Мақолалар

Мажлисда бажариладиган суннатлар

1. Ушбу дуони ўқиш: "Роббиғфирлий ва туб алаййа иннака антат-таввабур роҳийм".

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: "Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир мажлисда: “Роббим, мени кечиргин, тавбамни қабул қилгин. Албатта, Сен тавбаларни кўп қабул қилгувчи ва раҳмли Зотсан” деганларини юз марта санар эдик" (Имом Бухорий ривояти).

2. Мажлисни Аллоҳнинг зикри билан бошлаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қайси бир қавм бирор мажлисга ўтирса-ю, унда Аллоҳни эсламаса, мана шу мажлисини қиёмат кунида хасрат ва надомат эканини кўради” (Имом Аҳмад ривояти).

3. Яхши ҳамсуҳбатни танлаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши дўстининг динида бўлади. Ҳар бир инсон кимни дўст тутаётганига қарасин”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

4. Мажлисга кирганда ва кетаётганда салом бериш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз бир мажлисга келса, салом берсин. Агар ўтиришга фурсат бўлса, ўтирсин. Қачон мажлисдан турса, салом берсин. Биринчи салом иккинчисидан кўра ҳалироқ эмас[1]”, дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).

5. Қўл бериб кўришиш. Расулуллоҳ соллаллҳоу алайҳи васаллам: “Икки мусулмон учрашиб, бир-бири билан қўл бериб кўришса, Аллоҳга ҳамд айтиб, истиғфор айтса, уларнинг гуноҳлари кечирилади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

6. Мажлисга келиб ўтирганида икки одамнинг ўртасига уларнинг изнисиз ўтирмаслик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Икки кишининг орасига уларнинг изнисиз ўтирилмайди”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

7. Ўтирган кишини ўрнидан турғизмаслик. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини турғизиб ўрнига ўтиришдан қайтардилар”.

8. Чап қўлни орага қилиб, ерга таяниб ўтирмаслик. Умар ибн Шарик айтади: "Чап қўлимни орқага қилиб ерга таяниб ўтирганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимдан ўтиб қолдилар ва: “Устига ғазаб тушганларни ўтиришидай ўтирмагин”, дедилар".

9. Мажлисга келганда бўш жойга ўтириш. Жобир ибн Сумра розияллоҳу анҳу айтади: "Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига кирсак, мажлиснинг охири қаерда бўлса, ўша ерга ўтирар эдик”.

10. Мажлисда уч киши бўлса, ундаги икки киши учинчи одам олдида пичир-пичир қилмаслик. Бундай ҳолатда, учинчи одам "мен ҳақимда гаплашишяпти" деган гумонга боради. Шунинг учун бундай қилиш одобсизлик саналади.

11. Одамларнинг гапини пойламаслик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким бир қавм гаплашётганида уларнинг гапига қулоқ солиб турса, ваҳоланки, улар буни эшитишини хоҳламаётган эдилар. Бундай одамнинг қулоғига қиёмат кунида қўрғошин қуйилади”, (Имом Бухорий ривояти).

12. Мажлисдан бир киши бирор ҳожати учун ўрнидан туриб, мажлисдан чиқса, қайтиб келгач, ўша жойга ўтирадиган энг ҳақли одам унинг ўзидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз мажлисдаги жойидан турса, сўнгра қайтиб келса, шу жойга бошқалардан кўра ҳақлироқдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

13. Мажлис омонатини сақлаш. Мажлисдаги гапларни ташқарига олиб чиқмаслик.

14. Мажлисдан туришда ушбу зикрни айтиш: "Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика, ашҳаду аллаа илаҳа илла анта, астағфирука ва атубу илайка”.
“Аллоҳим! Сени Сенга ҳамд айтган ҳолимда поклаб ёд этаман. Гувоҳлик бераманки, Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сендан кечиришингни сўрайман ва Сенга тавба қиламан”.
Абу Барза розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишни тугатиб, мажлисдан турсалар: "Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика, ашҳаду аллаа илаҳа илла анта астағфирука ва атубу илайка”, деб айтардилар" (Имом Абу Довуд ривояти).


Даврон НУРМУҲАММАД

[1] Яъни биринчи салом қанчалик муҳим бўлса, иккинчиси ҳам шунчалик муҳимдир.

1135 марта ўқилди

Мақолалар

Top