www.muslimuz
“Kun.uz” таҳририятининг Умра сафари бўйича мурожаатига жавоблар
1-савол: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 мартдаги 154-Ф-сонли фармойишида Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этишда бозор механизмларини жорий этиш. Кўрсатиладиган хизматлар нархини арзонлаштириш кераклиги алоҳида қайд этилган. Ҳужжатнинг 2-иловаси, 1-бандида умра тадбирининг туристик фирмалар томонидан ташкил этилишини йўлга қўйиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш вазифа этиб белгиланган. Бироқ ўтган вақт давомида нима сабабдан хусусий секторнинг ушбу фаолият билан шуғулланиши, яъни виза олиши ва Тошкент-Жидда йўналишидаги авиақатновлардан фойдаланишига йўл бермаяпти? Бу борада монополия бекор қилинмаётгани нима билан изоҳланади?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 мартдаги 154-Ф-сонли Фармойишида белгиланган топшириқлар ижроси бажарилган. Хусусан:
2019 йил Ҳаж ва Умра мавсумларида кўрсатиладиган хизматлар нархлари сезиларли даражада арзонлаштирилди ва бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий сайтида эълон қилинди.
Умра тадбирини туристик фирмалар томонидан ташкил этилишини йўлга қўйиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда Саудия Арабистонида фаолият олиб бораётган фирмаларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов бошчилигида ишчи гуруҳи тузилди ҳамда 2019 йилнинг 8-15 март кунлари мазкур гуруҳнинг Саудия Арабистонига хизмат сафари амалга оширилди.
Ишчи гуруҳи томонидан Саудия Арабистонида фаолият юритувчи ширкатлар имкониятлари ўрганилди ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълумот киритилди.
Ишчи гуруҳи хулосасига кўра, Ҳаж ва Умра тадбирлари соф диний амаллар бўлганлиги сабабли, ушбу зиёратларни мазкур йўналишга республикада масъул бўлган Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ, деб топилди.
Тошкент-Жидда йўналишидаги авиақатновларга чипта сотиш масаласи “Uzbekistan Airways” АЖ фаолиятига киришини эътиборга олиб, масала юзасидан мазкур ташкилотга мурожаат қилиш тавсия этилади.
2-савол: Вазирлар Маҳкамасининг 154-Ф-сонли фармойишида 2020 йилдан бошлаб 2000 дан ортиқ зиёратчиларга умра сафарини ташкил этган туризм фаолияти субъектларига Ҳаж тадбирларини ташкил этиш ҳуқуқини бериш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган эди. Бу вазифанинг ижроси таъминландими? Ташқи туризм соҳасидаги хусусий сектор вакилларига Умра ва Ҳаж зиёратини ташкиллаштириш ҳуқуқи бериладими?
Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 мартдаги
154-Ф-сонли фармойишига асосан тузилган ишчи гуруҳи хулосасига асосан Умра ва Ҳаж тадбирларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ деб топилган. Унда туристик фирмаларга Умра ва Ҳаж каби ибодат тадбирларини ташкил этиш ҳуқуқини бериш масаласи киритилмаган.
3-савол: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 мартдаги
154-Ф-сонли фармойишида Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш механизмларини ва бозорларини ўрганиш вазифа этиб белгиланган. Қайси бозорлар ўрганилди? Ўрганиш хулосалари бўйича нима ишлар қилинди?
Жавоб: Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этишда Марказий Осиё давлатлари, Россия, Туркия ва Малайзия тажрибалари ўрганилди.
Россия Федерациясида мусулмонлар идоралари (яъни, муфтиятлар сони ҳудудларга кўра бир нечта бўлиб, Ҳаж ва Умра тадбирлари ҳар бир муфтият томонидан ташкил этилиши белгиланган. Бу тартибга кўра, Муфтият қошида ягона ташкилот Ҳаж ва Умра ибодатларини ташкил этади.
Туркия Республикасида Президент ҳузуридаги Дин ишлари бошқармаси (Диёнат) Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича ягона масъул давлат ташкилоти.
Малайзия давлатида “Табунг Хажи” давлат корпорацияси Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича ягона масъул давлат ташкилотидир.
Ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистонда ташкил этилаётган умра тадбири ибодат, хавфсизлик, тиббий, маънавий ва иқтисодий жиҳатлардан афзал эканлиги ҳамда Ҳаж ва Умра тадбирларини узоқ йиллик тажрибага таянган ҳолда юртимиз мусулмон аҳолиси учун ягона ижрочи орган Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2017 йил 7 июндаги 364-сонли Қарорига асосан мақсадга мувофиқ деб топилди.
Мустақилликнинг илк даврлариданоқ хаж ва умра табирларига давлат миқёсида катта эътибор бериб келинган. Ушбу эътиборни натижаси ўлароқ, ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус Фармони асосида юртимиз фуқароларининг хаж ва умра зиёратларини мутасадди ташкилотларга (Ўзбекистон мусулмонлар идораси) манфаатдор давлат вазирликлари ва идоралари билан ҳамкорликда ташкиллаштириш вазифаси юклатилган. 2006 йилдан эътиборан, ушбу тадбирлар Ўзбекистон Республикасининг 28.08.2006 йилдаги УП-3793 сонли “Ҳар йилги “Хаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил қилиў ва ўтказиш бўйича Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш” Қарори ижроси доирасида ўтказиб келинмоқда.
Ўтган давр мобайнида, ушбу механизм ўзини тўлақонли оқлади. Хусусан, шу вақтга қадар, Хаж ва Умра амалларини бажариш учун сафар қилган ҳар бир фуқаромиз учун ижтимоий адолат мезонларидан келиб чиқиб бир хил даражадаги хизматлар тури тақдим қилинган. Ундан ташқари, тегишли вазирликлар ва давлат идоралари томонидан зиёратчиларни сафари билан боғлиқ ишларда яқиндан кўмак бериб келиняпти.
4-савол: Юқоридаги фармойишда Саудия Арабистони Подшоҳлигида Ҳаж зиёратини ташкил этувчи маҳаллий туризм компанияларининг хизмат кўрсатиш бўйича энг мақбул таклифларини танлаш, бунда хизматларнинг сифати ва таклиф этилаётган қўшимча шарт-шароитларга алоҳида эътибор қаратиш вазифа этиб белгиланган. Айни пайтда Дин ишлари бўйича қўмитанинг Ҳаж ва Умра зиёратини ташкил этиш бўйича Саудиядаги расмий ҳамкори – “Al-Hidaya Hajj, Umrah & Tourism Co” ширкати қайси шартлар асосида танланган? Унинг таклифлари бошқаларникидан яхшироқ бўлганми? Расман тендер ўтказилганми? Тендер ўтказилган бўлса, очиқ ўтганми, бу ҳақда расман эълон қилинганми? Унда кимлар қатнашган ва қандай таклифлар берилган? Ўзбекистонда 12 йилдан бери Ҳаж ва Умра зиёрати ушбу ширкат орқали амалга оширилиши қонунийми?
Жавоб: Дин ишлари бўйича қўмитанинг таклифига биноан, Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консулхонасидан юртимиз зиёратчиларига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган, Саудия Арабистонида Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш фаолияти билан шуғулланувчи 10 (ўн) та ширкатдан муқобил таклифлар олинган ва кўриб чиқиш учун тақдим этилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳи Саудия Арабистонига қилган ташрифи давомида мазкур фирмалар фаолияти билан яқиндан танишиб, уларнинг Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этишдаги имкониятларини ўрганиб чиқди.
Ўрганиш даврида ширкатлар Ҳаж ва Умра мавсумларида ўзбекистонликларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқини олиш учун турли йўллардан фойдаланиши маълум бўлди. Ширкатларнинг баъзилари зиёратларни ташкил этишда барча имкониятларга эга эканлигини билдирган бўлсада, жойида бориб ўрганилганда афсуски, ҳеч қандай кучга эга эмасликлари, 5-6 та ширкат томонидан “бизга тегишли” деб Макка шаҳридаги 1 та меҳмонхона кўрсатгани, баъзилари фақат транспорт хизмати кўрсата олиши маълум бўлди. Ваҳоланки, ширкатлар ҳужжат топширганда барча хизматларни амалга оширишини маълум қилган. Шунингдек, Ҳаж мавсумида авиарейсларни маҳаллий ширкатлар томонидан Мадина аэропортига қўндириш имкониятлари масаласи ҳам ўрганилган бўлиб фақат “ал-Ҳидоя” халқаро ширкатида ушбу имконият мавжудлиги аниқланган.
Ишчи гуруҳининг юқоридаги масалаларни ўрганиши натижасида узоқ йиллар давомида ўзбекистонлик ҳожиларга намунали хизмат қилиб келаётган “ал-Ҳидоя” халқаро ширкати муносиб деб топилди. Мазкур ширкат фаолияти ўрганилган барча фирмалардан Ўзбек халқи урф-одати, табиати, маданияти ва сервис хизмати мослиги жиҳатидан ҳар томондан устун эканлигига ишонч ҳосил қилинди.
5-савол: Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил қилиш орқали Дин ишлари бўйича қўмита даромад кўраяптими? Агар даромад олаётган бўлса, давлат орган бўлган муассасанинг тижорий фаолияти билан шуғулланиши ва даромад олиши қонунчиликка зид эмасми?
Жавоб: Дин ишлари бўйича қўмита Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш орқали ҳеч қандай даромад кўрмайди. Республикада диний соҳага масъул давлат ташкилоти сифатида Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этишни мувофиқлаштириб боради. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги 946-сон қарорига мувофиқ виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Дин ишлари бўйича қўмита соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади. Қўмитани молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
6-савол: Қонунда тақиқланмаган бўла туриб, амалда турфирмаларнинг ушбу фаолият билан шуғулланишига имкон бермаслигига асосий сабаб нимада?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2017 йил 7 июндаги 364-сонли Қарорига илова қилинган “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида НИЗОМнинг 2-бандида ““Ҳаж” тадбири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида амалга оширилади.
“Умра” тадбири Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилоти ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга оширилади” деб белгиланган.
Дин ишлари бўйича қўмита амалдаги қонун ва қоидаларга биноан фаолият олиб боради. Туристик фирмаларнинг мазкур тадбирларни амалга оширишини белгилаш қўмита фаолиятига кирмайди.
7-савол: Қўшни давлатлар – Қозоғистон ва Қирғизистон умра учун белгиланган нархларнинг Ўзбекистондагидан икки баробар арзонлиги, Қозоғистонда ҳатто 550 долларга ҳам умра учун турпакет топиш мумкинлигининг сабаблари ўрганилдими? Ўзбекистондаям нархлар қўшни республикалардаги каби арзон бўлиши мумкинми?
Жавоб: Қўшни давлатлар зиёратчилари ўзбекистонликлар каби Мадина ва Макка шаҳарларида 4-5 юлдузли меҳмонхоналар,
24 соатлик тиббий хизмат, 3 маҳал иссиқ овқат, 24 соат иссиқ чой ҳамда доимий ҳамроҳлик қилувчи гуруҳ раҳбарлари ва ишчи гуруҳи хизматларидан фойдаланмайдилар. Қўшни давлатлар каби содда шароит яратиб, Ўзбекистонда ҳам ушбу нархга умра сафарини ташкил қилса бўлади. Аммо, биз авваламбор фуқароларимизнинг манфаатларини ўйлаб иш ташкил қиламиз ҳамда Ҳаж ва Умра тадбирларини юксак савияда, намунали ва тартибли ҳолда ўтказиш чораларини кўрамиз.
8-савол: Фуқароларга бу борада танлаш имконияти тақдим этиладими?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига асосан ташкил этилган “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши таркибига киритилган вазирлик ва идоралар раҳбарлари Ўзбекистонда мазкур тадбирларни ҳамма учун бир хил тарзда, аммо юқори даражада ташкил қилиш учун ҳаракат қиладилар. Ҳозирги кунда фуқароларимиз бу борада яратилган шароитлар ва имкониятлардан мамнун эканлигини билдирмоқдалар.
9-савол: Расмий маълумотларда Ўзбекистон ҳаж ва умра зиёратини адо этиш бўйича юқори бешликка кириши айтиб келинади, бу нима дегани? Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж вазирлиги Ўзбекистонга ана шундай мақом тақдим этганми ёки ЎМИ ёки ДИҚни махсус тақдирлаганми? Ўзбекистоннинг юқори бешликда бўлиши фуқаролар, яъни зиёратчилар учун қандай имтиёз ва енгилликлар беради?
Жавоб: Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этишда энг юқори бешликка кириши Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазири Солиҳ Бентен томонидан ҳар йили расмий учрашувларда эътироф этилади.
Мисол тариқасида ушбу маълумотни келтириш мумкин.
2020 йил йил 19-22 январь кунлари Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Ахмедов бошчилигидаги Ўзбекистон Ҳаж делегацияси Саудия Арабистони бўлиб қайтди.
Делегация Подшоҳлик Ҳаж ва умра вазири Солиҳ Бентен томонидан алоҳида эътибор ва юқори даражада қабул қилинди. Вазир жаноблари Ўзбекистонда ҳаж тадбири давлат эътибори ва ҳукумат даражасида юксак савияда ташкил қилиниши, ҳаж ишчи гуруҳи фаолияти ва ҳожиларнинг хатти-ҳаракатлари бошқа давлатлар учун намуна эканини мамнуният билан қайд этди. Ўзбекистон ҳукуматининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Бундай эътироф, Ўзбекистон Республикаси Раҳбариятининг дин соҳасида олиб бораётган оқилона сиёсатига берилган юксак баҳо ҳамда Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этувчи давлатлар орасида Ўзбекистоннинг алоҳида ўринга эга эканлигига далилдир.
Бу даража зиёратчиларимизни Саудия Арабистонида кутиб олишдан бошлаб, мамлакатимизга қайтгунларига қадар ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиши билан изоҳланади.
10-савол: Ҳукуматнинг ҳаж ва умрани ташкиллаштиришни соддалаштириш ва соҳага бозор механизмларини жорий қилиш ҳақидаги фармойишидан кейин хусусий турфирмаларга қандай имконият берилди?
Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 мартдаги 154-Ф-сонли Фармойиши билан тасдиқланган ишчи гуруҳининг Саудия Арабистонига ташрифидан келиб чиққан хулосасига кўра, Ҳаж ва Умра тадбирлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил қилинишига қарор қилинган.
Туристик фирмаларнинг мазкур тадбирларни ташкил этиши масаласида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас.
11-савол: Ўзбекистондаги хусусий турфирмалар умра зиёратини ташкиллаштириш учун қонуний виза олишолмаётгани, консулликка боришса, бунинг учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсати талаб қилинаётгани, ушбу ташкилотларга қилинган мурожаатлар эса асослари кўрсатилмасдан туриб рад этилаётганини айтишмоқда. Мурожаат қаноатлантирилиши учун турфирмалар қандай талабларга жавоб бериши керак? Аниқ талаблар мавжудми? Шу пайтгача нечта хусусий турфирманинг Ҳаж ва Умра зиёрати учун виза олишига рухсат берилган?
Жавоб: Дин ишлари бўйича қўмитага расмий юборилган ҳар қандай аризага Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига биноан асосланган жавоб қайтарилади.
Турфирмаларнинг Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил қилиш масаласи 6-саволда кўрсатиб ўтилди.
Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил қилиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат бериш Дин ишлари бўйича қўмита ваколатига кирмайди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 364-сонли Қарорида турфирмаларнинг ушбу соҳада фаолият юритишлари белгиланмаган.
12-савол: Айтишларича, Саудия Арабистони Подшоҳлигида Ҳаж ва Умра учун жорий этилган ва бутун дунёдаги мусулмонлар бемалол фойдаланадиган онлайн виза тизимидан ўзбекистонликлар ва сайёҳлик фирмалари вакиллари фойдалана олишмайди. Бунга қандай изоҳ бериш мумкин?
Жавоб: Ҳозирги кунда Сиз айтаётган Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ва Умра учун жорий этган онлайн виза тизимидан Ўзбекистондан умра сафарига бораётган зиёратчилар тўлиқ фойдаланмоқда.
Турфирмаларнинг ушбу онлайн тизимдан қандай фойдаланишлари мумкинлигига аниқлик киритиш учун Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлигига мурожаат қилишларини тавсия қиламиз.
13-савол: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сон Қарорига кўра Ўзбекистонда ҳам онлайн тизим йўлга қўйилиши ва навбат доимий равишда янгиланиб борилиши кўрсатилган эди. Ушбу вазифа ижроси бўйича қандай ишлар бажарилган?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2017 йил 7 июндаги 364-сонли Қарорига асосан Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайтида Умра сафарига борадиган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбат тизими лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур лойиҳа “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши йиғилишида кўриб чиқилди ҳамда Кенгаш қарорига асосан ҳозирги кунда синов тариқасида ишга туширилди. Синов натижаларига кўра 2020 йил
3-чорагида ягона онлайн навбат тизимининг тўлиқ фаолияти йўлга қўйилади.
14-савол: Нима учун Тошкент-Жидда йўналишида қатновчи самолётлар хизматидан хусусий турфирмалар орқали кетаётган зиёратчилар фойдалана олишмайди? Нега бу йўналишдаги чипталар очиқ савдода йўқ? Ўзбекистон ҳаво йўллари МАКнинг маълум қилишича, ушбу йўналишдаги авиачипталар тўлалигича ЎМИ томонидан сотиб олинган экан, шу ростми?
Жавоб: Тошкент-Жидда йўналишида авиачипталарни сотиш масаласи “Uzbekistan Airways” АЖ ваколатига киришини эътиборга олиб, мазкур ташкилотга мурожаат қилишингиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси умра сафарига бориш истагида бўлган фуқароларимизнинг талабларидан келиб чиқиб олдиндан жой банд қилади ва керакли миқдордаги авиачипталарни сотиб олади.
16-савол: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 мартдаги 154-Ф-сонли фармойишининг 2-иловасида хорижий авиакомпанияларни жалб этган ҳолда Ҳаж ва Умра зиёратларини амалга ошириш учун қўшимча авиақатновлар сонини кўпайтириш вазифаси белгиланган ва бунга Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Транспорт вазирлиги масъул этиб тайинланган. Фармойишнинг мазкур банди бўйича қандай ишлар амалга оширилди?
Жавоб: 2019 йилда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда “Uzbekistan Airways” АЖ билан ҳамкорликда Ҳаж мавсумида кунига 3 тадан авиақатнов амалга оширилди. 2019 йил 14 ноябрь кунидан эътиборан кунига 1 тадан, ҳафтасига 7 та, 10 декабрдан бошлаб кунига 2 тадан, ҳафтасига 14 та рейс амалга оширилмоқда.
Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси бошқармаси талабига кўра, Умра мавсумида икки мамлакат ўртасида фақат ушбу давлатларнинг авиакомпаниялари парвозларни амалга ошириши белгиланган. Ҳаж мавсумида эса икки давлат самолётлари тенг шериклик асосида 50/50 парвозларни амалга ошириши белгиланган.
“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши қарорига асосан 2020 йилнинг 10 март кунидан эътиборан кунига 3 тадан рейс амалга оширилиши режалаштирилган.
Яна бир янгилик, зиёратчиларимизга янада қулай шароит яратиш мақсадида жорий йилнинг 2 февраль кунидан эътиборан Тошкент-Мадина йўналишида авиақатнов йўлга қўйилди.
17-савол: Ҳаж ва Умра зиёрати учун бериладиган визалар нархининг таркибига тиббий суғурта тўловининг қиймати ҳам киритилган. 2020 йил 1 январдан бошлаб суғурта сабабли визалар нархи ошган. Бу эндиликда Ҳаж ва Умра зиёратига борган ўзбекистонликлар тоби бўлмай қолганда бепул тиббий ёрдам олиши ва бунинг учун харажат қилмаслигини англатадими? Ёки тиббий суғурта мавжуд ҳолатдаям тиббий ёрдам ўзимизнинг мутахассислар томонидан кўрсатиладими.
Жавоб: Ҳақиқатдан, 2019 йилнинг 31 декабрь куни Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигининг мижозларга кўрсатиладиган давлат интерактив хизмати - “Умра йўли” портали орқали 2020 йилнинг 1 январь кунидан бошлаб барча “B2B” ва “B2C” турдаги виза олаётган умра зиёратчилари учун мажбурий тиббий суғурта жорий этилди.
Тиббий суғурта Саудия Арабистонини комплекс ривожлантириш давлат дастури (“2030-кўриниш”) ижроси доирасида зиёратчилар учун кенг қамровли тез ва шошилинч тиббий хизмат тақдим этиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ўзбекистонлик зиёратчиларга Саудияда кўрсатиладиган ҳар қандай тиббий хизматлари САП давлат шифохоналарида бепул амалга оширилади.
Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати
Оила мустаҳкамлигида эрнинг ўрни ва вазифалари
Оила инсоннинг дунёдаги саодатини таъминловчи қўрғондир. Динимизда эр-хотин ўртасида ўзига хос қонун-қоидалари жорий қилинган. Агар мазкур қоидаларга эр-хотин амал қилиб олдидаги бурч ва мажбуриятларини тўла-тўкис адо этишса, бундай оила бахтли бўлади. Оила ҳалол-пок, тинч бўлса, жамият мустаҳкам ва турмуш фаровон бўлади.
Оилада эркак кишининг маъсулияти алоҳида қайд этилган. Аёлига нисбатан Аллоҳ таоло эркакнинг жисмоний ва руҳий жиҳатлари билан оилада раҳбар бўлишга мос қилиб яратган. Аллоҳ таоло эркак кишига оиладек муқаддас даргоҳга раҳбар бўлиш вазифасини юклаб Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларни айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).
“Эрнинг аёли олдидаги вазифаси еганида уни ҳам едириши, кийинганида кийинтирмоғи, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда фақат ўрнини бошқа қилиб ётмоқлик”, дейилган ҳадиси шарифда.
Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймасликдир. Дархақиқат, эркакнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар, баъзи эркаклар ўз жуфти ҳалолларига аёллар шаънига мос келмайдиган йўллар билан пул топиб келиш учун кўча-куйга чиқариб, ҳатто мадикорликга боришликка мажбур қилаётганлиги сезилиб қолмоқди. Бу эса эр ўз вазифасини адо этолмаганидан бўлиб, оқибатда оилани бузилишига сабаб бўлмоқда
Бир куни Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳузурларига бир аёл эрини етаклаб келиб эрини кўрсатиб: “Эй амирул-мўминийн! Бу киши менинг эрим бўлади, турмуш қурганимизга уч ой бўлди, ман ҳарчанг тотув яшашга кўп ҳаракат қилдим, лекин эримни рағбати бўлмади, вазифаларини бажармаяпти, мен бу эр билан ажрашаман” - деди.
Ҳазрати Умар эридан сўрадилар: “Сен нима дейсан?” Эр: “Мени ҳеч қандай шикоятим йўқ, лекин ажрашмайман”, - деди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу эрнинг кийим–боши, рангу рўйига қараб сабабини тушиндилар ва аёлга: “Сен ҳозир уйингга кетгин ва бир оздан кейин келгин, унгача биз эринг билан суҳбатлашиб оламиз”, - дедилар.
Аёл кетгандан кейин Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу одамни ҳаммомга олиб бориб ювинтириш, тоза кийимларни кийгизишни буюрдилар. Эрни ювинтиришиб, тоза кўйлакларни кийинтириб қўйишди. Бу орада аёл кириб келди, эрининг покизалигини ва тоза либосларни устида кўриб ажрашиш аҳдини ҳам унитиб, эрини олиб уйга кетди. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу одамларга: “Аёлингиз сизларни чиройли кутиб олишни севганингиз каби аёлларингиз ҳам сизларни тоза ва покиза юришингизни ҳоҳлайди”, - дедилар.
Дарҳақиқат, Ислом дини аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни энг яхши инсонлар қаторига қўшади. Бу ҳақда Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
“Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман” (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло юртимизни обод қилиб, оилаларимизни мустаҳкам ва азиз фарзандларимизни ота-онасига раҳмат келтирадиган, элу юртга манфаатли инсонлар бўлишларини насиб айласин!
Беҳзод ЮНУСОВ,
Қўштепа тумани “Ҳазрати Мавлоно Лутфулло” масжиди имом-хатиби
Ҳалол луқма – тарбиянинг асоси
Жунайд Боғдодий айтадилар: Ҳорис Муҳасибий фақирликдан қийинчиликда яшар эдилар. Кунларнинг бирида уйимнинг олдида ўтирган эдим. У зот ўтиб қолдилар. Юзларидан очликдан толиққанликлари билиниб турарди.
– Амаки, агар уйимизга кирсангиз, таомланардик, – дедим.
– Шундай қиласанми? – дедилар.
– Ҳа, хурсанд қилган бўлардингиз, – дедим.
Ул зотни амакимнинг уйига олиб киришни ният қилдим, чунки амакимнинг уйи кенг, бунинг устига уларнинг уйида бор таом бизникда йўқ эди. Турли хил таомларни у зотнинг олдига қўйдим. Шайх ҳазратлари қўлларини таомга узатиб, оғзиларига олиб бориб, чайнадилар, лекин юта олмадилар. Шунда ўрниларидан турдилар-да, менга ҳеч нарса демасдан чиқиб кетдилар. Эртасига устозни кўриб қолиб:
– Эй амаки, кеча уйимизга кириб хурсанд қилган эдингиз, сўнг ноқулай аҳволга солиб, индамай чиқиб кетдингиз?!
– Эй болажоним, ҳақиқатдан ҳам кеча қорним ўта оч эди. Қўйган таомларингни иштаҳа билан тановвул қиламан, дегандим. Лекин мен билан Аллоҳнинг ўртамизда бир аломат бор: вақтики, Аллоҳ рози бўлмайдиган, шубҳали таом келса, димоғимга билинади ва қабул қилмайди. Шу ҳолат бўлганди ташқарига чиқиб, оғзимдагини ташлаб кетавердим, – дедилар.
Бу воқеага Қошайрий зиёда қиладилар:
Жунайд, бугун уйимизга киринг, – дедилар. Устоз кирганларида қаттиқ, синиқ нонни олдиларига қўйдим. Ундан едилар ва агар фақир кишини таомлантирмоқчи бўлсанг, мана шу ҳолатдаги каби таомлантир, – дедилар.
Жаъфар айтдилар: Ҳорис Муҳасибийнинг вафотларига гувоҳ бўлдим. У зот айтадиларки, агар мен яхши кўрган нарсамни кўрсам, табассум қиламан ва агар яхши кўрганимдан бошқа нарсани кўрсам, юзимдан билиб оласизлар.
Муҳасибий табассум қилдилар-да, жон топширдилар (Аллоҳ раҳматига олсин, мақомларини улуғ қилсин).
Хулоса: Ҳалоллик – шариатимизда энг асосий масалалардан бири ҳисобланади. Зеро, ҳар бир мусулмон бажарган солиҳ амалларининг қабул бўлиши, фарзандларининг салоҳияти, оиласининг фаровонлиги айнан луқмасининг ҳалол, касби-корининг шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлишига боғлиқдир. Аксинча, бировнинг молини ботил йўл билан ейишга – рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, ўғрилик, товламачилик, қарзга олган нарсаларни қайтариб бермаслик ва бошқа шу кабилар ишлар эса икки дунёсини барбод қилади. Аллоҳ бундай оқибатдан барчамизга паноҳ берсин!
Камолиддин АКБАРОВ,
Қўштепа тумани “Қорашбува” масжиди имом-хатиби
Мана шу ишлар сизни Аллоҳга яқинлаштиради
Аллоҳ таолога намоз, қурбонлик, ҳаж, закот, солиҳ амаллар, яхшиликка чақириш, ёмонликдан қайтариш билан яқинлашадиган киши баъзан ушбу амалллари билан фахрланиши (ужбга, риёга кетиб қолиши) мумкин.
Аммо Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг эшигига хорлик, муҳтожлик етаклаб келадиган киши шундай бўладики, у Аллоҳ таолонинг эшиги остонасида синиқ, камтар, хорлик ҳолида туриб, атрофидаги одамлар кўриши мумкин бўлган тили билан эмас, балки қалби билан: “Эй Роббим, мен Сенинг гуноҳкор, хатокор, елкасида гуноҳ-маъсиятлардан иборат юклари бор бандангман. Мен Сенинг фақир, муҳтож, мискин бандангман. Эшигинг олдида турибман. Менда куч ҳам, қувват ҳам йўқ. Сенинг караминг ва лутфинг эшиги олдига ҳеч вақосиз келдим. Умидворлик ила муҳтож, сўровчи кафтларимни Сенга очаман. Эй Роббим, менга неъматларингни ато этгин! Менга раҳм қилгин! Эй Роббим, қалбим жароҳатларига Ўзинг малҳам бергин!” деб дуо қилади.
Мана шундай қилишингиз, ҳатто тоат-ибодатларингиз оз бўлса ҳам, сизни Аллоҳ таолога яқинлаштиради. Барча фарз ибодатларни бажарасиз, бунда шак-шубҳа йўқ. Аллоҳ азза ва жаллага синиқлик билан дуо қилишингиз сизни Унга яқинлаштиради.
Аллоҳнинг эшиги остонасида шу шаклда синиқлик, хокисорлик, муҳтожлик билан, ўзларидаги гуноҳ-маъсиятларни эътироф қилган ҳолда илтижо қиладиганлар қанчани ташкил этади? Ундайлар жуда оз.
Аллоҳ таоло бизни ҳам Ўзига яқинлаштирувчи амалларни кўплаб бажаришимизни насиб этсин!
Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг мавъизалари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Ҳадис илми мактабида ўқув жараёнлари электрон бошқарилади
Бугунги кунда ҳар томонлама ривожланаётган жамият тараққиётини ахборот технологияларисиз тасаввур этиш қийин. Ахборот технологиялари кун сайин жадал суръатларда ривожланиб бораётганлиги сабабли ҳам улардан ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида фойдаланиш давримизнинг бугунги кун масаласи бўлиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 24 январь кунидаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт эканлиги, бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беришини алоҳида таъкидлади.
Узлуксиз таълим тизимининг барча бўғинларида таълимнинг замонавий педагогик методлари ва ахборот технологиялари воситаларидан тобора кенгроқ фойдаланилиб, таълимий жараёнларнинг таркибий қисмига айланди ва бу омил эндиликда таълим сифати ва самарадорлигини оширишнинг энг муҳим шартларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида жорий йилда давлатимизнинг бир неча соҳалари қатори таълим тизимини ҳам тўлиқ рақамлаштириш лозимлиги белгилаб берилди.
Ҳадис илми мактабида ҳам ўқув жараёнларини электрон ахборот технологиялари орқали ташкил этиш, бошқариш ва мониторингини юритиш, ўқитувчи ва талабаларнинг маълумотлар базасини шакллантириб бориш, аудитория ва дарсдан ташқари машғулотлар ҳамда фанлардан назорат синови жадваллари тўғрисида маълумотлар олиш, талабаларнинг ўзлаштириш ва давомат кўрсаткичларини аниқлаш, шунингдек, интерактив хизматларни тақдим этиш мақсадида электрон деканат (e-dekanat) тизими жорий этилди.
Ушбу қулайлик натижасида мактаб ўқитувчилари ортиқча ҳужжатлар билан ишлаш ҳажми камайиб, илмий салоҳиятини янада бойитиш мақсадида ўз устида кўпроқ ишлаши имконияти яратилмоқда. Шунингдек, талабалар фан ва машғулотлар бўйича электрон маълумотлардан ҳеч қандай қийинчиликсиз мустақил хабардор бўлиб боришмоқда.
Яқин куларда мазкур дастурий тизим янада такомиллаштирилиб, ўқув жараёнида қуйидаги вазифаларни автоматик равишда бошқариш ва маълумотларни тақдим этиш имкониятларига эга электрон портал (e-ta`lim) тизимини жорий қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда:
- Мактаб структуравий тузилмаси ва лавозимлар бўйича функционал вазифалар тўғрисида маълумот олиш;
- Мутахассислик бўйича электрон ўқув режани шакллантириш;
- Фанлар кесимида талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш мақсадида онлайн тест синовларини амалга ошириш;
- Мактаб раҳбарияти, ўқитувчи ва талабалар ўртасида ўқув жараёнларига оид электрон ёзишмаларни амалга ошириш, маълумот юбориш ва маълумотни кўчириб олиш;
- Ўқув жараёнларини ташкил этилиши, таълим олиш сифати ҳамда ўқиш учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш мақсадида онлайн сўровнома ўтказиш;
- Ўқув жараёнларига бевосита боғлиқ бўлган кафедра ва ўқитувчиларнинг ўқув йили давомида амалга оширадиган ишлар режасини тузиш;
- Ўқитувчи ва талабалар шахсий портфолиосини яратиш;
- Маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари билан масофадан туриб онлайн видеоконференция ўтказиш;
- Дастурдан фойдаланувчи фанлар бўйича электрон ахборот ресурслари (видео, аудио дарслар ва электрон китоблар)дан фойдаланиш имкониятларига эга бўлади.
Бир сўз билан айтганда, Ҳадис илми мактаби талабаларининг билими ва малака даражаларини ошириш, бу даргоҳ келажакда энг юқори натижаларга эришиши, том маънода ҳадисшунослик бўйича дунёнинг нуфузли илм маскани мақомига кўтарилиши учун барча имкониятлар яратилмоқда.
Ж.Акрамов
Ҳадис илми мактаби
Ўқув-услубий бўлим бошлиғи