muslim.uz

muslim.uz

Фото: Президент матбуот хизмати

Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 2018 йил 30 апрель – 1 май кунлари Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи давомида "Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида" Битим имзоланди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Ушбу битим Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги фуқаролари бўлган меҳнат-мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳамда Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фуқаролари бўлган меҳнат-мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни тартибга солади.

Ушбу Шартноманинг бажарилишига масъул: Ўзбекистон Республикасидан – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги; Туркия Республикасидан – Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги.

Ушбу Битимга мувофиқ меҳнат-мигрантларини қабул қилувчи давлатнинг ҳудудида иш берувчилар билан тузилган шартномалар асосида қабул қилувчи давлат қонунларига мувофиқ ишлаши мумкин.

Шунингдек, томонлар ўз мамлакатларидаги миграция оқимларини тартибга солишда ёрдам беришади ва ўз мамлакатларида ноқонуний меҳнат миграциясини тўхтатиш учун ҳамкорлик қилишади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

“9-май Хотира ва Қадрлаш куни” муносабати билан Самарқанд шаҳри имом хатиблари қатор хайрия тадбирларини ташкил этдилар.

 Байрам муносабати билан иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти хизматчилари, меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди.

 Совға-саломлар ила нуронийларнинг дилларини хушнуд этилди. Умрни қадрлаш, тинчликни авайлаб-асраш тўғрисидаги насиҳатларига қулоқ тутиб, дуоларига ноил бўлинди.

Таъкидлаш лозимки, ҳадиси шарифда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичигимизга раҳм қилмаган ва каттамизнинг ҳаққини билмаган кимса биздан эмасдир”, дедилар” (Абу Довуд ва Термизий ривояти), деганлар.

 

 

 

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг 2018 йил 10-апрель кунги №810-сонли топшириғига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллигида жорий йилнинг 1-май куни вилоятда фаолият кўрсатаётган имом-хатиблар учун малака ошириш курси, семинар-тренинг ташкил қилинди.

Ушбу семинар-тренингга Андижон вилоятида фаолият кўрсатаётган нуфузли имом-хатиблардан иборат тарғибот гуруҳи жалб қилинган ҳолда вилоятдаги имом-хатибларнинг касбий маҳорати ва салоҳиятини ошириш мақсад қилиб олинган.

1-май куни ташкил қилинган илк семинар тренингда имом-хатиблар учун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Н.Холиқназаров Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонинининг мазмун ва моҳияти, унинг хаётга тадбиқи, Ўзбекистонда диний соҳа ривожи учун олиб борилаётган ишлар, ислоҳатлар, имом-хатибларнинг халқ билан ишлашларида нималарга эътибор қаратишлари лозимлиги, вилоятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлашда имом-хатибларнинг вазифалари ва тутган ўрни тўғрисида кенг маълумотлар бериб ўтдилар.

Ўтказилган семинар-тарнингда имом-хатиблар ҳам фаол иштирок этиб, ўзларининг қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олдилар.

 

 

Нурилло ҚОДИРОВ

ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги

ходими

Хизмат тақозоси билан, одатдагидек, чет давлатга сафар қилдим. Лекин бу гал айрим сабабларга кўра, сафарим чўзилиб кетди. Мана, келганимга ҳам тўққиз ойдан ошиб қолди. Шаҳарнинг кенг ва ёруғ кўчаларидан бирида юриб боряпман-у, аммо хаёлим уйимда, ёлғиз қолган қизларимда. Улардан хавотирланиб: «Уларга бирор нарса бўлдимикин?», «Соғ-омон юришганмикин?» − дея ўйлаб кетяпман. Шу пайт хаёлимни бир фикр чулғаб олди: «Эй Абдуллоҳ! Бу нимаси? Агар қизларинг учун қайғурадиган акалари ёки ҳимоя қиладиган боболари бўлганида, хавотирланармидинг? Йўқ, хавотир олмас эдинг, ҳатто ўйламасдинг ҳам. Шундай экан, уларни ҳимоя қилувчи Зот Аллоҳ таоло бўлса-ю, сен нега қайғурасан!

Қандай хавотир олишинг мумкин?!» Агар мен ҳозир уларнинг ёнида бўлганимда, бордию, Аллоҳ таоло уларнинг тақдирига қандайдир мусибатни битиб қўйган бўлса, мен нима қила олардим? Буларни ўйлаб борар эканман, ич-ичимдан қандайдир хотиржамликни ҳис қила бошладим…

Кутилмаганда бошимга бир ташвиш тушиб қолди. Кейин ундан халос бўлиш йўлларини излай бошладим. Шундай бўлса-да, эртага нима бўлар экан? − деб қўрқардим. Кейин: «Шунчалик нодон бўламанми?! Ишларимни ўзим бошқара оламан, ғам-ташвишларни елкамда кўтара оламан, деб ўйлаяпманми?! Ахир, гўдаклигимда, худди ёстиқ каби ерга ташлаб қўйилган пайтимда, ким мени асраган?! Ўшанда ҳеч нарсага тушунмас, гапира олмас эдим.

Агар бир чаён олдимга ўрмалаб келса ё бирор чивин атрофимда учиб юрса, ҳатто ўзимни ҳимоя қила олмаганман–ку! Ўшанда ҳам ўз ишларимни ўзим бошқарганманми?! Ундан олдин-чи, ким мени асраган? Буларнинг барчасини қилишга Қодир бўлган Зот энди мени ташлаб қўяр эканми?!» деб ўйладим.

Хаёлимдан шундай фикрлар ўтаркан, елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Тунда эса хотиржам уйқуга кетдим…

Хотиржамликнинг калити, иймон ҳаловатига етиш йўли – бу дуодир. Доимо дуо қилиб, Аллоҳ таолодан каттаю кичик ҳожатингизни сўранг. Дуо қилишнинг ўзи ҳам бир ибодатдир. Бунда сўзамол бўлиш шарт эмас. Энг муҳими қалбнинг тайёрлиги, дуо қилувчининг ихлосли бўлишидир.

Кўпинча, паст овозда айтилган, содда бўлиб кўринган, лекин ихлос биланқилинган дуо инсонлар кўнглини юмшатадиган, ҳамма қойил қоладиган, бироқ тил учида қилинган дуога нисбатан қабул бўлиши осонроқ бўлар экан.

Агар сиз солиҳ инсонларнинг суҳбатидан доимо баҳраманд бўлсангиз, Аллоҳ таоло доимо қалбингизда бўлса ва ҳар доим дуо қилиб юрсангиз, ҳар кечангиз «Лайлатул-қадр» бўлади. Агар сиз бунда нафснинг роҳати, руҳнинг ҳаловатидан бошқа нарсага эриша олмасангиз ҳам, майли, шунинг ўзи ҳам етарли. Бу орқали сиз Охират саодати, Ҳақ таолонинг розилигига эришасиз-у, нега етарли бўлмасин?!

 

Али Тантовийнинг «Роваиъут-Тантовий» китобидан

Ҳамидуллоҳ НАЖМИДДИНОВ таржимаси

Фаридиддин Аттор ҳазратлари Хафифдан сўради:

– Бу тоғу тошларда адашиб юришинг сабаби нима?

– Ҳазрат, мен йўлдан эмас, қисматдан адашган кимсаман. Ақлимни таниганимдан илм ўрганиш иштиёқида ўт бўлиб ёнаман, аммо мени бир савол қийнайдики илмни талаб қилишим билан уни амал қилмасдан хор қилишим мени илмдан тўсиб, мени иккилантиради.

Фаридиддин Аттор ҳазратлари йигитдаги соддадилликни беғубор ёшлигига қиёслади. Асли инсон боласи ақли чархлангунича мусичадай беозор, қўйдай ювош, ит каби садоқатли бўлади. Кейинчалик чарх ғилдираги уни не-не синовлар, не-не машаққатлар, не-не ғофил бандаларга дуч келтирмайди дейсиз. Одам умр сўқмоқларидан юқорилагани сайин яхши фазилатлар билан бирга инсонга хос қусурларни ҳам ўрганиб, ўзига сингдириб бораверади. Вақти келиб, ақли билан Худони танигач сийратидаги гардлардан тозаланиш учун ўзида куч-қудрат топа олади, шайтон измига кирган нодон кимса эса ҳасад, ғараз, жоҳиллик, дунёга ҳирс қўйиш каби иллатлар ботқоғига ботиб, бу дунёлиги ғам-ташвишда, у дунёлиги азоб-уқубатда қолади. Хулоса шуки, яхши одам болалигидан беғуборлиги ва покдомонлигини йўқотмай, эҳтиёт қилиб асрай олса, шунинг ўзи комилликка кифоя. Бироқ самимий туйғуларни жаҳолат ва разолат тўфонидан асраб-авайлаб сақлаш фақат илмли, мард инсонларнинг қўлидан келади, холос. Бундан ташқари камолот чўққисига кўтарилмоқ, яъни чин инсоний фазилатларни ўзида мужассам айламоқ асли наслининг тозалигига ҳам боғлиқ. Палаги тоза хомак ширин қовун бўлиб етишади. Арпа сепилган ердан ҳеч ким буғдой ололмайди. Жоҳил ота ҳукмронлик қилган оилада тарбияланган ўғиллар меҳр-муҳаббат тушунчаларини бағрига жойлаб ололмайди. Нега шундай? Нега Одам алайҳиссалом билан Момо Ҳаво онамиз зурриётлари бир хил эмас. Худди экин уруғи айнигани каби наҳотки насл ҳам айниса, залолатга юз бурса. Айнигани шуки, Мансур Халложни асл нияти, мушоҳадаси маъносини тушунмай дорга осдилар. Пири муршид Мажидиддин Бағдодийнинг айби не эдики, сувга чўктирдилар. Энг аламлиси, донолар доноси сифатида тан олинган Яҳё бин Муозни ўз суюкли фарзанди бошига тош билан уриб ўлдирди. Нега оқиллар жоҳилларга нишон бўлиб қолаверади. Ахир орифлар оламни илм нури-ла нурафшон этмоқчи, инсониятга маърифат улашмоқчи, огоҳликка даъват этмоқчи-ю, ғаддор кимсалар ҳамиша яхшилик йўлига тўғаноқ, эзгулик илдизига болта ургувчи, саховат ва мурувват дастурхонига бурун артгувчи бўлиб чиқаверишади. Ҳали инсоният тарихида биронта оқил инсон жоҳил банда тагига сув қуймаган, ўч олмоқ қасдида уни қийнамаган ва шунинг эвазига ўзи ноҳақ қурбон бўлиб кетаверган. Бу аччиқ жумбоқ ечимини ким топар экан? Бу оғриқли саволларга жўяли жавоб айтгувчи борми? Бу қисмат сир-асрорининг охирига ким етади?.. Аттор сездики, йигит жавобга илҳақ. Жиловсиз хаёлларини жамлаб, унга жилмайиб боқди.

– Илмни хор қилишдан қўрқгайсан, шундайми? – саволни такрорлади устоз. Сўнг оҳиста гап бошлади.

– Унда мана бу ривоятни эшит: сен каби навқирон йигит саҳобалардан Абу Зарр ал-Fифорий розияллоҳу анҳу ҳузурига келиб: “Мен илмга жуда ҳам қизиқаман, аммо икки ҳолатдан қўрқаман”, дебди.

– Айт, илм олишнинг қайси ҳолати сени қайтаради? – сўроқлабди саҳоба.

Йигит дебди:

– Биринчидан, илмга амал қилмаслик, иккинчидан, уни хор этишдан ҳадигим бор.

Абу Зарр ал-Fифорий розияллоҳу анҳу ўйланиб, шу жавобни айтибди:

– Барибир бу бошни жаҳолат билан эмас, маърифат билан тўлдирган фойдалидир.

Йигит жавобдан қониқмай, энг заковатли ва суюкли саҳоба Абу Дардо розияллоҳу анҳуга йўлиқиб, ўша саволни ўртага ташлабди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу узоқ фикрлаб, ушбу гапни дилидан тилига кўчирибди:

– Билгинки, инсон қай ҳолатда ўлган бўлса, охиратда шундай тирилади. Демак, сен жоҳил бўлиб ўлган бўлсанг, жоҳил бўлиб тириласан. Агар оқил бўлиб ўлган бўлсанг, оқил бўлиб кўз очасан.

Толиби илм энди Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуга учрабди. У саволини айтиб-айтмай туриб, саҳоба гапни кесиб қўйибди:

– Илм олмаслигингнинг ўзи илмни хор этганингдир!

Нега шу савол саҳобалардай зотларни ҳам қаттиқ ўйлантириб қўйди ва фикрлашга мажбур қилди. Дунё майдонида ҳар бир қаричини ўйлаб босиш кераклиги дини исломда айтилиб турилса-ю унга бепарволик қилиб унда жоҳилона юраман дейиш нимаси. Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари дунёни сен гўё Расулуллоҳ, саҳобалар ва тобеъинлардай тасаввур қилиб унда эҳтиёткорлик билан юр, деб огоҳлантирадилар.

Пайғамбар алайҳиссалом дунёдан фақат табассум қилиб ўтдилар халос. Ҳар куни дунёни савоб билан тўлдириб ташлайдиган даражада амал қилсалар ҳам хотиржам бўлмадилар.

Эътибор беринг! Аллоҳ таоло беҳисоб савоблар ва ажрларни ваъда қилган амални талаб қилмаслик энг катта жоҳилликдир. Шундай бўлсада келажак авлод ичида шу савол билан мурожаат қилувчиларга жавоб сифатида айтиб ўтдилар. Бу ривоят Хафифга жуда қаттиқ таъсир қилди. У бошини кўтармай узоқ сукутга чўмди. Сўнг бир қарорга келиб, ҳазратга юзланди. (Шу савол ортидан мингдан ортиқ Аллоҳнинг суюкли валийсини кўриб, улар билан мулоқот қилиш баракотига эришди.)

 – Эй Аллоҳнинг суюкли валийси, мени ўз тарбиятингизга олинг, умрбод хизматингизни қилай. Шояд қалб кўзим очилиб, ҳақни танисам.

(Билингки! Илм олишдан асосий мақсад Аллоҳ таолони таниш ҳисобланади. Аллоҳни таниш эса Аллоҳни таниган олим орқали амалга ошади. Роббоний илмга эга бўлган мутаҳассис олимлар орқали буни яхши тушунилади ва етилади. Хафиф эса шу фазилат Аттордай зотда борлигини зоҳир ва ботин кўзлари ила кўра олди ва унга ўлгунича ёпишиб олди).

Аттор оҳиста бош чайқади:

– Болам, ҳаргиз мени Аллоҳнинг суюкли валийси, деб атамагин. Мен бор-йўғи бир қулман. Иштибоҳим шуки, қул иккинчи бир қулга илм-тарбия бера олармикан?

Хафиф, илк бора нигоҳини нуроний сиймога тикди. Шунда вужудида кучли ҳаяжон, ҳузурбахш, лаззатбахш титроқ уйғонди. Ўзини тутолмай энгашиб, ҳазрат жандаси этагини ўпмоққа ҳозирланди. Бироқ авлиё яна уни бу мақтовдан қайтарди.

– Камтарлигингизни яратган билиб турибди. Кошки мен сизнинг қаламингиздан учган бир ҳарф бўлолсам, кошки риёзатингиз юкини енгиллатишга озгина ҳисса қўшолсам. Илтижоим ерда қолмасин, тақсир, бусиз бўйнида арғамчиси йўқ бузоқ каби бутун “ўтлоқ”ни пайҳон этурман. Ўз ҳолим ва феълим ўзимга аён. Йўқ деб билиб-билмай гуноҳга ботманг.

– Хафиф, болам, асти гуноҳдан сўз очма. Елкамизда қанча савобу қанча гуноҳ борлигини кошки билолсак. Аслида шунча қилмишларимизга қарамай тик юрганимизнинг ўзи мўъжиза...

Энди илтимосингга келсак. Тўғриси мен маърифат илмидан бехабарман. Қўрқаманки, ўз манзилини билмаган одам шеригини ҳам тўғри йўлдан чалғитмасми деб. Шундоқ экан, илмдан илгари одоб ўрганмоғинг ва бу масалада мендан пешроқ улуғлар ҳузурига бормоғинг дуруст кўринади.

Шу ерда Хафиф қизиққонлик қилди.

– Устоз, асли илм афзалми ёки одоб. Қай бирининг фойдаси кўпроқ?

Ҳазрат одатича кўзларини юмиб, сукутга чўмди. Бу сукутдан мақсад фикрни бир жойга қўймоқдан ҳам кўра одобнинг аввали шошилмаслик эканлигини англатмоқ эди.

– Арабларда Абдураҳмон Қосим деган бир донишманд ўтган. У айтибди: “Мен йигирма йил имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ хизматида юрдим. Шундан ўн саккиз йилида одоб ўргандим, икки йил илм олдим. Энди таассуфдаманки, ўша икки йилда ҳам одоб ўрганмоғим афзал экан”. Уқдингми, болам, одобсиз илм пўсти йўқ дарахт, либоссиз танадир. Илмнинг аввали одоб. Шунга айтадилар-да, олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин деб.

Кўп кишилар шу саволни бериб, қониқарли жавоб олгандан сўнг ҳам илм олишга қизиқмайди. Билингки! Қуръони карим ва ҳадиси шарифда энг кўп фазилати баён қилинган нарса илм зикридир. Энг катта тоғдай-тоғдай савоб ва ажрлар фақатгина илм йўлида юрган кишиларга берилиши ваъда қилинган. Умрингизда эришган барча нарсага илм йўлида юрган олимга бир сонияда берилиши ваъда қилинган. Умр қисқа, уни биз савоби кенг ва ажри зиёда амаллар билан тўлдириб ташлашимиз керак. Бу тўғрида имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Жомеъул мутун” асарларида ҳазрати Алидай зот Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг ваъзини тинглаганлар ва мамнун бўлганлар. У киши охират ҳаёти, ўлимни тафаккур қилиш, шайтон васвасаси ва шунга ўхшаш зарурий нарсалардан сўзлар эдилар. Шаръан талаб қиладиган ваъз ҳам шудир. Абу Зарр ал-Fифорий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Зикр мажлисида ҳозир бўлмоқ 1000 ракъат намоздан афзал. Илм мажлисида ҳозир бўлмоқ 1000 беморни йўқламоқдан афзалдир. Илм таҳсил қилмоқ 1000 жанозага шоҳид бўлмоқдан афзалдир”. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир олимни ҳурмат қилса, мени ҳурмат қилибди, кимки (ғазаб билан айтдилар) бир олимни хорласа, мени хорлагандай бўлади”, дедилар.

Энг яхши ва афзал йўл мутақаддим ва мутааххир олимлар сўзлари билан жавоб беришдир. Аллоҳим, бизга азизлар йўлларидан юришликни насиб қилгин. Илмсизлик балосидан сақлагин.

 

Урол НАЗАР АБДУЛЛОҲ

Тошкент ислом институти

“Диний фанлар”кабинет мудири

 

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top