www.muslimuz
Саудия Арабистони паспорт хизмати ходимлари ўндан ортиқ тилни ўрганди
Саудия Арабистони Паспорт хизмати бош бошқармаси ходимлари дунёнинг ўндан ортиқ йирик тилларини ўрганди. Улар орасида инглиз, испан, япон, форс, урду ва турк тиллари бор.
SPA агентлигининг ёзишича, бу ташаббус Саудия Арабистонига келувчи зиёратчилар билан қулай мулоқот қилишга имконият яратади.
Хорижий тилларни ўрганган ходимлар Жиддадаги Қирол Абдулазиз номидаги халқаро аэропортда ва Мадинадаги Шаҳзода Муҳаммад ибн Абдулазиз халқаро аэропортида хизмат кўрсатмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Малайзиянинг янги қироли тахтга ўтирди
Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда мамлакатнинг янги қироли Абдуллоҳ Риайятуддин ал-Мустафо Биллаҳнинг расман тахтга ўтириш маросими бўлиб ўтди.
Bernama агентлигига таяниб Азон интернет нашрининг хабар беришича, қирол этник келиб чиқиши ва диний мансублигидан қатъий назар, мамлакат фуқароларининг бирдамлигини кучайтиришга ваъда берди. Янги қиролга Малайзия бош вазири Маҳатхир Муҳаммад қасамёд қилди.
“Ишонтириб айтаманки, ҳазрат олийлари, ҳукумат эришилган натижалар билан тўхтаб қолмайди”, – деди у.
Абдуллоҳ Риайятуддин ал-Мустафо Биллаҳ жорий йилнинг 31 январида қирол сифатида қасамёд қабул қилган эди.
Малайзияда қирол асосан рамзий вазифаларни бажаради. У парламент қабул қилган қонунларни, бош вазир номзодини ва Олий суд таркибини тасдиқлайди, Қуролли кучларнинг бош қўмондони ҳисобланади. Қирол Ҳукмдорлар кенгаши томонидан беш йилга сайланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
МЎМИН АЛЛОҲНИНГ СУЮКЛИСИ
“Мўминнинг тилидан фаришта сўзлайди. Кофиртнг тилидан шайтон сўзлайди. Мўмин Аллоҳиинг суюклисидир. Мўминнинг ишини Аллоҳ ҳал этади”[1].
Аллоҳнинг ҳузурида мўмин баъзи фаришталардан ҳам афзал эканига асос шуки, Ҳақ таоло уни доимо қўриқлаш учун унинг ҳар бир аъзосига биттадан фариштани муваккил қилган. Масалан, кўзининг муҳофазаси учун, қулоқларининг қўриқланиши учун, оғзимиз, ошқозон, ичак, буйрак, юрак ва хусусан тилимизда ҳам бир малак бўлиб, бу малакнинг илҳоми билан турли хизматлар қилиниши, айтилиши ва билдирилиши мумкин бўлади.
Банда шу аснода Ҳақнинг турли неъматларига шукр қилади, қачонки, ўша малак мўминга яҳинлашса, шукри ва маърифати зиёдалашиб, Аллоҳга яқинлиги ортади. Хато ва гуноҳларига дарҳол пушаймон бўлади, надомат чека бошлайди, шу орқали янглиш йўллардан узоқлашиб, Ҳақ висоли томон йўл излайди. Бу малаклар воситасида банданинг қалби роҳатланади, ҳузур-ҳаловатда яшайди. Натижада, комил мўмин дунёда ҳам жаннат тимсоли ҳаётини давом эттиради, ўзига берилган неъматларга шукр қилади, ўтган гуноҳлари учун доим тили истиғфордан бўшамайди. Шу аснода гуноҳлари ўчирилади, солиҳ амаллари кўпаяди.
Кофирлар эса, аксинча, тилида малак эмас, Ҳаққа иршод ҳам эмас, балки пасткашлиги туфайли бутларга, Аллоҳнинг бутсифат қулларига сиғинганлари учун Ҳақнинг нафратига сазовор бўладилар. Чунки уларнинг тилларида ўтирган шайтонлар уларга куфр ва залолат йўлларини билдириб, Аллоҳ таолонинг неъматларини, куч-қудратини инкор этишга интиладилар. Қачонки, шайтон кофирларга яқинлашса, уларнинг қайсарлиги, куфру исёнлари ортиб бораверади. Лаънати шайтонга мубтало бўлмаслик учун мўминлар Аллоҳнинг зикридан ҳаргиз ғофил бўлмасликлари зарур. Зеро, иймон ва зикруллоҳнинг нурига шайтоннинг бардоши етмайди, дарҳол қочади. Азони Муҳаммадий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқилганида, такбир келтирилганида ҳам зикрнинг нурига чидолмай, ёниб кул бўлмаслик учун қочишдан бошқа чораси қолмайди.
Мўмин Аллоҳнинг дўстидир. Аллоҳ ўз дўстига дунё ва охиратда унинг кўзлари кўрмаган неъматлар эҳсон қилади.
Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг
“Мўминнинг сифатлари” китобидан
[1] “Рамуз ал-аҳодис” 231/13 ровий ҳазрати Анас ибн Молик (р.а.).
Ўзбекистон биринчи бешталикдан жой олди
Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги томонидан Ўзбекистон ҳожиларга яратилган шарт-шароитлар бўйича Малайзия, Индонезия, Туркия сингари биринчи бешталик давлатлар сафига киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси, “Ҳаж-2019” Ишчи гуруҳи раҳбари Жасур Акрамов Макка шаҳрида юртимиз ҳожилари билан ташкил этилган учрашувда маълум қилинди.
Бундай юксак эътирофга ўз-ўзидан эришилгани йўқ, албатта. Унинг замирида муҳтарам Президентимиз тавсияси асосида муқаддас ҳаж зиёрати тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалаларига жиддий эътибор қаратилаётгани, бўлғуси ҳожилар учун зарур барча шарт-шароит яратиб берилаётгани мужассамдир.
Дарҳақиқат, бу йилги ҳаж мавсумига тайёргарлик ишлари нисбатан эрта бошланиб, юқори тажрибага эга ширкатлар билан шартномалар тузилди, энг замонавий меҳмонхоналар ижарага олинди. Бундан ташқари, 7200 нафар зиёратчига мавсум давомида намунали хизмат кўрсатиш учун 35 нафардан иборат Ишчи гуруҳи, 140 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши), 35 нафар шифокор ва 15 нафар ошпаз жалб этилгани диққатга сазовордир.
— Ҳаж амалини бажариш учун ушбу муқаддас манзил-маконга етиб келиб, бекаму кўст ибодат қилишга интилаётганингиз, бугунги кунга қадар Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салом йўллаганингиз, умрани адо этганингиз — улуғ бахт, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари. — Бу Аллоҳнинг энг суйган бандаларига насиб этади. Давлатимиз томонидан ҳаж мавсуми давомида сизлар учун барча шарт-шароит муҳайё қилиб берилмоқда. Бу муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан одамларни рози қилиш йўлида олиб борилаётган хайрли ишлар самарасидир. Зотан, одамлари рози юртга Яратган ҳам неъматларини ёғдиради, инша Аллоҳ.
Учрашувда кейинги пайтда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам сўз юритилиб, масжид-мадрасаларни давлат рўйхатидан ўтказишда имтиёзлар берилгани, Халқаро ислом академияси таъсис этилгани, “Вақф” хайрия жамоат фонди тузилгани, Халқаро Ислом цивилизация маркази, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари ташкил этилгани, Ҳадис, Калом, Ақида, Фиқҳ ва Тасаввуф илми мактаблари тузилгани алоҳида қайд этилди. Айниқса, ҳаж қилувчилар сони оширилиб, умра сафарига чекланмаган миқдорда зиёратчилар бориши мумкин экани халқимиз учун катта имконият бўлгани айтиб ўтилди.
Зиёратчиларни қизиқтираётган саволларга муфтий ва Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан батафсил жавоб қайтарилиб, ҳаж ибодатининг қолган рукнларини бажариш юзасидан йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берилди.
Саид РАҲМОНОВ
Муфтий ҳазрат ҳаж зиёратчиларига тавсиялар берди
30 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов Макка шаҳрида бўлиб турган ўзбекистонлик зиёратчилар билан суҳбат ўтказиб, ҳаж амалларини тўла-тўкис адо этиш билан боғлиқ муҳим тавсияларни бердилар.
Йиғилишда муфтий ҳазратлари сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳалар қаторида муборак ҳаж сафарини намунали ўтказиш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилаётганини гапириб бердилар. Айниқса, ҳаж сафари бўйича хизмат кўрсатиш сифати яхшиланиши, қўшимча имтиёзлар берилиши баробарида нарх-навони ўтган йиллардагига нисбатан сезиларли даражада арзонлаштирилганини алоҳида қайд этдилар.
Шунингдек, ҳаж улуғ ибодат экани, бундай улуғ шарафга етказаётгани учун Аллоҳ таборака ва таолога шукроналар келтириш, ҳар бир зиёратчи ҳожилик мақомига етишиш йўлида юксак ихлос, гўзал одоб ва ниҳоятда оҳисталик билан ҳаркат қилиши зарурлигини алоҳида қайд этдилар. Мана шундай сифатларга эга бўлган ҳожи Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат қилганларидек, “Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдир” деган улуғ мақомга эришишини баён қилдилар.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов сўзга чиқиб, зиёратчиларимиз риоя этиши лозим бўлган тартиб-қоидалар, уларга кўрсатилаётган хизматлар ҳақида маълумот берди.
Тиббиёт гуруҳи раҳбари Алишер Саатов эса зиёратчилар диққат қилиши лозим бўлган тиббий масалалар ва саломатликларини сақлаш йўлида амал қилиши лозим бўлган тавсияларни берди.
Йиғилиш якунида зиёратчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати