www.muslimuz

www.muslimuz

Хабарингиз бор шу йилнинг 3-5 март кунлари Самарқандда “Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро анжуман ўтказилади.

 

Бу йил буюк ватандошимиз, ҳадис ва фиқҳ илмининг равнақига улкан ҳисса қўшган йирик аллома Абу Мансур Мотуридий таваллудига 1150 йил тўлади.

 

Тарихий манбаларда Марказий Осиёда калом илмининг ривожланишида Абу Мансур Мотуридийнинг ўрни ниҳоятда катта бўлгани қайд этилади. Чунки, аллома яшаган даврда, яъни IX асрнинг охири ва X асрнинг биринчи ярмида ислом динида турли гуруҳ ва фирқалар сони кўпайиб кетган. Натижада имон-эътиқод масалаларида кўплаб ихтилофлар келиб чиққан. Ана шундай вазиятда Имом Мотуридий диннинг асл моҳиятини очиб бериш, соф исломий ақидани сақлаб қолиш борасида беқиёс ишларни амалга оширган. Ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанафанинг таълимотига суянган ҳолда ўзига хос калом мактабини яратган. Бу мактаб томонидан илгари сурилган ғоялар ислом динининг моҳиятини тўғрилик, эзгулик, инсонийлик деб биладиган мўмин-мусулмонларнинг қарашлари ва интилишлари билан ҳамоҳанг эди.

 

Мазкур нуфузли анжуманга тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш бўйича Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ҳам зарур чора-тадбирлар режаси тасдиқлан бўлиб, унга кўра, Самарқанд шаҳридаги Имом Абу Мансур Мотуридий мақбараси ва мазкур мажмуа атрофида таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган эди.

 

Ҳозирги вақтда “Вақф” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят филилали томонидан мажмуада таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. “Мақбаранинг ички томони тўлиқ таъмирланди. Ташқи томонида ҳам кўчиб тушган кошинлар қайта тикланмоқда. Бундан ташқари мажмуа ҳовлиси ва атрофида ҳам таъмирлаш, ободнлаштириш ишлари амалга оширилади. Яқин кунларда мажмуа кўркига яна кўрк қўшилиб, меҳмон ва зиёратчилар ташрифи учун барча шароитлар муҳйё этилади”, деди таъмир ишларида бевосита раҳбарлик қилаётган “Вақф” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят филилали раҳбарининг ўринбосари Азиз Султонов.  

 

 

 

 

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

Пайариқ туманидаги маданият уйида умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус билим юрти амалиётчи психологлари иштирокида “Оилада ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги ўрни, ёшлар орасида жиноятчилик ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

 

Унда Самарқанд шаҳар “Хўжа Нисбатдор” жоме масжиди имом-хатиби Б.Бохонов иштирок этиб, фарзандларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини шакллантириш, ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш, фарзанд истиқболи ва келажагида ота-оанинг ўрни, яхши инсон бўлиб вояга етса уларга икки дунёда раҳмат келитириши, аксинча жавобгарликда баробар эканликлари ҳақида муқаддас манбаларда келтирилган далиллар асосида сўз юритди.

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

Вилоят бош имом-хатибининг ўринбосари Х.Саттаров ва Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Н.Исламовлар бугун Самарқанд шаҳридаги “Дарғом” жоме масжидида жума намозини адо этдилар. Ташриф жараёнида масжидда мўмин-мусулмонлар учун яратилган шарт-шароитлар, имом-хатиблар ва масжид ходимларининг фаолияти билан танишув бўлди. Шунингдек, вилоят бош имом-хатибининг ўринбосари масжид жамоа аҳли билан ҳам учрашиб, ҳозирда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, муқаддас динимиз, мўмин-мусулмонлар ибодатларини тўла-тўкис адо этишлари учун яратилаётган имкониятлар – доимо шукроналик билан ҳаёт кечириш мўминнинг имони комил эканининг далолати экани ҳақида гапирди.

 

Жума намозини адо этиш учун келган намозхонлар Хайрулло домланинг “Кечиримлилик – мўминга хос” мавзусидаги маърузасидан баҳра олдилар.

 

Жума намози адо этилиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуога қўл очилди.

 

 

 

 

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

2020 йилда Ўзбекистонда 3та банкда исломий молиялаш жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Марказий банк раиси ўринбосари Ботир Зоҳидов маълум қилди.

Бугун, 4 февраль куни Олий Мажлис қонунчилик палатасида қонун лойиҳалари юзасидан навбатдаги ялпи мажлис бўлиб ўтди. «Микромолиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси мажлис кун тартибидаги биринчи масала бўлди.

 

Муҳокамалар давомида палата спикери ўринбосари Алишер Қодиров Ўзбекистонда исломий банклар очишга қандай омиллар халақит бераётгани борасида Марказий банк вакилига савол билан мурожаат қилди.

Қодиров ўз сўзида Ўзбекистон аҳолисининг катта қисмини мусулмонлар ташкил этиши, шу боис одамлар банкдан микроқарз олишни ёқламаслигига тўхталди.

 

«Микроқарзларни одамларга молиявий кўмак беришнинг оммавий воситаларидан бирига айланишига миллий қадриятлар сабаб бўлмоқда. Шунинг учун қонунчиликдаги айрим моддаларга ўзгартириш киритиб, исломий молиялаш тизимини киритиш керак эмасми?» деб таъкидлаган Алишер Қодиров бу тизим муваффақиятли ишлаётган бир қанча ривожланган давлатларни мисол келтирди.

 

Саволга Марказий банк раиси ўринбосари Ботир Зоҳидов жавоб берди. Унинг айтишича, ўтган 2019 йилда банклар фаолиятини ривожлантириш бўйича бир қатор қонунлар қабул қилинган. Шу боисдан амалдаги қонунчиликда ислом банкларини очиш учун тўғридан-тўғри чекловлар мавжуд эмас.

 

«Бугунги кунда 10га яқин банкларимизда микро, кичик линиялари орқали молиялаштириляпти. Чаканага ўтадиган бўлсак, ҳозир 3та банк исломий молиялашни жорий қилишга ўтяпти. Бу борада ишлар давом этяпти. Бу жараёнда йўлга қўйиладиган турли технологик ишлар бор. Ўйлайманки, шу йилни ўзида айнан кредитлаш йўналишида шу йўналишида бу масалани ҳал қиламиз»,– деди Ботир Зоҳидов.

 

Маълумот учун, исломий молия тармоғи бугунги кунда жаҳонда жадал ривожланиб бораётган ва инновацион молиялаштириш механизмларини ўзида жамлаган соҳалардан бири ҳисобланади.

 

Молиялашнинг бу тизими фойда ва зарарни бўлишиш ҳамда реал активларга асосланган молиялаштиришни ўзида намоён қилиши билан анъанавий банклардан фарқ қилади.

 

Исломий банклар мижоз талаби билан объектни қуриб бериши, асбоб-ускуналар, товар, хомашёлар олиб бериши ёки уларни ижарага бериши мумкин. Молиялаштириш асосида савдо амалиёти ётади. Замонавий банк тизимида эса банкларнинг савдо амалиётларини амалга ошириш қонунчилик нуқтайи назаридан мушкул бўлиб, бунга солиқ ҳамда банк фаолиятига тааллуқли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўсқинлик қилади.

 

Маълумотларга кўра, кейинги йилларда исломий молия муассасалари ялпи активлари миқдори 2,5 триллион долларни ташкил этиб, йилига 15-20 фоизга ўсиб бормоқда.

 

Манба: hidoyat.uz

Бир киши тоғ этагида набираси билан деҳқончилик қиларди. У ҳар куни уйқудан эрта туриб, дастурхон атрофида Қуръон ўқирди. Набираси ҳам бобосига ўхшашга доим ҳаракат қилиб, барча ишда унга тақлид қиларди.

Бир куни у: “Бобожон, мен доим сизга ўхшашга ҳаракат қиламан. Сиз каби Қуръон ўқишга уринаман. Аммо Қуръон ўқиётганимда ҳеч нарсани тушунмайман. Мабодо, бирор нарсани тушунсам ҳам Мусҳафни ёпишим биланоқ ҳаммаси эсимдан чиқади. Шундай экан, Қуръон ўқишдан нима фойда?” деди. Печга кўмир солаётган бобоси қўлидаги ишини ташлаб, аста набирасига ўгирилди ва: “Мана бу кўмир соладиган саватни олгинда анҳорга бориб, тўлдириб сув олиб кел” деб буюрди. Бола бобоси айтганидек қилиб, саватни сувга тўлдирди. Лекин қайтгунича саватдаги сувдан бир томчи ҳам қолмай ҳаммаси оқиб кетди. Буни кўрган бобоси кулиб: “Кейинги сафар сувни олиб келаётганингда тезроқ ҳаракат қил” деди. Болакай бу сафар саватга сув олгач, бобосининг олдига югуриб келди. Аммо саватдаги сув барибир оқиб кетди. Унинг жаҳли чиқиб, бобосига: “Саватда сув олиб келиш мутлақо имконсиз иш. Мен ҳозир сизга челакда сув олиб келаман” деди. Бобоси: “Йўқ, мен сендан челакда сув сўрамадим. Балки, саватда сув келтиришингни буюрдим. Менимча сен етарлича ҳаракат қилмаяпсан” дея эътироз билдирди.

Кейин ўзи ташқарига чиқиб, саватда сув келтириш қандай бўлишини набирасига кўрсатмоқчи бўлди. Набира бўлса бу ишни қилишнинг сира имкони йўқлигига ич-ичидан ишонарди. У югуриб бориб, сувни саватга тўлдирдида, кейин бобосининг олдига олиб келиб берди. Бу гал ҳам сувнинг оқиб кетганини бобосига писанда қилиб, ҳансираганча шундай деди: “Кўрдингизми, барибир фойдаси йўқ. Саватда сув олиб келишнинг мутлақо имкони йўқ, дедим-ку!”

Бобоси: “Сен бу ишнинг ҳеч бир фойдаси йўқ деб ўйлайсанми? Кел, мана бу саватнинг ичига қара”, деди. Болакай саватга тикилиб қаради. Назарида сават алмаштириб қўйилгандек. Чунки, кўмирнинг таъсирида қоракуяга беланиб кетган саватнинг ичи ҳам, ташқариси ҳам топ-тоза бўлиб, худди янги саватга ўхшаб қолган эди. Болакай қўлида ушлаб тургани аввалги сават эмас, балки, бобоси янги саватга алмаштириб қўйгандек туюлди унга. Унинг ҳайрон бўлиб турганини кўрган бобо шундай деди: “Бу ҳолат сен Қуръон ўқиётганингда ҳам содир бўлади. Сен уни ўқиб ҳеч нарса тушунмаслигинг ёки тушунганинг ҳам дарров эсингдан чиқиб кетиши мумкин. Аммо уни ўқиётганингда аста-секин ичинг ҳам, устинг ҳам яхшиланиб, покланиб, афзаллашиб бораверади”.

Эй Аллоҳ, Қуръонни қалбларимиз баҳори, кўнгилларимиз нури, ғам-андуҳларимизни кетказадиган омил қилгин. Нафсларимизни Қуръон тиловати билан ювиб, поклайлик. Шоядки, шунда Аллоҳ таоло бизларга раҳмат назари билан қараб, ҳамма мушкулларимиздан қутқарса, барчамизга енгиллик берса!

 

 

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

 

Top