www.muslimuz
МУСУЛМОННИ КОФИРГА ЧИҚАРИШНИНГ ХАТАРЛАРИ
Мусулмон устидан кофир хукмини бериш энг нозик ва хатарли масалалардан бўлиб, унга далилсиз якинлашиш мумкин эмас. Чунки, кофирлик хукми берилган одам шу ҳукмга лойиқ бўлмаса, ҳукм килган кишининг ўзи кофир бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Бир киши биродарига: "ҳой кофир" деса, у иккисидан бири (кофир бўлишга) дучор бўлади"- дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Жумҳур уламолар ижмоси билан куфр исобланган сўз мутлоқ куфр сўздир. Бу сўзни талаффуз қилган ҳар бир киши устидан кофир ҳукмига лойиқ шартлар бўлиб, монеликлар йўқолмагунига қадар ҳукм чиқариш мумкин эмас. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби «Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз» дейди.
Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жами нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни гуноҳи кабира ёки гуноҳ туфайли кофир, деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) умматни ҳаддан ошишдан қайтариб шундай марҳамат қилдилар:
وقال صلى الله عليه وسلم : إيَّاكم والغلوَّ في الدِّين؛ فإنَّما هلك مَن كان قبلكم بالغلوِّ في الدِّين ، وهو حديث صحيح، أخرجه النسائي وغيرُه، وهو من أحاديث حَجة الوداع،
Маъноси: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиш билан ҳалокатга учрадилар”.
Ушбу ҳадисни Пайғамбаримиз алайҳиссалом видолашиш ҳажидаги маърузаларида баён қилганлар. Ҳадисдаги ғулув сўзи “ҳаддан ошиш”, “тажовуз қилиш” маъноларини англатади. Ҳаддан ошиш турли масалаларда бўлиши мумкин, жумладан, шиалар ҳазрати Али (р.а)га бўлган муҳаббатларида ҳаддан ошганлиги натижасида баъзилар уни худо даражасига кўтаришган, хулафои рошидинларга нисбатан таъна тошларини отишган. Кўриниб турибдики, муҳаббатнинг ҳам чегараси бор. Қуръони каримда Аллоҳ таоло аҳли китобларга динларингизда ғулувга кетманглар, деб амр қилган. Чунки насоролар Исо алайҳиссаломни худо даражасига кўтариб, уни худонинг ўғли деб ғулувга кетишган. Бугунги кундаги такфирий жамоалар эса мусулмонларни куфрга чиқаришда ғулувга кетишган. Тарихдан маълумки, ғулув катта фожеаларга сабаб бўлган, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкилишига олиб келган. Ҳазрати Али ҳалифалик даврларида вужудга келган хаворижлар тоифасининг ғулувга кетиш сабаби ҳам ҳозирги ғулувчилар билан бир хил, яъни, мусулмонларни куфрга чиқаришда эди.
Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар сабабидан Қуръон ва Суннат ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарган. Жумладан, “Нисо” 94-оятда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда, аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, – демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир”.
Бу оятни нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом ибн Касир ўз тафсирида шундай дейди: Имом Аҳмад ибн Аббос (р.а)дан ривоят қиладилар: “Бану Салимдан бир киши ўзини қўйларини боқаётганда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларининг бир гуруҳининг олдидан ўтиб туриб уларга салом берди. Улар: “бизга салом берма, балки биздан паноҳ сўра”, дедилар. Сўнг уни ўлдирдилар, кейин уни қўйи билан Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га олиб келганларида ушбу оят “Эй иймон келтирганлар” дан охиригача нозил бўлди” ва улар бу ишдан қаттиқ қайтарилдилар.
Ҳадиси шарифларда ҳам ўзга шахсни куфрга чиқаришдан огоҳлантирилади. Жумладан, Имом Бухорий ибн Умар (р.а)дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Агар киши биродарига “Эй кофир”, – деса, у (сўз) иккисидан бирига қайтади”.
Абу Зарр (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яна шундай деганлар: “Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ, кофир деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади”.
Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра бирор-бир аҳли қибла бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик лозимдир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам қибла аҳлларидан бўлганларнинг бирортасини кофирга ҳукм қилмаган экан.
Ақида китоблари, жумладан, “Таҳовий ақидаси”да: “Қибла аҳлидан бўлган бирор бир мусулмонни гуноҳи туфайли кофир санамаймиз”, – дейилади. Шунингдек, бошқа ақида ва уларга ёзилган шарҳларда катта гуноҳ қилган кишилар гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам, қилган ишини ҳалол санамаса, кофир бўлмаслиги, агар ўз уқубатларини дунёда олса катта гуноҳи учун каффорат бўлиши, мободо вафот этса, бу – Аллоҳнинг ҳоҳиши: хоҳласа азоблаши, хоҳласа кечиши баён қилинган.
Бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмонга қони, обрўси ва моли ҳурматли бўлиши лозим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг видо ҳажларида айтган қуйидаги гаплари буни тасдиқлайди: “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз ўзларингиз учун худди шу кунингиз, шу ойингиз ва шу шаҳарингиз каби ҳурматлидир. Шу ерда ҳозир бўлган киши ҳозир бўлмаганларга етказсин”.
Имом Фахриддин ар-Розий
ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Сабиров Маҳмуджон
Имом Аъзам зикрлари (маноқиблари)
Бу зот Нўъмон ибн Собит (р.а) кўп саҳобаларни сухбатларини топганлар, шу сабабли Тобиъинлардан хисобланади. Жумладан Анас ибн Молик (р.а), Жобир инб Абдуллоҳ (р.а), Восилатубни Асқа (р.а), Абдуллоҳ ибн Зубаир (р.а) сухбатларини топган эканлар. Шу билан маълум бўладики, Имом Аъзам Тобиъинлардан бўлган эканлар ва Жаъфари Содиқ билан сухбат қилган эканлар. Жаъфари Содиқ Пайғамбаримиз с.а.в.ни набираларидан. Жаъфари Содиқ Авлиёларни улуғлари, Тобиъинларнинг энг пешволаридан.
Имоми Аъзам жуда улуғ бўлганларки, у кишини мақтаб кўп китоблар ёзилган. Тазкиротул авлиё муаллифи айтадилар: хамма халқ Имоми Аъзамни мақтаган бизни мақтовимиз қаерга хам борар эди деганлар.
Имоми Аъзам р.а ни бир кишида хақлари бор экан. Кунларнинг бирида имоми аъзамдан карздор одамни махалласида бир одам вафот этибди. Имоми Аъзам жаназага бордилар ва кўрдиларким, кун иссиқ, соя жой йўқ эди. Фақатгина Имоми Аъзамдан қарздор кишини уйининг сояси бор эди. Одамлар Имоми Аъзамга келинг, сояга ўтиб турайлик дейишса, йўқ деб унамаган эканлар. Нимага унамайсиз деб сўрашганида, бу девор бу уйни эгаси мендан қарздор. Агар буни соясида турсам рибо қилган бўламан, судхўрлик қилган бўламан деган эканлар. Пайғамбаримизнинг хадислари бор унда, “Хар бир қарзики манфаат келтирса у рибо хисобланади” деганлар.
Имоми Аъзам хар кечаси 300 ракат намоз ўқир эканлар. Баъза ривоятларда 200 ракат. Форидуддин Аттор айтадилар бу ривоятни бу киши хам Авлиё уламолардан бўлганлар.
Бир куни кечаси бир хотин бир хотинга ишора-имо қилиб, мана бу киши кечаси 500 ракат намоз ўқир экан деб гапирганида, ўша гапни эшитиб қолиб, Имоми Аъзам хар кечаси 500 ракат намоз ўқийдиган бўлган эканлар. Яна бир кечаси бир йигит бир йигитга мана бу киши 1000 ракат намоз ўқийди деган экан. Уша кеча 1000 ракат намоз ўқиган эканлар. Чунки, ўша айтган одамларнинг гумони нотўғрига чиқиб қолмасин, уларни ёлғончи қилиб қўймайин деб, риоя қилиб, ёлғончи бўлишига сабабчи бўлиб қолмайин деб 1000 ракат намоз ўқиган эканлар.
Бир куни шогиртлари Имоми Аъзамни олдиларига келиб айтдиларки, Устоз, одамлар сиз хаққингизда шундай гапларни гапиряпди, Абу Ханифа кечаси ухламайди дейишяпди. Шунда Имоми Аъзам иншааллоҳ ният қилдим, бугундан бошлаб ухламайман деган эканлар. Ҳа нима учун одамларни гапига кириб шундай қиласизми десалар, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади. Инсонларни ичида шундай одамлар борки, ўзлари қилмаган нарса билан мақтанишни яхши кўрадилар, ўзлари қилмайдилар, лекин ўша нарсани яхши кўради, ўша нарса билан мақтансалар хурсанд бўладилар, мен ўшалардан бўлиб қолмайин деб, демак одамлар шу иш билан мени мақташяптими мен ўша ишни қилишлигим керак. Ўшандан кейин 30 йил умрларини охиригача кечаси ухламаган эканлар. Хуфтонда қилган таҳоратлари билан бомдодни ўқиган эканлар. 30 йил Имоми Аъзам шунақа даражада кўп намоз ўқир эканларки, ибодат қилар эканларки, тиззалари туяни тиззасига ўхшаб кетган экан, тиззаларини доим ерга қўйиб, чўккалаб ўтирганларидан.
Кўп намоз ўқиганларини нишоналаридан экан.
Бир куни бир бой одамга тавозу қилиб бой одамни хурматлаб, дини учун ёши кексалиги ёки бошқа нарса учунмас, фақат бойлиги учун бой одамни хурматлаб, қўйган эканлар. Мана шуни каффоратига минг марта хатми қуръон қилган эканлар. Бир масалани билмай қолсалар, чиқаролмай қолсалар 40 марта хатми қуръон қилар эканлар, кейин ўша масалани кўрар эканлар. 40 марта хатми қуръон қилганлигини шарофатидан уша масала очилиб кетар экан.
Шундай мазҳабга лойиқ қилганига Аллоҳ таолога хамдлар айтишимиз керак.
Тазкиротул Авлиё китобидан
“Ал Бадр” жомеъ масжиди имом ноиби
Зиёев Шухрат
Либосларнинг энг яхшиси
ҚАЙСИ ЖОЙДА АЗОН АЙТИЛСА АЛЛОҲ У ЖОЙНИ БАЛОЛАРДАН АСРАЙДИ
Азон луғатда “билдирув” деган маънони англатади. Азон Аллоҳнинг тоатига, ибодатига, ҳидоятига, Унинг Даргоҳи олиясига бир чорловдир. Азон Аллоҳ севгисининг танларга нидоси, қалбларга тажаллисидир. Азон дил ва вужуддан шайтонни қувиш имкониятидир. “Азон” – Аллоҳнинг сиғиниш ва ибодат қилишга сазовор ягона Зот эканини, Муҳаммад алайҳиссаломни бутун инсониятга юборилган охирги ҳақ пайғамбарликларини, динимизнинг бутун дунёда мислсиз адолат қилиш дини эканини билдиришдир.
Анас (р.а)дан ривоят қилинади, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қайси қишлоқда азон айтилса, Аллоҳ таоло ўша қишлоқни ўша кун ўзининг азобидан омонда қилади", - дедилар. Ҳадисларда азон, иқомат ва муаззиннинг фазилатлари баён қилингандир. Қуйида бир неча ҳадисларни келтириб ўтамиз:
Ҳазрат Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: "Вақтики, намоз учун азон айтилса, шайтон ел чиқариб азон эшитилмайдиган жойгача қочади. Азон тугаганда қайтиб келади. Кейин намоз учун иқомат (такбир) айтилса, яна қочиб кетади. Такбир тугагач қайтиб келади ва инсонни дилига васваса солиб айтадики: "фалон гапни эсла, фалон нарсани ёдга ол", - дейди, шунда инсон олдин хаёлига ҳам келмаган гапларни эсга олади ва неча ракат намоз ўқиганини ҳам билмай қолади". (Бухорий ва Муслим ривояти)
Ҳазрат Жобир розияллоҳу анҳу айтадиларки: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шундай деганларини эшитдим : "Вақтики, шайтон намозга чақириқни, яъни азонни эшитса, Равҳо деган жойгача қочади". Ровий айтадики, Равҳо Мадинадан 36 мил узоқдадир.
Юқоридаги иккита ҳадисдан шу нарса маълум бўладики, ҳақиқатда азон ва иқомат тавҳид ва иймонга чақириқдир. Бу иккиси Аллоҳ таолога ниҳоятда маҳбуб ва ҳаммадан зиёда мақбулдир. Аллоҳ таолонинг яхши бандалари уни эшитиб, масжидга борадилар. Лекин лаънати шайтон буни эшитишга тоқати етмайди. Шунинг учун, қачон азон айтилса, шайтон уни эшитиб, шердан қочгандай қочади.
Абу саид ал-Худрий розияллоҳу аҳудан ривоят қилинади Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам; Муаззинни овози қаергача етиб борса у ерда уни эшитган жин инсон ва жонсиз нарсалар қиёмат куни унинг ҳақида гувоҳлик берадилар. ". (Бухорий ривояти)
Аллоҳ таоло коинотдаги ҳар нарсага ўзининг маърифатидан бир ҳисса берган. Бунга далил Исро сураси 44-оятида ''Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар''- дейди. Шунинг учун қачон муаззин азон айтса ва унда Аллоҳ таолонинг улуғлиги, бирлиги, ислом таълимотларини эълон қилса, инсужиндан ташқари бошқа махлуқотлар ҳам уни эшитиб тушунадилар ва қиёмат куни муаззиннинг ҳақида ҳаммалари ушбу калималарни эшитганлари ҳақида гувоҳлик берадилар. Бу гувоҳлик шубҳасиз муаззин учун катта фазилатдир.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам; Қиёмат куни уч киши мушкдан бўлган тепаликда бўлади. Бири, Аллоҳ таолонинг ҳаққини ҳам мавлосининг ҳаққини ҳам адо қилган қул. Иккинчиси бир қавмга имом бўлиб, (унинг покиза хулқи сабабли) қавми ундан рози бўлган киши. Учинчиси кеча кундуз беш вақт намозга азон айтган киши,- дедилар. (Термизий ривояти)
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам; Ким етти йилгача савоб умидида азон айтса, жаҳаннам ўтидан озод деб ёзиб қўйилади,- дедилар. (Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа ривояти)
Азон, иқомат ва муаззиннинг фазилатлари жуда кўп ҳадисларда баён қилинган. Азон иймон ва исломнинг энг муҳим шиоридир. Азоннинг маъноси ва тартибига назар солсак, у жуда балоғатли тарзда исломга чақиради. Муаззин Аллоҳнинг йўлига чақирувчидир. Афсус бугун биз бу ҳақиқатни тамоман эсдан чиқарганмиз. Азон айтишни бир ҳақир, паст нарса деб тушунмоқдамиз. Шуни естан чиқармайликки азоннинг фазилати жуда кўп. Қачон азон эшитганимизда қиёмат соати келганини тасаввур қилиб, чин қалбдан ҳис этиб Аллоҳдан чин маънода қўрқсаккина ибодату дуоларимизни қобил қилади, Аллоҳ юртимизни тинч осмонимизни ҳамиша мусоффо қилсин.
Манбалар асосида
Имом Фахриддин ар-Розий ўрта
махсус ислом билим юрти мударриси
Неъматуллоҳ Қори Аминжон Эшон
ОМАДЛИ БЎЛИШНИ ХОҲЛАЙСИЗМИ ?
Аллоҳ таоло ўзининг бандасини бу дунёда кўплаб синовларга солади. Бу синов бандани мақомини улуғлайди ёки гуноҳларига каффорат бўлади.
Баьзи инсонлар синов келганда ўзларини йўқотиб нима қилишларини билмасдан фолбин ёки турли мунажжимларни башоратларига ишониб гуноҳкор бўлиб қолишмоқда. Бундай бўлишига албатта инсонлар ўз динларини билмасликлари сабабдир. Зеро пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаи киромларга бирон иш қилишдан олдин енг яхши йўлни танлаш сирини ўргатганлар. Бу сир мусулмонлар ичида Истихора намози деб номланган.
Истихора нима дегани?! «Истихора» сўзи луғатда «хайрни талаб қилиш» деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганида, хайрлисини танлаш учун истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир.
Саййидимиз Мустафо соллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга (Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин) Қурьони каримдан бир оят ўргатгандек ўргатганлари қуйидаги Ҳадиси шарифда келтирилган:
عَنْ جَابِرٍ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ يُعَلِّمُنَا الاِسْتِخَارَةَ فِي اْلأُمُورِ كُلِّهَا كَمَا يُعَلِّمُنَا السُّورَةَ مِنَ الْقُرْآنِ يَقُولُ: إِذَا هَمَّ أَحَدُكُمْ بِاْلأَمْرِ فَلْيَرْكَعْ رَكْعَتَيْنِ مِنْ غَيْرِ الْفَرِيضَةِ ثُمَّ لِيَقُلِ اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ وَأَسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ وَأَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ الْعَظِيمِ فَإِنَّكَ تَقْدِرُ وَلاَ أَقْدِرُ وَتَعْلَمُ وَلاَ أَعْلَمُ وَأَنْتَ عَلاَمُ الْغُيُوبِ اللَّهُمَّ إِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا اْلأَمْرَ خَيْرٌ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي أَوْ قَالَ عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ فَاقْدُرْهُ لِي وَيَسِّرْهُ لِي ثُمَّ بَارِكْ لِي فِيهِ وَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا اْلأَمْرَ شَرٌّ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي أَوْ قَالَ: فِي عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ فَاصْرِفْهُ عَنِّي وَاصْرِفْنِي عَنْهُ وَاقْدُرْ لِيَ الْخَيْرَ حَيْثُ كَانَ ثُمَّ أَرْضِنِي قَالَ: وَيُسَمِّي حَاجَتَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ مُسْلِماً.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани таълим бергандек, таълим берар эдилар. У зот:
«Қачон бирингиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракат намоз ўқисин. Сўнг: «Эй бор Худоё! Албатта, мен Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодирсан, мен қодир эмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайб илимларни яхши билувчи Зотсан.
Эй бор Худоё! Агар ушбу иш менга динимда, маошимда ва ишим оқибатида яхши эканини билсанг (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) уни менга тақдир қилгин, менга осон қилгин, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш мен учун динимда, маошимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) ёмон эканини билсанг, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил. Сўнгра мени унга рози қил, десин ва ҳожатини айтсин», дедилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Уламоларимиз Ҳадиснинг шарҳида шундай деганлар:
Истихора намозни ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса, қилади. Бу ҳақда туш кўриши ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга бўлмай туриб қолса, истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлиши мумкин. Истихора намозининг биринчи ракатида Фотиҳа сурасидан кейин Кофирун сурасини, иккинчи ракатда Ихлос сурасини ўқийди.
Кўриниб турибдики, истихора намози ҳам бошқа намозлар каби бандани Аллоҳ таолога боғловчи омилдир. Бир ишни қилмоқчи бўлганда Аллоҳ таолонинг ўзига ёлвориб, яхши йўл кўрсатишни сўрашдир. Бу маъно эса, мусулмон киши ҳаётида намознинг ўрни қанчалар муҳим эканини яна бир бор кўрсатади. Мусулмон киши ҳатто қиладиган дунёвий ишида ҳам дунёнинг холиқи ва бошқарувчиси Аллоҳ таолонинг ўзидан маслаҳат сўраш имконига эга. Қандайдир фолбин ёки ёлғончининг гапига эмас. Намоз ўқимайдиганлар эса, бу улуғ саодатдан бебаҳрадирлар, улар шайтоннинг маслаҳати билан иш қилишга мажбурдирлар.
Аллоҳ таоло ўзини тўғри йўлидан адаштирмасин ва ўзининг аҳилларидан қилсин.
Имом Фахриддин ар-Розий
ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Мустафо Юнусхўжаев