muslim.uz
Лайлатул қадр қайси кечада эканини биласизми?
Лайлатул қадрга етишиш ва унда берилажак ажр-мукофотлардан баҳраманд бўлиш ҳар бир мусулмон орзуси. Шундай экан, бу муборак тунни қайси кечадан изламоқ керак?
Дастлаб, Қадр Рамазон ойининг нечанчи кечаси экани Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Қадр кечасини аниқлаб айтиб беришларини қайта-қайта сўрашгач, у зот аввал ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ ойнинг охирги етти кечасидан, сўнгра ойнинг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар ва ҳоказо. Шунга кўра, манбаларда бу борада келган маълумотлар турличадир. Демак, Қадр кечасини қуйидаги вақтлардан топиш мумкин экан:
Йил давомида. Баъзи улуғ зотлар одамлар йилнинг маълум бир кечасига суяниб, фақатгина ўша тунни ғанимат билиб, уни ибодат билан бедор ўтказиб, қолган кечаларга бепарво бўлиб юрмасинлар деган мақсадда, бу муборак кечани топмоқчи бўлган киши йил давомида излаши керак, дейишган.
Табиийки, бу жуда машаққатли бўлиб, унга ҳамма ҳам қодир бўлолмайди. Зеро, Ислом енгиллик динидир. Аллоҳ таоло бандаларига тоқатидан ташқари нарсани юкламайди. Динимизда ҳар бир масалада кишининг ҳолати инобатга олинади, ҳатто ибодатда ҳам. Масалан, соғлом киши намозни тик туриб ўқиса, унга тоқати етмаганлар ўтириб имо-ишора билан адо этади ва ҳоказо. Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигини қарангки, соғлом одам намоз ўқиганида, унга қанча савоб берилса, ихлос билан ўтириб, имо-ишора билан ўқилган ибодатга ҳам ўшанча ажр ёзилади. Агар буларга ато этиладиган савоблар айрича бўлганида эди, беморлар, қарилар ва заифлар сингари одамлар куч-қуввати бор соғлом кишидек савоб қозонишлари мумкин бўлмай қоларди. Бу эса, зулмдир. Ҳолбуки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳеч кимга зулмни раво кўрмас. Демак, Қадр кечаси ҳақида келтирилган маълумотлар ҳам шунга қиёсланади. Зеро, Қадр кечасини топиш ҳам улуғ ибодатдир.
Рамазон ойидан. Шундай қилиб, йил давомида Қадр кечасини излаш имконияти йўқ кишилар қандай йўл тутишлари керак? Улар мазкур кечани Рамазон ойидан қидирадилар. Демак, мазкур кечани топиш янада қулайлашди, йилдан ойга қисқарди.
Рамазон ойининг охирги даҳасидан. Бу муборак кечани Рамазон ойи давомида топиш кўпчиликка оғирлик қилди, дейлик. Энди, улар Рамазоннинг охирги ўнлигидан қидиришлари керак. Зеро, Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар ва:
تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ
«Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар» дер эдилар» (Муттафақун алайҳ). Демак, шарт-шароити кўтарган кишилар шу кечалар ичидан топишга ҳаракат қиладилар. Бу, Лайлатул қадрни топиш ойдан ўн кечага қисқарди, деганидир.
Рамазон ойининг охирги етти кечасидан. Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги даҳасидан топишга ҳам тоқати етмаганлар уни охирги етти кечадан қидиришлари мумкин. Зеро, Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинишича, саҳобалардан баъзилари тушларида Лайлатул қадрни охирги етти (кеча)да эканини кўришди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар:
أَرَى رُؤْيَاكُمْ قَدْ تَوَاطَأَتْ فِي السَّبْعِ الأَوَاخِرِ فَمَنْ كَانَ مُتَحَرِّيهَا فَلْيَتَحَرَّهَا فِي السَّبْعِ الأَوَاخِرِ.
«Сизларнинг тушингиз охирги етти кечага мувофиқ келаётганини кўряпман. Ким у (кеча)ни изламоқчи бўлса, охирги етти (кеча)да қидирсин» (Муттафақун алайҳ). Зотан, ҳақиқий мўминнинг кўрган туши ваҳий кабидир. Зеро, азон саҳобалар (розияллоҳу анҳум)нинг тушлари туфайли жорий бўлгани тарихдан маълум. Энди у зотларнинг тушлари шарофатидан Лайлатул қадрни излаш ўн кечадан етти кечага қисқарди. Бу ҳам қулай имконият.
Рамазон ойининг охирги ўн кечасининг тоқларидан. Бу Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги етти кечасидан излашга ожиз кишилар учун йўлдир:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِي الله عَنْهَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْوِتْرِ مِنَ الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِي.
Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларидан изланглар» (Икки Шайх ва Термизий ривояти). Демак, Қадр кечасини топиш еттидан беш кечага қисқарди. Улар Рамазоннинг йигирма биринчи, йигирма учинчи, йигирма бешинчи, йигирма еттинчи ва йигирма тўққизинчи кечаларидир. Ҳа, бу муборак кечалар ҳам Лайлатул қадрни топиш учун қулай фурсатдир.
Рамазон ойининг йигирма биринчи, йигирма учинчи ва йигирма бешинчи кечаларидан. Бу юқоридаги беш кечага тоқати етмаганлар учун қулай фурсатдир:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي الله عَنْهما أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الْتَمِسُوهَا فِي الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي تَاسِعَةٍ تَبْقَى فِي سَابِعَةٍ تَبْقَى فِي خَامِسَةٍ تَبْقَى. رواه البخاري.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: «Лайлатул қадрни Рамазондан охирги ўн (кечаси)да изланглар: тўққиз кеча қолганда, етти кеча қолганда, беш кеча қолганда» (Имом Бухорий ривояти). Демак, Лайлатул қадрни топиш беш кечадан учга қисқарди. Шунга кўра, бу Рамазоннинг йигирма биринчи, йигирма учинчи ва йигирма бешинчи кечаларидан топиш керак бўлади.
Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидан. Мазкур уч кечага ҳам мажоли етмаганлар Қадр кечасини Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидан излашга имконлари бор. Зеро, бу улуғ тун Рамазоннинг айнан шу кечасида эканига далолат қиладиган ҳадислар кўпдир. Жумладан, Муовия ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:
لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ سَبْعٍ وَعِشْرِينَ
«Лайлатул қадр йигирма еттинчи кечададир» (Имом Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).
Машҳур саҳобий Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу) Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Қадр кечаси ҳақидаги айтган аломатларидан аниқлаб, жазм билан уни йигирма еттинчи кечада эканини таъкидлаганлар. Унинг аломати ўлароқ, ўша кечанинг баракотларига гувоҳ бўлиш учун жуда кўп фаришта осмондан ерга тушиб-чиқар экан. Уларнинг кўплигидан қуёш ёғдуси тўсилади. Шу боис, ўша кечанинг тонгида қуёш тоғарага ўхшаб, атрофга зиё сочмай кўтариларкан.
Қадр кечаси Рамазон ойининг йигирма еттинчисида экани Ислом оламида машҳурдир. Демак, бу муборак ойни ғанимат билиб, имкони бўлса, барча кечаларида ибодатга бел боғлаб, бедор ўтказишга, айниқса, йигирма еттинчи кечага алоҳида эътибор қаратиш керак. Шу билан бирга, бу муборак кечада, аҳли оила, ёру дўстларни ҳам ибодатга чорлаш мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг савобидан кўра кўпроқ ажр беришидан умидвор бўлиш лозим. Ўша кечада қилинган ибодат ва дуолар фазлидан ўтган гуноҳларнинг кечирилишини умид қилиш даркор.
Рамазоннинг охирги ўн кечанинг биридан. Ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қадр кечасини изламоқчи бўлиб, Рамазоннинг аввалги ва ўрта ўн кунликларида эътикоф ўтирдилар. Шунда тушларида у тун Рамазоннинг охирги ўн кунлигида экани, ўша кечанинг аломати ўлароқ у зот тонгда лой ҳамда сувга сажда қилишларини кўрдилар. Буни кишиларга айтиб, уларни ҳам эътикоф ўтиришга чорладилар. Бир куни тонгда ёмғир ёғди. Масжиди Набавиянинг томи хурмо шохлари билан ёпилганидан, диярли ёмғирнинг кўп қисми масжид ерига тушар эди. Бомдод намози ўқилганида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак пешона ва бурунлари учига лой ҳамда сув тегди. Шунда саҳобалар дарҳол Лайлатул қадр аломатини эсладилар. Ўшанда Рамазоннинг йигирма биринчи кечаси эди. Бошқа ривоятда эса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Менга Лайлатул қадр кўрсатилди. Сўнгра хотирамдан кўтарилди. Менимча, ўша кечанинг тонгида лой ва сувга сажда қилсам керак», дедилар. Шунда Рамазоннинг йигирма учинчи кечасида ёмғир қўйди».
Уламолар Лайлатул қадр ҳар йили кўчиб юради, бир йил у кечада, кейинги йил бу кечада, деганлар. Шу эътибордан, у кечани топмоқчи бўлган киши Рамазон ойининг ҳамма кечаларини ибодат билан ўтказса, албатта, уни топади. Аллоҳ таоло ҳаммамизни бу улуғ онларнинг файзу баракотидан насибадор қилсин, дуоларимизни ижобат айласин, гуноҳларимизни афв этсин, тавбаларимизни қабул қилсин. Бу муборак ойнинг шарофатидан бутун дунёга, айниқса, юртимизга тинчлик-хотиржамликни бардавом айласин. Омин!
Толибжон ҚОДИРОВ
тайёрлади.
Рамазон ва гўзал хулқлар
Саҳобаи киромлар айтадилар: Биз муборак Рамазон ойи келганида, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амаллари ичида уч нарсани янада зиёда бўлишини сезар эдик.
Биринчи нарса: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ибодатга жуда кўп машғул бўлар эдилар. Ваҳоланки, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оддий кунлардаги ибодатлари ҳам шундай эдики “кўп ибодат қилганларидан муборак оёқлари ишиб кетар эди”. Шундай бўлсада, муборак Рамазон ойида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдингидан ҳам кўпроқ ибодат қилар эдилар.
Иккинчи нарса: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойида Аллоҳнинг йўлида жуда кўп хайр-садақа қилар эдилар. Рамазон ойида саховатлари янада ошиб кетар эди.
Учинчи нарса: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойида Аллоҳга кўп дуо қилиб йиғлар эдилар.
Ушбу уч амалда Рамазон ойи ичи янада зиёдалик кўзга ташланар эди. 1.Ибодатга жуда кўп ғайрат қилишлик.
2.Аллоҳ таъолонинг йўлида кўп хайр-садақа қилишлик.
3.Аллоҳ таъолога ихлос билан дуо қилиб кўз ёш тўкишлик.
Биз ҳам муборак Рамазон ойида мана шу уч амалга хос эътибор қаратайлик. Ибодат орқали жисмимизга таскин берайлик. Бизнинг жисмимиз дунё ишлари учун ҳар куни толиқади. Ҳаётда бирор шундай вақт ҳам келсинки, у Аллоҳнинг ибодати учун ҳам толиқиб турсин. Бирор шундай вақт ҳам келсинки, бизнинг кўзларимиз уйқуга муштоқ бўлсин ва биз: “Агар сен Аллоҳнинг розилиги учун уйғоқ турсанг, у ҳолда қиёмат куни Аллоҳ таъолонинг дийдори насиб бўлади. Бу кўзлар бугун уйғоқ бўлса, у ҳолда эртага қабр ичида ширин уйқуда бўлади” деб ўзимизга тушунтирайлик. Дарҳақиқат, ибодатда уйғоқ туриш ойи келяпти. Биз оромимизни камайтириб олайлик. Бу ибодат машаққатини кўтариш ойидир деб ўзимизга тушунтирайлик.
Шу ўринда Ифтор вақтидаги мукофот ҳақида ҳам эслатиб ўтсак:
Шариъат буюрадики, агар бирор мардикор бировнинг уйида ишласа ва иш вақти тугаса, унинг пешона териси қуримасдан туриб, унга иш хаққини бериб юбориш керак. У ҳолда нима деб ўйлайсиз? Қачонки, шариат биз ожиз бандаларга мардикорнинг пешона териси қуримасдан иш хаққини бериб юборишга буюриб турганда, қайси банда Аллоҳ таъоло учун бутун кун бўйи Унинг буюрган ишини қилса, рўза тутса, очқолса, чанқаса ва машаққатларга чидаса, энди, унинг ифтор вақти бўлганда, (гўёки, иш вақти тугаганда) Аллоҳ таъоло унга ўша заҳоти меҳнатининг мукофотини бермайдими? Шундай бир фарқ борки, биз бирор мардикорни ишлатиш учун уйга олиб келсак, эй, биродар! Сенга шунча ҳақ бераман, сен эса бизга мана бу ишни килиб бер, деб у билан иш ҳаққини келишиб оламиз. Ўша ишни қилиб бўлгандан кейин биз унга келишилган иш ҳаққини бериб юборамиз. Лекин кимнинг ҳиммати баланд бўлса, у мардикор билан иш ҳаққини келишиб ўтирмайди, қанча десанг бераман, сен эса бизга мана бу ишни қилиб бер дейди. Худди шунингдек, Аллоҳ таъоло ҳам: “Эй, Менинг суюкли маҳбубимнинг рўзадор умматлари! Сиз холис Мен учун рўза тутинг ва ифтор вақти бўлганда, нима сўрасангиз бераман. Сизлар нимани сўрасангиз, Мен Роббингиз сўраганингизга кўра ато қиламан. Сўрашлик сизнинг ишингиздир. Сизларни сўраган нарсаларингизга тўлдириб ташлашлик Менинг ишимдир” деб шундай муомала қилади. Шунинг учун, рўзадорнинг дуоси қабул бўлади.
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
إن للصائم عند فطره دعوة لا ترد
“Албатта, рўзадорнинг ифтор вақтида рад қилинмайдиган дуоси бор” деганлар.
Шу ўринда инсон фикридан кичик бир мулоҳаза ўтади: Ҳар куни ифторликларга борамиз, афсуски, шундай ҳолатларга гувоҳ бўламиз, кун бўйи Роббимизнинг буюрган ишини қилиб, рўза тутамиз, очқаймиз, чанқаймиз, машаққатларга чидаймиз, ифтор вақтида Роббимиз меҳнатимиз мукофотини бераман, дуоларингизни қабул қиламан деб турганда эса, беҳуда гаплар билан оворамиз. Қудрати чексиз бўлган Роббимиз Рамазонни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдек фойдаланишимизни ва ифторликда унумли дуо қиладиган ва дуолари ижобат бўладиган бандаларидан қилсин. Валҳамдулиллаҳи Роббил аламин.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
катта ўқитувчиси Фахриддин Маманосиров
Имкониятни бой берманг: Рамазон!
Рамазоннинг фазилатларини ҳар қанча гапирсакда, шунча камдир. Айниқса, бу ойнинг таровати – рўза билан янада гўзалдир. Киши чин ихлос билан рўза тутишни ният қилар экан, бу ибодатини фақатгина Аллоҳ учун адо этаётганини аниқ англайди. Яратган розилиги учун қийинчиликларга бардош беради, сабрли бўлишни ўрганади. Шу боисдан ҳам Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда рўзанинг ажри улуғ эканини айтади: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”.
Эътибор беринг, рўза тутган киши, Аллоҳ таоло мукофотини Ўзи беришини билган ҳолда камчиликка йўл қўйиши мумкинми? Дарҳақиқат, рўзадор тутаётган рўзасини “Аллоҳ кўриб турибди” деган ихлос билан адо этади. Камчиликларга йўл қўймасликка ҳаракат қилади. Руҳиятидаги хотиржамлик тафаккурининг тиниқлашиб боришига сабаб бўлади.
Ҳадисда шундай дейилади: “Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Улар ила суюнгай. Ифтор қилганда суюнгай ва қачон Роббисига йўлиққанда суюнгай”.
Қолаверса, бу ой буюклигининг омилларидан бири ушбу ҳадиси шарифда гўзал тарзда баён қилинади: “Қачон Рамазон келса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур”.
Ушбу ҳадис бу ойнинг нақадар улуғ мақомга эга эканини тасдиқлайди. Ҳадисдаги шайтонлар кишанланганлиги мўмин-мусулмонларни ушбу имкониятлардан фойдаланиб қолишга, китоб мутолаасига, эзгуликлар қилишга чорлайди.
Рамазоннинг фазилати бу ойда Қуръони карим нозил қилиниши билан боғлиқдир. Бу борада Бақара сурасининг 185-оятида шундай марҳамат қилинади:
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”.
Шунингдек, бу ой меҳр-мурувват ойи бўлиб, инсонлар бир-бирларига кўмак берадилар, муҳтожларга ёрдам қўллари узатилади, ўзаро яхшиликлар қилинади, беморлардан ҳол-аҳвол сўралади, аразлашган кишилар муборак ойнинг шарофати билан гиналарни унутадилар. Бу ойда бутун юртимизда ана шундай яхшиликлар билан, хотиржамлик ва хурсандчилик ҳукмрон бўлади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади”.
Қолаверса, ушбу ойнинг шарофати билан гуноҳлар авф этилади, рўзадорларга кўплаб ажрлар берилади.
Бу ҳақда Набийимиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келтирилган ҳадисда шундай дейилади: “Рамазон ойининг биринчи кечаси Аллоҳ таоло айтади: “Ким бизни яхши кўрса, Биз ҳам уни яхши кўрамиз. Ким Бизни талаб қилса, Биз ҳам уни талаб қиламиз. Ким Биздан мағфират сўраса, Биз унинг гуноҳларини Рамазон ҳурматидан кечирамиз”.
Рамазон ўттиз кун давом этади. бу кунларни мазмунли ўтказишга ҳаракат қилиш ҳар бир мусулмоннинг улкан имкониятидир. Эзгуликларга шошилиш чексиз савобларга мушарраф этади. Бу ойда билим олиш, китоб мутолааси илмнинг зиёда бўлишига замин яратади. Баракали кунларнинг ҳар бир лаҳзаси қимматлидир. Улардан фойдаланиб қолинг!
Бинобарин, қуйидаги ҳадисда шаҳри султоннинг нақадар буюк экани таъкидланади: “Агар умматларим Рамазон ойининг шарафини билганларида эди, йил ўн икки ой Рамазон бўлишини орзу қилар эдилар, чунки уларнинг тоати мақбул, дуолари мустажоб, гуноҳлари мағфират этилиб, жаннат рўзадорларга муҳтож бўлади”.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Ж.Кулбаев
Қадр кечаси: фазилатлари ва аломатлари
Рамазон хусусида биз бандаларга учта мағфират ваъда қилинди. Дастлабкисида “ким Рамазон рўзасини имон ва ажр умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дейилган. Кейингисида “Ким Рамазон ойида имон ва ажр умидида қоим (тунда бедор) бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дейилган ва охиргисида “ким қадр кечасида қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деб айтилган. Агар учинчи жумлага эътибор қаратадиган бўлсак, фақат бир кечани ибодатда ўтказишлик учун шунчалик кўп савоб ваъда қилиняпти. Қуръони каримда эса уни минг ойдан афзаллиги айтилган. (Қадр сураси). Бу қадар фазилатга эга кечани қайси эканлигини билиш ҳаммамиз учун ҳам аҳамиятлдир.
Имом Бағавийнинг таъкидлашларича, Аллоҳ таоло жума кунги ижобат онларини, гўзал исмлари орасидаги “исми аъзам”ни ва бошқаларни яширгани каби ибодатда зўр ғайрат қилмоқликлари учун қадр кечани ҳам ўз бандаларидан махфий тутган. Имом Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан изланглар”, деганлар. Бу маънода ва хоссатан охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларида эканлигини тасдиқловчи ривоятларни кўплаб топиш мумкин.
Шундай бўлсада, уни Рамазоннинг 27-кечасига тўғри келишлик эҳтимоли каттароқ эканлигига ишора қилувчи ривоятлар ҳам талайгина. Жумладан, ибн Умар (р) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимда-ким уни изламоқчи бўлса, 27-кечада изласин”. (Имом Аҳмад ривояти). Ибн Аббос (р) дан ривоят қилинади: бир киши пайғамбар (с.а.в.) олдиларига келиб деди: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари, мен кекса, касалманд чолман. Менга (ҳар кечада) қоим бўлишлик оғирлик қилади. Шунинг учун мени Аллоҳ таоло қадр кечасига муваффақ қилиши мумкин бўлган бир кечада қоим бўлишга буюр. Ул зот: сен еттинчи кечани маҳкам тутгин, дедилар”. (Имом Аҳмад ривояти).
Қуйидаги ҳадисларда эса унинг аломатлари ҳам зикр қилиниб ўтилган. Зирр ибн Ҳубайшдан ривоят қилинади: “Убай ибн Каъбга бундай дейилди: Абдуллоҳ ибн Масъуд: ким йилнинг ҳаммасида қоим бўлса, қадр кечасини топади, деганлар. Шунда Убай деди: Унда ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, у албатта, Рамазонда (истисносиз қасам ичди). Аллоҳга қасамки мен уни қайси кеча эканлигини биламан. У 27-кечадир ва аломати унинг тонгида (кечадан кейинги тонгда) қуёшни шуласиз чиқишидир”. (Аҳмад, Муслим ва Абу Давудлар ривояти).
Бухорий Абу Саиддан ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Рамазоннинг иккинчи ўн кунлигида эътикоф қилдик. Улар бизнинг ҳузуримизга йигирманчи куннинг тонгида чиқиб мурожаат қилдилар: “Мен қадр кечасини кўрдим ва сўнг унутиб қўйдим. Уни охирги ўн кунликда, тоқ кечаларда изланглар. Мен ўзимни сув ва лойда сажда қилаётганимни кўрдим. Ким Расулуллоҳ (с.а.в.) билан эътикоф қилган бўлса, қайтсин”. Сўнг бизлар қайтдик ва осмонда бирор доғни кўрмадик. Шунда бирдан бир булут келди ва ёмғир ёғиб масжид томидан (хурмо шохидан қилинган эди) оқа бошлади. Намозга иқомат айтилди ва мен Расулуллоҳ (с.а.в.) ни сув ва лой устида сажда қилаётганларини кўрдим. Ҳаттоки ул зотнинг пешоналарида лойнинг изини кўрдим”.
Минг ойлик ибодатдан афзал бўлган қадр кечасининг фазилатини топишликни Аллоҳ таоло барчаларимизга муваффақ қилсин!
Саййид Жамол
Рўзадорнинг дуоси
Юртимизда меҳмон бўлган муборак Рамазон ҳам охирлаб бормоқда. Солиҳ амалларни етарлича қила олмаган мўмин бандалар учун имконият тугади дегани эмас экан. Чунки амаллар хотимасига қараб белгиланиши маълумдир. Шунинг учун ҳам азиз юртдошлар, қолган мана шу оз миқдордаги саноқли кунларни ўзгача ғайрат-шижоат билан ўтказишга ҳаракат қилайлик. Бу борада бизга мўминнинг асосий қуроли бўлган дуо ёрдам беради.
Аллоҳ таоло мусулмонларга рўзани фарз қилган оятларининг сўнггида мана бундай марҳамат қилади: “Бандаларим қачон сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен яқинман, дуо қилувчи қачон дуо қилса, ижобат қиламан”. (Бақара сураси). Рўзадорнинг дуоси шаксиз қабул қилиниши ҳақида Пайғамбар (с.а.в.) ҳам бир неча ҳадисларда таъкидлаб ўтганлар. Жумладан, ибн Умар (р.) ривоят қилган ҳадисда “Рўзадорнинг оғиз очиш даврида қабул қилинадиган дуоси бор”, (Насоий ривояти) деган бўлсалар, Абу Ҳурайра (р)дан ривоят қилинган ҳадисда “уч кишининг дуосини қайтармаслик Аллоҳнинг зиммасидадир: рўзадорни оғиз очгунча (қилган дуосини), мазлумни ғолиб келгунча (қилган дуосини) ва мусофирни қайтиб келгунча (қилган дуосини)”, деганлар (Баззор ривояти). Яна бир ҳадисда ул зот марҳамат қиладилар: “Рамазонда Аллоҳни кўп ёд этувчи мағфират қилинади ва бу ойда Аллоҳдан сўровчи қуруқ қолмайди”. (Табароний ривояти). Булардан кўриниб турибдики, биз дуо орқали катта-катта фазилатларга эришишимиз мумкин экан. Айниқса, сизу-бизлар ўтказаётган дамларда Аллоҳ таоло илтижоларни қайтармаслигини унтмаслигимиз керак экан.
Диёримиздаги кўплаб масжидларда Рамазон шарофати билан бошланган Қуръон хатмлари давом этмоқда. Бу ҳам бизлар учун яна бир фурсат демакдир. Чунки Имом Байҳақий Анас (р) дан ривоят қилган ҳадисда Набий (с.а.в.): “Ҳар бир хатмнинг мустажоб дуоси бор”, деганлар. Ушбу ҳадис бошқа ўринда мана бундай лафз билан келади “Қуръон хатмида мустажоб дуо ва жаннатда бир дарахт бор”. (Байҳақий ривояти).
Хуллас, азиз ака-ука ва опа сингиллар, модомики Рамазон ҳали тугамаган экан, биз учун мустажоб дуолар имконияти бордир. Келинглар, гуноҳларимизни кечирилиши, фарзандларимизни бахту-саодати, диёримизни гуллаб-яшнаши учун туну-кун дуоларда бўлайлик, шоядки Аллоҳ таолонинг бахтли бандалари қатори Раййон эшигидан жаннатига кирсак.
Саййиджамол Масайитов
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.