www.muslimuz
Қозоғистонда кўзи ожизларга брайл ёзувидаги Мусҳафлар тақдим этилди
Қозоғистоннинг Нур Султон шаҳрида жойлашган кўзи ожиз ва яхши кўрмайдиган фуқаролар учун махсус кутубхонага Брайл алифбосида ёзилган Қуръони каримлар етказилди. Бу ҳақда "Анадолу" агентлиги хабар берди.
Қозоғистон пойтахтида жойлашган Туркия элчихонасининг диний масалалар бўйича бўлими кутубхонага ушбу Мусҳафларни топширган. Қуръони каримни топшириш маросимида Туркия элчихонаси вакиллари ва кутубхона ходимлари иштирок этгани қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Нишонга урилган гаплар: “Қонун – ўлим каби ҳеч кимни истисно қилмайдиган бўлиши керак”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Эй Аллоҳ!
Мен ожиз банданг учун қалбимда нур, қабримда нур, қулоғимда нур, кўзимда нур, тукимда нур, теримда нур, гўштимда нур, қонимда нур, суякларимда нур, асаб томирларимда нур, олдимда нур, ортимда нур, ўнг тарафимда нур, чап тарафимда нур, устимда нур, остимда нур қилгин!
Эй Аллоҳ!
Нуримни зиёда этгин, менга нур ато этгин ва мен учун нур қилгин!
Эй Аллоҳ!
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у кишининг оилаларига ва саҳобаларига саловоту салом юборгин!
*****
Инсонларнинг ҳожатларини чиқаришда ўзгача лаззат бор бўлиб, буни фақат тажриба қилиб кўрган одам билади. Шунинг учун яхшиликни — ҳар қанча кичик деб билсанг ҳам — қилавер. Чунки, қайси яхшилик сени жаннатга олиб киришини билмайсан.
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ
«Ховатир роқия журнали»
*****
Инсонийлик – баъзиларда ҳатто ҳайвонларга нисбатан жўш уради.
Инсонийлик – баъзиларда эса инсонларга нисбатан ҳам топилмайди.
*****
Ғаройиб дунёда яшаяпмиз.
Камбағаллар таом излаб бир неча мил йўл босишади.
Бойлар овқатни ҳазм қилиш учун бир неча мил йўл босишади.
Нельсон Мандела
*****
Айтаётган гапимнинг одамлар томонидан қабул қилиниши эмас, балки айтаётган гапларим рост бўлиши муҳимдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ўғрилар кўчаларда, йўлларда хотиржам юрган бўлса, бунинг иккита сабаби бор:
- Ё низомнинг ўзи катта ўғри.
- Ёки халқ ўта аҳмоқ.
Ли Куан Ю,
Сингапур собиқ бош вазири
*****
Ҳеч ким бўйни ва қўлларидаги занжирни яхши кўрмайди. Ҳатто ўша занжир олтиндан бўлса ҳам.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Университет таълими кишига ақл эмас, вазифа (ишга жойлашишга имконият) беради.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Одамларга ишонмасликнинг ортида иккита сабаб бор:
- Биз уларни танимаймиз.
- Биз уларни таниймиз.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Фарзандларингиз қалбига уч нарсани сингдириб боринглар:
- Узр сўрашни;
- Муҳаббатни;
- Ташаккур айтишни.
Чунки жамиятимиз бу нарсаларни эсидан чиқариб боряпти.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Қонун – ўлим каби ҳеч кимни истисно қилмайдиган бўлиши керак.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
- Заиф шахслар ўч оладилар.
- Кучли шахслар кечирадилар.
- Ақлли шахслар билмаганликка оладилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Илм – билмаслигингни биладиган бўлишингга сабаб бўлади.
Жоҳиллик эса билмаслигингни билмай юришингга сабаб бўлади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
АЛЛОҲДАН ҚЎРҚИШ НИМА ДЕГАНИ?
Аллоҳ таолодан қўрқиш ҳар бир мўминнинг зиммасидаги вожиб амалдир. Мўмин банда бу дунё ва охиратдаги барча орзуларига Аллоҳ таолодан қўрқиш билангина етади. Роббимиз биз бандаларини Ўзидан қўрқишга амр қилиб, шундай деган:
فَلاَ تَخَافُوهُمْ وَخَافُونِ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ
“Бас, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, мендан қўрқинглар” (Оли Имрон сураси, 175-оят).
فَلاَ تَخْشَوُاْ النَّاسَ وَاخْشَوْنِ
“Одамлардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар” (Моида сураси, 44-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Иззатим ва буюклигимга қасамки, иккита қўрқув ва иккита хотиржамликни бандамда жам қилмайман. Ким дунёда Мендан қўрқса, охиратда уни хотиржам қиламан. Ким дунёда хотиржам бўлса, қиёматда уни қўрқитаман»..
Аллоҳдан қўрқишнинг аломатлари, қўрқувни пайдо қиладиган амаллар нима? Қуйида шуларни келтириб ўтамиз:
- Қуръон қироати ва унинг маъноларини тадаббур қилиш.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ أَمْ عَلَى قُلُوبٍ أَقْفَالُهَا
“Қуръонни тадаббур ила ўйлаб кўрмасларми? Ёки қалбларида қулф борми?” (Ҳар бир оятни, ҳар бир сўзни чуқур тушунишга ҳаракат қилиш Қуръонни тадаббур қилишдир. Ўшанда парда кўтарилади, ҳамма нарса равшанлашади, қалб ҳаловот топади, виждон мусаффо бўлади.«Қалбларида қулф» бўлса, унда ҳамма нарса берк, уларга ҳеч нарса, жумладан, Қуръон нури ҳам кирмайди.) (Муҳаммад сураси, 24-оят).
- Гуноҳ қилишдан қўрқиш.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Мўмин ўз гуноҳини устига қулаб тушадиган тоғ деб билиб, ундан қўрқиб туради. Мунофиқ эса, ўз гуноҳини бурнига қўнган пашша деб ўйлаб, “кишт” десам учиб кетади деб ўйлайди” деганлар. Бухорий ривояти.
- Аллоҳга тақво қилиш.
Тақво – Аллоҳ таоло буюрган ишларни қилиб, гуноҳ, маъсият ва ҳаром ишлардан тийилишдир. Шундай қилиш қалбда қўрқув борлигининг белгисидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
أَلا إِنَّ أَوْلِيَاء اللّهِ لاَ خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلاَ هُمْ يَحْزَنُونَ الَّذِينَ آمَنُواْ وَكَانُواْ يَتَّقُونَ
“Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар. Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир”. (Демак, Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун аввало, У зотга иймон келтириш; иккинчидан эса, тақводор бўлиш, яъни, Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳнинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўзи ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳга дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир.) (Юнус сураси, 62-63-оятлар).
Аллоҳнинг дўстлари Ундан қўрқувчилардир. Улар эса тақводорлардир.
Юқорида айтганимиздек, тақво қилиш тана аъзоларини гуноҳ, ҳаром ишлардан тийиб юриш ва у аъзолар ила солиҳ амаллар қилишдир. Инсон тана аъзолари билан ибодат қилиши, намоз ўқиши, рўза тутиши, закот бериши, ҳаж қилиши, илм ўрганиши ва бошқа тоатларни бажариши тананинг тақвосидир.
Тилни ёлғон, ғийбат ва бошқа гуноҳ сўзлардан тийиб, Қуръон тиловати, зикр кабиларга ишлатиш, қулоқни ҳаром нарсаларни эшитишдан тийиб, Қуръон тиловати, ота-она, устозларнинг сўзларини тинглашга ишлатиш, кўзни номаҳрамларга, қараш ҳаром бўлган нарсаларга боқишдан тийиб, у билан Қуръонга қараш, ота-она ва устозларнинг, умуман, мўмин биродарларнинг юзларига табассум ила боқишдир, қўлни ҳаром нарсаларни ушлашдан тийиб, у билан етимларнинг бошини силаш, мискинларга садақа узатиш, яхшилик ишларига ишлатиш, оёқни ҳаром жойларга юриб боришдан тийиб, у билан масжидга, ота-она ва устозлар, қариндошлар, беморлар, етимлар ва мўмин биродарлар зиёратига боришдир. Қалбни, мияни ёмон ўй-хаёллардан, гина, адоват, кибр, ҳасад каби иллатлардан тийиб, Аллоҳ мени кўриб турибди деган ҳис, муҳаббат, меҳрибонлик, самимийлик, ота-она, устозлар, фарзандлар ва солиҳ амалларга нисбатан соғинч, шавқ билан тўлдириш. Мана шулар тана аъзолари ва қалбнинг тақвосидир.
- Аллоҳ таолони исм ва сифатлари орқали яхшилаб таниш.
Банда Аллоҳ таолони Унинг исм ва сифатлари орқали танийди. Танигани сайин Ундан қўрқуви ортиб боради.
- Аллоҳ таолодан қўрқувчиларнинг фазлини билиш.
Банда Аллоҳдан қўрқувчиларнинг фазилати нақадар улуғ эканини билса, у ҳам қалбида Роббисидан бўлган қўрқувни кучайтиришга уринади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَاناً وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ
“Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса,иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир” (Анфол сураси, 2-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «То сут елинга қайтмагунча Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши дўзахга кирмас. Аллоҳнинг йўлидаги чанг ила жаҳаннам тутуни жам бўлмас», дедилар». Термизий, Насоий ривоятлари.
- Аллоҳ таолодан қўрқувчи зотларнинг ҳаётларини ўрганиш.
Имом Ғазолий раҳимаҳуллоҳ: “Пайғамбарлар ва саҳобаларнинг ҳаётларини билиш, ўрганиш (қалбда) Аллоҳдан бўлган қўрқувни уйғотишга сабаб бўлади. Агар ҳозир сабаб бўлмаса ҳам кейинроқ сабаб бўлади” деганлар.
Барча Пайғамбарлар алайҳимуссалом, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва табаа тобеинларнинг ҳаётларини ўқиб, улар Аллоҳ таолодан қай даражада қўрққанларини билиш кишининг қалбида кучли қўрқувнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади.
- Қуръондаги азоб, ваъийд оятларининг маъносини тадаббур қилиш.
Дўзах, унинг аҳли, қиёмат куни даҳшатлари ва ҳоказолар ҳақида ўйлаб, тафаккур қилиш қалбда Аллоҳ таолодан бўлган қўрқувни кучайтиради.
- Банда ўзининг ожизлиги ҳақида ўйлаб кўриши.
Киши ўзининг нақадар ожиз, заиф эканини, Аллоҳ таолонинг азобига бардош бера олмаслигини ўйлаб кўрса, гуноҳлардан тийилиб, тоат сари юрадиган бўлади.
- Кофирлар, золимлар, осийларнинг қандай оқибатларга дучор бўлганини ўқиб, ўрганиш.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَكَمْ أَهْلَكْنَا قَبْلَهُم مِّن قَرْنٍ هَلْ تُحِسُّ مِنْهُم مِّنْ أَحَدٍ أَوْ تَسْمَعُ لَهُمْ رِكْزاً
“Улардан олдин қанчадан-қанча аср(аҳли)ни ҳалок қилдик. Улардан бирортасини ҳис этасанми ёки шарпасини эшитасанми?!” (Марям сураси, 98-оят)
Қуръони Каримда қиссалари келган Од, Самуд қавмларига, Фиръавн, Ҳомон, Қорунга келган азобу уқубатларни ўқиб, ўрганган киши ўзини ўнглашга, яхши банда бўлишга астойдил уринади.
- Қиёмат кунининг даҳшатларини ўйлаб кўриш.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمْ إِنَّ زَلْزَلَةَ السَّاعَةِ شَيْءٌ عَظِيمٌ يَوْمَ تَرَوْنَهَا تَذْهَلُ كُلُّ مُرْضِعَةٍ عَمَّا أَرْضَعَتْ وَتَضَعُ كُلُّ ذَاتِ حَمْلٍ حَمْلَهَا وَتَرَى النَّاسَ سُكَارَى وَمَا هُم بِسُكَارَى وَلَكِنَّ عَذَابَ اللَّهِ شَدِيدٌ
“Эй одамлар! Роббингиздан қўрқинг! Албатта, (қиёмат) соати зилзиласи улкан нарсадир. Уни кўрадиган кунингизда, ҳар бир эмизувчи ўзи эмизаётган нарсасини унутар. Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар. Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир” (Ҳаж сураси, 1-2-оятлар).
Қиёмат куни ҳар бир банда бу дунёда қилган ишларига ҳисоб бериши, агар саволларга жавоб бера олмаса, дўзах азобига гирифтор этилишини ўйлаган киши дарҳол ўзини тузатишга уринади.
- Таъсирли мавъизалар эшитиш.
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан таъсирланиб кўзлар ёш тўкди, қалблар титроққа тушди...” Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Ҳа, инсон қалбини жунбушга келтирадиган панду насиҳат эшитса, солиҳ амалларга рағбати ортиб, гуноҳлардан узоқ юришга ҳаракат қилади.
- Аллоҳ таолони кўпроқ зикр қилиш.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَاناً وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ
“Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса,иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир” (Анфол сураси, 2-оят).
Аллоҳни зикр қиладиган киши гуноҳга қўл урмайдиган бўлиб боради. Бирор гуноҳ қилишга нафси ундаса ҳам, “Мен Аллоҳни зикр қила туриб гуноҳ содир этаманми?!” дейди-да, ёмон ишлардан ўзини тияди.
- Тавбага астойдил берилиш.
Аллоҳ таолодан қўрққан банда қилган гуноҳларини эслаб, кўзидан ёш тўкиб, тавба қилади. Доим истиғфор айтиб юришга уринади. Чунки, у охиратда қилган гуноҳларига жазоланишини билгани учун Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқиб, тавбага шошилади.
- Илмга интилиш.
إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاء
“Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар” (Фотир сураси, 28-оят).
Илм инсонни Роббисини танишга олиб боради. Чинакам олим Аллоҳ таолодан қўрққан кишидир. Тарихдан маълумки, жуда кўп олимлар ўз соҳаларининг моҳир билимдони бўлишгач, Аллоҳни таниб, Ундан қўрқиб, иймонга келганлар.
Ҳа, инсон бу борлиқдаги нарсалар хусусида тафаккур қилар экан, қалбида Аллоҳ таолодан, Унинг азаматидан қўрқув пайдо бўлади. Улкан осмон, ундаги галактикалар, сайёралар, юлдузлар, уларнинг орасидаги жуда катта масофалар, ҳайвонлар, ўсимликлар, жонсиз нарсалар, уларнинг яшаши, ишлаши ва бошқа жиҳатлари ҳамда инсоннинг ўзи ҳақидаги тафаккури ва илмий ўрганишлари охир-оқибат Аллоҳ таолони танишга, Ундан қўрқишга олиб боради.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзидан қўрқадиган, солиҳ амалларга уриниб, гуноҳлардан тийиладиган бандаларидан қилсин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Маҳаллаларда диний-маърифий “дарс”
Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинким, жума намозларида масжидлар намозхонлар билан тўлиб тошмоқда. Жума мавъизалари аксарият фуқаролар учун ҳафта бир келувчи муҳим диний-маърифий “дарсдир”. Турмуш, тирикчилик юмушлари билан билим олиш имконига эга бўлмаганлар жума мавъизаларидан икки дунё саодати учун кўплаб фойда ва манфаатларни ўрганадилар, ҳаётларига татбиқ этадилар.
Жума мавъизаларидан ташқари маҳалла аҳли тез-тез имом-хатибларнинг мавъизаларидан, маърифий суҳбатларидан баҳраманд бўладилар. Ислом арконлари, Қуръони карим ва ҳадиси шариф таълимотларини ўрганадилар.
Куни кеча Олмазор туманидаги “Эски шаҳар” маҳалласида ўтказилган “Жаҳолатга қарши маърифат билан” мавзусидаги суҳбатда “Тўхтабой” жоме масжиди имом-хатиби Зокиржон Шарифов ва “Кўктерак” масжиди имом-хатиби Химойиддин Тошболтаевлар йиғилганларга бугун ислом оламида рўй бераётган мураккаб жараёнлар, юзага келаётган тафриқа ва ихтилофлар, уларнинг сабаблари, шунингдек, мусулмон кишининг ижтимоий одоблари ҳақида сўзлаб бердилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Тошкент шаҳрига янги бош имом-хатиб тайинланди
25 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров Тошкент шаҳар бош имом-хатиби лавозимига тайинлангани эълон қилинди.
Нуриддин домла Холиқназаров 1968 йилда Андижон вилояти Асака шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. 1992 йилда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасини, 1998 йилда Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтини, 2007 йилда Фарғона давлат университетини тамомлаган.
Иш фаолияти давомида Нуриддин домла Холиқназаров Андижон вилояти Асака шаҳри “Аҳмадали Махдум” жоме масжиди имом-хатиби, Тошкент шаҳри Юнусобод тумани “Оқ тепа” жоме масжиди имом-хатиби ва шу кунга қадар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби вазифаларида меҳнат қилган.
Нуриддин домла Холиқназаровга ушбу шарафли вазифада, халқимизнинг диний-маърифий эҳтиёжини таъминлаш йўлида Аллоҳ таолодан куч-қувват сўраймиз.
Шу пайтгача пойтахт бош имом-хатиби вазифасида меҳнат қилиб келган Раҳимберди домла Раҳмонов “Минор” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида иш фаолиятини давом эттиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати