Қуръони карим

Қуръони карим устида тортишмоқликнинг жоиз эмаслиги ҳақида

Ислом ақидаси кўрсатмаси билан Қуръони карим ҳақида тортишилмайди.  Гувоҳлик берамизки, албатта Қуръони карим оламлар роббисининг сўзидир. Уни руҳил амин орқали нозил қилди. Уни пайғамбарларнинг саййиди Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга билдирди. У Аллоҳ таолонинг сўзидир. Махлуқлар сўзларидан бирор сўз унга баробар келмайди. Ва уни яратилган деб айтмаймиз. Ва мусулмонлар жамоати Қуръони карим ҳақида талашиб- тортишмаймиз. Ноҳақликка мойил бўлган аҳллар Қуръони карим ҳақида тортишганидек тортишмаймиз. Улар ботиллик билан ҳақни кеткизмоқлик учун, ўчирмоқликлари учун талашиб тортишдилар. Балки биз айтамизки, албатта Қуръони карим Аллоҳнинг каломидир. Яна биз пайғамбаримиздан  мутовотир бўлиб келаётган қироатларда ҳам талашиб - тортишмаймиз. Балки Қуръони каримни қандай нозил қилинган бўлса, ана шу ҳолатида қироат қиламиз. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики,  у киши: “Бир киши бир оятни қироат қилганини эшитдим, лекин ўша оятни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам тескарисини ўқиганликларини кўрдим. Ана шу икки важҳни олдим ва Расулуллоҳнинг олдиларига бордим, у киши учун мана шу ҳолатни зикр қилганимда ул Зот айтдилар: “Бу икки ҳолат ҳам тўғри. Сизлардан олдинги умматлар Аллоҳнинг оятлари ҳақида талашиб-тортишиб ҳалок бўлдилар””. (Имом Муслим ривояти).

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтилофлардан қайтардилар, бу шундай ихтилофдирки, унда ҳар бир ихтилоф қилувчи киши ўз соҳибидаги ҳақиқатни инкор қилади. Чунки икки қорининг ҳар бирининг ўқиган нарсаси тўғри эди. Шунинг учун Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳуга айтдилар: “Бу умматни маҳкам ушлангки, улар худди ўзларидан олдинги умматлар ихтилоф қилганига ва  талашиб- тортишганлигига ўхшаб ҳар тарафга тарқаб кетмасинлар”.

 “Қуръон” калимаси ҳақида ихтилофлар бўлган,  ниҳоят “Қуръон” аслида жам маъносидадир, шу билан бирга тўпланиб ўқиладиган  китоби илоҳий ҳам дейилади. Бутун аҳли калом  иттифоқан дедиларки,  Жаноби  Ҳақ Калом сифати билан сифатланиши, Аллоҳ таолонинг каломи, деб номланади. Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл этган бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар: “Қуръони карим тўғрисида талашиб-тортишмоқ, шубҳа, жанжал, низо ва душманлик қилмоқ куфрдир”. Қурьони карим Аллоҳ таолонинг каломи, унга бирор нарса тенг келмайди. Унинг ҳузуридан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий орқали сўзма-сўз нозил қилинган. Буни барча мўминлар ҳақ деб ишонмоқлари шартдир. Аллоҳнинг каломи инсон каломидек эмас. Кимики, уни эшитганда инсон сўзи деб эътиқод қилса, диндан чиқиб кофир бўлади. Бу ҳақда Аллоҳнинг ”Қурьони каримда хабар бериб: “Ундай шахсни Сақар дўзахига солурман”- деган. Демак, “Қурьон – бу инсоннинг сўзи эмас, балки инсонни ҳам яратган Холиқнинг каломи экан.

 Бу ҳақда буюк имомимиз Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “ал-Фиқҳул  акбар” китобида шундай дейдилар: “Қурьони карим Аллоҳ таолонинг каломидир. Саҳифаларда ёзилингандир ва қалбларда ёдлангандир ва тилларда ўқилингандир ва пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий орқали нозил қилингандир. Қурьон инсонлар сўзига ўхшаш махлуқ эмас. Кимики Қурьонни каримни эшитса ва инсонларнинг сўзи деб қасд қилса ҳақиқатда ана шундай киши диндан чиқади. Қурьон билан бизни гапиришлигимиз ва Қурьонни каримни китобат қилишлигимиз ва Қурьонни қироат қилишлигимиз махлуқдир, лекин Қурьони каримни ўзи махлуқ эмасдир”.

 “Қурьон илми уч қисмдир: ҳалолни билдирадики, унга тобеъ бўл ; ҳаромни билдирадики, ундан ижтиноб эт (сақлан);  бир-бирига ўхшаш оятларни, уни ўз олимига ҳавола қил”!

 Аллоҳ таоло барчамизни Қуръон ҳидоятида бўлишимизни ва Ўзининг бубк каломи шафоатидан насиб этсин!

 Жалолиддин Ҳамроқулов

 

7500 марта ўқилди
Мавзулар
Top