Қуръони карим

Қуръоннинг мусҳафга кўчирилиши

Қуръони карим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида ҳам ҳозирги кундагидек саҳифаларга кўчирилган. Аммо у даврда бир Мусҳафга жам қилинмаган, балки инсонлар уни қалбларида сақлар эдилар. Айрим саҳобийлар Қуръоннинг барчасини ёдлаган бўлсалар, қолганлар эса баъзи қисмини ёд олганлар.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврига келиб, кўпгина Қуръон ҳофизлари урушда қатл қилинди. Шунда у зот қориларнинг қирилиб кетиши оқибатида улардан кейингилар Қуръон борасида ихтилоф қилишидан хавф этиб, саҳобийлар билан Қуръонни бир Мусҳафга жамлаш­га келишдилар. Ҳамма буни маъқуллади. Сўнг Қуръонни бир китобда жамлаб уммул мўъминин Ҳафса (розияллоҳу анҳо)нинг уйига қўйдилар. Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик вақтида Ислом кўп диёрларга ёйилди. У зот кишиларнинг билиб-билмай Қуръонга бирор нарсани зиёда қилиши ёки ундан бирор нарсани тарк этишидан хавотирга тушдилар. Натижада, барча саҳобийлар иттифоқ қилган Ҳафса (розияллоҳу анҳо)нинг уйидаги Мусҳафдан бир неча нусха кўчиртириб, атрофдаги шаҳарларга юбордилар ва шу нусхаларга мос келмайдиганларини эса йўқ қилишга буюрдилар. У зот бу ишни ҳазрат Али ва бошқа саҳобийлар (розияллоҳу анҳум)нинг иттифоқига кўра амалга оширдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръонни жамлашга амр қилмаганларининг сабаби, у зот даврида Қуръоннинг нозил бўлиши тугалланмаган ва баъзи оятларнинг тиловати эса насх бўлиши эҳтимоли мавжуд эди. Бу эса у зотнинг вафотларига қадар давом этди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ва бошқа саҳобийлар даврида эса, бу эҳтимоллар йўқлиги ва вазият тақозо этгани сабаб Қуръон бир Мусҳафга жамланди.

Атрофдаги ўлкаларга тарқатилган Мусҳафларнинг адади борасида турли фикрлар мавжуд. Жумладан, Абу Амр Доний: “Уламоларнинг кўпчилиги Усмон (розияллоҳу анҳу) нусха кўчиртирган Мусҳафларнинг адади тўртта бўлганини айтишган. Уларни Басра, Куфа ва Шом шаҳарларига юборган. Биттасини эса ўзига қолдирган”, дейди.

Абу Ҳотим Сижистоний[1] эса: “Усмон (розияллоҳу анҳу) еттита нусха кўчиртириб, уларни Макка, Шом, Яман, Баҳрайн, Басра ва Куфа шаҳарларига юборган. Биттасини Мадинада олиб қолган”, деган. Мазкур фикрлар Қуръоннинг биринчи жамланиши ҳақидадир.

Мусҳаф сўзи уч хил ўқилиши мумкин: мусҳаф, мисҳаф ва масҳаф. Аввалги иккиси машҳурдир. Масҳаф тарзда талаффуз қилинишини эса Абу Жаъфар Нуҳос[2] ва бошқалар ривоят қилишган.

 

 



[1] Саҳл ибн Муҳаммад ибн Усмон ибн Қосим Сижистоний. Куняси Абу Ҳотим. Улумул Қуръон, луғат, шеър ва наҳв фанларининг имомларидан бўлган. Ҳижрий 250 йили вафот этган. Бир ривоятда ҳижрий 255 йили, дейилган.

[2] Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исмоил Мисрий наҳв ва луғат илмлари имоми. Шомга риҳлат қилиб, Имом Зажжождан таълим олди. Имом Насоийдан ҳадис ривоят қилган. У зотнинг таснифотлариданТафсирул Қуръон”, “Носих ва мансух”, “Шарҳи абёти Сибавайҳкаби китобларни санаш мумкин. Вафоти ҳақида бундай гап мавжуд: “Бир куни у зот Нил дарёси сувини ўлчайдиган нилометр ёнида туриб, шогирдларига шеър ўқиб бераётганини кўрган бир нодон: “Бу киши Нилнинг суви кўпаймасин деб сеҳр қиляпти”, деб ўйлаб, у зотни сувга итариб юборди. Шунда у вафот этади. Бу ҳижрий 338-йилга тўғри келади”.

 

7074 марта ўқилди
Top