Қуръони карим

Шотибий ҳақида ҳикоялар

 

Имом Шотибий 1177 (572 ҳ.) йилда ҳаж қилиш учун Мисрга сафарга отланди ва Искандарияга тушди. У Искандарияда яшаб қолган Имом Ҳофиз Абу Тоҳир Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салафа Исфаҳоний ва бошқа олимлардан ҳадис эшитди.

 

Шотибий Мисрга борганларида, қози Фозил Абдурраҳим у кишининг ҳурматларини жойига қўйди ва ўз мадрасаларида Қуръон ўқитувчи устозларга бош қилиб қўйди. У ерда қироат, луғат, наҳв ва бошқа фойдали илмлардан матонат билан сабоқ бердилар. У кишининг исмлари машҳур бўлиб, ҳар томонга тарқалиб кетди. Қуръон ўқитиш бўйича раислик даражасигача етдилар. Обрўлари ошиб, дарс учун ҳар томондан одамлар кела бошлади. Атрофдаги инсонлар у кишидаги илмнинг саховатидан худди ер ёмғирдан манфаат олгандек манфаатланишди.

 

 Султон Малик Носир Салоҳиддин Юсуф ибн Айюб 1193 йили (589 ҳ.) Байтул Мақдисни фатҳ қилгач, у кишининг (Шотибийнинг) зиёратига бориб, Рамазон рўзасини бирга тутди. Ушбу йил зиёратдан қайтаётганида оммага манфаат бериш учун саёҳат уловини Фозилия мадрасасига чўктирди. Вафотигача у ерда дарс бериб қолди.

 

 Ушбу зикр қилинган мадрасани қози Фозил 1185 (580 ҳ.) йилда ўз  ҳовлисининг олдидаги гулзор йўлга барпо қилган эди. Уни  Шофеъий ва Моликий фақиҳларининг бир гуруҳига вақф қилди. Битта катта хонасини Қуръон қироати учун ажратди. У ерда имом Абул Қосим ибн Файюро (Шотибий) қироатдан илм берарди. Сўнг унинг шогирди Абу Абдуллоҳ Қуртубий, кейинчалик яна бошқалар қироатдан дарс ўтдилар.

 

 Жамолиддин Абул Ҳасан ал-Қифтий айтади: “У (Шотибий) Қуръон ўқиб, наҳв ва луғат илмларидан ҳам таълим олди. Ёш йигитлик чоғидаёқ Қуръоннинг барча қироатлари борасида моҳир бўлди. Ҳали эллик ёшга етмасданоқ, атрофдаги инсонлар унга Қуръон ўқиб бериб, кўп манфаат олишди”.

 

Жамолиддин Абул Ҳасан Қифтий яна шундай дейди: «У Мисрни ватан тутиб, «Амр ибн Ос» масжидида дарс беришга ўтирди. У ерда «Бану Ҳимярий» номи билан танилган қавмга куёв бўлди. Сўнг уни Фозил Абдурраҳим ибн Али Байсоний Қоҳирада қурдирган мадрасага кўчириб олиб бориб, дарвозахонанинг чап томонига унинг ўзи учун дид билан алоҳида чиройли бир хона қилиб берди. Шотибий ана шу ерда дарс берарди. Оиласи учун мадрасадан ташқарида алоҳида бошқа бир ҳовли қилиб берди. У зот раҳматуллоҳи алайҳи то вафотигача ана шу ерда яшади.

 

 Ибн Жазарий: Абул Маъолий ибн Айнул Фузалонинг «Мисбаҳ» номли китобида ушбу нарсани ўқиган эдим: «Имом Шотибий айтадилар: «Мен кетма-кет ўн кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни равзаи шарифда кўриб, у зотга Қуръон ўқиб бердим. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Аллоҳ сени шубҳалардан ҳимоя қилсин», деганлар».

 

Бу зот ҳақида бундан ташқари бир қанча машҳур ривоятлар ва кароматлар мавжуд.

 

 Имом Шотибийнинг ҳузурларида бир фиқҳий масала туғилиб қолди. Шунда у зот бу масала хусусида ҳужжат айтиб, китоб келтиришни сўради ва: «Бу ҳақида фалон жойдан қидиринглар», деб, қайси бет, қайси ўрин ва қайси мавзуда келганигача айтиб бердилар. Улар айтилган жойдан топишгач: «Фиқҳни ҳам ёдлаганмисиз?» деб сўрашди. Имом Шотибий: «Мен бир туяга юк бўладиган китобларни ёдлаганман», дедилар. Улар: «Ундай бўлса, фиқҳдан дарс бермайсизми?» дейишди. У зот: «Кўзи ожизларники фақат Қуръондир», дедилар.

 

Имом Шотибий шундай деди: «Йўлда кетаётган эдим, шеригим мендан ортда қолиб кетди. Мен уловда эдим. Шунда икки номаълум шахс келиб, улардан бири мени қаттиқ ҳақорат қила бошлади. Мен «истиъоза»ни айтдим. У бир оз муддат ҳақорат қилишида давом этиб турди. Шунда иккинчиси: «Уни тарк қил, фойдаси йўқ», деди. Шу пайт шеригим ҳам етиб қолди. Унга бўлган воқеани айтиб берган эдим, у ёқ-бу ёққа қараб, ҳеч кимни топмади».

 

 Имом Шотибий дарс беришга ўтирса, ҳеч ҳам таҳоратсиз ўтирмас эди. Муаззин намозга азон айтса, ўрнидан тик туриб, истибро қилар, агар таҳоратга эҳтиёж сезса, таҳорат қилар, эҳтиёж сезмаса, шу ҳолида намоз ўқир эди.

 

Ҳикоя қилинишича, Имом Шотибий Маккага кетаётганда йўлда бир дарахт олдидан ўтди. Ходимининг кўрсатмаси билан шохига тўқнашиб кетмаслик учун бошини эгиб ўтди. Ҳаж қилиб, қайтаётиб, яна шу жойга етганда ҳеч ким айтмаса-да, бошини эгиб ўтди. Дарахт эса кесиб ташланган эди. Бундай қилганининг сабаби сўралганда, бу ерда дарахт бўлганини айтди. Кавлаб кўришган эди, мазкур дарахтнинг илдизи топилди.

 

 Ҳикоя қилинишича, Имом Шотибийга яқин жойда ўтирган икки киши баҳслашиб кетиб, бир-бирларини туркий тилда ҳақорат қила бошлашди. Шунда Шотибийдан нима деяётганлари ҳақида сўралди. У зот улардан бирини сўроқ қилиб, ўнг тарафига ўтирғизди. Сўнг иккинчисини сўроқ қилиб, чап томонига ўтирғизди ва: «Мана буниси бундай, бундай, деган эди, буниси бундай, бундай, деб жавоб қайтарди. Сўнг буниси бундай, бундай, деган эди, буниси бундай, бундай жавоб қайтарди», дея бўлган воқеани охиригача туркий тилда айтиб берди. Ваҳоланки, у зот бу тилни билмас эди.

 

 Имом Шотибий айтади: «Ким ушбу қасидамни ўқиса, албатта, Аллоҳ у билан манфаатлантиради. Чунки мен уни Аллоҳ таолонинг розилиги учунгина назмлаганман». Дарқақиқат, унинг баракаси машриқу мағрибни қамраб олган.

 

Ким буни ёдласа, албатта фойда топган. Чунки Шотибий қасидани тугатгач, китобни қўлида тутган ҳолда Каъбанинг атрофини ўн икки минг шавт (84000 марта) тавоф қилиб, уни ўқувчининг ҳаққига: «Эй Еру Осмонни яратувчи, яширин ва ошкора ишларни билувчи, ушбу буюк Каъбанинг Парвардигори бўлган Аллоҳим! Буни ҳар бир ўқиган инсонга манфаатли қилгин», дея дуо қилган.

 

Шотибий ҳижрий ҳижрий 1194 (590 ҳ.) йили, Жумъадулохир ойининг 28-си якшанба куни аср намозидан кейин 52 ёшида вафот этди ва душанба куни Султон Салоҳиддин Юсуф ибн Айюбнинг вазири, дўсти ва кўмакчиси ҳамда «Иншо» девонининг соҳиби қози Абдурраҳим ибн Али ибн Ҳасан ал-Қозий ал-Лахмий ал-Асқалоний ал-Мисрийнинг тупроғига дафн қилинди.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов

 

9244 марта ўқилди
Top