muslim.uz

muslim.uz

Маълумки, Ўзбекистон заминида жуда кўп тарихий обидалар мавжуд. Уларнинг баъзилари 3000 йилдан ортиқ тарихга эга, деб ёзмоқда “Спутник” халқаро ахборот агентлиги. Хусусан, Тошкент шаҳрида “Ҳазрати Имом” мажмуаси ва у ерда 7-асрга тегишли Қуръони каримнинг “Ҳазрати Усмон Мусҳафи”ни кўриш мумкин. Шунингдек, Бухоро шаҳрида кўплаб масжид-мадрасалар ва тарихий обидалар мавжуд. Ана шундай машҳур обидаларнинг бири Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасидир. Баҳоуддин Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳ XIV асрда яшаб ўтган улуғ олимлардан бўлиб, Нақшбандия тариқати асосчиси ҳисобланади. Бу зот одамларни камтарин бўлишга ва ҳашаматларга берилмасликка тарғиб қилганлар. Буюк аллома Бухоро ёнидаги Қасри Ҳиндувон (Қасри Орифон) қишлоғида дафн этилган. Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасига турли мусулмон давлатлардан кўплаб меҳмонлар ташриф буюришади.

Туристларга эслатма…

Бугун Ўзбекистонда сайёҳларда мамлакат ҳақида ёрқин таассуротлар қолиши учун барча ишлар қилиняпти. Бунинг учун туризм инфратузилмасини ривожлантириш жараёни бошланди. 2018 йил 10 февралдан бошлаб Исроил, Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия, Япония каби давлат фуқароларига 30 кунлик муддатга визасиз тартиб жорий этилди. Шунингдек 39 та давлат фуқаролари учун тартиб соддалаштирилди. Шу билан визасиз тартиб 16 давлат фуқаролари учун қўлланилади.

Шу кунларда визасиз тартиб билан 9 та давлат фуқаролари фойдаланар эди: Озарбайжон, Арманистон, Беларусия, Грузия, Қозоғистон, Молдова, Россия, Украина ва Қирғизистон.

Ҳозирги вақтда сайёҳлик визаларини икки кун ичида расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди: Европа, Малайзия, Таиланд, Туркия ва Япония визасиз тартиб МДҲ (Тожикистондан ташқари) ва Грузия билан ўрнатилган.

2018 йил 1 майдан хорижий йўловчилар келганда уларга қисқа муддатли кириш визалар бериш бошланади. Шу йил ёз мавсумида электрон шаклда “E-Visa” бериш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Энди саёҳлар барча ҳужжатларни интернет орқали юбориб, қисқа муддатда жавоб олишлари мумкин. Электрон виза олиш учун тўловлар халқаро тўлов карталар (Visa ва MasterCard) орқали қабул қилинади.

Миллий авияташувчи ўзининг парвозларини кўпайтирмоқда. Хусусан, Скандинавия, Бенелюкс, Жанубий-Шарқий Осиё таркибига кирувчи давлатлар билан тўғридан-тўғри парвозлар йўлга қўйилмоқда.

Ўзбекистон АҚШ сайёҳлари учун энг ишончли ва хавфсиз бўлган давлатлар рўйхатига киритилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг 10 январдаги ҳисоботида айтилди.

Буларнинг барчаси яқин келажакда Ўзбекистон сайёҳлар учун энг қизиқарли давлатлар рўйхатига киришидан далолат беради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Юқорида биз ота-онага итоат ва яхшилик қилиш савоб эканини, уларнинг дилини оғритиш катта гуноҳ эканини билиб олдик. Ота-онага итоатнинг фазилатлари диний адабиётларимизда жуда ҳам кенг ва чиройли тарзда баён этилади. Айниқса уларнинг дуоларини олишга шижоат қилиш, ғайрат кўрсатишга жуда катта эътибор қаратилади. Ҳаётий воқеалар асосида ёзилган кўплаб ривояту қиссаларда бу мўътабар зотларнинг қадр-қимматини ҳам бу дунёда ҳам охират дунёсида баланд кўтариб туриш ҳар бир мўминнинг муқаддас бурчи экани таъкидланиб келинади. Жумладан, Ширъатул-Ислом китобида Саййид Ализода қуйидаги ажойиб ривоятни нақл қилади. 

Ривоят.“Бир куни Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога илтижо қилиб шундай дебди:

– Аллоҳим, менга жаннатдаги қўшнимни кўрсатгин. Унинг бу ниёзига жавобан Аллоҳ таоло шундай буюрибди:

 Фалончи қишлоқдаги, фалончи бозорга боргин. У ерда қадди-қомати шундай, юзи бундай шаклда бўлган бир қассоб бор. Сенинг жаннатдаги қўшнинг мана шу одам бўлади.

Мусо алайҳиссалом Аллоҳдан юқоридаги маълумотни олганидан сўнг, тушунтирилган манзилга қараб қассобни қидириб кетибди. Айтилган бозорга етиб келиб, қассобни топибди ва бир панароқ жойда қуёш ботишини пойлаб ўтирибди. Қараб турса Аллоҳ таоло маълум қилган қассоб бир миқдор гўштни олиб, турва халтасига солибди. Нарсаларини йиғиштириб, дўконини беркитиб, энди кетаман деб турганида Мусо алайҳиссалом саломдан сўнг:

 Бу оқшом сизникида меҳмон бўлсам майлими? деб сўрабди. Қассоб эса:

 Албатта, бехижолат, – деб айтибди.

Қассоб уйига келиб, турвасига солинган гўштдан жуда ҳам мазали шўрва тайёрлабди. Кейин уйининг бир бурчагида дарахтнинг қуриган шохлари ва баргларидан ясаб, ўраб қуйилган осма замбилнинг ичида ёши ниҳоятда улуғ бўлгани боис каптарнинг боласига ўхшаб кичкина бўлиб қолган бир қари хотиннинг ёнига бориб, уни замбилдан эҳтиёткорлик билан кўтариб олибди.

Қассоб бу хотинни олдига ўтқазиб, юз-қўлларини ювиб, пиширган шўрвасидан қошиқ билан секин-секин, ютумлатиб ичириб, қорнини тўйдирибди. Кейин кийимларини ювиб, қуритиб қайтадан кийитиб қўйибди. Шу билан хотинни яна замбилга солиб, уни оҳиста кўтариб, уйнинг бурчагидаги деворга қоқилган темир осғичга осиб қўйибди.

Қассобнинг бутун бу ҳаракатлари давомида, қари хотиннинг оғзи тинмай пичирлар эди. Бу ҳолатни диққат ва ҳайрат билан кузатиб турган Мусо алайҳиссалом қассобдан бу хотиннинг ким эканини сўрайди. Бунга жавобан қассоб:

 Бу менинг меҳрибон, муштупар онам бўлади. Жуда ҳам қариб қолган, шунинг учун ҳам ўтира олмайди. Бозордан келиб шундай тарзда едириб ичираман, тўйдириб қўяман, – дебди. Ҳазрати Мусо алаҳисаллом ажабланиб:

 Лаблари тинмай қимирларди, бирор нарса дедими ажабо, – деб сўрабди.

Қассоб эса Мусо алайҳиссаломга қараб:

 Ҳар доим, “Эй Роббим, ўғлимни жаннатда Мусо алайҳиссаломга қўшни қилгин”, деб менинг ҳаққимга дуо қилади, – дебди.

Буни эшитган Мусо алайҳиссалом:

 Сенга хушхабар бўлсин, мен Мусо пайғамбар бўламан ва сен менинг жаннатдаги қўшнимсан, – деб мужда берибди.

 

Ушбу қиссадан маълум бўладики, қассоб онасига қилган хизмати эвазига ҳали шу дунёда бўлган пайтининг ўзидаёқ замонасининг пайғамбари Мусо алайҳиссалом суҳбатидан баҳраманд бўлишдек юксак шарафга муяссар бўлди. Онасининг дуоси ижобат бўлишини эса бевосита пайғамбарнинг ўзидан эшитди

*** 

Отанинг дуоси ҳам Аллоҳ наздида худди  шундай мақбулдир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги бир қанча муборак ҳадислари ривоят қилинади. 

Ҳадис. “Отанинг фарзанди учун қилгани дуоси Аллоҳ таолонинг ҳузурига етади ва дуо ҳамда қабул орасига ҳеч нарса монелик қилмайди.” (Табароний, “Мажмаъул Кабир”, Термизий) 

“Қабул қилиниши хусусида отанинг фарзанди учун қилган дуоси, пайғамбарнинг уммати ҳаққига қилган дуоси кабидир.” (Имом Суютий, “Жоми-ул Аҳодис”, Дайламийдан нақл қилинган) 

Оталарнинг фарзандлари ҳақига қилган дуосини Аллоҳ таоло рад қилмайди.

Аҳмад бин Ҳамбалдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен отам Иброҳимнинг дуосиман”, деб бюрадилар. “Ҳазрати Иброҳим ва ўғли Исмоил Каъбани қуриб бўлганларидан кейин қўлларини даргоҳи илоҳийга очиб, шундай деб дуо қиладилар:

– “Роббимиз, ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор. Албатта, Сенинг Ўзинг азиз ва ҳикматли зотсан”. (“Бақара” сураси, 129-оят).

Аллоҳ таоло юракдан, самимий қилинган бу дуони жавобсиз қолдирмади. Ҳазрати Исмоил алайҳиссаломнинг наслидан пайғамбарларнинг султони ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни охир замон пайғамбари қилиб юборди. 

Ўз навбатида Пайғамбарлар ҳам фарзандларининг ҳақларига дуолар қилганлари Қуръони каримда баён этилади. 

Лут алайҳиссалом фарзандлари ҳақига шундай дуо қилган:

“Эй Роббим, менга ва аҳлимга қилаётган нарсаларидан нажот бергин!” деди.” (“Шуаро” сураси, 169-оят) 

Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом эса фарзандлари ҳақига шундай дуо қилган:

“Эй Роббим, ен ива зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Эй Роббимиз, дуони қабул этгин.” (“Иброҳим” сураси, 40-оят)

“Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли зотсан.” (“Бақар” сураси, 128-оят) 

Ҳазрати Закариёнинг фарзандлари ҳақига қилган дуоси:

“Шу чоқда Закариё Роббига дуо қилиб: “Эй Роббим, менга Ўз ҳузурингдан яхши зурриёт бергин. Албатта, сен дуони эшитувчисан”, деди.” (“Оли Имрон” сураси, 38-оят) 

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар: “Уч  нарса кимда бўлса, Аллоҳ таоло раҳмат назари билан қарайди  ва жаннатга киргизади.

  1. Заифга меҳрибон бўлиш;
  2. Ота-онанинг дуосини олиш;
  3. Қўл остидагиларга яхшилик қилиш”. (Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган “Рамузул-Аҳодис”, Термизий) 

Инсон фарзанди учун қилинадиган дуоларнинг орасида ота-она дуосидан ҳам яхшироқ мукофат бормикан бу дунёда. Юқорида ота-оналарнинг дуолари ва Аллоҳ ўртасида ҳеч қандай парда, тўсиқ йўқлигини ҳадиси шарифлардан билиб олган эдик. Қайси фарзанд ота онасини эъзозлаб, хизматини қилиб    дилига сурур-шодлик бахшида айласагина уларнинг холисона  дуоларига созовор бўладилар.                       

***

Ҳадис. Абу Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг шундай деганини эшитдим: “Учта дуо (борки уларнинг Аллоҳ ҳузурида) мақбул бўлиши хусусида ҳеч қандай шубҳа йўқ: Мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзандлари ҳақига қилган дуолари”. (Ибни Можа, Термизий ва Абу Довуд ҳам ривоят қилган). 

Ҳадисда тилга олинган уч тоифа кишининг дуоси шубҳасиз қабул қилиниши маълум қилинмоқда. Бу инсонлар очиқ ва соф кўнгил билан Аллоҳга илтижо қиладиган инсонлардир. Ҳадисда бошқа тоифа инсонларнинг дуолари қабул бўлмаслиги ҳақида сўз айтилмаган. Чунки бошқа ҳадисларда адолатли пошшонинг, рўзадорнинг ифтор пайтидаги дуолари ҳам қабул бўлиши ҳақида хабарлар келтирилган. 

Уламоларимиз ҳадисдаги бу уч тоифанинг дуоси умумий бўлиб, ҳам дуои хайрлари ҳам дуоибадлари мақбул эканини маълум қилганлар. Мазкур масалала жуда муҳим бўлганидан уларни бирма-бир тушутиришга аҳд қилдик. Зеро бу мавзуларни батафсил билиб олишлик ҳеч қачон фойдадан холи бўлмайди. 

Биринчиси мазлумнинг дуоси. Бу турли ҳақсизликлар туфайли зулм остида турган кишининг дуоси бўлиб, уни зулмдан қутқариш учун қўлини узатган ва зулмни бартараф этишга ўринган одамнинг ҳақига қиладиган дуои хайри баробарида, унга ноҳақ зулм ўтказиб турган золимга қарши қиладиган дуоибади ҳам мақбулдир. 

Ҳикоя. Бир замонлар Хуросонни бошқарган Абдуллоҳ бин Тоҳир ўзининг одилона ҳукмлари билан халқ орасида “одил волий” деган ном чиқарган эди. Бир куни соқчилари бир қанча айбдорларни ушлаб, унинг ҳузурига олиб келаётган пайтда, улардан бири йўл четидаги дарахтзолар орасига қараб қочиб кетади. Соқчилар унинг кетидан қувиб кетадилар. Улар жиноятчини қидириб кетаётиб, уни йўқотиб қўядилар. Изидан қидириб турганларида йўлда бораётган Ҳиротли бир темирчини кўриб қоладилар. Уни ҳар қанча қаршилик кўрсатишига қарамай жиноятчи деб гумон қилиб, ушлаб, волийнинг ҳузурига олиб келадилар. Ғазаб отига минган волий эса дарҳол:

 Буни зиндонгга отинглар! – деб амр беради.

Дод-вой-ю, зорларига қарамасдан, гап-сўзларига эътибор ҳам бермасдан уни зиндонга ташлайдилар. Унинг бу ҳолидан бехабар уйидаги бола-чақалари, ота-онаси, яқинларини эслаб, кейинги тақдири нима бўлишини ўйлаб юрак-бағри эзилади. Бу аҳволидан қаттиқ қайғуга тушган темирчи ожиз ва ночорлигидан Худога йиғлаб, нола қилишни бошлайди. Эрта тонггача кўз ёши тукиб, бошини саждага қўйиб:

 Эй Парвардигоро! Менинг бу жиноятга ҳеч қандай алоқам йўқ. Лекин булар ҳеч нарсани суриштирмасдан мени зиндонга ташладилар. Мен ожизман Парвардигоро! Мен Сенинг ёрдамингга муҳтожман! Менга бу зулмни раво кўрганнинг уйини шундай вайрон қилгинки, зулм нима эканини тушунсин, эс-ҳушини киритиб қўйгин! – деб дуоибад қилишни бошлайди.

Темирчининг Худога қилаётган бу ноласи зиндон қоровули ва унинг атрофидаги бошқа маҳбусларнинг қулоғига ҳам етиб бораётган эди. Бу ҳолат бир неча кун давом этади.

Кунларнинг бирида ширин уйқудаги волий тушида қаттиқ зилзила бўлаётганини кўриб, унинг ваҳмидан уйғониб кетади. Тушидаги зилзила шундай шиддатли эдики, гуё уй-жойи вайрон бўлиб бошига қараб қулаётгандек эди. Уйғонганидан кейин бироз муддат ўтиб, тинчланиб яна уйқуга кетади. Лекин бироз вақт ўтиб тушида яна ер қимирлашни ҳис этади ва саройи бошига қулаётган вақтда уйғониб кетади. Буни туш эканига ўзини ишонтириб, яна ухлашга ҳаракат қилади. Кўзи юмилиши билан бу сафар ҳам тушида зилзила бўлади. Яна қўрққанида уйғониб кетиб, бунда бир сир бор дейди ўз-ўзига. Кейин бунинг сабабини узоқ муддат излаб, асосли бирор нарсани тополмаганидан, зиндон бошлиғини ҳузурига чақиртиради.

 Мен неча кундир умуман ухлолмаяпман. Уйимни бошимга йиқитмоқдалар. Сен нима деб ўйлайсан, кимнидир ноҳақ қамадикми, зиндонда мазлум борми? – деб сўрайди.

Соқчилар бошлиғи шу кеча кундузи зиндонда бўлаётган воқеалар ҳақида волийни хабардор қилади. Буни эшитган волий:

 Зудлик билан у одамни менинг ёнимга олиб келинг! – деб амр беради.   

Маълум вақт ўтиб Ҳиротли темирчи иккита соқчи билан волийнинг ҳузурига кириб келади. У бошини эгиб, бўлиб ўтган ҳамма воқеани очиқ-ойдин гапириб беради. Унинг гуноҳи йўқлигига ишонч ҳосил қилган волий:

 Мен сени ноҳақ қамаганим учун узр сўрайман, мендан рози бўлгин ва шу минг кумуш тангга ҳадиями қабул қилгин. Бундан кейин бошингга бирорта мушкилот тушса, дарҳол менинг ҳузуримга келгин! Хўп-ми? дейди

Темирчи эса ҳеч иккиланмасдан:

 Мен ҳаққимни ҳалол қилдим, розиман. Берган ҳадиянгизни ҳам қабул қиламан. Лекин ишим чиқиб қолса, сизнинг ёнингизга келмайман, – дейди.

 Нима учун, – деб сўрайди волий ҳайрон бўлиб.

 Нима учун сизни ҳузурингизга келишим керак? Менга зулм қилган сиз эмасми? Мени сизнинг зулмингиздан қутқарган, тахтингизни бир неча марта остин-устун қилган Зотни ташлаб, бировнинг ҳузурига боришим яхши эмас. Намозларимдан кейин қилган дуоларим мени қанчадан-қанча ташвишлардан қутқарди. Мурод-мақсадимга етиштирди. Роббим чексиз раҳмат хазинасини очди, эҳсонларини бермоқда, шунча лутфлардан кейин қандай қилиб бошқасига сиғинаман? Қайси сўраганга бермабди? Кимнинг қўлини қуруқ қайтарибди? Сўрашни билмаган олмайди. Ҳузурига қандай чиқиш одобини билмаган ҳам етишмайди. Шунинг учун ҳам дардимни, фақат, Унга айтаман! У тожу-тахтингизни остин-устун қилмаганида, сиз мени чақирмаган бўлардингиз, мен эса зиндонда ўтирган бўлардим, зулм ҳам давом этарди! Ота-онам, бола-чақаларим қон йиғлаб қолаверар эди! – дейди. Кейин волийдан кетишга рухсат сўрайди.

Мазлум темирчи сўзини айтиб бўлиб, саройдан чиқиб кетаркан, волийнинг кўзларидан шашқатор ёшлар оқарди. 

Шоир айтганидек:

Минглаб тўп-у милтиқ, эплолмас асло,

Кўзёшининг саҳар вақти қилганини.

Душманнинг қўрқитувчи найзаларин, ҳатто,

Ғуборга айлантирар бир мўминнинг дуоси. 

Иккинчиси мусофирнинг дуоси. Мусофир ҳам унга нисбатан яхши муомалада бўлган уй соҳибига дуои хайр қилса, ёки унга ёмон, қўпол муносабатда бўлган хонадон эгаси ҳақига дуоибад қилса мақбулдир. Чунки мусофир бошқа борар жойи бўлмаганидан уй эгасига жонини, молини ва иффатини таслим қилган, чорасиз аҳволда қолган инсон ҳисобланади. Бу айниқса ғарибликда янада яққолроқ кўзга ташланади. Шунинг учун унинг дуои хайри ҳам дуоибади ҳам ижобатдир. 

Ҳадис. Абдуллоҳ бин Амр бин Ас розияллоҳу анҳу энг обид ва зоҳид саҳобалардан бўлган. Ривоятларда келишича, ҳолати шу даражага етган эканки, кундузлари рўза, кечалари Қуръон тиловати ва ибодат билан машғул бўларкан. Натижада янги уйланган бўлишига қарамай турмуш ўртоғига эътибор бермай қўйибди. Асри саодатда саҳобий аёллар ҳар қандай муаммоли масалалар бўйича Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат этаверганлар. Абдуллоҳнинг аёли ҳам оиласидаги ҳолатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маълум қилади. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳни ҳузурларига чақириб, унга танбеҳ бериб, бундай қилмасликка чақирадилар ва:

“Чунки аёлингни сенинг устингда ҳаққи бор, мусофирларнинг сенинг устида ҳаққи бор, баданингни сенинг устингда ҳаққи бор” (Муслим) деб буюрадилар. 

Ушбу ҳадиси шарифда мусофирнинг уй эгасида ҳаққи борлиги яна бир бор очиқ-ойдин маълум қилинмоқда. Бу ҳақ уй эгасининг мусофирни қабул қилиб, унга хизмат кўрсатиш орқали адо қилинади. Одоб китобларимизда мусофирни қабул қилиб унга ҳурмат кўрсатиб, хизматини қилиш бу қандайдир лутф эмас, балки бу хизмат мусофирнинг уй эгасидаги ҳақи экани деб баён этилган.

Мусофирни қабул қилиб, унга ҳурмат кўрсатиш ҳазрати Иброҳим алайҳисалломнинг кейин эса бизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Ҳар нарсанинг закоти ўз жинсидан бўлади, уйнинг закоти унинг ичида мусофирни қабул қилиб, хизмат кўрсатадиган алоҳида хонанинг бўлиши билан адо қилинади дейилади исломий адабиётларда. Зеро, Анас бин Молик розияллоҳу анҳудан келган ривоятда: “Уйнинг закоти, унинг ичида мусофир сақлаш учун бир хонанинг мавжудлиги биландир”, деб (ал-Ҳинди, “Канз-ул-Уммол”) буюрилган. Шу кўрсатма туфайли барча уйлар, айниқса, Мовароуннаҳр ўлкасидаги барча мусулмон хонадонларда бу одатга қатъи амал қилиб келинган. Уйлар қандай бўлишидан қатъи назар, икки эшикли бўлиб, мусофир қабул қилувчи алоҳида хоналар билан барпо қилинган.

Мусофир бу Аллоҳнинг уй эгасига берган лутфи ва карами бўлиб, унга нисбатан катта ҳурмат ва эътиборда бўлиш талаб этилади. Чунки ҳаммага ҳам бу неъмат насиб этилавермайди. Аллоҳ Ўзи севган бандаларига буни раво кўради. 

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Аллоҳ таоло бирорта қавмга хайрни мурод қилса, уларга бир ҳадияни икром қилади, – дедилар.  Шунда саҳобалар:

– Ё Расулаллоҳ, бу қандай ҳадия? – деб сўрайдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Бу мусофирдир, чунки мусофир ризқи билан келади, кетишида эса Аллоҳ таоло уй эагалирини мағфират қилади, – деб марҳамат қиладилар. (Ажлуний, “Кашф-ул-ҳафа”, Набҳоний, “ал-Фатҳ-ул-кабир”)   

Ушбу ҳадисда иккита муҳим хусус ҳақида сўз бормоқда.

Биринчиси уй эгаси томонидан мусофирни, фақат, Аллоҳнинг ҳадияси сифатида қабул қилиб, унга икромда бўлиш.

Иккинчиси эса мусофир ўзининг ризқи билан келади ва кетишида уй соҳибларининг гуноҳлари кечирилади. 

Буюк мутасаввуф олим Фаридуддин Аттор ўзининг  “Жавоҳирнома” асарида мусофир ҳақида шундай тавсияларни баён қилади:

– Биродар, мусофирга яхши муомалада бўл. Мусофир Аллоҳнинг атоси. Мусофир ризқи билан келиб, уй эгаларининг гуноҳларини олиб кетади;

– Ўғлим, агар сенда йигитлик, ақл ва идрок бўлса мусофирнинг қадрини бил. Унга ҳурмат ва эҳтиромда бўл. Кофир бўлса ҳам тезда бориб эшикни оч;

– Мусофирни азиз билгинки, сени ҳам Аллоҳ иззатли қилсин;

– Мусофирга яхши жой берган иймон аҳлига Аллоҳ раҳмат эшигини очади;

– Табиати мусофирни ёқтирмайдиган кимсадан Аллоҳ ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам хафа бўлади;

– Мусофирга хизмат қилган банда, ўзини Аллоҳнинг ҳузуридаги даражасини юксалтиради;

– Мусофирни табассум билан қарши олган одам, Аллоҳдан чексиз лутфларга эга бўлади.

Мутасаввифлардан Шақиқи Балхий қуддиса сирраҳу шундай дейди: Мен учун мусофирдан кўра яхши нарсанинг ўзи йўқ. Чунки унинг ризқини Аллоҳ беради, ажр-савоби эса менга қолади (Суламий, Табақоти-суфия) 

Юқоридаги ҳадиси шариф ва уламоларнинг сўзларидан мусофир Аллоҳнинг танлаб олган бандаларига берадиган чексиз раҳмати ва лутфи экани маълум қилинди. Чунки ўз ризқини орқалаб кириб келадиган мусофирнинг бу табаррук ташрифи сабаб, Аллоҳ уй эгасининг ризқига барака бермоқда, даражасини оширмоқда, гуноҳларини кечирмоқда, унинг хонадон аҳли учун қилган дуои хайри эса ижобат бўлмоқда. Демак, мусофири бор хонадон баракали ва файзли хонадон бўлар экан. Бундай хонадон эгалари, ота-оналар, фарзандлар барчаси Аллоҳнинг бу лутфига қилган чиройли муносабатлари туфайли хайрли инсонлар бўлади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалллам шундай марҳамат қиладилар: 

Мусофир (қабул) қилмаганда хайр йўқдир (Аҳмад, Муснад). 

Умуман олганда динимизда шошилиб иш бошлаш, ёки бирор қарорни қабул қилиш маъқул кўрилмаган одатлардан экани ҳаммамизга маълум қоидадир. Чунки ҳадиси шарифда “Шошилиш шайтондан (Термизий, Ажлуний) деб буюрилган. Динимиздаги умумий қоида шу бўлса-да, айрим масалаларда шошилишга тавсия қилинган. Хусусан, мусофирни келиши билан дарҳол қабул қилиб, унга ҳурмат кўрастиб, хизмат қилиб, дуои хайрини олиш шулар жумласидандир. 

Ривоят. Уч мусофир

Бир куни эски шаҳардаги уйларнинг биридан бир хотин ташқарига чиққан эди, кўчанинг четида ўтирган, узун соқолли учта қарияга кўзи тушиб қолди. Уларга қараб:

– Сизларни яхши танимадим, лекин жуда ҳам оч қолганга ўхшайсизлар. Марҳамат қилиб менинг уйимга киринглар, таом еб оласизлар, – деди.

– Хўжайингиз уйдами? – сўрашди қариялар.

– Йўқ, чиқиб кетган эдилар, – деди аёл.

– Ундай бўлса кирмаймиз, – дедилар.

Кечга яқин уй эгаси келганидан кейин аёл бўлган воқеани эрига гапириб берди.

– Мусофир атои Худо дейдилар, уларнинг хизматини қилиб, дуосини оламиз, гуноҳларимиздан фориғ бўламиз. Қани бўл, нега қараб турибсан, уларга бориб уйга келганимни айтгин ва меҳмонга чақир, – деди эри.

Аёл югуриб ташқарига чиқиб, қарияларни уйига таклиф этди. Лекин қариялар:

– Биз ҳаммамиз бир пайтда битта уйга кирмаймиз, магарам биттамиз бундан мустасно, – дейишди.

– Нима учун, – ҳайрон бўлиб сўради аёл.

Қариялардан бири шундай жавоб берди:

– Унинг номи “Бойлик” деб ёнидаги битта қарияни кўрсатди. Буники эса “Муваффақият”, меники “Севги”, – деди. Кейин аёлга:

– Энди уйингга кириб, хўжайининг билан маслаҳатлашиб, қайси биримизни таклиф этишингизни бизга айтгин, – деди.

Аёл уйига кириб қариянинг айтганларини эрига маълум қилди. Эри хурсанд бўлиб:

– Жуда ҳам ажойиб. “Бойликни” таклиф қила қолайлик, дуоси билан уйимизни бойликка тўлдирсин, – деди. Аёли эса:

– Нега энди “Муваффақият”ни таклиф қилмаймиз, ҳамма нарса шунга боқлиқ бўлса, – деди. Бу орада уларни эшитиб турган қизлари:

– “Севги”ни таклиф қилсак ҳаммасидан ҳам яхши бўлмайдими? Уйимиз севгига тўларди – деди.

Аёлнинг эри:

– Менимча қизимизнинг айтгани тўғридир. “Севги”ни таклиф қила қолгин, меҳмонимиз бўлсин, – деди.

Аёл ташқарига чиқиб “Севги”ни танлаганларини маълум қилиб, уни меҳмонга таклиф қилди. “Севги” таклифни эшитиб, ўрнидан туриб тўғри уйга қараб юра бошлади. Шу маҳал қолган иккита дўсти ҳам унинг ортидан эргаша бошлади. Буни кўрган аёл шошилиб:

– Узр, мен фақат “Севги”ни таклиф қилган эдим? – деб айтди. Қариялардан бири:

– Агар сизлар “Бойлик” ёки “Муваффақият”ни таклиф қилганингизда эди қолган иккитамиз кутиб турган бўлар эдик. Лекин “Севги”ни таклиф қилдингиз. “Севги” қаерда бўлса, “Бойлик” билан “Муваффақият” ҳам ўша ерда бўлади, – деди. 

 Учинчиси ота-онанинг фарзанди ҳақига қиладиган дуоси. Ота-онанинг фарзанди ҳақига қиладиган ҳар қандай дуоси ижобат бўлиши юқорида айтиб ўтилган эди. Фарзандларининг чиройли амаллари, муомалаларидан мамнун бўлиб, уларнинг яхшиликларига жавобан қиладиган дуои хайрлари Жанннатга васила бўлиши, ҳам бу дунё ҳаётларида кўп яхшиликларга сабаб бўлишлиги ҳадисларда маълум қилинган. 

Ҳадис. Ҳазрати Савбон розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай буюрадилар:

“Тақдир дуо билан ўзгартирилади, умр яхшилик билан ортади. Инсон қилган гуноҳи туфайли охират савобидан ёки дунё ризқидан маҳрум бўлади.” (Ибни Можа, Аҳмад бин Ҳамбал, Ҳоким, Ибни Ҳиббон)  

Ота-оналар фарзандларнинг барча азиятларини, қусурларини кечириб юбораверадилар, уларнинг қалблари нозик тўйғуларга тўла бўлади. Фарзандларининг ҳаддан ортиқ беодобликларидан, ночор қолиб, умидларини узган ҳолда ё тушуниб ёки чуқур тушунмаган ҳолда уларга қарши қиладиган дуоибадлари ҳам жуда шиддатли бўлади, азбароийи ота-онанинг буюк ҳақлари сабабидан бу дуолар ҳам ижобат бўлади. 

“Адаб-ул Муфрад” китобида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф онанинг фарзанди ҳақига қиладиган дуоибади мутлақо ижобат бўлиши ҳақида яна бир бор эслатма бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим:

 Инсонлардан ҳеч қайси бири бешикдалик чоғида гапирмаган. Магарам Марям ўғли Исо алайҳиссалом билан Журайж (замонидаги бир гўдак) гапиргандир.

Саҳобалар сўрадилар:

 Эй Аллоҳнинг Расули! Журайж (замонидаги гўдак) ким?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалллам шундай дедилар:

 Журайж ўзига тегишли бўлган бир ибодатхонада узлатга чекинган роҳиб эди. Ибодатхонасининг пастроғида сигир боқувчи бир чўпон бор эди. Қишлоқда яшайдиган бир хотин шу чўпоннинг олдига келиб-кетарди.

Бир куни Журайж ибодат қилаётган вақтида онаси келиб:

 Журайж, – деб чақиради. Журайж намози ичида ўз-ўзига:

 Онамга (жавоб берайми) ёки намозимни (давом эттирайми)? – дейди. Кейин намозини давом эттиришни раво кўради. Сўнг онаси иккинчи марта яна:

 Журайж, – деб чақиради. Журайж эса яна ўз-ўзига:

 Онамга (жавоб берайми) ёки намозимни (давом эттирайми)? – дейди ва яна намозини танлайди. Онаси эса учинчи бора яна унга овоз беради. Журайж эса яна намозини танлайди. Жавоб беравермагач онаси унга (дуоибад) қилиб, шундай дейди:

 Эй Журайж! Фоҳишаларнинг юзига боқмасдан, Аллоҳ сенинг жонингни олмасин. Кейин онаси қайрилиб кетади.

Орадан маълум вақт ўтиб (сигирларга қарайдиган чўпоннинг олдига бориб-келиб юрган) ҳалиги хотин (ғайри машруъ йўл билан) бола тўғади. Уни туққан боласи билан Малик (подшоҳ)нинг олдига олиб келадилар.

Малик сўрайди:

 Бу бола кимдан?

Хотин:

 Журайждан.

Малик яна сўрайди:

 Ибодатхонанинг эгасиданми?

Хотин:

 Ҳа.

Малик:

 Ибодатхонани бузиб ташлаб, эгасини менинг олдимга олиб келинг, – дейди. Бориб болталар билан ибодатхонани бузадилар. Журайжни қаршилигига қарамай, қўл-оёқларини арқон билан боғлаб, олиб келадилар. Кейин фоҳишаларнинг олдига олиб чиқадилар. Журайж фоҳишаларни кўриб кулади. Улар эса Журайжга назар солиб турардилар. Шунда Малик Журайждан сўрайди:

 Бу хотин нима даъво қилмоқда?

Журайж:

 Нимани даъво қилмоқда экан? – деб айтади. Малик унга қараб:

 Болани сендан деб даъво қилмоқда, – дейди. Журайж хотинга қараб:

 Сен шундай деб даъво қиляпсанми?  дейди.

Хотин:

 Ҳа, – дейди.

Журайж:

 Бу бола қаерда? – деб сўрайди.

 Хотиннинг қучоғида, – дейдилар.

Шунда Журайж болага бурилиб қарайди ва:

 Сенинг отанг ким? – деб сўрайди.

Бола:

– Сигирлар чўпони, – дейди.

Журайжнинг туҳмат остида қолганини кўрган Малик бу ишнинг нотўғри бўлганини фаҳмлайди ва:

– Ибодатхонангни олтиндан қуриб берайликми? – деб сўрайди. Журайж:

– Йўқ, – дейди.

– Кумушдан қуриб берайликми? – деб (такрор) сўрайди.

– Йўқ, – дейди.

– У ҳолда уни қандай қилиб қурайлик? – деб сўраганида Журайж:

– Уни эски ҳолидек қилиб, қуринг, – дейди. Малик:

 Нима сабабдан кулдинг? – деб сўрайди. Журайж:

 Бир нарсани хотирлаб (кулдим), онамнинг дуоибади менга етди, – дейди. Кейин бошидан ўтган ўша ҳодисани уларга гапириб беради. (Бухорий, “Адаб-ул-муфрад”) 

Ҳазрати Исо алайҳиссалом билан ҳам Аллоҳнинг мўъжизаси рўй бериб, у киши бешикдалик пайтларида оналари Биби Марямни ҳимоя қилиш учун Аллоҳнинг қудрати билан гапирганлар. Шунинг учун ҳам ҳадис бошида Исо алайҳиссалом ҳам эслатиб ўтилган. Умуман олганда Исо алайҳисалом ва Журайжга нисбат берилган ушбу ҳадиси шарифда боланинг бешикдалик пайтида гапириши мўъжиза ва каромат билан содир бўлгани ва бунинг шаръан жоизлиги маълум қилинмоқда. Аллоҳнинг Пайғамбарлари томонидан содир бўладиган ғайри одатий ишларга мўъжиза дейилса, валийлари қўлида рўй берадиган бундай ишларга каромат деб айтилади. Бу ҳолат Ислом динида мўъжиза ва кароматнинг ҳақлигини билдиради.

  Ҳадисдан олинадиган иккинчи муҳим дарс бу намоз ўқиб турган пайтда ота-она чақириб қоладиган бўлса, қандай жавоб бериш мавзуси ҳисобланади. Бу масала бўйича олимларнинг қарашларида бироз тафовутлар мавжуд бўлса-да, бизнинг ҳанафий мазҳабимиз бўйича қуйидаги тартиб тўғри деб қабул қилинган. Демак, фарз ва вожиб намозларидан ташқари нафила ибодатларни бажариш асносида ота-оналардан бирортаси чақириб қолсалар, жавоб бермаслик уларнинг ғазабларига сабаб бўладиган бўлса, намозни бузиш лозим бўлади. Бундай пайтда нафила ибодатдан кўра ота-онанинг розилиги афзал кўрилади. Шунингдек, намоз ўқаётганини билиб туриб қасддан чақирсалар бузилмайди, билмасдан чақирса бузса бўлади дейилган. Фақат Аллоҳнинг амрлари бўлган фарз ва наҳйиларда Аллоҳга итоат қилиш асос бўлади.

Лекин қолган вақтларда ота-она чақирадиган бўлса, фарзанд, албатта, жавоб бериши лозим. Чунки бу ҳақда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Расули Акрам алайҳиссаломдан шундай ривоят қиладилар: 

Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Ҳар қачон ота-она фарзандини чақирган вақтда, фарзанд ҳамма ишини ташлаб, уларнинг олдига бориб, айтганларини жону дили билан адо этсин. Агар бепарво бўлиб, уларнинг буюрганини қилмаса, мен ундай умматдан безорман”, – деб марҳамат қилганлар

Ҳадисдан олинадиган навбатдаги дарс бу ота-она дуосининг мақбул бўлишлигидир. Ота-она дуоси бобида зикр қилинган ушбу ҳадиси шарифда онанинг дуоси ҳақ бўлган ҳолида гарчи фарзандининг зарарига бўлса-да, ижобат бўлиши очиқ-ойдин намоён бўлмоқда. Демак, ота-онанинг дуоибадини эмас, балки уларнинг дуоихайрин олишга ғайрат қилиш керак. Уларнинг фарзандлари ҳақида кўнгилларидан ўтадиган ҳар қандай нарса агар тилларига келадиган бўлса, кўпинча қабул бўлиши эътиборидан ҳам бу масалада доимо ҳушёр бўлмоқликни ўзимизга вазифа деб билишимиз лозим.

Улуғбек Султоновнинг 
"Ота-онага хизмат қилиш 
одоблари" китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

Аввал хабар қилинганидек, Буюк Британияда бўлиб турган мамлакатимизнинг бир гуруҳ исломшунос, шарқшунос олимлари 4 март куни Кембриж университетига ташриф буюриб, ушбу нуфузли таълим даргоҳининг профессорлари, шарқшунос олимлари билан учрашувлар ўтказдилар.

Кембриж университетининг Марказий Осиё форуми директори профессор С.Саксена билан Ўзбекистонда янги ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ҳамда Тошкент ислом университетининг Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди.

Унга кўра, Кембриж университетининг профессор-ўқитувчилари Тошкент ислом университети, Ўзбекистон Ислом академиясининг талаба ва тадқиқотчилари учун махсус маърузалар ўқийди, мамлакатимизда ўтказиладиган халқаро конференцияларда иштирок этади. Ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг илмий мақолалари Кембриж университетининг нуфузли нашрларида чоп этилади. Кембриж ва Ўзбекистон олимлари қўшма илмий гуруҳи ташкил этилади. Ҳамкорликда долзарб мавзулардаги илмий тадқиқотлар амалга оширилади.

Томонлар шунингдек, Кембриж университетида Хоразмий ва Ибн Сино стипендияларини таъсис этиш тўғрисида ҳам келишиб олдилар. Ўзбекистон делегацияси Кембриж университети билан талабалар, амалиётчи тадқиқотчилар алмашуви, ўқув, илмий ва оилавий туризмни йўлга қўйишга тайёр эканини маълум қилди.

С.Саксена Ўзбекистонда буюк алломаларимиз илмий меросини чуқур ўрганиш, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилаётган эътиборни юқори баҳолади.

“Британиядаги қадимий бинолар Оксфорд, Кембриж университети коллежлари Бухоро ва Самарқанд мадрасаларининг меъморий услуби асосида бунёд этилган. Бу икки мамлакат ўртасидаги дўстнома муносабатлар тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалишининг яққол исботидир.

Биз Ўзбекистон билан илмий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз. Кембриж кутубхонасида сақланаётган туркий, форсий қўлёзмаларни тадқиқ этиб, каталоглар тайёрлайдиган ўзбекистонлик мутахассисларга эҳтиёжмандмиз”, - дейди Кембриж университетининг Марказий Осиё форуми директори С.Саксена.

Мамнуният билан қайд этиш керакки, жорий йилнинг 12 февралидан эътиборан Кембриж университетида ўзбек тили дарслари ташкил этилган. Эришилган келишувларга мувофиқ янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондан келган мутахассислар Кембриж университетида ўзбек тилидан дарс бера бошлайдилар.

Музокаралар якунида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлар барча соҳалар қатори илм-фан йўналишида ҳам жадал ривожланиб бораётганидан мамнуният изҳор қилдилар.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Воскресенье, 04 Март 2018 00:00

Экинларни ким ўстиради?

Cизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?! Агар Биз хоҳласак, уни (офат юбориб) қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эдик, сизлар эса ажабланиб қолаверар (ва айтар) эдингиз: «Бизлар зиён кўрувчилармиз. Балки бизлар (ризқимиздан) маҳрумдирмиз» (деб надоматда қолган бўлур эдингиз)” (Воқеа, 63-67).

Аллоҳ таборака ва таоло бу ояти карималари билан биз бандаларини тафаккурга чорламоқда, кундалик турмушимизда Ўзи яратган қонуниятлар асосида такрор-такрор содир бўлиб тургани учун одатий ҳолга айланиб қолган экиннинг униб чиқиш ҳодисаси ҳақида бир дам ўйлаб кўришни буюрмоқда: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?” Эккан уруғингизни ундирувчи, уни экин ва сунбулага айлантириб, мева ёки бошоқ-дон берадиган ҳолатга келтирувчи сизми, Менми? Ишларинг фақат ерни кавлаб, уруғ сочиш (экиш) ва суғориб қўйишдан иборат эмасми? Уруғдан бошоқ ундирувчи эмаслигингизни эътироф этганларинг ҳолда, ердан ўликларни чиқариб, ҳаётга қайтарилишини қандай инкор қиласизлар?

Фахруддин Розий оят тафсирида бундай ёзади: Ояти каримадаги “ҳарс” ва “заръ” сўзлари орасидаги фарқ бор: “ҳарс” экишнинг бошланишидир. У ҳам бўлса, ерни ҳайдаш, уруғ қадаш (сепиш, экиш) ва суғоришдан иборат. “Заръ” (ундириш) бўлса, экиннинг ердан униб чиқиши, ўсиши, бошоқ ёки ҳосил бериши каби экишнинг натижасидир.

“Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!” Бу ояти каримада Аллоҳ таоло экин экишни бандага, ундириб чиқаришни Ўзига боғлиқ эканини баён этган. Чунки экиш банданинг иши, унинг ихтиёри билан бўлади. Ундириб-ўстириш Аллоҳ таолонинг  феълларидан бири, истаса, ўстиради, истамаса йўқ. Мовардий Абу Ҳурайрадан  ривоят қилади: Расулуллоҳ  бундай марҳамат қилдилар: «Ҳеч бирларинг “(экин) ўстирдим” демасин, балки “экдим” десин. Зеро, уни ўстирувчи (зориъ) Аллоҳ таолодир”. Сўнг Абу Ҳурайра  деди: “Аллоҳ таолонинг “Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!” оятини эшитмаганмисиз?» (Имом Муслим, Ибн Ҳиббон, Байҳақий).

Қуртубийга кўра, ҳадисдаги қайтариқ вожиб эмас, одоб моҳиятига эга. Бу маънода Пайғамбаримиздан  яна кўплаб ҳадислар ворид бўлган.

Ҳар ким ерга уруғ сепаётганида истиъоза (“Аъузу”)ни ўқиганидан кейин “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!” оятини ўқисин. Сўнгра: “Ундириб-ўстирувчи, вояга етказувчи Аллоҳ таолодир. Ё Аллоҳ, Муҳаммадга  салавот ва салом йўлла, бу экиннинг мевасидан бизни баҳраманд эт, зараридан узоқ қил. Бизни неъматларингга шукр қилувчи, лутфу эҳсонларингни зикр этувчи бандаларингдан айла. Эй оламларнинг Парвардигори, буни бизга баракали қилгин”, деб дуо қилсин. Бу ўзи учун яхши бўлади. Бундай дуо ўқиш экин-тикиннинг қурт-қумурсқа, чигиртка каби барча бало-офатлардан сақланиши гарови дейилган. Қуртубий бу дуони ишончли кишилардан эшитгани ва у тажрибадан ўтганини айтади (“Ал-Жомеъ ли аҳкомил Қуръон”).

Муфассир Розий бундай ёзади: «У ҳолда Аллоҳ таолонинг “...зориъ (ўстирувчи)ларни лол қолдирадиган...” (Фатҳ, 29) деган ояти каримаси, Пайғамбаримизнинг  “Зироат зориъникидир” (“экин экканникидир”) деган ҳадиси шарифларини қандай тушуниш керак?” деб сўралса, бундай жавоб берамиз: оятларнинг тафсирида “ҳарс” (экиш) билан “заръ” (ўстириш)нинг бир-бирига боғлиқлиги баён этилди. Экиш ўстиришнинг боши, ўстириш эса экишнинг натижаси ва самарасидир. Бу икки сўздан бирининг ўрнига иккинчисини қўллаш мумкин. Фатҳ сураси 29-оятида “зурроъ” (ўстирувчилар) сўзи “ҳуррос” (деҳқонлар) маъносини билдиради. Зеро, деҳқон эккан уруғи униб чиқиб, мева бериш билан якунига етганини кўриб, қувонади.

Пайғамбаримизнинг  “Экин экканникидир”, деган ҳадисларига келсак, бу ўринда бундай нозик жиҳат бор: агар у зот “экин ҳорисга тегишлидир” деганларида эди, киши ерни ҳайдаб, шудгор қилиши билан экинга эга бўларди. Бу эса экиннинг уруғи сепилишидан олдин қилинадиган ишлар. Экин ундан кейин ерга уруғ сепганга тегишли бўлади. Яъни Абу Ҳанифа  мазҳабларида уруғ кимники бўлса, экин ўшаники бўлади.

Баъзи олимлар бу борада муболаға қилиб, бундай дейишган: “Уруғ экдим ва ҳосил олдим” деб бўлмайди. “Аллоҳ таоло менга мадад берди, экин экдим ва У ўз марҳамати билан менга ҳосил олишни насиб этди”, дейиш лозим».

Мовардий айтади: “Бу ояти карима икки нарсани ўз ичига олган: биринчиси, Аллоҳ таоло экинларни ўстирган Ўзи эканини эслатиб, бандалари Унинг марҳамати билан ҳаёт кечиришларини билдирмоқда. Бу уларнинг ана шу неъматларга шукр қилишлари лозимлигига далолат қилади.

Иккинчиси, ибрат олиниши лозим бўлган далил. Зеро, қадалган уруғни ўстириб чиқаришга, мўрт ва заиф ниҳолни кучли экинга айлантириб, яшнатишга қодир Зот учун ўлган бандаларини қайтадан тирилтириш осондир. Соғлом ақл эгалари учун бу далил етарлидир.

“Агар Биз хоҳласак, уни қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эдик...” Яъни, агар хоҳласак, экинларингга офат юбориб, бир зумда озуқа ва емишга ярамайдиган, қуруқ ўтинга айлантириб қўярдик.

Бу билан Аллоҳ таоло икки жиҳатга диқ­қатимизни тортмоқда. Биринчиси, бандалари Аллоҳга шукр қилишлари керак, зеро, У экинларини қуруқ чўпга айлантирмади.

Иккинчиси, бандалар ибрат олиб, ёмонлик­лардан воз кечсин. Чунки экинларни қуритиб юбориши мумкин бўлгани каби, хоҳлаган пайт уларни ҳам ҳалок қила олади.

Икрима ва бошқа муфассирлар ояти каримадаги “ажабланиб...” сўзини қилмишларингиз касри ҳатто экинларингизга уриб, “бир лаҳзада қуриб битгани учун афсус ва надомат қиласиз”, деб тафсир қилишган.

«Бизлар зиён кўрувчилармиз...” жумласини Ибн Аббос  ва Қатода: “Шубҳасиз, биз азобланувчилармиз”, деб таъвил қилишган. Бошқа баъзи тафсирчилар “Биз ҳалок бўлувчимиз”, тарзида тафсир қилишган.

Заҳҳок ва Ибн Кайсонга кўра, ояти каримадаги “муғрам” сўзи молнинг эвазсиз йўқ бўлиши маъносини беради. Шунга кўра, оят: “эккан донимиз йўқ бўлиб кетди”, маъносида тафсир қилинади.

“Балки бизлар маҳрумдирмиз”. Яъни, кутган ҳосилимиздан маҳрум бўлдик. Қатода маҳрум бўлиш ризқдан тўсилиб қолиш эканини айтган.

Анасдан  ривоят қилинишича, Расулуллоҳ  ансор ерларидан ўтаётиб, улардан сўрадилар: “Сизларни экин экишдан нима тўсмоқда?” Улар: “Қурғоқчилик” деб жавоб беришди. Шунда у зот: “Йўқ, ундай қилманг, чунки Аллоҳ таоло: “Ундириб-ўстирувчи зот Менман. Истасам, сув билан, истасам, шамол билан, истасам, уруғ билан ўстираман”, деб марҳамат қилган”, дедилар. Сўнг: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми? Уни сизлар ундириб-ўстирурмисизлар ёки Биз ундиргувчимизми?!” ояти карималарини ўқидилар (“Ал-Жомеъ ли аҳкомил Қуръон”).

 

Имом Қуртубий ва Фахриддин Розий тафсирлари асосида

 Нўъмон Абдулмажид тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Воскресенье, 04 Март 2018 00:00

Бургутлар

Бургутлар яралганидан куч-қувват, зафар ва эрк рамзи бўлиб келган. Бургут кўз етмаган баландликларда бургутлар билан ёки ёлғиз учади. Асло ва асло бошқа қушларга аралашмайди. Кўзлари ўткир бўлади, ўлжасини беш минг метр юқоридан кўради ва қўлга киритмагунича ундан кўзини узмайди.

Бургут ўлимтик емайди, балки ўлжани ўзи овлайди. Емишнинг янгисини излайди.

Бўронли, ёмғирли ҳавода учишдан қўрқмайдиган қушдир. Бундай ҳаво, аксинча, унинг шижоатини қўзғайди. Шамолли вазиятдаги ҳаво босимини фойдаси учун ишлата олади. Бу ҳол унга қанотларини кўп ҳам қийнамасликка имкон беради.

Бургут хонимлар бургут жанобларни қайта-қайта синаб, шундан кейингина турмуш ўртоқликка қабул қилади.

Бургутларчалик инини юқорига қурадиган ва уни қаттиқ ҳимоялайдиган бошқа қуш йўқ.

Бургут болаларини ўта қаттиққўллик билан учишга ўргатади. Вақти етиб, полапонини индан ташқарига улоқтирар экан, дангасалик қилиб яна “иссиқ уйларига” қайтиб келмасликлари учун она бургут инини бузиб ташлайди.

Одатда бургут етмиш йил яшайди. Лекин қирқ ёшга борганида тирноқлари узайиб, патлари жуда ўсиб, учишига халақит бера бошлайди. Шунда ажойиб бир ҳодиса юз беради: бургут қояга жойлашиб, тумшуғи ва тирноғи билан қоятошни тирнай бошлайди, бу орада эски патларини ҳам юлиб ташлашга улгуради. Беш ой ичида янги тумшуқ, янги тирноқ ва янги пат ўсиб чиқади. Янгиланиш бургут учун ҳаёт-мамот масаласидир.

 Акмал АВАЗ

ЎМИ Матбуот хизмати

Top