muslim.uz

muslim.uz

Фото: kommersant.uz

Бундан аввал меҳнат мигрантлари рус тили бўйича имтиҳонни ва суғурта тўловларини бевосита Россияда амалга ошириш керак бўлган. Энди буларни ҳаммасини Ўзбекистонда амалга ошириш мумкин.

Ўзбекистон Россияда меҳнат мигрантларига патент расмийлаштириш жараёнида керакли бўлган рус тили бўйича сертификат олиш ва суғурта тўлови билан боғлиқ бўлган барча масалаларни ҳал қилинди.

“Биз бу босқичда патент олишда керак бўлган рус тили бўйича сертификатни олиш муаммосини ҳал қилишга эришдик. Ҳозир бу жараён ишга туширилиб, биз бу сертификатларни ўзимиз бера оламиз. Шунингдек, биз Россияга келиш ва патент олиш учун зарур бўлган суғурта масаласини ҳам ҳал қилдик”, — деб таъкидлади Sputnik таҳририятига Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакили.

Ҳозирги вақтда яна бир муҳим масала — Ўзбекистонда берилган тиббий ҳужжатларни Россияда амал қилишини таъминлаш масаласини ҳал қилиш бўйича иш олиб борилмоқда.

“Бунинг учун Россия томонидан билдирилган бир нечта талабларни бажариш керак. Бу оддий жараён эмас. Агар Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги буни амалга ошира олса, ўйлайманки, яқин вақтларда бу масалани ҳам ҳал қила оламиз”, — деди суҳбатдош.

Бундан ташқари, республика бўйлаб меҳнат мигрантлари учун рус, инглиз, немис, корейс тилларини ўрганиш ҳамда керакли бўлган касблар (сваркачи, қурувчи) бўйича бепул ўқув курслар очилмоқда.

Агентлик вакилининг сўзларига кўра, бугунги кунда бу ўқув курслар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадагилар учун бепул ташкил қилинган. Шунингдек, бу ерда рағбатлантириш тизими ҳам бор, агар икки ойлик ўқув курси якунида ўқувчи яхши натижаларни кўрсатса, у учинчи ойга ҳам қолади.
 

Британиядаги етакчи исломий ҳайрия жамғармаси мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи бошланиши арафасида турли динларга эътиқод қиладиган эҳтиёжманд ва кам таъминланган одамларга эҳсон таклиф қилишда Аллоҳ номидан иш юритмоқда. Бу ҳақда "info.islom" хабар берди.

Исломий ёрдам ҳайрия ташкилотининг 2018 йилги Рамазон ойи арафасида уюштирган тадбири “Аллоҳ ризолиги учун, ҳаётни сақлаб қол” (For the love of Allah) шиори остида ўтмоқда.

Исломий жамғарма вакиллари айтганига таяниб Гео Нюс нашрининг хабар беришича, “Аллоҳ ризолиги учун, ҳаётни сақлаб қол” шиори ёзилган Лондон шаҳридаги машҳур икки қаватли 75та қизил автобус, 6 май якшанба кунига қадар ўз йўналишида йўловчиларни манзилига етказади.

Манчестер шаҳрида айни шиор ён томонга ёпиштирилган 100 та автобус, Глазгоу шаҳрида эса 82та метро вагони “Аллоҳ ризолиги учун, ҳаётни сақлаб қол” шиори билан ўз йўналишида қатнайди.

Ҳайрия жамғармаси вакилларига кўра, тадбирдан кўзланган асосий мақсад мусулмонлар эътиборини эҳтиёжманд ва кам таъминларган одамларга қаратиш, шунингдек, халқаро инсонпарварлик ёрдами ташкилоти фаолиятини дунёга танитишдан иборат экани қайд этилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Четверг, 26 Апрель 2018 00:00

Ҳалол касб – узоқ умр гарови

Баракали умр кўришни орзу қилмаган киши бўлмаса керак. Кўп яшаш фақат бойлик, тўкин-сочинлик билан эмас, балки мазмунли умр ила ўлчанади. Мазмунли умр эса кишини икки дунё бахту саодатига эриштиради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча ҳадиси шарифларида узоқ умр кўришнинг фазилатларини баён қилганлар. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Одамларнинг яхшиси ким?” деб сўради. У зот: “Узоқ умр кўриб, хайрли ишларни кўп қилувчи киши”, деб жавоб бердилар” (Имом Термизий ривояти).

Маълумотларга кўра, Одам алайҳиссалом 930 йил, Шис алайҳиссалом 912, Нуҳ алайҳиссалом 950, Иброҳим алайҳиссалом 175, Исҳоқ ва Яъқуб алайҳиссалом салкам икки юз йилдан умр кўришган.

Узоқ умр кўриш кўп жиҳатдан ҳалол касбга боғлиқ.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча мўминларга ўз тоқатиларига яраша касб қилишни фарз қилди: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверинглар! Аллоҳни кўп ёд этингизлар, шояд (шунда) нажот топурсизлар” (Ҳаж сураси 9-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи соғлом бўла туриб, ишламайдиган киши Аллоҳ таоло ёмон кўришини қуйидагича баён қилдилар: “Албатта Аллоҳ таоло соғлом бўла туриб, ишламайдиган кишини хушламайди”.

Ҳалол касб қилишга нафақат инсонлар ҳатто пайғамбарлар ҳам буюрилган. Одам алайҳиссалом новвойлик қилган бўлса, Нуҳ алайҳиссалом савдогарлик бўлган. Иброҳим алайҳиссалом баззоз (газмол сотувчи) эди. Довуд алайҳиссалом совут ясар, Сулаймон алайҳиссалом занбил тўқирди. Идрис алайҳиссалом кийим тикар, Закариё алайҳиссалом эса дурадгорлик қилар эди.

Бундан ташқари, барча пайғамбарлар қўй боққани, чўпон бўлгани ҳақида саҳиҳ ривоятлар бор.

Саҳобалар ҳам бирор касбнинг бошини тутишган. Мисол учун, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу баззозлик қиларди (газмол сотувчи), Умар розияллоҳу анҳу тери ошларди, яъни кўнчи эди. Усмон розияллоҳу анҳу савдогар, Али розияллоҳу анҳу котиблик ва мардикорлик қилар эди.

Баҳоуддин Нақшбанд бобомиз бежиз: “Дилинг – Аллоҳда, қўлинг – меҳнатда бўлсин”, демаган. Ҳалол меҳнат, касб-кор киши умрини узун, ризқини бутун қилади.

Инсон манфаатлари устувор бўлган юртимизда истиқлол йилларида янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли, айниқса, ёшлар фойдали меҳнатга жалб қилиняпти. Касб-ҳунар коллежларида таълим олаётган фарзандларимиз камида икки-учта касбни эгаллаётгани қувонарли ҳол, албатта.

“Эл-Висти” ахборот маркази узоқ умр кўрувчи инсонлар яшайдиган мамлакатлар рейтингини ўрганиш бўйича таҳлил ўтказди. Унга кўра, Ўзбекистон умумий аҳолисига нисбатан юз ёш ва ундан ошган инсонлар сони бўйича Буюк Британия ва Япониядан кейин учинчи ўринни эгаллади.

Хўш, халқимизнинг умр кўриш даражаси йил сайин узайиб бораётгани замирида қандай омиллар мужассам? Мутахассислар инсоннинг узоқ умр кўриши унинг соғлом ва бахтли ҳаёт кечириши, тинч-хотиржам яшаши билан узвий боғлиқ эканини таъкидлайди.

Ўзбекистон истиқлол йилларида тинчлик-осойишталик барқарор бўлган, инсон ва унинг ҳуқуқлари, эркинлиги олий қадрият сифатида эъзозланадиган, иқтисодиёти изчил тараққий этиб бораётган мамлакатга айланди.

Сўнгги чорак асрда халқимизнинг ўртача умр кўриши эркаклар ўртасида 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида 75 ёшга етди. Бугунги кунда мамлакатимизда юз ёшдан ошган 8,7 минг нафар табаррук отахон ва онахон истиқомат қилаётгани барчамизга чексиз мамнуният бағишлайди.

 Салоҳиддин ТОШОНОВ,

Яшнобод туманидаги “Гўзал” жоме масжиди имом-хатиби

 

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар қатори диний-маърифий соҳани янада ривожлантириш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда, амалиётга изчил татбиқ этилмоқда. Ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2018 йилнинг 16 апрель куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони Халқаро Пресс-клуб майдонида муҳим муҳокама мавзусига айланди. 
Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. 
Сўнгги бир ярим йил давомида мамлакатимизда Имом Термизий ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди. Бухорода “Мир араб” Олий мадрасаси очилди, Ўзбекистон мусулмонлар идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квоталари аввалги йилларга нисбатан икки баробарга оширилди. 
Калом, Ҳадис, Ақида каби Илмий мактаблар республикамиз бўйлаб ўз фаолиятини бошлади. 2017 йил 13 сентябрь куни «Ўзбекистон» телерадиоканалининг «Ҳидоят сари» студияси ва «Зиё медиа маркази» фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Диний-маърифий соҳада амалга оширилган мазкур ислоҳотлар бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилиш билан бирга неча асрлардан бери Ислом динига эътиқод қилиб келаётган халқимизнинг диний маърифатини янада юксалтиришда катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишни ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо этмоқда. 
Ушбу мақсадда Фармонда қатор устувор йўналишлар белгиланган. Жумладан, “жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш; жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш; диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш каби вазифаларни қайд этиш лозим. 
Фармонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази, Ўзбекистон ислом академияси ва Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, унинг таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази, олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактабининг ташкил этилиши, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги “Зиё” медиа маркази мамлакатимизда диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, бой диний-илмий меросини кенг тарғиб қилувчи, диний-маърифий ҳаётдаги янгиликларни жамоатчиликка етказувчи асосий медиа тузилма сифатида шакллантирилиши, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилиши сингари вазифалар белгилаб қўйилган. 
Ушбу сессияда тегишли идора ва ташкилот раҳбарлари, диний-маърифий соҳа ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

ЎМИ Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top