Қуръони карим

Қуръоннинг сифатлари

Қуръони карим, инсу жинс жам бўлиб унинг ўхшашини келтиришдан ожиз қолган, бутун инсониятнинг нусрат маёғи бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига ўзидан кейин маҳкам тутишга буюрган Аллоҳ таолонинг самовий китобидир.

Қуръони каримни тутиб, унга амал қилган кишининг Аллоҳга яқинлиги ортади, унинг тийнатида Қуръоний сифатлар гавдаланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримни бир неча жойларида турли сифатлар билан васф қилган. Қуръон у:

  1. 1. Руҳдир. Аллоҳ таоло “Ана шунга ўхшаш, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен китоб нималигини ҳам, иймон нималигини ҳам идрок қилмас эдинг”.

Ояти каримада Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Қуръонни “Руҳ” деб атамоқда. Руҳ ҳаёт негизи ҳисобланади. Уламоларимиз кишининг жисмоний тириклиги озуқа билан бўлса, руҳ ва қалб оламининг тириклиги маънавий озиқлар билан бўлади, маънавий озиқнинг энг олийси – олий Зотнинг Каломидир, дея Қуръон ила руҳларимизни озиқлантиришга чорлаганлар.

  1. Нурдир. Аллоҳ таоло Моида сурасининг  15-16-оятларида: “…Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва ойдин Китоб келди” дея марҳамат қилган. Қуръонни мусҳафга қараб тиловат қилиш кўзни ўткирлаштиради, тиловати билан машғул бўлган кишининг зеҳни ўткирлашади. Бунинг сабаби Қуръоннинг нури ўтганидир.
  2. Энг тўғри йўлга бошловчидир. Аллоҳ таоло Исро сурасида: “Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур…” дея Қуръонни васф қилган. Қуръони карим қиёматгача унинг олдидан ва ортидан ботил келмайдиган китобдир. Ким уни тутса тўғри йўлни тутган бўлади.
  3. 4. У ҳидоят ва шифодир. «У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир…” (Фуссилат сураси, 44-оят). Қуръон карим юқорида айтилганидек, ҳидоят – тўғри йўлга бошловчидир. Шунингдек, қалб ва жисм хасталикларига ҳам шифодир.

Азалийлигу абадийлик Ўзигагина хос бўлган Зот:

Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик.”, дея марҳамат қилган (Аъроф сураси, 96-оят). Алҳамдулиллаҳ, Раббимиз амри ила У юборган барча нарсаларга иймон келтирамиз. У буюрганидек, ибодат қиламиз ва раҳматидан умидвор, азобидан хавфда бўламиз.

Раббимиз каломини қанчалик маҳкам тутсак, бизга Аллоҳнинг баракоти шунча зиёдалашади. Айниқса, унинг тиловатини қилиб ёки тинглаб, маъноларини ўргансак, иншоаллоҳ, Қуръоннинг юқорида келтирилган сифатларига эришамиз ва икки дунё саодатидан баҳраманд бўламиз!

Барча ҳолатларимизда ҳожатбароримиз, тарбиячимиз бўлган Аллоҳ таоло Қуръони карим ила хулқланишимизда ҳам Ўзи тавфиқ ато қилгувчимиз бўлсин. Амин!

Муҳаммадий Эргашев

манба: nasihat.uz

7750 марта ўқилди
Top