muslimuz

muslimuz

Понедельник, 21 Август 2023 00:00

Фахрий имомга академик унвони берилди

Шу йил 11 август куни Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами олдидан кўп йиллар диний соҳада фидойилик билан хизмат қилган, фахрий имом, устоз Аҳмаджон домла Бобомуродзодага Республикамиздаги Турон Фанлар академияси академиги илмий унвони тақдим этилди.

Нуфузли унвонни топшириш маросимида мутасадди вакиллар Аҳмаджон домла Бобомуродзодага Турон Фанлар академияси академиги олтин медали, академик дипломи ва гувоҳномаси, шунингдек, Турон Фанлар академиясининг ўн йиллиги кўкрак-нишонини тантанали тарзда топширишди.

Маълумот ўрнида, Аҳмаджон домла Бобомуродзода 1946 йили Самарқанд шаҳрида таваллуд топган. У киши 1971 йил Бухородаги Мир Араб мадрасасини, 1975 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини томомлаган.

Аҳмаджон домла илк фаолиятни 1973 йили пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Олмазор” жоме масжидида имом-хатиб сифатида бошлаган. 1974-1980 йилларда Тошкент вилоятининг Тошкент тумани “Кўктерак” жоме масжидида, 1980-2006 йилларда Тошкент шаҳридаги “Ислом ота” жоме масжидида самарали меҳнат қилган. Бир вақтнинг ўзида 1982-2006 йиллар давомида Тошкент шаҳар Яшнабод ва Миробод туманлари бош имом-хатиби вазифасини ҳам бажариб келган.

Шунингдек, 1989-2020 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида катта ўқитувчи бўлиб, кўплаб шогирдларни етиштирган.

Эслатиб ўтамиз, Турон Фанлар академияси академиги унвони Шайх Абдулазиз Мансур, Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Саййид Раҳматуллоҳ Термизий сингари бугунги кунда диний соҳада фаолият юритиб келаётган уламоларимизга ҳам тақдим этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Понедельник, 21 Август 2023 00:00

Руҳий ҳолатдан қониқиш - 37 қисм

Нафснинг бу касаллигига учрган инсон янада яхшироқ бўлиш учун ҳаракат қилмайди. Ўзининг ҳоли ва ҳолатидан мамнун бўлади, янада яхшироқ бўлиш, нафсини ислоҳ қилиш ҳақида ўйламайди.

Муолажа услуби

Бу иллатдан халос бўлиш учун – инсон бепарволикдан воз кечиши, сўз ва амалларини ислоҳ қилиш учун ҳаракат қилиши керак. Бунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини, у зот алайҳиссаломнинг саҳобалари ва улардан кейинги солиҳларнинг ҳаёт йўлини ўзи учун ўрнак қилиб олиши лозим. Ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтдилар: "Ким ривожланмаса нуқсонга юз тутади".

Мўмин банданинг бугуни кечасидан, эртаси бугунидан афзалроқ бўлиши керак. Чунки икки кунини бир хил ўтказган киши зиёндадир.

Бу ҳақда уламолардан бири: "Кимнинг бугуни ўтган куни билан бир хил бўлса маҳрум бўлибди ва кимнинг бугунги куни ўтган кунидан ёмон бўлса лаънатланибди”, деб айтган. Яъни икки кунни бир хил ўтказган инсон кунини қадрига етмаган бўлади.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтдилар: "Мен умрим озайиб, лекин амалимга зиёда бўлмаган кунга надомат қилганимдек бошқа ҳеч нарсага афсус қилмадим".

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: "Мен бир неча миллатлатларни кўрдим, улар вақтларини дирҳам ва динорларидан-да кўпроқ ғанимат билардилар".


Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

 

“Вақф” фондининг Андижон вилояти филиали томонидан Олтинкўл туманидаги боқувчиси йўқ, етим, моддий кўмакка муҳтож 20 нафар ўғил қизга янги ўқув йили бошланиши арафасида мактаб формаси, ўқув қуроллари ва сумкалар хайрия қилинди.

“Вақф” фонди

Матбуот хизмати

Шу йил 19 август куни Косон туманида жойлашган "Чоргумбаз" марказий жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилояти вакиллиги тизимидаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Йил имоми – 2023” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Мазкур танловда ҳудудий туман-шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган имом-хатиб ва ноиблар ўзаро беллашди.

 Кўрик-танлов ҳар томонлама қизғин, самимий ва таассуротларга бой ҳолатда ўтди. Ғолиблар эсдалик ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Қашқадарё вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Пятница, 18 Август 2023 00:00

Мажлисда бажариладиган суннатлар

1. Ушбу дуони ўқиш: "Роббиғфирлий ва туб алаййа иннака антат-таввабур роҳийм".

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: "Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир мажлисда: “Роббим, мени кечиргин, тавбамни қабул қилгин. Албатта, Сен тавбаларни кўп қабул қилгувчи ва раҳмли Зотсан” деганларини юз марта санар эдик" (Имом Бухорий ривояти).

2. Мажлисни Аллоҳнинг зикри билан бошлаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қайси бир қавм бирор мажлисга ўтирса-ю, унда Аллоҳни эсламаса, мана шу мажлисини қиёмат кунида хасрат ва надомат эканини кўради” (Имом Аҳмад ривояти).

3. Яхши ҳамсуҳбатни танлаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши дўстининг динида бўлади. Ҳар бир инсон кимни дўст тутаётганига қарасин”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

4. Мажлисга кирганда ва кетаётганда салом бериш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз бир мажлисга келса, салом берсин. Агар ўтиришга фурсат бўлса, ўтирсин. Қачон мажлисдан турса, салом берсин. Биринчи салом иккинчисидан кўра ҳалироқ эмас[1]”, дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).

5. Қўл бериб кўришиш. Расулуллоҳ соллаллҳоу алайҳи васаллам: “Икки мусулмон учрашиб, бир-бири билан қўл бериб кўришса, Аллоҳга ҳамд айтиб, истиғфор айтса, уларнинг гуноҳлари кечирилади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

6. Мажлисга келиб ўтирганида икки одамнинг ўртасига уларнинг изнисиз ўтирмаслик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Икки кишининг орасига уларнинг изнисиз ўтирилмайди”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

7. Ўтирган кишини ўрнидан турғизмаслик. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини турғизиб ўрнига ўтиришдан қайтардилар”.

8. Чап қўлни орага қилиб, ерга таяниб ўтирмаслик. Умар ибн Шарик айтади: "Чап қўлимни орқага қилиб ерга таяниб ўтирганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимдан ўтиб қолдилар ва: “Устига ғазаб тушганларни ўтиришидай ўтирмагин”, дедилар".

9. Мажлисга келганда бўш жойга ўтириш. Жобир ибн Сумра розияллоҳу анҳу айтади: "Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига кирсак, мажлиснинг охири қаерда бўлса, ўша ерга ўтирар эдик”.

10. Мажлисда уч киши бўлса, ундаги икки киши учинчи одам олдида пичир-пичир қилмаслик. Бундай ҳолатда, учинчи одам "мен ҳақимда гаплашишяпти" деган гумонга боради. Шунинг учун бундай қилиш одобсизлик саналади.

11. Одамларнинг гапини пойламаслик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким бир қавм гаплашётганида уларнинг гапига қулоқ солиб турса, ваҳоланки, улар буни эшитишини хоҳламаётган эдилар. Бундай одамнинг қулоғига қиёмат кунида қўрғошин қуйилади”, (Имом Бухорий ривояти).

12. Мажлисдан бир киши бирор ҳожати учун ўрнидан туриб, мажлисдан чиқса, қайтиб келгач, ўша жойга ўтирадиган энг ҳақли одам унинг ўзидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз мажлисдаги жойидан турса, сўнгра қайтиб келса, шу жойга бошқалардан кўра ҳақлироқдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

13. Мажлис омонатини сақлаш. Мажлисдаги гапларни ташқарига олиб чиқмаслик.

14. Мажлисдан туришда ушбу зикрни айтиш: "Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика, ашҳаду аллаа илаҳа илла анта, астағфирука ва атубу илайка”.
“Аллоҳим! Сени Сенга ҳамд айтган ҳолимда поклаб ёд этаман. Гувоҳлик бераманки, Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сендан кечиришингни сўрайман ва Сенга тавба қиламан”.
Абу Барза розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишни тугатиб, мажлисдан турсалар: "Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика, ашҳаду аллаа илаҳа илла анта астағфирука ва атубу илайка”, деб айтардилар" (Имом Абу Довуд ривояти).


Даврон НУРМУҲАММАД

[1] Яъни биринчи салом қанчалик муҳим бўлса, иккинчиси ҳам шунчалик муҳимдир.

Top