куёв тараф ўзини келин тарафдан мутлақ юқори қўйиши; 

Иккинчи: куёв тараф тўй кунини белгилашни ўзларининг ҳаққи деб билиши; 

Учинчи: куёв тараф бу борада қуда тараф билан бомаслаҳат иш қиладиган бўлса обрўси тўкилиши тўғрисида тасаввури; 

Тўртинчи: нафақат шариат бўйича, балки ҳақиқий урф-одатдан мутлақо бехабар бўлиши; (чунки асл урфимизда ҳам бундай бўлмаган). 

Бешинчи: ҳозирги кунда бу асосийси ва муҳими бўлиб, қайсидир тўйхонанинг бўш вақтини эътиборга олиш; 

Олтинчи: ўзи ёқтирган санъаткорларнинг бўш вақтини эътиборга олиши ва ҳоказолар. 

Аслида ҳам ўзи шундаймикан? Бунга ойдинлик киритиш учун шариатимиз ва унга мувофиқ бўлган урф-одатимизда тўй куни қандай белгиланганлиги тўғрисида баъзи бир маълумотларни ўрганиб чиқамиз. Бунинг учун эса узоқ ўтмишимиз ва ҳаттоки 21 асргача бўлган урф-одатларимизга эътибор беришимизнинг ўзи кифоя қилади. Унда эса доимий ҳолатда тўй кунини куёв тараф келин тарафдан сўраб суриштириб, улар билан бомаслаҳат ва асосан келиннинг шарт-шароитига қараб туриб белгилаганлар. Бунда эса эътиборга олинган нарса шаръий жиҳатдан келиннинг узрли бўлиб қолишидир. Одатда аёллар  уч кундан ўн кунгача шаръий узрли бўлишлари мумкин. Бу ҳолатнинг такрорланиши эса ўртача ҳисобда бир ойда бир марта бўлади. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда ўртадаги покликни энг оз муддати ўн беш кун бўлиб, кўпиниг чегараси белгиланмагандир. Демак бўлажак келинниг онаси ўз қизининг ойнинг қайси кунларида узрли бўлишини билади ёки билмаса қизидан сўраб суриштириб, сўнгра пок бўладиган кунларининг бирига тўй кунини белгилайди. Шунда ҳар тарафлама тўғри ва ижобий қарор қабул қилинган бўлади. Акс ҳолда ҳозирги кунда тез-тез содир этиб турилаётган баъзи бир муаммолар келиб чиқади. Масалан: никоҳ тўйи бўлган кунларда келин узрли бўлиши мумкин. Бу эса ўзига яраша қийинчилик, машаққат ва баъзи бир келишмовчиликларни содир этилишига сабаб бўлади. Аввало, аёл-қизлар узрли ҳолатларида уларнинг деярли бутун вужудида ўзига яраша ўзгариш, инқилоб, инжиқлик, лоҳаслик, қувватсизлик, баъзи бирларида эса ўта кучли оғриқ ва ҳаттоки кўзига ҳеч нарса ёқмайдиган даражадаги ҳолат ва кайфиятининг  ўта тушкинлик ҳолати кузатилади. Албатта келин ўзининг келинлик ҳаёси, ибоси, ахлоқ-одоби ва тарбиясидан келиб чиққан ҳолатда мазкур салбий ўзгаришлар тўғрисида керакли одамларга айта олмаслиги мумкин. Лекин унинг ўзини тутиши, хатти-ҳаракатлари янги куёв болага ва баъзи бир ҳолатларда эса мутлақо куёв тарафидан бўлган қайнона бошчилигидаги баъзи бир аёлларга ёқмаслиги мумкин. Агар ўз вақтида мазкур ҳолатни  шаръий йўл билан тушунтириш ишлари олиб бориб, ўртадаги муаммонинг ечимини ислоҳ қилмаса, бу катта салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу гапларни бежиз айтаётганимиз йўқ, балки айнан шу борадаги муаммолар кундан-кунга кўпайиб, ривожланиб бораётганлиги учун айтаяпмиз. Баъзи бир тушунган диний маърифати бор бўлган куёвлар келиб «қори ака тўйим бўлганига бир ҳафта бўлаябди, ҳалигача аёлим билан бирга бўлганим йўқ, қандайдир узри бормикан-е, «шунақа пайтда бирга бўлиш мумкин эмас», деб аёллар айтишаяпти. «Бундай муаммоси бор экан шуни аввалроқ айтмайдими» деб шикоят қилаётганлар йўқ эмас. Демак бу тўғрисидаги тушунча ва маълумотлар ҳам халқимизда ўзига яраша экан. Биз уларга мазкур маълумотларни тушунтирганимизда «қори ака ундай бўлса ўзларини ҳолатига қараб туриб тўйни белгиласа бўлмайдими?» дейишади. Биз эса «Тўғри айтасиз. Лекин сиз ва сизга ўхшаган баъзи бир кимсалар шариатимиз ва урф-одатларимиздан бехабарлигидан тўй кунини белгилашда келин тараф билан умуман маслаҳатлашмайди, тўғрими?», десам, ноиложликдан «ҳа, тўғри билмаган эканмизда», дейди. 

Иккинчи бир мулоҳаза кўпинча келин тараф ош беради, лекин қайси куни бўлишини куёв тараф белгилайди. Келиннинг отаси наҳорги ошда Амру маъруф қилиш учун бизга ўхшаш масжид  ходимларидан бирини таклиф қилишга келганида минг афсуски кўпчилик домлалар улар белгилаган вақтга банд бўлишади. Шунда улар: «эй қори ака фалонча қори акаларнинг олдига таклиф қилиб бордим ҳаммалари банд экан, нима қилсам экан» деб боши қотади. 

«Тўй вақти, соатини  ёки кунини ўзгартирсангиз бўлмайдими?» дейилса, «эй қори ака нимасини айтасиз? Қуда тараф шунга белгилаган, уларнинг белгилаган кунига эса зўрға тўйхонани гаплашиб тўғирладим, биласизку қудалик иш осон эмас» дейди. 

Бир неча йиллар ўзининг қизини кўз қорачиғидек авайлаб-асраб, гавҳарни ҳимоя қилгандек ҳимоя қилиб, уни ўз эгасини, яъни турмуш ўртоғини қўлига қўш-қўллаб топшираётган қиз тараф айбдор-да. Шундай қилиб қиз тарафда ҳеч қандай ҳуқуқ қолмаяпти. «Майли. Аллоҳ сабр берсин. Ин шаа Аллоҳ бошқа иллатлар ва янги пайдо бўлаётган одатлар каби бу иллатларни ҳам секин-секин ислоҳ қилиш йўли билан тузатамизда», деб уларнинг кўнглига таскин берилади. 

Мазкур ижобий ҳолатни тезроқ амалга ошиб, воқеликда ўз аксини топмоқлигини Аллоҳдан илтижолар қилиб сўраб қоламиз. 

Исҳоқжон домла Бегматов

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 05 Март 2018 00:00

«Келин салом» бидъатми ёки…

Аллоҳ таолога беадад ҳамду-саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин. 

Ҳар бир халқнинг ўзига яраша урф-одатлари бўлади. Ва бу одатлар мазкур халқнинг миллати, дини, миллийлиги, маданияти ва илм-маърифатидан хабар беради. Шунинг учун ҳам турли халқларнинг урфлари-да ҳар хилдир. Баъзилари учун шон-шараф бўлган урф-одатлар бошқалар учун ор-номус саналади. Яна қайсидир дин вакиллари учун баъзи бир урфлар динини ва эътиқодини ифода этса, бошқалар учун динсизлик ва эътиқодсизликни ҳам билдириши мумкин. Қолаверса, дунё миқёсида бир юрт ёки миллат вакилларига ижобий ё салбий баҳо беришда кўпинча уларнинг урф-одатлари эътиборга олинади. 

Биз мўмин-мусулмонлар, хоссатан, Ўрта Осиё халқининг ўзимизга хос ва мос урф-одатларимиз борки, уларнинг барчаси бизнинг бутун борлиғимиздан хабар бериб туради. Чунки мазкур урф-одатлар миллийлик ва маданиятимизни ифода этса-да, лекин асли ўзаги динимиз ҳукмларидан олинган бўлади ёки энг камида унга хилоф бўлмайди. 

Аммо, минг афсуслар бўлсинки, бир неча ўн йиллар давомида Худосиз бўлган шўролар даври тузумининг сиёсати туфайли Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон аҳолиси ҳам ўзининг асл динининг кўрсатмаларидан мутлақо айрилди ёки юзаки ҳолдагина унга эътибор бериладиган бўлди. Натижа эса ҳаммамизга маълум. Барча соҳалардаги каби дин, эътиқод масаласида ҳам ниҳоятда оқсоқ ва иллатли бўлиб қолдик. Шу баҳонада миллийлик ёки миллий қадриятлар, маданият байроғи остида қанчадан-қанча урф-одатлар пайдо бўлди. Аслида эса бундай урфлар бизнинг ўтмиши буюк бўлган ва дунёга илм-маърифатда устозлик даражасига кўтарилган миллатимизга мутлақо тўғри келмайди. 

Шундай бидъат-хурофот ўлароқ пайдо бўлган урф-одатларнинг сон-саноғи йўқ. Энг ачинарлиси эса ҳали-бери бу бидъатлар бўй кўрсатишдан тўхтайдиганга ўхшамайди. Йилдан-йилга хилма-хил, ранг-баранг бидъатлар пайдо бўляптики, кимлардир бунинг кетидан ҳар тарафлама манфаатдор бўлаётгани учун мазкур бидъату хурофотларга «миллийлик» тўнини кийгизяпти. Ана шундай бидъатлардан бири ҳозирги кунда «келин салом» маросими десак, хато бўлмайди. 

Бу маросим номига қараганда жуда ҳам гўзал ва жимжимадор. Лекин шу ном остида қилинаётган ишлар эса энг камида бидъату хурофот, манманлик, риёкорлик, исрофгарчилик, шону шуҳратга берилиш, ҳасад, ғийбат, ёлғон, одобсизлик ва шариат ҳукмларини оёқости қилишликдир. Кимлардир «Жуда ошириб юборибсиз», дейиши мумкин. Аслида эса бу маросимда содир этилаётган гуноҳ-маъсиятларнинг баъзиларинигина санаб ўтдик, холос. 

«Янги келинчак уни йўқлаб келаётган меҳмонларга эҳтиром кўрсатиб салом берса, нимаси ёмон?!» дерсиз. Тўғри, салом бериш шариатимизда суннат амал. Ва бу амал туфайли қанчадан-қанча барокатлар, хайриятлар ва ўзаро меҳр-оқибатлар тикланиб, мустаҳламланади. Лекин асли суннат бўлган салом бериш байроғи остида қанчадан-қанча гуноҳ-маъсиятларнинг амалга оширилишига нима дейсиз? Қолаверса, келин саломдан барча қиз чиқарган ота-оналар безиб қолишган. Лекин мажбур бўлганларидан, қудаларининг олдида сохта обрў-эътибор олиш, ундан ташқари қизининг ушбу хонадонда тиниб-тинчиб, бахтли-саодатли ҳаёт кечириши, қайнонаси қўлини бигиз қилиб, келинга таъна-дашном қилавермаслиги учун бу бидъатлар амалга оширилади. 

Биз ушбу гапларни осмондан олиб гапираётганимиз йўқ. Бу борада кундан-кунга шикоятлар кўпайиб боряпти. Жумладан, бир аёл келиб, қизини чиқаришга қийналаётганлиги тўғрисида шикоят қилиб, ёрдам сўради. Унга имконият даражасида ёрдам берилди. Орадан ҳеч қанча ўтмасдан яна кўзида ёш билан бир аҳволда кириб келди. «Ҳа, онахон, тинчликми?» деб сўрасам, кўнгли тўлиб йиғлаб юборди. Рўмолчаси билан кўз ёшларини артар экан, мен ўзимча «Тинчликмикан, онахон яқиндагина тўй қилган эди, тўй асносида бирор мусибатга учраб қолдимикан?» деб хавотир олдим. Шунда унинг ўзи секин сўз бошлади: «Сизларга минг раҳмат, берган ёрдамларингиз билан қизимни узатиб олдим. Ўзимча ҳаммасидан қутилдим, яхши бўлди, деб турган эдим, ҳали «келин салом»и бор экан. Мен тўйнинг харажат ва ташвишлари билан овора бўлиб, «келин салом»ни унутиб қўйган эканман. Қудалар яхшигина эслатиб қўйишди. Энди шу десангиз, бу «келин салом» деганларига ҳам бир қанча сарполар, совға-саломлар ва яна нималардир олиниши керак экан. Менинг эса ҳеч вақоим қолмади. Зўрма-зўраки тўйни ўтказиб олган эдим. Энди бошимда бу кўргилик ҳам бор экан…» 

Мана, азизлар, бир муштипар онахоннинг «келин салом» туфайли тортаётган азоб-уқубатлари. Бундай ҳолат бир-икки эмас, балки сон-саноқсиздир. Лекин халқимиз ўта ориятли ва мулоҳазали бўлгани туфайли кўп ҳам шикоят қилмайди. Гоҳ-гоҳида эса бундай ташвишлардан ёрилиб, «портлаб» кетаётган мазлумларнинггина шикоятларини эшитиб қоламиз. 

Баъзилар эса «Имконияти бўлмаса, қилмай қўяверсин, уни биров мажбурлаяптими? Ҳар кимнинг ўз хоҳиши, кўрпасига қараб оёқ узатсин», дейди. Жуда ҳам тўғри гап. Лекин қуда-андаларнинг бутун вужудингни тешиб юборадиган даражадаги гаплари, заҳарли ўқ каби юрагингга санчиладиган пичинг ва таъналари ҳар қандай инсонни ҳам (баъзи тушунган одамлар бундан мустасно) мазкур бидъат-хурофотларни қилишга мажбур этади. Қолаверса, қизингиз ялиниб, илтижо қилиб, сиздан умидвор бўлиб турса, унинг илтимосларини ерда қолдирармидингиз?! 

Ҳар қандай ота-она қизининг бахти учун ҳамма нарсага тайёр бўлади. Лекин мазкур бидъатларга кимдир чек қўймаса, кундан-кунга илдизи чуқурроқ ботиб, танаси бақувватлашиб боряпти. Агар фурсат борлигида қайсидир бидъатчилар тўқиб чиқарган бундай балоларга зарба бермасак, уларга қарши курашмасак, бунинг касофати барчага оммавий бўлади. Ҳеч кимнинг «Бундай бидъатларнинг менга таъсири бўлмайди, менинг улар билан ишим йўқ, ким эътибор берадиган бўлса, ўзи курашаверсин», дейишга ҳаққи йўқ. Зотан, ҳар бир бидъатга қарши барча мўмин-мусулмонлар биргаликда курашишлари вожибдир. 

Бир куни ҳожи акаларимиздан бири жуда ҳам тушкун ва ғамгин ҳолатда келиб қолди. «Ҳа, ҳожи ака, тинчликми, кайфиятингиз йўқ?!» десам, «Шу тўйдаги бўлар-бўлмас урф-одатлар, қолаверса, «чаллари», «келин салом» ва ҳоказоларни ўйлаб топганларнинг падарига…» деб нолиб қолди. 

Мана, биродарлар, бирор эзгуликни халқ ўртасида жорий қилиб «Отангга раҳмат!» деган дуони олган қайда-ю, «келин салом»га ўхшаш бидъатни авж олдириб, қанчадан-қанча инсонларнинг кўз ёши оқишига, ҳаттоки баъзи бир оилаларнинг ажрашувига сабаб бўлиб «Шуни чиқарганнинг падарига лаънат!» деган дуои бадни олиш қайда?! 

Юқорида «келин салом» маросимидаги гуноҳ-маъсиятлар тўғрисида бир оз маълумот берган эдик. Қуйида эса ана шу маълумотларнинг воқеъликда қандай бўлишини кўриб чиқамиз. 

Биринчи – салом беришнинг кайфияти тўғрисидаги маълумот. 

فصل [حكم الانحناء عند التحية] وأما الانحناء: عند التحية فينهى عنه؛ كما في الترمذي «عن النبي صلى الله عليه وسلم، أنهم سألوه: عن الرجل يلقى أخاه [أ] ينحني له؟ قال: لا (2)»( مجلة البحوث الإسلامية

Салом бериш вақтидаги эгилишнинг ҳукми тўғрисида келган фаслда айтилишича, эгилиб салом беришдан қайтарилганмиз. Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Киши биродарига йўлиққанда (саломлашиш учун) унга эгилса бўладими?» деб сўрадилар. Шунда у зот: «Йўқ», дедилар («Мажаллатул буҳусил исламия»). 

Демак, «келин салом» маросимида келинларимиз етти букилиб салом берар эканлар, бу шариатимизнинг кўрсатмасига хилофдир. Агар намоздаги рукуъ даражасида эгилиб салом берса, қаттиқ гуноҳкор бўлади. Қолаверса, янги келинчак барча меҳмонларнинг олдида кетма-кет эгилиб салом беравериши унинг нафақат жисми, балки кайфиятига ҳам салбий таъсир қилади. 

Иккинчидан, келинчак уч кундан бир ҳафтагача келган ҳар қандай меҳмон ёки чиққан қўшнилар учун ҳам эгилиб салом беришда давом этади. Қайси келин бу урфга амал қилмаса, «шумқадам, бебарака, беҳаё, беодоб» деб баҳоланади. 

Учинчи – келинчак қуруқ салом бермайди. Балки салом берилиши керак бўлган кичигидан тортиб каттасигача, албатта, совға улашади. Совғалар эса оддий эмас, қимматбаҳо бўлиши шарт. Акс ҳолда маломатларга қолади. 

Тўртинчидан, «келин салом» маросимида бир қанча аёллар иштирок этар эканлар, уларнинг баъзиларига берилаётган совға ёки бу жойдаги шарт-шароит ёқмаганлиги тўғрисида ғийбат, туҳмат ва бўҳтонлар тўқилади. 

Бешинчидан, мазкур маросимга нафақат аёллар, балки қўштирноқ ичидаги эркаклар ҳам қатнашади. Ва, албатта, улар ҳам келиннинг қўлидан совға олиш билан фахрланади. 

Ўзингиз ўйлаб кўринг, тоғни урса, талқон қиладиган эркаклар (қайнота, амаки, тоға, қайноға, қайнини ва ҳоказолар) нозиккина ва ожиза бўлмиш келиннинг қўлидан совға оладилар. Лекин келиннинг мажбуран бераётган совғалари қарз эвазига келгани билан қизиқишмайди ҳам. 

Олтинчи – ушбу маросимдан энг катта моддий манфаатдор бўладиган шахслар, албатта, санъаткорлардир. Уларнинг қуйи табақаси 100 доллар, юқори табақаси эса 1000 доллар атрофида хизмат қилади. Баъзилари эса кетма-кет уч-тўрт маросимни бир-бирига улаб, биринчи борган жойида бир оз иштирок этади-да, кейин ёрдамчиларини ўринбосар қилиб, ўзи ундан кейингисига шошилади. Қарабсизки, бир кунда анча-мунча пулни қўлга киритади. Шунинг учун ҳам бундай маросимларнинг кундан-кунга турли-туман, хилма-хил бўлиб кўпайиб бораётгани аввало санъаткорлар учун мўмайгина даромад манбаидир. 

Еттинчи – ушбу маросим бир соатдан уч соатгача чўзилади. Демак, бир неча одамларнинг уч соат умри бидъат-хурофотларга сарфланади. 

Саккизинчи – ушбу маросимда бўлаётган дабдабавозлик, риёкорлик, манманлик ва исрофгарчиликларнинг эса чеки йўқ. 

Кимлардир «Кетса, бизнинг вақтимиз кетяпти, қолаверса, бировнинг пулини эмас, ўзимизнинг пулимизни ишлатяпмиз. Бунинг нимаси исроф?» дейиши мумкин. Уларга эса қуйидаги ҳадиси шарифни тақдим этамиз. 

Ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар: 

لاَ تَزُولُ قَدَمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ اَرْبَعٍ: عَنْ عُمْرِهِ فِيمَا اَفْنَاهُ وَعَنْ شَبَابِهِ فِيمَا اَبْلاَهُ وَعَنْ مَالِهِ مِنْ اَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَ اَنْفَقَهُ وَعَنْ عِلْمِهِ مَاذَا عَمِلَ فِيهِ؟

رواه الترمذي

«Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб, нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани ҳақида», дейилади.

 

Демак, Аллоҳ берган бебаҳо неъматлар – умр, ёшлик чоғи, мол-дунё, илм ҳақидаги савол-жавоблар оддий эмас, балки ўта машаққатли ва даҳшатли кун бўлмиш қиёматда ҳисоб-китобсиз, сўроқ-саволсиз қолмас экан. Қаердаги бир бидъат маросим деб шунча неъматларни исроф қилган инсон Аллоҳ таолога қандай ҳисоб-китоб беришини тасаввур қилинг. 

Азизлар, кўзимизни очайлик. Ғафлат ва лоқайдлик уйқусидан уйғонайлик, ҳаёт ва атрофга теранроқ назар ташлайлик. Биз кимларнинг авлодларимиз-у ҳозирда кимларга эргашяпмиз?! Аждодларимиз ўз даврларида ҳаётнинг барча соҳаларида дунёга устозлик қилганлар, нима учун? Бунинг сабабини биласизми? Агар билмасангиз, пиримиз, улуғимиз бўлмиш Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг қуйидаги ҳикматларига назар ташланг: «Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади, нафаснинг зое бўлишига йўл қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг». 

Мана шунча маълумот ва танбеҳларга қарамасдан қанчадан-қанча иллатларни ўзида жам қилган тадбирни ўтказиш кимга керак? Биз бу ерда барча иллатларни санаб ўтмадик. Чунки мақсадимиз уларни бирма-бир санаш эмас, балки улар ҳақида эслатиш ва огоҳлантиришдир. Мазкур иллатларнинг энг ёмонларидан бири – бу маросимни «ўзбек миллатининг миллий урф-одатлари» деб бошқа миллат вакилларига фахрланиб кўрсатишдир. Яна ҳам ажабланарлиси эса юртимизда кино ишлаб чиқараётган ташкилотларнинг деярли ҳар бир маҳсулотларида тўйларимиздаги исрофгарчилик, манманлик ва дабдабавозликни ташвиқот қилиш билан бирга «келин салом»нинг миллий урф-одатимиз ҳамда қадриятларимиз сифатида намойиш этилаётганидир. Буюк алломалар юрти бўлмиш Ўзбекистон халқининг ҳозирги кундаги авлодлари китоб ўқиш, ёзиш, ихтиро, кашфиёт ва илм-маърифат ила шуғулланиш ўрнига кимлардир тарафидан бидъат ўлароқ ўйлаб топилиб, ўзбек аҳолиси онгига сингдириб ташланган қандайдир маросимлар билан ўралашиб юриши ниҳоятда ачинарли ҳолатдир.

 

Исҳоқжон домла БЕГМАТОВ,

ЎМИ Матбуот хизмати

Top