muslim.uz
Фарзанд бебаҳо неъмат
Фарзанд ниҳолга ўхшайди. Агар у ўз вақтида, яхши парвариш қилинмаса, тўғри ўсмай қолиши мумкин. Ота-онанинг вазифаси эса болага чиройли тарбия бериш, яхши инсон қилиб вояга етказишдир. Бу борада Абдурауф Фитрат бундай ёзади: “Ахлоқи гўзал фарзанд Аллоҳнинг неъматидир. Яхши тарбия инсоннинг бахту иқболи омилидир. Баъзи феълу атвор туғма бўлса-да, кўпинча у шаклланади”.
Луқмони Ҳакимдан “Нега ўғлингизга жуда кўп насиҳат қиласиз?” деб сўрашганида, у зот: “Кексаларнинг ёшларга қилган насиҳати худди кўчатларни вояга етказадиган боғбон кабидир. У вақт-вақти билан ниҳолларнинг ортиқча шохларини кесади, улар атрофидаги бегона ўт-ўланларни тозалайди. Хуллас, унинг мустаҳкам бўлиб ўсиши учун бор куч-қувватини сарфлайди. Агар шундай қилса, ниҳол яхши ўсиб, унади. У ҳосилга киргач, меваси асалдек ширин бўлади. Акс ҳолда, боғбон бепарво бўлиб, кўчатларнинг ортиқча шохларини кесмаса, улар баланд ўсиб яхши ҳосил бермайди. Оқибатда, бундай ниҳолдан боғбонга кам фойда тегади”.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар:
لأن يؤدب الرجل ولده خير من أن يتصدق بصاع
«Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришидан яхшироқдир» (Имом Термизий ривояти).
Бошқа ҳадисда бундай келади:
ما نحل والد ولدا من نحل أفضل من أدب حسن
«Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди» (Имом Термизий ривояти).
Боланинг табиати, хулқ-атвори оиладаги муҳитга боғлиқ. Ота-она тажрибали табибнинг беморга нисбатан қилган муносабати каби бўлишлари керак. Албатта, солиҳ фарзандлар ўз-ўзидан вояга етмайди. Балки оилада ота-она назоратида тарбияланиб, улғаяди. Болалар тарбиясига бепарво бўлмаслик керак. Акс ҳолда, Аллоҳ асрасин, улар ёмон кишиларга аралашиб қолишлари мумкин. Лўнда қилиб айтганда, бола қалби оппоқ (турли ёзув ёзиш мумкин бўлган) қоғозга ўхшайди. Унга имкон қадар яхши ёзувлар тушириш керак. Фарзандларимиз яхши инсонлар бўлиб етишишлари учун улар тарбиясига чин ихлос билан киришиб, бор имкониятларни ишга солишимиз зарур.
Буюк юртдошимиз Абу Али ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб, бундай деган: «Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, турмуш тарзи намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст тутинади».
Муҳтарам Президентимиз нутқларининг бирида фарзандлар тарбияси ва уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишида одоб-ахлоқнинг ўрни катта экани ҳақида тўхталиб, бундай деганлар: “Ёшларимизга бугуннинг ўзида алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Улар нафақат ишончимиз ва келажагимиз, ёшлар – бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир. Яъни эртанги кун кутганимиздек бўлиши учун бугуннинг ўзида ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратишимиз зарур” .
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, болалар ва ўсмирларнинг жисмонан соғлом, бақувват, руҳан ва маънан комил инсон бўлиб улғайишлари учун катта эътибор қаратилаётгани сир эмас. Бунга муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан 2005 йил «Оналар ва болалар йили», 2008 йил «Ёшлар йили», 2010 йил «Баркамол авлод йили», 2016 йил эса “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши ва бу борада катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилиши далилдир.
Ҳар томонлама баркамол фарзандни вояга етказиш борасида улуғларнинг жуда кўп насиҳатлари бор. Уларда, энг олдин, болаларда шакллантирилиши керак бўлган яхши хислатлар бундай баён қилинади: Ислом, илм, диёнат, қаноат, интизом, виждон, ватанпарварлик, адолат, муҳаббат, иффат, сабр, тилни (бўҳтон, чақимчилик, ғийбат кабилардан) тийиш, ибрат назари билан қараш, сир сақлаш ва ҳоказо.
Шу билан бирга, фарзандни ҳасад, манманлик, такаббурлик, ёлғон гапириш, алдаш, мунофиқлик, бахиллик, бекорчилик, жаҳл, ғазаб, ғийбат, беҳуда сўзларни гапириш, мазах қилиш, шаҳватга берилиш, сўкиш, тама қилиш, зулм, жоҳиллик каби ёмон хислатлар ривожланишидан муҳофаза қилиш зарурлиги ҳам айтилади.
Руҳан тетик ва ахлоқли фарзанд илоҳий неъматдир. Фарзанди баркамол инсон бўлиб вояга етишини истаган ҳар бир ота-она, уни авваламбор соғлом эътиқод асосида тарбиялаши керак. Зеро, тўғри ва соғлом эътиқод дин асосидир. Ақидаси мустаҳкам шаклланган бола ҳеч қачон адашмайди, тўғри эътиқоддан чалғимайди. Модомики, ақидаси бидъатхурофот ва нотўғри тушунчалардан холи бўлар экан, уни ҳеч ким адаштира олмайди, ўзига қарам қилолмайди. Эътиқод динимиз негизи, ҳаётимиз пойдевори экан, уни тўғри шакллантиришимиз лозим. Демак, ишончи ўзгарган одамнинг ҳаёт тарзи ҳам ўзгарар экан. Энди у ўзи тўғри деб билган, ишонган ана шу ақиданинг чизиқларидан четланмайди. Ҳазрат Мирзо Бедил айтадилар:
Бошидан қийшиқ бўлса пойдевор,
Осмонга етса ҳам қийшиқдир девор.
Сўфи Оллоҳёр ҳазратлари бундай деганлар:
Ақида билмаган шайтонга элдир,
Агар минг йил ибодат қилса елдир.
Шу боис динни мустаҳкам эътиқод асосида ўрганиш доимо долзарб масалалардан бўлиб келган. Шу эътибордан ота-оналар фарзанд тарбиясида унинг эътиқодига алоҳида эътибор беришлари зарур. Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилсин. Омин!
Толибжон ҚОДИРОВ
тайёрлади.
Хитой анжуманида вакилларимиз қатнашади
Хитойнинг Шинжон-Уйғур туманида “Исломнинг мўътадил тафаккури экстремизмга қарши” мавзусидаги халқаро семинарда иштирок этиш учун Ўзбекистоннинг 4 нафар вакили – Дин ишлари бўйича қўмита масжидлар бўлими бошлиғи Муҳаммадбобур Юлдашев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов, Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Усмонов ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулло Турматов Урумчи шаҳрига жўнаб кетишди.
Урумчи халқаро аэропортида Ўзбекистон делегациясини Хитой ислом ассоциациясининг вакиллари кутиб олишди. Вакилларимиз 19 июль куни делегация аъзолари Урумчи шаҳрининг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилишди.
Сафарнинг асосий тадбирлари 20–22 июль кунлари бўлиб ўтади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ахборот хизмати
"Саййид Муҳйиддин махдум" да қабул имтиҳонлари. (Андижон)
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юртида қабул имтиҳонлари (Наманган)
АҚШдаги ватандошлар чексиз хурсанд
Америка Қўшма Штатларидаги “Туркистон-Америка жамияти” сўровига биноан Тошкентдаги “Новза” жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин қори Ҳамроқулов жамиятимиз аъзоларининг Рамазон ойидаги диний маросимларга бошчилик қилдилар. Жалолиддин қори Ҳамроқулов Рамазон ойининг файзли кечаларида мўмин-мусулмонларга хатми Қуръон ўқиб, маърифий суҳбатлар қилиш каби савобли ишларни амалга оширдилар.
Натижада, жамиятимиздаги хатми Қуръонга келувчилар сони кундан-кунга кўпайди. Охирги куни тахминан юздан зиёд ватандошлар ташриф буюришди. Рамазон ойининг 27-тунида, яъни Қадр кечасида хатм Қуръон ниҳоясига етди. Намозхонларимиз бу йилги хатми Қуръон тўғрисида жуда кўп дил изҳорларини билдиришди. Жумландан табаррук 90 ёшни қоралаган Мирза наим ота: “Мен бу йилги хатми Қуръон ва қори домладан жуда хурсандман. Айниқса, қори домланинг очиқ чеҳралари, зукколиги ва саволларимизга аниқ жавоб беришлари менда катта қизиқиш уйғотди. Бундан илҳомим келиб жуда кўп савол бердим ва ажойиб жавоблар олдим”, дея ўз таассуротларини билдирди.
Шунингдек, 70 ёшли Ғанишер ака эса: “Мен одатда уйимга яқин бўлган жомега қатнар эдим. Рамазон ойининг биринчи куни жамият раиси Абдулла ака “Ватандан бугун қори келади ва хатм бошлаймиз” дедилар. Мен бу хабарни эшитиб жуда мамнун бўлдим. Жамиятга келиб, имом-домлани чиройли овозлари ва суҳбатларидан ором олдим. Бирор кун ҳам хатми Қуръонни қолдирмадим”, деб ўз фикрларини билдирди.
“Туркистон-Америка жамияти” вице-президенти Воҳид Сабрий: “Мен Саудия Арабистонида 11 йил яшаганман. Ушбу қорининг қироатлари, айниқса, мавъизалари мароқли ва ҳузурбахш экан. У кишидаги яна бир ҳислат бошқалардан бегонасирамаслик менга ёқди. Тезда жамиятга келаётган одамлар билан киришиб кетди.”, деб фиркларни баён этди.
– “Бу йилги хатми Қуръонга ўхшаган хатмни ҳеч учратмаганман. Машааллоҳ жуда ҳам гўзал бўлди. Имом-домланинг юриш-туришидан, гап сўзидан шундоқ Ватан иси уфуриб турди. Бизда она-заминга бўлган соғинч тафти сал бўлсада босилди, унга бўлган муҳаббат эса янада зиёда бўлди.”, дея ўз дил изҳорларини билдирди Абдуҳалим ака.
Хулоса қилиб айтганда, “Туркистон-Америка жамияти” вакиллари муборак Рамазон ойида шундай юқори кайфиятда ибодат қилганлари, хуш овоз қорининг қироатига сомеъ бўлганлари ва мазмунли мавъизасидан кўп манфаат олганларидан чексиз мамнун эканларини изҳор этишди ва она-Ватан – Ўзбекистоннинг яна фаровон бўлишини тилаб дуолар қилишди.
2016 йил 17 июль куни Жалолиддин домлани она-Ватанлари – Ўзбекистонга кузатиб қўйдик ва энг эзгу тилакларнинг ҳамроҳ бўлишини тиладик.
Абдулла ХЎЖА,
АҚШдаги “Туркистон-Америка жамияти” раҳбари